Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:42

Яна бир маҳбуснинг уйига жасади қайтди


“Ҳизб ут-таҳрир” партиясига алоқадорликда айбланиб, 2000 йилда озодликдан маҳрум этилган, Навоий вилоятидаги 64/36-қамоқхонада жазо муддатини ўтаётган Шуҳрат Диёровнинг уйига жасади қайтди.

Ш.Диёров Тошкент шаҳрининг Ҳамза туманидаги Ғалабанинг 40 йиллиги кўчасидаги 26-уйнинг 13-хонадонда яшаган. Унинг яқинлари сўнгги икки ярим йил ичида Ш.Диёров билан учрашиш учун бир неча бор Навоийдаги сил касалига чалинган маҳбуслар сақланувчи 64/36- қамоқхонага борган. Аммо қамоқхона маъмурияти маҳбусдаги сил касаллиги ўта оғир формага ўтганини айтиб, учрашувга рухсат бермаган.

17 июлдан 18 июлга ўтар кечаси эса Диёровлар оиласига қўнғироқ бўлган ва икки соатдан сўнг Ш.Диёровнинг жасади олиб келиниши ҳақида айтилган.

Бу оила яқинларидан бўлган Дилором Исҳоқованинг айтишича, аввалига оила аъзолари Ш.Диёров қийноқдан ўлган, деган тахминда бўлган.

“Менга телефон қилган аёлнинг сўзларидан тушундимки, Ш.Диёров қаттиқ қийноқларга солинган. Кейинги вақтлар ичида эса унинг аҳволи оғирлиги ҳақида икки бор хабар келган, аммо яқинларига кўрсатилмаган. Ўтган тунда кутилмаганда телефон бўлиб: “Икки соат ичида унинг жасадини олиб борамиз. 10-15 минут видолашишга рухсат, аммо бировга айтманглар, ўзингизга ёмон бўлади”, деб огоҳлантирилган”, - деди Д.Исҳоқова.

Бу оилада бўлиб қайтган “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Васила Иноятова сўзларига кўра, тун ярмида майит олиб келинган вақтда хонадон атрофи милиция қуршовига олинган, оила-аъзоларининг ўзлари эса қўрқув ва алам ичида қолган эди.

“Яқинлари унинг танасида тан жароҳатлари ёки қийноқлар изи йўқ эканини айтди. Аммо қамалишидан аввалги вазнининг ярмидан кўпини йўқотган. Ўғлининг айтишича, соғлиғи ўта оғирлашгани боис Ш.Диёров бироз муқаддам Тошкент шаҳридаги қамоқхоналар шифохонасига келтирилганда ҳам уйдагиларига хабар берилмаган”, - деди В.Иноятова.

В.Иноятованинг билдиришича, Ш.Диёровнинг яқинлари қамоқхона маъмурларининг у силдан ўлгани ҳақидаги изоҳига рози экани, ҳеч қандай даъвоси йўқлигини айтяпти.

“Аммо менинг ва марҳумнинг яқинлари фикрича, агар унинг оғир бетоблиги ҳақида вақтида хабар берилганда, балки ҳаётини сақлаб қолиш мумкин эди. Менимча, у яхши даволанмаган ва яхши овқатланмаган”, - дейди В.Иноятова.

Унинг сўзларига кўра, Ш.Диёров каби соғлом ҳолда қамалган, аммо кўп ўтмай, қамоқхонада сил касалига чалинган ва охир-оқибат шу касалликдан ўлар ҳолатга етгунча яқинларига айтилмаган, кўрсатилмаган маҳбуслар кўп учрайди.

В.Иноятова бундай фактларни йиғиб, бир неча бор Ўзбекистон Бош прокуратураси, Жазони ижро этиш бош бошқармаси каби ташкилотларга қилинган мурожаатлар жавобсиз қолаётганини таъкидлайди.

“Шундан хулоса қилиш мумкинки, қамоқхоналарда бундай ҳолатларга атайлаб йўл қўйилади”, - дейди Васила Иноятова.

Унинг бу хулосасини Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари С.Икромов ҳам қўллаб-қувватлади.

“Ш.Диёров каби қамоқхонадан туйқусдан ярим тунда жасади келтирилган ва бир-икки соат ичида кўмдириб юборилган маҳбуслар ҳақида маълумотлар кўп. Аммо одатда марҳумларнинг яқинлари ҳуқуқ-тартибот идоралари босими остида буни ташқарига ошкор қилишга қўрқади. Энг муҳими, диний мотивларда айбланган маҳбусларга сил касаллиги махсус юқтирилиши ҳолларини тасдиқловчи кўплаб далилларга эгамиз”, - дейди Суръат Икромов.

У конституциявий тузумга тажовуз ва тақиқланган диний ташкилотларга алоқадорлик айби билан қамалган маҳбусларга ОИТС касаллигини махсус юқтириш ҳоллари рўй бераётганига оид далиллар ҳам қўлга киритилганини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG