Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:36

Бағлондаги фожеа тўғрисида янги фаразлар


БМТнинг ички ҳисоботларидан бирида шу ой бошида Афғонистоннинг Бағлон шаҳрида худкуш содир этган портлашда расман эълон қилинганидан кўра кўпроқ тинч аҳоли вакили қурбон бўлгани айтилади.

6 ноябрь куни Бағлонда шакар заводининг очилиш маросимида содир этилган портлашда афғон парламентининг олти депутати билан бир қаторда тинч аҳоли вакилларидан 40дан ортиғи ҳалок бўлгани хабар қилинган эди.

Бу портлаш Афғонистон тарихидаги энг қонли террор ҳаракатидан бирига айланди. Айниқса, худкуш шакар заводига келган депутатларни қарши олиш учун чиқарилган жажжи ўқувчилар орасига кириб ўзини портлатгани мамлакат аҳлини жунбушга келтирди.

Мазкур портлашни кескин қоралаган президент Ҳомид Карзай ҳам террор ҳаракатида 6 депутат ва 40дан ортиқ тинч аҳоли вакили ўлганини билдирганди. Энди БМТнинг ички ҳисоботида қурбон бўлган тинч аҳоли вакиллари сони 77 киши экани, уларнинг аксарияти маросимга йиғилганларнинг энг олдинги сафларига қўйилган мактаб ўқувчилари бўлгани айтилмоқда. Муҳими шуки, қурбонларнинг катта қисми худкуш содир этган портлашдан эмас, балки саросимага тушган тансоқчиларнинг оломонга қарши ўт очишидан ўлган. БМТ ҳисоботида қўриқчилар қуролларидан юздан ортиқ ўқ отилгани маълум қилинган.

Бироқ Афғонистон расмийлари БМТ мутахассисларининг бу маълумотини инкор этмоқда. Жумладан, Афғонистон ички ишлар вазири матбуот вакили Замрай Башарий БМТ ҳисоботида келтирилган маълумотлар афғон терговчилари аниқлаган маълумотлардан фарқли эканини айтади.

“Биздаги далиллар депутатларнинг тансоқчилари портлашдан сўнг тинч аҳоли вакилларига қарата ўқ узган, деган маълумотдан жуда узоқ. Аммо бизда қўриқчилар қуюқ тутун ичида мўлжални нишонга ололмай, қуролдан ўқ узгани тўғрисида гувоҳларнинг кўрсатмалари бор. Ўлдирилган ва жароҳат етказилган одамларнинг танасидан эса алоҳида ўқ эмас, бомба қолдиқлари топилган”,- дейди З.Башарий.

БМТнинг Афғонистондаги миссияси вакили Адриан Эдвардс фикрича, БМТ ички ҳисоботида келтирилган маълумот аслида Бағлонда содир бўлган фожеа тўғрисида мавжуд кўплаб фаразларнинг биридир.

“Биз ҳануз Бағлонда бўлган портлашни ўрганишда давом этяпмиз. Мавжуд барча маълумотларни тўплаб, аслида нима содир бўлгани, шунча одамнинг ўлимига олиб келган воқеа сабабларини ўрганишга ҳаракат қиляпмиз. Чунки айрим одамлар портлаш туфайли, айримлари эса қурол ўқидан нобуд бўлган. Шунинг учун ҳам қурбонлар ўлими ҳақида турли мазмундаги маълумотлар пайдо бўлди. Бироқ ҳали аниқ хулоса айтилгани йўқ”,- деди Адриан Эдвардс.

Унинг сўзларига кўра, Бағлон фожеасига оид мавжуд кўплаб тахминлардан бирини ўртага ташлаган БМТ Хавфсизлик масалалари бўйича агентлиги Афғонистонда бевосита тергов юрита олмайди. Аммо Афғонистонда тинч аҳоли вакилларидан қурбонлар бўлаётганига оид ҳолатларни кузатиб боради ҳамда мавжуд фактларни аниқлаштиради.

“Афғонистонда БМТнинг бу каби воқеаларни ичкаридан туриб кузатиши мумкин бўлган бир неча ташкилоти бор. Бундан ташқари, бизнинг инсон ҳуқуқлари аҳволини ўрганиш кафолатига эга бўлган вакилларимиз ҳам бор. Шу боис, БМТнинг юқоридаги тахминни илгари сурган агентлигида ичкаридан ахборот олишнинг қатор йўллари мавжуд”,- дейди А.Эдвардс.

У ҳали якуний хулоса айтилмагани, БМТнинг Хавфсизлик маслалари бўйича агентлиги ҳам Афғонистон ҳукумати юритаётган тергов натижаларини кутаётганини яна бир бор таъкидлади.
XS
SM
MD
LG