Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:43

Ўзбеклар қутида яшаш ҳуқуқидан ҳам маҳрум қилинди


Москва вилоятининг Митиши туманидаги Митиши ярмаркасида ишлаб юрган юздан ортиқ ўзбек ярмарка ҳудудидаги ўзлари яшаётган омонат бараклардан қувилди.

7 июл куни ярмарка маъмурлари кутилмаганда озиқ-овқат маҳсулотлари учун мўлжалланган катта-катта ёғоч қутилар ичида 4-5 йилдан буён яшаб юрган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини кулбасидан чиқариб юборган. Бунинг сабабини эса: “Бундан буён бозор ҳудудида яшамайсиз, бу ерда яшаш мумкин эмас!” деб изоҳлашган.

“7 июл куни бозор маъмурлари кутилмаганда меҳнат муҳожирлари яшаб юрган бараклар ва асосан, ёғоч уйларни бузишга тушди. Бозор қўриқчилари қутиларга тўғри кириб бориб, унинг ичидаги кўрпа-тўшакларни ташқарига улоқтирди ва айримларини ёқиб юборди. Уйи бузилганларнинг кўпчилиги ўзбек мигрантлари эди”, - дейди ўша бозорда ишлайдиган ўзбекистонлик мигрант Наргиза.

Митиши ярмаркаси қарийб 5 гектар майдонда жойлашган катта бозор. У ерда МДҲ мамлакатлари, айниқса, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистондан келиб ишлайдиган меҳнат муҳожирлари кўпчиликни ташкил қилади.

Наргизанинг сўзларига кўра, кўпчилик муҳожирлар бозор ҳудудидаги баракларда яшайди. Тирикчилик куйида келаётган меҳнат муҳожирлари сони йил сайин ортиб боргани сабаб вақтинчлик бошпаналар ёнида катта-катта ёғоч ва темир қути - эни-ю бўйи 2 метрлик, мева-сабзовотлар ташиш учун мўлжалланган ёғоч контейнерлар ҳам пайдо бўла бошлади ва уларда яшаб юрган мигрантлар ичида ўзбек билан тожик кўп.

Ҳар бир қутида 3-4 тадан, баъзиларида эса ёш боласи билан яшаб юрган ўзбек мардикорлари бу ёғоч қути ичида тунагани учун бозор маъмурларига ноқонуний равишда 60 доллардан 80 долларгача пул ҳам тўлаган.

“Контейнерда 10 тагача одам яшайди ва ойига 8 минг рубль тўлайди. Вақтинчалик бараклар ва ётоқхона учун эса 1,5-2 минг рублдан (60 – 80 доллар) пул тўлашган. Пулни бозор “авторитет”ларига беришган. Энди бу ерга янги хўжайин келди ва муҳожирларнинг бозор ҳудудида яшашини тақиқлади. Эшитишимча, бунинг ҳаммаси вақтинча, шунча порадан ким бош тортади, ахир?!” - дейди ўша бозорда ишлайдиган яна бир ўзбек меҳнат муҳожири.

Митиши ярмаркаси маъмуриятидан бу борада изоҳ олишнинг имкони бўлмади. Маъмурият вакили фақат: “Бу ярмарка - бозор, бу ерда яшаш мумкин эмас”, - дея гапни қисқа қилди-қўйди.

Россияда инсон ҳуқуқлари ҳимоячи билан шуғулланадиган Баҳром Ҳамроев эса бунинг сабабини Ўзбекистон ва Россия ҳукумати ўртасида меҳнат миграциясига оид ҳафта аввалида эришилган келишувларда кўрмоқда. Фикрига далил сифатида у шундай бир ҳолатни тилга олди:

“Жума куни бир ўзбек муҳожири рўйхатдан ўтиш учун паспорт столига борса, жуда қалин бўлиб қолган таниш ходим: “Энди сизларни рўйхатдан ўтказишимиз учун бир марта Ўзбекистонга бориб келишингиз керак. Тепадан шунақа буйруқ келди”, деб узр сўраган. Менимча, бунинг ҳаммаси Сергей Ивановнинг Тошкентда имзолаб келган келишувлари билан боғлиқ”.

“Интерфакс” ахборот агентлиги хабарига кўра, ҳафта аввалида Россия бош вазири биринчи ўринбосари С.Ивановнинг Тошкентга сафари давомида Москва ва Тошкент расмийлари учрашувида ноқонуний миграцияга қарши кураш, миграция тартибини бузган шахсларни ўз мамлакатига қайтариш ва меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақидаги ҳукуматлараро келишув имзоланди.

Афтидан, куни-кеча имзоланган ҳужжат дарҳол ишга тушган кўринади.
XS
SM
MD
LG