Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:30

ЕИ Ўзбекистонга имкониятни қўлдан бой бермасликни таклиф этди


http://uza.uz/ru/images/407t.jpg Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Пьер Морел Тошкентда президент Ислом Каримов қабулида бўлганида унга ЕИ ташқи алоқалар мутасаддиси Ҳавьер Солананинг мактубини топширгани маълум бўлди.

Ушбу мактубда ЕИ Ўзбекистон президентига муносабатларни ривожлаштириш имкониятини қўлдан бой бермасликни таклиф этган.

17 январь куни Ислом Каримов қабулида қарийб 2 соат бўлган Пьер Морел “Озодлик” мухбири билан суҳбатда бу учрашув тафсилотларига тўхталди.

Пьер Морел: Мен президент қабулида бўлиб, унга доктор Солананинг мактубини топширдим. Ушбу мактубнинг асосий мазмуни Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги муносабатларни кенгайтириш эҳтиёжи ҳақидадир. Биз 2008 йилда фаолиятимиз дастурини ишлаб чиқдик ва И.Каримовга муносабатларни ривожлантиш имкониятини қўлдан бой бермасликни таклиф қилмоқдамиз. Мақсадимиз муносабатларимиз тарихига эмас, кўпроқ келажагига аҳамият қаратишдир.

Мухбир: И.Каримов қайта президент этиб сайлангандан сўнг бу Тошкентга биринчи сафарингиздир. ЕИ Ўзбекистондаги сайловга баҳо беришда унинг нодемократик руҳда ўтганини таъкидлаган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти хулосаларига таянади. Шу маънода, И.Каримов билан учрашувингиз нимадан далолат беради?

Пьер Морел: Мактубда доктор Солана томонидан расмий табрик йўқ эди. Айтганимдай, унда фақат икки томонлама муносабатларимизга кўпроқ аҳамият қаратиш эҳтиёжи таъкидланган. Ҳозирги шароитда асосий ғоя муносабатларни тўхтатмаслик ва имкониятларни қўлдан бой бермасликдир. ЕИнинг Марказий Осиё давлатлари бўйича ишлаб чиққан стратегияси бу борада жуда кўп имкониятларни очади.

Мухбир: Президент Каримов билан қарийб икки соат давомида мулоқотда бўлдингиз, бу анча-мунча масалаларни муҳокама этишга етарли бўлиши керак эди. Мулоқотингиз давомида, дейлик, инсон ҳуқуқлари борасидаги хавотирлар юзасидан бирор гап бўлдими?

Пьер Морел: Аввалига мен Ўзбекистонда ўлим жазоси бекор қилиниши жуда муҳим қадам бўлганини таъкидладим ва шу маънода, биз навбатдаги қадамларни кутиб қолаётганимизни айтдим. Мен Ўзбекистонда қонун устиворлиги таъминлаш зарурати ҳақида эслатдим, албатта. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари поймол этилиши билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан ЕИ томонидан билдирилган эътирозлар ҳам учрашув диққат марказида бўлди.

Мухбир: Президент Каримовнинг муносабати қандай бўлди? Яъни Каримов ўзининг бирор истагини билдириб, қандайдир ваъдалар бердими?

Пьер Морел: Суҳбатимиз самимий бўлди. Икковимиз ҳам ўз қарашларимизни билдирдик. Лекин муаммоларга алоҳида тўхталмадик. ЕИ ва Ўзбекистон муносабатларидан ташқари биз минтақавий хавфсизлик, Афғонистон ва Эрон борасида ҳам фикр алмашдик. Учрашувимиз натижаси ҳақида гапирадиган бўлсам, мен президент Каримовнинг ЕИ билан муносабатларни кенгайтиришга тайёрлигини кўрдим.
XS
SM
MD
LG