Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:49

Ҳизбчиликда айбланган эркаклар ортидан уларнинг аёллари ҳам қамалмоқда


Кейинги 6 ой ичида Тошкент шаҳри ва вилоятининг ўзида элликдан ортиқ аёл “Ҳизб ут-таҳрир” партиясига алоқадорлик ва аъзоликда айбланди. Улардан 20га яқини судга тортилди, 2 нафари қамалди.

Бу Ўзбекистонда диний мотивлар билан айбланиб, судга тортилаётган аёлларга оид вазиятни кузатиб келаётган мустақил ташкилотларга маълум бўлган рақамлардир. Аммо мамлакатда шу вақтгача қанча аёл диний, хусусан, “Ҳизб ут-таҳрир” ташкилотига алоқадорликда айблангани, уларнинг қанчаси қамалгани ҳақида расмий маълумот йўқ.

Мамлакатда панжара ортида қанча аёл ўтирганига оид мутлақ ёпиқ бу мавзуда ўтган ойнинг бошларида биргина расмий маълумот эълон қилинганди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси 2006 йил ноябрда кучга кирган амнистия ижроси юзасидан эълон қилинган ҳисоботида жиноий жавобгарликка тортилган 2 минг 377 аёл жазодан озод этилганини маълум қилганди. Бироқ бу аёллар қандай жиноятлар содир этгани, уларнинг қанчаси диний ташкилотларга алоқадорлиги айтилмаган.

Куни-кеча Тошкентда диндор 8 аёл устидан ҳукм ўқилди. Бироз аввал 7 муслима жазога тортилганди. Уларнинг ҳаммаси “Ҳизб ут-таҳрир”га алоқадорликда айбланган. Уларга Жиноят кодексининг 159 (конституциявий тузумга тажовуз) ва 244-моддалари (тақиқланган диний ташкилотга аъзолик, уларга фаолиятида иштирок этиш ёки раҳбарлик қилиш) бўйича айблов эълон қилинган.

Бу нимадан дарак - мамлакатда ҳизбчи аёллар кўпаяётганиданми ёки мустақил инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари таъкидлаётганидек, энди намозхон аёллар ёки намозхон кишиларнинг аёлларини ёппасига ноҳақ қамаш бошландими - бу саволларга мамлакат расмий идоралари жавоб бераётгани йўқ.

Аммо қамалаётган аёлларнинг яқинлари, ҳуқуқий ҳимоячилари аслида бу аёлларнинг “Ҳизб ут-таҳрир”га умуман алоқаси йўқлиги, асосан, яқинлари шу партияга аъзоликда айбланиб қамалгани учун жазога тортилаётганини айтмоқда.

Уларнинг сўзларига кўра, бу аёлларнинг деярли ҳаммаси сохта ва исботи топилмаган айбловлар асосида, аксар ҳолларда қийноқлар остида иқрорлик кўрсатмалари олиниб суд қилинмоқда.

9 июль куни Тошкент вилояти суди жазога ҳукм қилган 8 аёл сафида панжара ортига ташланган 25 ёшли Дилноза Тўхтахўжаеванинг қариндошлари ва ҳуқуқий ҳимоячилари ҳам унинг қийноққа солинганини билдирди.

Д.Тўхтахўжаеванинг ҳуқуқий ҳимоячиси, “Мазлум” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Аъзам Турғуновнинг айтишича, Дилноза аҳволи оғирлигидан судга икки аёл етакловида олиб келинган.

“У сочидан тортилиб, бошини деворга уришганини судда очиқ айтди. У 8 судланувчилар орасида айбига иқрор бўлмаган ягона аёл эди. Лекин суд унинг гапларини инобатга олмади”, - деди А.Турғунов.

Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи аъзоси Улуғбек Усмонов судланган аёллардан деярли барчасининг яқинлари “Ҳизб ут-таҳрир”да айбланиб қамалганига эътибор қаратди.

“Ёки эри, ё укаси, ё отаси ҳизбчиликда айбланиб қамалган аёллар булар. Бунинг устига, ҳаммасининг 2, 3, 4 тадан ёш боласи бор. Уй бекаси, оддий соддагина аёллар. Улар ҳатто ўзига қанақа айб ва нега қўйилаётганини ҳам яхши тушунмайди”, - деди У.Усмонов.

3 йилга озодликдан маҳрум этилган Дилноза Тўхтахўжаеванинг оилавий аҳволи бу сўзларни тасдиқлайди. 25 ёшли бу ногирон аёл ногирон фарзанднинг онаси. Олий маълумоти йўқ. Уйида парда тикиб, торт пишириб сотади, шу билан боласи ва онасини боқади. Эри ва отаси “Ҳизб ут-таҳрир”да айбланиб қамалган. Ҳозир Дилнозанинг икки ёшли ногирон боласи кекса бувиси қўлида ёлғиз қолди. Ҳатто унинг касалванд, кекса қайнонаси ҳам ҳизбчиликда айбланиб, 3 йиллик шартли жазо муддатини олган.

Қамалган, қамалаётган аёлларнинг қамоқда ўтирган яқинлари чиндан ҳам “Ҳизб ут-таҳрир”га алоқадорми ёки улар ҳам ноҳақ қамоқда ўтирибди.

“Мазлум” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Аъзам Турғунов бу саволга жавоб берар экан: “Балки алоқаси бордир. Чунки 1990 йиллардан кейин мамлакатда ёппасига динга берилиш бошланди. Кўпчилик намозхонлар сафига қўшилди ва шу билан мамлакатда мураккаб иқтисодий қийинчиликдан руҳан ўзини чалғитишга уринди. Ўша вақтда “Ҳизб ут-таҳрир” каби диний оқимлар кириб келди. Аммо ҳозирга келиб одамлар бу партияга аъзолик ўзига нима олиб келишини кўряпти ва айниқса, уйда ўтирган аёлларнинг бу партияга алоқадор, дейишда мутлақ асос йўқ, деб ўйлайман”, - деди.
XS
SM
MD
LG