Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:33

Усмонали бошидаги қора булутлар чекингандек бўлди


Яманда 2 йил давомида қамоқда ўтириб соғлиғидан айрилган ўзбекистонлик 32 ёшли қочқин Усмонали Фахрутдинов айни пайтда БМТ қочқинлар идорасининг Ямандаги ваколатхонаси ихтиёрига топширилди.

Яманда чиқадиган “News Yemen” нашрининг ёзишича, У.Фахрутдинов ҳибсга олинган вақтда қочқинлик мақомига эга бўлган. Шунга қарамай, у сўнгги икки йил давомида аввал махсус хизматлар ҳибсхонаси, кейинчалик эса Яман Паспорт ва эмиграция хизмати ҳибсхонасида сақлаган. Фақат қамоқда ўта оғир касалликка чалиниб, ўрнидан тўра олмай қолгандан кейингина БМТ Қочқинлар иши бўйича олий комиссарлигининг мамлакатдаги ваколатхонасига топширилган

У.Фахрутдинов вазиятини кузатаётганлар унинг ҳибсга олиниши Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари сўровига биноан амалга оширилганига шубҳа қилмаяпти. Бироқ Яман хавфсизлик хизмати ҳали буни тасдиқлагани йўқ.

У.Фахрутдинов БМТ қочқинлар идораси ваколатхона ихтиёрига етиб келганини ташкилот матбуот вакили ҳам тасдиқлади.

“Ҳозир у бизнинг Санадаги ваколатхонамиз ихтиёрида, соғлиғи яхши. Унга барча зарурий ёрдам кўрсатиляпти. Тез орада унинг кейинги тақдирига оид чораларни қабул қилиш ҳаракатидамиз”,- деди матбуот вакили.

Аммо у қочқинлик мақомига эга бўлган ҳолда У.Фахрутдинов нега ҳибсга олингани ва шу вақтга қадар олий комиссарлик унинг ҳимояси учун нималар қилгани ҳақидаги саволларни ҳозирча очиқ қолдирди.

1975 йилда туғилган У.Фахрутдинов Тошкент давлат тиббиёт институтининг 2-курсини тамомлагандан сўнг Шарқ табобатини ўрганишга қарор қилган ва ўқишни Яман пойтахти Сана шаҳридаги университетлардан бирига кўчирган. 5 та тилни мукаммал биладиган, илмга чанқоқ йигит роса қизғин таҳсил олиб юрган бир пайтда Ўзбекистон прокуратураси унинг акаси – Тошкентдаги Хўжа Нуриддин масжиди имоми Руҳиддин Фахрутдиновни ваҳҳобийликда айблаб, устидан жиноят иши қўзғаган. Орадан кўп ўтмай, У.Фахрутдинов устидан ҳам жиноят иши очилди ва унинг юртига қайтиш йўллари беркилди.

Отаси Фазлиддин Фахрутдиновнинг айтишича, охирги марта ўғли беш йил бурун телефон қилган. Усмонали юртида “Ҳизб ут-таҳрир” оқимига алоқадорликда айбланган.

“Гўёки у тажриба ошириш учун Яманга кетган эмиш. У Яманга кетган 15 йил муқаддам ҳизб ҳақида ҳеч гап йўқ эди ҳали”,- дейди Ф.Фахрутдинов.

Отанинг сўзларига кўра, Усмонали устидан ўша пайтда Қозоғистонда яшириниб юрган акаси Руҳиддинга босим ўтказиш мақсадида жиноят иши қўзғатилган.

“Чунки Усмоналига қўйилган айблов мутлақо асоссиз. Онаси икки ўғлимизнинг қайғусида куя-куя 15 ноябрь куни оламдан ўтди. Мен ҳеч тушунмайман. Бу болалар фақат илмга интилган, 5 тадан хорижий тилни мукаммал биладиган йигитлар эди, холос”,- деди Ф.Фахрутдинов.

Ф.Фахрутдиновнинг катта ўғли Руҳиддин Фахрутдинов ваҳҳобийлик диний оқими етакчиси эканликда айбланиб, 2006 йил сентябрда 17 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Руҳиддин Фахрутдинов ҳам ўзига нисбатан тазйиқлар бошлангандан сўнг Қозоғистонга борган ва БМТ қочқинлар идорасининг ўша ердаги ваколатхонасига мурожаат этган. Шунга қарамай, Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси уни ҳибсга олиб, 2006 йил январь ойида яширин тарзда Ўзбекистонга бериб юборган эди.
XS
SM
MD
LG