Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:43

ЕХҲТ Ўзбекистондаги вазиятдан хавотирда


Европада ҳамкорлик ва хавфсизлик ташкилоти аъзо мамлакатларда 2006 йил апрелдан 2007 йил апрелга қадар инсон ҳуқуқлари қўпол равишда бузилганига оид жами 110 та ҳолат қайд этилганини маълум қилди.

Ташкилотнинг янги ҳисоботда айтилишича, бу ҳуқуқбузарликларнинг кўпи Ўзбекистон ва Россияда юз берган. Ўзбекистонда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг мамлакатдаги ноҳукумат ташкилотлар вакиллари, жумладан, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига шавфқатсиз муносабати кучайган, Россияда эса одамларни, жумладан, махсус хизматлар ходимлари иштирокида ўғирлаш ҳолатлари қайд этилган.

ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси раҳбари Кристиан Строҳал ҳисобот тақдимотида сўзлай туриб: “Бу ҳисоботдан кўриниб турибдики, ЕХҲТга аъзо мамлакатлар фуқаролари ўз ҳуқуқлари ва фундаментал эркинликларига эришиши учун ҳали кўпгина ишларни амалга оширишимиз зарур”,- деди.

Шу боис, ташкилот раҳбарияти Ўзбекистон ва Россияда юз бераётган ҳуқуқбузарликлардан хавотир билдирди.

“Ҳьюман райт уотч” ташкилотининг Россия ва Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини кузатиб бораётган Москва бўлими вакили Александр Петров ЕХҲТ ҳисоботи хулосаларига қўшилишини айтиб, мисол тариқасида шу яқин кунларда содир бўлган воқеаларни тилга олди.

“Ўзбекистонлик қочқин Муҳаммадсолиҳ Абутов билан содир бўлган воқеани эслайлик. Ўзбекистонда конституциявий тузумга тажовуз қилиш ва оммавий тартибсизликлар уюштиришда айбланган бу фуқаро ўзбек махсус хизматлари томонидан Россияда қўлга олинди. Таъкидлаш керакки, қандай айблов қўйилишидан қатъи назар, бу шахс ўзбек махсус хизматлари ходимлари томонидан Россия ҳудудида қўлга олиниши халқаро ҳуқуқ меъёрларига мутлақо зиддир”,- дейди Саша Петров.

Шунингдек, у Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг айнан ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан бузилиши давом этаётгани юзасидан ЕХҲТ хавотирларига жиддий асослар борлиги ҳақида тўхталди.

“Ўзбекистондаги милиция идораларида, ҳибсхоналарда, қамоқхоналарда тазйиқ ва қийноқлар қўлланилиши ҳануз давом этаётгани бундай хавотирларга асос бўлади. Аслида бу ҳолат собиқ иттифоқнинг барча ўлкаларига тегишли, аммо айнан Ўзбекистонда қийноқлар кескин кўпайиб кетгани хавотирлидир. Хусусан, дастлабки бир неча соатлик сўроқ вақтидаёқ ҳали айби исботланмаган фуқаролар калтакланиши қўпол ҳуқуқбузарликдир. Афсуски, бизда бундай ҳаракатларни тасдиқловчи кўплаб маълумотлар бор”,- деди Александр Петров.

ЕХҲТ ҳисоботида айрим аъзо мамлакатларда аҳвол ўнглангани ҳам қайд этилган. Жумладан, Озарбойжонда баъзи маҳаллий ва халқаро ташкилотларга қамоқхоналарга киришга рухсат берилган. Украинада эса фуқаровий жамият ташкилотлари фаолияти борасидаги қонунчилик мукаммаллаштирилган. Туркияда ҳам Жиноят кодексининг аксар ҳолларда инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига қарши қўлланиладиган моддалари халқаро ҳуқуқ меъёрларига мослаштирилган.
XS
SM
MD
LG