Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:29

Жон Негропонте Парвез Мушаррафни ваъдаларига содиқ қолишга ундаётир


АҚШ давлат котиби ўринбосари Жон Негропонте Покистон раҳбари Парвез Мушаррафни мамлакатдаги кучайтирилган хавфсизлик чораларини бекор қилиш ва сиёсий маҳбусларни озод этишга чақирди.

П.Мушарраф билан Исломободда музокара ўтказган Жон Негропонте уни 3 ноябрь куни жорий этилган фавқулодда ҳолатни бекор қилишга даъват этди.

Унинг фикрича, Покистон ҳукумати ҳозир қўллаётган фавқулодда ҳолат яқинда президент Мушарраф ваъда қилган эркин ва шаффоф сайлов муҳитига мос эмас.

“Фавқулодда ҳолат вазияти эркин, шаффоф, ҳаққоний сайлов муҳити билан мос эмас. Чунки бундай сайлов мамлакат фуқаролари, сиёсий партиялар ва оммавий ахборот воситаларининг фаол иштироки билан ўтади. Покистон халқи фавқулодда ҳолат туфайли юзага келган чекланишларсиз ўзига етакчи сайлаш имконига муносибдир”,- деди Жон Негропонте.

Айни вақтда у Покистон президенти террорга қарши курашдаги қадрли иттифоқдош сифатида АҚШ томонидан қардрланишини эътироф этар экан, П.Мушаррафнинг сайловни 9 январда ўтказиш тўғрисидаги ваъдасини олқишлади. Аммо у П.Мушаррафни олий бош қўмондон лавозимидан кетиш тўғрисидаги ваъдасига собиқ қолишга ундади.

Жон Негропонте мамлакатда 3 ноябрь куни фавқулодда ҳолат жорий этилганидан буён президент Парвез Мушарраф билан учрашган илк олий даражали хорижий дипломатдир. У Покистон раҳбарини мухолифат етакчиси Беназир Бҳутто билан ҳам музокаралар ўтказишга чақирди. П.Мушарраф билан музокарадан сўнг эса Беназир Бҳутто билан телефон орқали суҳбатлашди.

Покистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили Муҳаммад Содиқ бу ўринда АҚШ томонининг фавқулодда ҳолатни бекор қилиш бўйича босимига қарамай, мамлакат етакчисининг позициясини ўзгартириш “имкони йўқ”лигини таъкидлади ва фавқулодда ҳолат “ўта кескин вазиятда” жорий этилганини такрорлади.

Бироқ АҚШ дипломати музокаралар чоғида расмий Вашингтон президент Мушарраф ҳукумати кўрсатаётган бирорта важни қабул қила олмаслигини очиқ-ойдин маълум қилди ва акс ҳолда АҚШ ҳукуматининг Покистонга кўрсатажак босими қай кўринишда бўлиши ҳақида тўхталмади. Бироқ Покистондаги ўз исми ошкор этилишини истамаган хорижий дпломатлардан бирининг айтишича, бу босим Покистонга кўрсатиладиган молиявий ёрдамнинг қисқартирилишидан иборат бўлади.

1999 йилда ҳарбий тўнтариш йўли билан ҳукуматга келган Парвез Мушарраф ядровий қуролга эга бўлган Покистон армиясини АҚШнинг террорга қарши курашдаги сафдош иттифоқчисига айлантирди.
XS
SM
MD
LG