Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:26

“Катта террор” даҳшатларини хотирлаб...


Бундан роппа-роса 17 йил муқаддам - 1990 йилнинг 13 августида собиқ СССР президенти Михаил Горбачёв Иосиф Сталин ўтказган қатағон даврида судланган, қамалган ва ўлдирилган шахсларни реабилитация қилиш тўғрисидаги ҳужжатни имзолаган эди.

1937-38 йиллар оралиғида амалга оширилган аёвсиз қатағон ҳозирга келиб “катта террор” номини олган. “Озодлик” радиоси тарихнинг ана шу қонли саҳифаларига бағишлаб туркум лавҳалар тайёрлади.

Бу лавҳаларнинг биринчисида Сталин қатағонига учраган таниқли шахслардан айримлари тақдиридан ҳикоя қилинади.

***

“Катта террор” номини олган Сталин қатағонлари ҳеч кимни - ёши, жинси, касби, этник мансублигидан қатъий назар - исталган шахсни аёвсиз ўз домига тортиб кетган даҳшатли воқеа сифатида тарихда қолган.

Таниқли молдован ёзувчиси Владимир Беслига 1937 йилги қатағонлар бошланганда 6 ёшда эди. У ўша даврда ўзи яшаётган қишлоқда тарқалган қўрқув кайфиятини ҳали-ҳануз аниқ эслайди.

“Ўша вақтлар қишлоқда одамлар оммавий равишда ҳибсга олинар эди. Ҳар куни эрталаб одамлар, бу тун кимни олиб кетишди экан, деб бир-биридан суриштирар эди. Ҳамма одамларнинг оғзида “қора қарға”, деган сўз юрар эди. Одамларни ярим тунда олиб кетадиган машинани шундай аташар эди”, - дея хотирлайди ёзувчи.

Бу даврда молдован тилида ўқиш ва ёзиш ҳам жиноят эди. Бу тилда чоп этилган китоблар мусодара қилинар, мактабларда ҳам бу тилда дарс бериш тақиқланган эди. Аммо шунга қарамай, ёш Владимирга онаси уйда яшириб қўйган молдован тилидаги зоология дарслигини ўқишни ўргатган эди.

В.Беслига болалик даври шу тариқа мунтазам қўрқув остида ўтганини эслайди.

“Қўрқув ҳаммани қамраб олган ва ҳеч ким очиқча гапира олмас ва ҳамма кимдир унинг устидан чақув қилишидан қўрқиб яшар эди. Бу қўрқув шу кунга қадар ҳам бизни тарк этмаган, худди бу қўрқув қонимизда борга ўхшайди”, - дейди молдован адиби.

Сталин режими, энг аввало, ўқимишли одамларни шубҳа остига олган, асосан, зиёлилар қатламини қирғинга тутган режимдир. 1992 йилда археологлар Қирғизистон пойтахти Бишкек яқинида ана шу қирғиндан қолган оммавий қабрни топди. Ундан яширин тарзда отилган ва кўмилган 138 зиёлининг хоки қазиб олинди.

Мар Байжиев таниқли қирғиз драматурги ва собиқ депутат. Унинг отаси катта террор вақтида қамоқда вафот этган.

“Илми бор ва атрофда нима бўлаётганини тушунган ҳамма зиёлиларни қамаш, отиш, йўқ қилиш ҳақида буйруқ берилган эди. Биргина Бишкек яқинидаги Атабейит қабристонида Сталин қатағонида қурбон бўлган юзлаб буюк қирғиз зиёлилари ётибди. У даврни таърифлашга сўз ожиз, у даврлар жуда даҳшатли эди. Оталаримиз қамалган бир вақтда биз болалар “Яшасин Сталин, ура!” деган шиорларни қайта-қайта айтишга мажбур қилинган эдик. Менинг дадам Қарағандадаги қамоқхона қабристонига дафн этилган. Мен яқинда унинг қабрини зиёрат қилиб келдим”,- дейди Мар Байжиев.

Беларус шоири Тодар Кляшторний ҳаётига ҳам “катта террор” давридаги қатағонлар зомин бўлган. Унинг қизи Мая Кляшторная ўз оиласининг зулматдаги ўтмишини шундай хотирлайди:

“Мен 1937 йилда туғилганман. Мен туғилганда отам қамалган, онам эса ҳибсга олинган эди. Онам мен туғилганим учун отам озод қилинар, деб умид қилар эди. Онам охирига қадар - отам 10 йилга қамоққа ҳукм қилингунга қадар умид билан яшади. 10 йилга қамалди, дегани эса бу одам турмадан омон чиқмайди, дегани эди”.

“Давлат душмани” тамғаси босилган одамларнинг кўплаб қариндош-уруғлари каби Мая Кляшторная ва унинг онаси кўп даврни ҳарбий асирлар лагерларида ўтказди.

Мая Кляшторнаянинг фожеали ўтган болалиги унинг бутун ҳаётига соя солди. Собиқ совет иттифоқи қулаганидан кейин у қатағон қилинганлар хотирасини ҳимоя қилиш ташкилотини тузиш ташаббускори ва кейинчалик унга президент бўлди.

Этник озчилик вакиллари ҳам Сталин даври қатағонлари азобини тортган. 1944 йилда чеченлар оммавий тарзда Марказий Осиёга депортация қилинган эди. Этник корейслар 1937 йиллар бошидаёқ куч билан кўчирилган. Уларнинг етакчилари эса қатл қилинган. 1937 йилнинг сентябрь ва октябрь ойлари оралиғида 170 мингга яқин этник корейс собиқ Совет Иттифоқининг Узоқ Шарқидан Марказий Осиёга кўчирилган эди.

Қирғизистонда яшайдиган Роман Шиннинг ота-онаси ҳам депортация қилинган этник корейслар сафида эди.

“Улар ҳеч бир сўроқсиз, ҳеч бир изоҳсиз юк ташийдиган вагонларда Марказий Осиёга кўчирилган. Ота-онам ҳам улар сафида эди. Одамлар Қозоғистон чўллари, Ўзбекистонга кўчирилган. Ҳозирга келиб бу кореяларнинг кўпчилиги реабилитация қилингани учун ҳукуматимизга миннатдорлик билдириш керак, деб ҳисоблайман”, - дейди Роман Шин.

1990 йилда бошланган қатағон қурбонларини оқлаш жараёни аста-секин собиқ иттифоқнинг барча ўлкаларида бўлиб ўтди. Бироқ болалиги Сталин репрессиялари қўрқуви остида ўтган яна миллионлаб одамлар ўзларининг қамалган, ўлдирилган, қийноқларга солинган яқинларининг номи оқланишини кутиб яшамоқда.
XS
SM
MD
LG