Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:33

Евангелия черковининг нукуслик вакиллари суд ҳукмини кутмоқда


Насронийлар диний жамоасининг Қорақалпоғистоннинг Нукус шаҳрида истиқомат қиладиган икки вакили “Инжил”дан дарс берганликда айбланиб судга тортилди.

Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган Евангелия черковининг бу икки аъзосига Ўзбекистон Жиноят кодексининг 229-прим 2 моддаси бўйича (диний таълимотдан сабоқ бериш тартибини бузиш) айб қўйилган.

32 ёшли Салавот Серикбоев бундан 13 йил муқаддам насронийликни қабул қилган. У илк бор 1999 йилда тақиқланган диний адабиётлар сақлаганликда айбланган ва бу айб исботини топмагач, 4 ойлик ҳибсдан сўнг озод қилинган эди. Иккинчи бор эса у 17 сафдоши билан 14 январь - Ватан ҳимоячилари кунини нишонлаб турган вақтда ҳибсга олинган.

“20га яқин биродар байрамни нишонлаб, гапга йиғилган эдик. Бирдан ўндан ортиқ одам келиб, ўзини прокуратура ходимлари сифатида таништирди ва биздан тақиқланган адабиётлар топилгани ҳақида баённома тузиб, 17 тамизни олиб кетди. Кейин тергов ҳужжатларига “Инжил”дан дарс бераётган жойда қўлга олдик, деб ўзгартириб қўйишибди. Ҳозир мен ва яна бир сафдошимга 229-прим 2 модда билан айб қўйган. Мен айбдор эмасман ва ўз динимни бошқаларга тарғиб ҳам қилмайман”, - дейди суд ҳукмини кутаётган С.Серикбоев.

Айни суд жараёнини кузатиб келаётган насроний диний жамоасининг Нукусдаги яна бир вакили ҳозир Қорақалпоғистонда диндошларига нисбатан ҳуқуқ-тартибот идораларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари кузатилаётганини билдирди.

“Яқинда бир эътиқоддаги дўстларимиз билан туғилган кунда ўтирган эдик. Ўша жойга Нукус шаҳри прокурори ёрдамчиси келиб, сиз диндорларга бунақа ўтириш тақиқланади, деб оғзаки равишда огоҳлантириб кетди. Ўтган якшанба куни эса насроний динига эътиқод қиладиган кекса ёшли аёлларни уйидан милиция олиб кетган. Сўроққа тутган ва ҳеч бир асоссиз равишда жарима солган”, - дейди нукуслик насроний дини вакили.

Унинг сўзларига кўра, ҳозир Қорақалпоғистонда насроний динига мансуб бирорта жамоа ва уларнинг ибодатхоналари рўйхатдан ўтказилмаган.

“Ҳозир Қорақалпоғистонда бирорта ибодатхона йўқ. Диний жамоалар ҳам рўйхатдан ўтказилмаган. Хулоса қилиб айтганда, маҳаллий ҳукумат бизга умуман рўйхушлик кўрсатмаган. Маҳаллий аҳоли ҳам кўп ҳолларда бизни радикал диний оқимлар вакиллари, масалан, ваҳҳобийлар каби қабул қилади. Умуман, Ўзбекистонда ҳозир диний эркинликлар ўта чекланган”, - дейди нукуслик диндор насроний.
XS
SM
MD
LG