Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:45

Путин ва Меркел кўп мавзуларда гаплашади


Россия президенти Владимир Путиннинг Германия канцлери Ангела Меркел билан учрашиб, ўзаро ҳамкорлик масалалари ва халқаро муаммоларни муҳокама этиши кутилмоқда.

Куни-кеча Ангела Меркел Владимир Путин билан икки кунлик музокаралар чоғида стратегик ҳамкорлик масалалари муҳокама этилишини айтганди.

Шанба куни Германия телевидениесида чиқиш қилган канцлер томонлар асосий эътиборни халқаро масалалар, хусусан, Эрон ядровий дастури теграсидаги бўҳронга қаратилишини таъкидлаганди. Бироқ шу вақтга қадар В.Путин Эрон ядровий дастури борасида Ғарб давлатлари илгари сураётган ечимга хайрихоҳлик аломатларини сездиргани йўқ. Бундан ташқари, Россия ва Германия рааҳбарларининг Косовонинг келгуси мақоми борасидаги қарашлари ҳам бир-бирига зид. Россия Сербиянинг кўпчилик аҳолисини албанлар ташкил этадиган бу қисмига мустақиллик берилишини маъқулламай келмоқда.

Икки давлат етакчилари АҚШнинг Шарқий Европа давлатларида ракета ҳужумидан мудофаа тизими қисмларини қуриш режаси устида Вашингтон ва Москва ўртасида юзага келган мунозаралар юзасидан ҳам фикр алмашади.

Шунингдек, музокаралар кун тартибидан энергетик хавфсизлик ва айрим иқтисодий масалалар ўрин олгани, А.Меркел инсон ҳуқуқлари ва айрим сиёсий масалаларни ҳам кўтариш ниятида экани хабар қилинмоқда.

Россия президентининг Германияга сафари АҚШ давлат котиби Кодолиза Райснинг Москвага ташрифидан бир кун ўтиб амалга оширилмоқда. К.Райс Москвадаги музокаралар чоғида АҚШ умумжаҳон қадриятларининг устиворлигини таъминловчи салоҳиятли институтлар барпо қилишда Россияга ёрдам бериш ниятида эканини таъкидлади.

“Агар Россияда демократия қарор топса, у ҳолда бу давлат ўз фуқаролари ҳақ-ҳуқуқларини тўла ҳимоя қилиши мумкин бўлади. Аммо бунинг учун йиллар керак бўлади ва ҳар биримиз ана шундай демократик давлат дунёга келиши жараёнида иштирок этишимиз лозим. АҚШ, албатта, демократик Россиянинг юзага чиқишида ҳамкорлик қилишни истайди”, - деди АҚШ давлат котиби Москвага сафари чоғида.

Журналистлар билан учрашувда К.Райс “мамлакатда бошқарув кучлари Кремлда уюшгани, бу мамлакатда суд ҳокимиятининг тўла мустақил эмаслигига ҳеч ким шубҳа қилмаслиги”ни билдирди.

“Шунингдек, бу мамлакатда электрон матбуот мустақиллиги борасида муайян саволлар мавжуд, бундан ташқари, фикримча, Давлат думасининг таркиби борасида ҳам ҳал этилиши лозим муаммолар бор”, - деди К.Райс.

Москва музокараларида томонлар ўртасида зиддиятга олиб келган АҚШнинг Шарқий Европада ракета ҳужумидан мудофаа тизими қуриш режаси бўйича келишувга эришилмади. Москва эса бу музокаралар чоғида Эронга нисбатан янги санкциялар қўллаш таклифини ҳам қувватламаслигини яна бир бор таъкидлади.
XS
SM
MD
LG