Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:28

Алан Жонстон ўзини озод этишда куч ишлатмасликка чақирмоқда


Исломий қуролли гуруҳлардан бирига тегишли сайтда “Би-Би-Си”нинг Ғазо минтақасида ўғирлаб кетилган мухбири Алан Жонстон мурожаати акс этган видеотасвир эълон қилинди.

Қачон туширилгани номаълум бу видеотасвирда Алан Жонстон нимқоронғу хонада, қизил кийим кийган ҳолда турибди. Белига портловчи мосламали белбоғ боғланганини айтар экан, А.Жонстон “Ҳамас” ва Буюк Британия ҳукуматини ўзини озод қилишда куч ишлатмасликка чақирган.

“Мен “Ҳамас” ҳаракати ва Британия ҳукуматини бунга барҳам беришда куч ишлатмасликка чақираман. “Би-Би-Си” раҳбарияти ва Британияда менга яхшилик хоҳлаган ҳамма-ҳаммани бу чақириғимни қувватлашга даъват этаман. Менимча, муаммонинг ечими музокараларга қайтишда”, - дейди А.Жонстон видеолавҳада.

Бу видеолавҳа эълон қилингандан сўнг “Би-Би-Си” раҳбарияти ўз мухбири тақдиридан қаттиқ хавотир билдирди ва яна бир бор уни зудлик билан озод этишга чақирди. Буюк Британия ҳукумати эса видеолавҳанинг ҳақиқийлигини ўрганаётганини маълум қилди.

Ғазода ишлаётган ягона ғарблик журналист Алан Жонстон 12 март куни ўзини “Ислом лашкарлари” номи билан таништирган гуруҳ томонидан ўғирланган. Гуруҳ журналистнинг қўйиб юборилиши эвазига Буюк Британияда “Ал-Қоида”га алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олинган диний уламо Абу Қатода ва бошқа мусулмон маҳбусларнинг озод этилишини талаб қилган.

Яқиндагина “Ҳамас” агар журналист озод қилинмаса, уни қўлга олган “Ислом лашкарлари” гуруҳига қарши куч қўллашидан огоҳлантирганди. Аммо якшанба куни Буюк Британиянинг бу ҳақдаги сўровига “Ҳамас” етакчиси Исмоил Хония Алан Жонстонни озод қилишда куч қўллашгача бориб етмаслигини билдирди.

Бир дақиқалик видеотасвирда А.Жонстон куч ишлатиш эҳтимоли ҳақидаги огоҳлантирувнинг ўзиёқ унинг ҳаётига таҳдидни кучайтирганини таъкидлаган.

“Мени гаровга олганлар “Ҳамас” ва Буюк Британия ҳукумати ўзларига қарши ҳарбий чора кўришга қарор қиладиган бўлса, интиқиб кутилаётган музокаралар барбод бўлишини айтди. Ҳозир вазият жуда жиддийлашди”, - дейди Алан Жонстон.

45 ёшли Алан Жонстоннинг оила-аъзолари ва ҳамкасблари у ўғирлангандан буён илк бор пайдо бўлган видеолавҳани кўриб қаттиқ хавотирга тушганини сўзламоқда. Улар гаровга олганларни журналистга азият етказмасликка яна бир бор чақирди.
XS
SM
MD
LG