Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:09

Дунё ҳамжамияти Юсуф Жума ва оиласи ҳимояcига отланмоқда


Бутун дунёдан элликдан зиёд журналист, адабиёт арбоблари ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари имзолаган петиция БМТ, АҚШ ва Европа Иттифоқи, шунингдек, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг юқори мартабали расмийларига йўлланди.

Ушбу ҳужжатда қамоққа олинган Юсуф Жума ва унинг оила аъзолари жиддий таҳдид остида қолаётганидан ташвиш билдирилган ва халқаро ҳамжамиятдан уни ҳимоя қилиш сўралган.

Петиция муаллифларидан бири, маркази Парижда жойлашган Марказий Осиё инсон ҳуқуқлари уюшмаси президенти Надежда Отаеванинг айтишича, Юсуф Жума ва оила аъзоларини таъқиб этаётган Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқларини энг қўпол тарзда поймол этмоқда.

“Бизнингча, бу ерда нафақат инсон ҳуқуқлари ва фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқлари бузилган, балки бу ҳолат Ўзбекистон режими Андижон фожеасидан ҳеч қандай хулоса чиқармаганини кўрсатади. Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари тинч намойиш ўтказган қуролсиз оиланинг уйига бостириб кирди ва Юсуф Жума билан бир қаторда унинг барча оила аъзоларига зуғум ўтказди”,- деди Надежда Отаева.

Ҳукуматга қарши очиқдан-очиқ чиқишлари билан танилган шоир Юсуф Жума ва унинг икки ўғли турли айблар билан қамоққа олинган. Унинг турмуш ўртоғига ва қизига жиноят иши очилган. Юсуф Жуманинг озодликдаги оила аъзолари таъқиблардан қочиб мамлакатни тарк этишга мажбур бўлди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари бу оила аъзоларини таъқиб этибгина қолмай, унинг барча мол-мулкини гаровга олди ва хонадонга босқин чоғида кўпгина буюмлари синдириб ташлангани айтилади.

Ўзбекистон демократик форумининг Швецияда яшаётган раиси Исмоил Дадажоновнинг айтишича, Юсуф Жумани қамоқдан озод этиш халқаро ҳамжамиятнинг Ўзбекистон ҳукуматига шиддатли босим ўтказишини талаб қилади.

Юсуф Жума ва оила аъзоларининг таъқиб этилиши борасида хавотир билдирилган петиция БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий коммисарлиги, ЕХҲТнинг демократик институтлар офиси ва БМТнинг қийноқлар масалалари бўйича махсус маърузачиси томонидан ўрганилиб чиқмоқда. Ҳужжат нусхаси АҚШ давлат котиби Кондолиза Райсга ва ЕИ ташқи ишлар вазирларига юборилган.

Петиция билан танишиб чиқишга улгурган ЕИнинг Марказий Осиё давлатлари бўйича махсус вакили Пьер Морел Юсуф Жума иши иттифоқ ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасидаги музокаралар диққат марказида бўлишини айтди.

“Бу мурожаатни кўрдим ва албатта, биз воқеалар ривожини кузатмоқдамиз. Бу борада ўзбек расмийлари билан суҳбатлашиш режамда бор. Лекин ҳозирча бу иш юзасидан расмий муносабат билдиришга ожизман. Бу масала ЕИ ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасидаги музокараларда жиддий тарзда кўтарилади”,- деди Пьер Морел.

ЕИ Ўзбекистон ҳукуматининг инсон ҳуқуқлари ва демократик вазиятни яхшилашига умид қилиб, ўтган йили бу давлатга нисбатан Андижондаги қирғиндан сўнг жорий этилган санкцияларни юмшатган ва виза тақиқини вақтинча тўхтатган эди. Бу санкциялар рамзий бўлишига қарамай, дунёда Ўзбекистон ҳукуматининг обрўсизланишига сабаб бўлган эди.

Жорий йил апрель ойида қайта кўриб чиқиладиган мазкур санкцияларнинг кейинги тақдири Юсуф Жума иши ривожига боғлиқ бўлиши мумкин.

Юсуф Жума оиласи борасида дунё ҳамжамиятига қилинган чақириқлардан яна бири унинг қувғинда бўлган оила аъзоларига ва хусусан, ўғли Алишер Жумаевга зудлик билан сиёсий бошпана беришдир.
XS
SM
MD
LG