Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:55

БМТдаги қаллоб қўлга олинди


6 август куни БМТнинг Нью-Йоркдаги қароргоҳи ходими Вячеслав Манохин Ўзбекистон фуқароларини АҚШга қалбаки таклифномалар асосида чақиртирганликда айбланиб ҳибсга олинди.

Маълум бўлишича, БМТнинг Россия фуқароси бўлган ходими В.Манохин қўшимча даромад сифатида БМТ номидан ташкилотнинг Тошкентдаги ваколатхонаси орқали қалбаки таклифномалар жўнатиб турган. В.Манохин билан бирга унинг шериклари сифатида тергов қилинаётган Владимир Деревянко ва ўзбекистонлик Комилжон Турсунов ҳибсга олинган.

Ўзбекистонда АҚШга виза олиш учун пўл тўлашга тайёр бўлган одамлар кўплаб топилади. Муайян суммадаги пора эвазига АҚШга юз фоиз виза олиб берадиганлар ҳақидаги овозаларни анчадан буён эшитиш мумкин.

БМТнинг қалбаки таклифномалар асосида ўнлаб ўзбекистонликка АҚШ визасини олишга кўмаклашган ходими ҳам дохил бўлган гуруҳ ўз хизматлари учун ўртача 10-15 минг АҚШ доллари олган. Энди улар АҚШ судида айбдор топилса, барчаси 5 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

БМТда таржимон бўлиб ишлаган 45 ёшли В.Манохинга ўз хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш ва АҚШга чақирув қоғозларини қалбакилаштириш айби қўйилмоқда. 57 минг доллар гаров пули тўлаган В.Деревянко ҳозирча ҳибсдан озод этилди. АҚШнинг Флорида штатида яшаб келган 44 ёшли Комилжон Турсунов ва Вячеслав Манохин ҳамон панжара ортида қолмоқда.

БМТ ўз ходимининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари юзасидан прокуратура билан тўлиқ ҳамкорлик қилаётганини билдираётир. Жумладан, БМТ бош котиби 27 июль куни В.Манохиннинг дипломатик дахлсизлигини бекор қилган.

БМТ ходимининг ҳужжат қалбакилаштиришда айбланаётгани энг нуфузли халқаро ташкилот атрофидаги янги можарога сабаб бўлаётир. Бу можаро марказида Нью-Йоркдан келган таклифномаларнинг қалбаки эканини пайқамаган БМТнинг Тошкентдаги ваколатхонаси ҳамда виза берган АҚШ элчихонаси ҳам бор.

Маълум бўлишича, АҚШда гўё халқаро анжуманда иштирок этиш учун юборилган таклифномалар БМТ Тараққиёт дастурининг расмий бланкаларида кўпинча гўёки БМТ расмийлари бўлган “Леонардо Брекет” ёки “Грег Смит” каби тўқиб чиқарилган шахслар имзоси билан келган. Лекин на БМТнинг Тошкентдаги ваколатхонаси, на АҚШ элчихонасининг бирор масъул ходими бу одамларнинг ҳақиқатан ҳам бор-йўқлигини текшириб кўришга жазм этмаган.

Айни пайтда АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси мазкур масалани жиддий қабул қилаётганини айтмоқда. Элчихона пресс атташеси Моллий Стефенсон визаларни қалбакилаштириш ҳолатлари вақти-вақти билан содир бўлишини афсус билан эътироф этди.

“Лекин АҚШнинг виза олиш тизимини суиистеъмол қилганлар аниқланганда бизнинг ҳуқуқ-тартибот идораларимиз ишга тушади ва АҚШ қонунлари асосида виза ҳужжатларини қалбакилаштириш жуда қаттиқ жазоланади”, -деди у.
XS
SM
MD
LG