Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:33

Сайловда берилган овозларнинг... сони бор, салмоғи йўқ


Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси 23 декабр куни ўтказилган президентлик сайловида овоз бериш ҳуқуқига эга фуқароларнинг 90,6 фоизи иштирок этганини маълум қилди. Сайловни кузатиш имкони берилган МДҲ давлатлари кузатувчилари эса Марказий сайлов комиссияси берган бу маълумотни якдиллик билан тасдиқламоқда.

Ўзбекистон марказий сайлов комиссияси раиси Мирзоулуғбек Абдусаломов сўзларига кўра, 14 миллион 765 минг 444 нафар сайловчи сайловда иштирок этган. Бироқ, Ўзбекистондаги президентлик сайловини озми-кўпми кузатишга муваффақ бўлган маҳаллий ва халқаро кузатувчилар, сайловда қатнашган сайловчиларнинг ўзлари ҳам бу рақамни шубҳа остига олмоқдалар.

Биргина ҳол — овоз бериш ёшида бўлган ўзбекистонликларнинг камида 2 миллиони, кўпи билан эса 8 миллионга яқинининг хорижда экани ва аксар хорижий давлатларда уларнинг сайловда иштироки таъминланмаганининг ўзиёқ Марказий сайлов комиссияси берган рақамнинг ҳақиқатдан анча йироқлигини тасдиқлайди, деб ҳисоблайди, жумладан, Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи.

Ушбу гуруҳ 24 декабр куни тарқатган хабарномада ҳозир овоз бериш ёшидаги 5 ярим миллионга яқин ўзбекистонликнинг хорижда экани ва улар овоз берувчиларнинг қарийб 36 фоизини ташкил қилиши айтилади. Агар, бу маълумотни ҳақ, деб ҳисоблаганимиз тақдирда ҳам қолган 54 фоиз сайловчи сайловда тўлиқ қатнашганига ишонмайман, демоқда аксар ўзбекистонлик сайловчилар.

Жумладан, андижонлик сайловчилардан бирининг икки ўғли Россияда экан. Бироқ унинг ўзи ҳам сайловга чиқамаган.

“Бутун оиламиз номидан укам бориб сайлаб келди. Кимни сайлаганини ҳам сўраб ўтирмадим, тахминимча, яна шу отахон Каримовни сайлаб келди. Бизда ўзи одат бўлиб қолган. Сайлов участкасига борсангиз: “Нечта киши номидан овоз берасиз?” деб сўрашади. Аслида кимни сайлашни ва сайловда қатнашишнинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ-ку?!”

Хоразмлик сайловчилардан бири ҳам андижонлик сайловчининг сўзларини тасдиқлар экан, кўп ҳолларда сайловчиларга варақани қандай тўлдириш билан бирга қайси номзодни белгилашни ҳам тушунтиришади, дейди.

“Варақани қандай тўлдиришни тушунтиришаётган пайтда кимга овоз бериш кераклигини ҳам яхшилаб тушунтириб қўйишади. Тушунтирадиганларни олдида эса кўпинча милиционер, ҳокимлик вакиллари туради. Шунинг учун кўпчилик индамай кўрсатилган номзодни белгилаб кетаверади. Бундан ташқари, кимга овоз беришни ўша ердаги ходимлардан сўрайдиганлар ҳам кўп”.

Қашқадарёлик мустақил кузатувчи Нодир Аҳатов эса кўп кузатиладиган яна бир қонунбузарлик даста-даста сайлов варақасини кўтариб келадиган сайловчиларнинг бўлишидир, улардан бирига парламент сайловларида ўзим гувоҳ бўлганман, дейди.

“Парламент сайловида мен депутатликка бир номзоднинг ишчи гуруҳидан кузатувчи бўлиб иштирок этган эдим. Бир сайловчи бир даста варақани кўтариб келиб қолди. Унга эътироз қилувдим, милицонерлар мени участкадан куч билан чиқариб юборишди, уни эса яна сайловга қўйишди. Бир даста варақани ташлаб чиқди у”.

Аммо, айрим ўзбекистонлик сайловчилар бундай қонунбузарликлар бўлди нима, бўлмади нима, ахир сайлов варақаларининг қандай саналишини оддий сайловчилар билолмайди-ку, деган фикрда.

“Овозларни санаш жараёни биз сайловчиларга мутлақо қоронғу. Мана хорижий оммавий ахборот воситаларидан эшитиб турибман, талаб қилиб, бу жараёнда қатнашамиз, деган ҳуқуқ ҳимоячилари, халқаро ташкилот вакилларини ҳам қўйишмаяпти. Шундай экан, ҳокимият қўлида бўлган амалдорлар натижаларни ўз истакларига қараб тўғирлаши, мутлақо, тайин гап”, дейди андижонлик сайловчи.

Сайлов варақаларининг қандай саналиши, овозларни ҳисоб-китоб қилиш жараёнини оддий сайловчилар билан бирга мустақил ва халқаро кузатувчилар ҳам деярли кузатиш имконига эга бўлмади. Бу жараён, асосан, МДҲ давлатларидан борган кузатувчилар ва ўзбекистонда рўйхатга олинган 5 сиёсий партия ҳамда ташаббус гуруҳи вакиллари кузатуви остида ўтди. Буни Марказий Сайлов комиссияси раисининг ўзи ҳам тасдиқлади.

“Мустақил давлатлар ҳамдўстлигидан 78 нафар, ЕХҲТ дан 26, Ислом Конференцияси ташкилотидан 6, Шанхай ҳамкорлик ташкилотидан 3, Евроосиё иқтисодий ҳамкорлик ташкилотидан 2 нафар халқаро кузатувчи, сиёсий партия ва сайловчилар ташаббус гуруҳидан 23 минг нафардан зиёд кузатувчи сайлов қутиларини очиш ва овозларни санаб чиқиш пайтида ҳозир бўлмоқдалар”, деди Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раиси М.Абдусаломов.

Демак, асосан, МДҲ дан борган кузатувчилар ва Ўзбекистондаги ҳукуматга мойил сиёсий партия ҳамда сайлов комиссияси рўйхатга олган ташаббус гуруҳи вакиллари кузатувида саналган овозларнинг 88.1 фоизини амалдаги президент Ислом Каримов олган.
XS
SM
MD
LG