Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:31

Элза Видал: “Жиннихонада, эҳтимол, қамоқда бўлишдан ҳам даҳшатлироқдир”


“Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти ўтган йил сентябрдан буён руҳий хасталиклар шифохонасида мажбурий тарзда даволанаётган мустақил журналист Жамшид Каримовнинг саломатлиги борасида хавотир билдирди.

“Ноинсоний ва таҳқирли тарзда даволанаётган Жамшид Каримов аллақачон озод этилиши лозим эди”, - дейилади қароргоҳи Парижда жойлашган ташкилот баёнотида.

Ж.Каримовни кўришга муваффақ бўлган яқинларининг айтишича, 10 ойдан ошиқроқ вақтдан буён Самарқанддаги руҳий касалликлар шифохонасида мажбуран ушлаб турилган Жамшиднинг саломатлиги ўта ёмонлашган.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари амалдаги ҳукуматни ўзга фикрловчиларни бостириш мақсадида собиқ совет даврининг энг мудҳиш усулларидан фойдаланаётганликда айблайди.

Президент амакиси қурган тузумга қарши чиққан Ж.Каримов шифохонада мажбурий ушлаб турилгани ва муолажа қилинаётгани айтилади.

“Ж.Каримовга жиннихонада айни муассаса номини олган касаллик юқтириляпти”, - дейди маҳаллий ва халқаро инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари.

Журналистнинг саломатлиги билан боғлиқ хавотирлар ҳам айнан шу боис билдирилмоқда.

“Барча халқаро ташкилотлар бир овоздан Жамшиднинг озод этилишини талаб этиши керак, - дейди “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг постсовет давлатлар бўйича раҳбари Элза Видал. - Ўзбекистон ҳукуматининг унинг овозини ўчириш учун топган усули мажбуран руҳий хасталиклар шифохонасида ушлаб туриш бўлди. Бу уни журналист ўлароқ ёзганлари учун жазолашнинг бир туридир”.

Унинг таъкидлашича, Жамшид айнан президент Ислом Каримовнинг жияни бўлгани сабабли қамоқхонага эмас, жиннихонага ташланган. Лекин бу, эҳтимол, қамоқда бўлишдан ҳам даҳшатлироқдир.

Ж.Каримов мустақил журналист сифатида Каримов режимининг жазоловчи психиатрияси қўлланаётган ягона ўзгача фикрловчи инсон эмас. Бир неча йил аввал Тошкендаги руҳий хасталиклар шифохонасига мажбуран даволанган таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Елена Урлаева жиннихонадаги кунларини энг оғир қийноқ сифатида эслайди.

“Жами 9 ой давомида мени мажбуран даволашган эди. Буни ўз тажрибамда синаган одам сифатида ҳозир Жамшиднинг аҳволи ҳақида тасаввур қилишим мумкин. Яқинларидан билишимизча, унга энг кучли психотроп дорилар бериляпти. Бу дорилар одамда қўрқув ҳиссиётини кучайтириб, жуда кучли бош оғриқларига сабаб бўлади. Биласизми, бу ҳақиқий қийноқдир”, - дейди Елена Урлаева.

Шифохонадан озод этилганидан кейин Е.Урлаева бу қийноқ асоратларидан яна узоқ муддат даволанди ва ўз фаолиятини давом эттира олди. Лекин айни муассасада узоқ муддат қолаётган Жамшиднинг ўз касбий фаолиятини давом эттира олиши жиддий шубҳа остида.

Бугунги кунда Ўзбекистон қамоқхоналарида ҳамон ўнлаб журналистлар бор, лекин сўнгги пайтда халқаро майдонда энг кўп шов-шув уйғота олган журналистларни ҳибсга олиш ҳолатлари ижобий якунлангани ҳам рост. Яқин йиллар ичида қамалган мустақил журналистлар Руслан Шарипов, Улуғбек Ҳайдаров, Собиржон Ёқубов ва Умида Ниёзова озод этилди. Лекин уларнинг аксарияти шундан сўнг ўз фаолиятини давом эттира олган эмас.
XS
SM
MD
LG