Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:03

Обидхон қори ўғлининг топилиши учун халқаро ҳамжамиятга мурожаат қилди


Ўзбекистонлик таниқли диний уламо Обидхон қори Назаров ўғирлаб кетилган ўғли Ҳусниддин Назаровнинг топилишида ёрдам сўраб, халқаро жамоатчиликка мурожаат қилди.

Обидхон қори Назаров БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Европа Иттифоқи, Европа парламенти, АҚШ Давлат департаменти каби қатор юқори даргоҳларга йўллаган мурожаатида Ўзбекистон қамоқхоналарида сақланаётган минглаб мусулмон диндорларнинг озод қилинишига эришишга ҳам чақирган.

“Ҳеч шубҳасиз, ўғлимнинг ўғирланиши Ўзбекистон махсус хизмати ва ички ишлар ходимларининг иши, деган фикрдамиз. Чунки мамлакатдалигимда улар ишларимизга қарши эди. Юртни тарк этганимиздан кейин улар оиламизни нишонга олди”, - дейди Обидхон қори.

Унинг билдиришича, Ўзбекистон махсус хизматлари томонидан ўғирлаб кетилган ўғли каби диндорлар кўпчилик.

“Улар ҳануз бедарак ва бунга нисбатан жиддий чора кўриш лозим, - дейди Обидхон қори. - Ҳусниддин ўғирланганидан бироз ўтиб, Оқил ва Фаррух исмли йигитлар ўғирлаб кетилди. Улардан сал аввал Абдували қори ўғирланган эди. Булар орасида Абдуллоҳ ота ва халқ таниган бошқа имомлар бор. Қамоқда ноҳақ жазо ўтаётган яна минглаб диндор бор. Биз мусулмонлар учун бундай зулмга барҳам бериш йўлида қўлдан келганча ҳаракат қилиш фарз қилинган”.

Россиядаги “Мемориал” инсон ҳуқуқлари маркази ўтган йилги ҳисоботида 1998 йилдан буён Ўзбекистонда эътиқоди учун жиноий жавобгарликка тортилган фуқаролар сони 13 мингга яқинлигини, бедарак кетган яна юзлаб диндорга оид маълумотларни эълон қилган эди.

“1999 йилга келиб мусулмонларни қамаш ҳоллари авж олди. Андижон воқеаларидан кейин эса диний ва сиёсий мотивлар билан қамалган фуқаролар сони, биздаги маълумотларга кўра, 15 мингга етди. Қамалганларнинг аксариятига одатда “Ҳизб ут-таҳрир” партияси ва ваҳҳобийлик оқимига аъзолик айби қўйилган. Бизда бундай айбловлар сохта экани, суд жараёнларида айбловлар исботини топмаганига оид ҳужжатлар бор”,- дейди марказ раҳбари Виталий Пономарёв.

Одибхон қори сўзларига кўра, бугунга келиб мамлакатда бошқа дин вакиллари, хусусан, насронийларга нисбатан бошланган таъқиблар Ўзбекистон ҳукуматининг Ғарб билан сиёсий мулоқотларидаги иккиюзламачи сиёсати натижасидан бошқа нарса эмас.

“Ғарб билан муносабатлари яхши бўлган пайтда бошқа дин вакиллари билан Ўзбекистон ҳукуматининг иши йўқ эди. Фақат мусулмонлар тазйиқ остида эди. Энди Ғарб билан зиддиятга борган бу ҳукумат ундан ўч олиш учун насронийларга ўтди. Ўзбекистон ҳукумати динга муносабати шу тахлит тор сиёсий манфаатлардан келиб чиқиб ҳаракат қиладиган ҳукумат”, - дейди Обидхон қори.

Обидхон қори фикрларини тасдиқлаган “Форум 18” ташкилоти мухбири Игор Ротар: “Ўзбекистонда энди мусулмон бўлмаган диндорларнинг қамалиши диний сиёсатда назоратни янада кучайтириш бўйича янги кампания бошланаётгани ва Ўзбекистон ҳукумати халқаро майдондаги обрўси ҳақида ошкора қайғурмаётгани далолатидир”, - деб ҳисоблайди.
XS
SM
MD
LG