Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:18

Депутат аёл теграсидаги машмашалар илдизи қаерда?


Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг одам савдосига алоқадорлик, ҳужжат сохталаштирганликда айбланаётган депутати Матлуба Бурхонова ўзига қўйилаётган айбловларни инкор қилмоқда.

Депутат “Uzmetronom.com” сайтига электрон мактуб йўллаган. Сайт чоп этган мактубида М.Бурхонова бир неча кун муқаддам айрим электрон нашрларда у ва оиласи жиноий қилмишлари ҳақида берилган маълумотларни Ўзбекистон махсус хизмати томонидан тарқатилган ёлғон, деб атаган.

Қонунчилик палатасининг халқаро алоқалар қўмитаси аъзоси М.Бурхонова уни қидираётган журналистлар учун топилмас амалдорга айланганича қолмоқда.

Палата қабулхонасидан олинган жавобга кўра, у ишда.

“Матлуба опа ишда. Ҳар ҳолда биздаги қоғозларда кўрсатилишича, ишга келган. Эҳтимол, иш билан қаёққадир чиққандир ёки мажлисдадир”,- деди қабулхонадагилар.

Яъни у расман ишда-ю, бироқ уни топишнинг имкони йўқ.

М.Бурхонова теграсидаги шовқин эса кучайгандан кучайиб бормоқда. Унинг “Uzmetronom.com” сайтида чоп этилган мактубига кўра, у ва оиласининг жиноий қилмишлари ҳақида Интернетда тарқатилган маълумотлар Ўзбекистон махсус хизмати томонидан тўқилган ёлғондир.

Таҳририятда электрон мактуб йўллаган, аммо бевосита алоқага чиқишни истамаган депутатнинг фикрича, шахсан унга қўйилган айбловлар муқаддам товламачилик учун судланган ва ишсиз юрган одамлардан куч ишлатиш йўли билан олинган. Унинг Ўзбекистон Бош прокуратурасида узоқ йиллар ишлаган катта ўғли Темир Умуров эса туҳмат билан ишдан бўшатилган.

“Менинг катта ўғлим прокуратура органларидаги фаолияти давомида бирор марта интизоми учун эътироз эшитмаган, аксинча Навоий вилоятидаги энг яхши терговчилардан бири бўлган. Ўзбекистон Бош прокуратурасида давлат аҳамиятига молик ишлар, масалан, Андижон воқеалари етакчилари, вилоятнинг собиқ ҳокимлари ва бошқаларнинг иши бўйича тергов олиб борган. У Мустақилликнинг 15 йиллиги кўкрак нишони олган, 2006 йил якуни бўйича Ўзбекистондаги энг яхши терговчи, деб топилган. Наҳотки, унга шу мукофот ва унвонларни бериш чоғида Миллий хавфсизлик хизмати барча моддалар бўйича уни текширмаган бўлса?! Қандай қилиб махсус хизмат ходимлари бир гиёҳвандни республиканинг энг яхши терговчиси номзодлигига ўтказиб юборган бўлиши мумкин?”- дея эътироз билдиради “Uzmetronom.com”да чоп этилган мактубда депутат.

Депутат теграсидаги машмашалар юзасидан Қонунчилик палатаси ҳам сукутда. Ўзбекистонда амалдорлар, шу жумладан, депутатлар ҳам коррупция, ҳужжатларни сохталаштириш каби жиноятлар билан шуғулланиши, камида шундай жиноятларга алоқадор бўлиб чиқиши кўп учрайдиган ҳол. Аммо Олий Мажлис депутати ва унинг оиласи жиноятлари энг арзимас жиҳатларига қадар батафсил айтилиб, айнан хориж учун мўлжалланган Интернет нашрларда бу қадар шармандали фош эшитилиши деярли илк бор содир бўлмоқда. Эслатиш жоиз, бунга қадар коррупцияда айбланган юқори лавозимдаги амалдорлар устидан судлар ёпиқ эшиклар ортида ўтган ва бу жараёнларга оид маълумотлар ўта махфий тутилган эди.

Айнан М.Бурхонова жиноятларининг фош этилиши боиси нимада, деган саволга жавобан эса ҳануз тахминларгина тилга олинмоқда. Биринчи тахмин унинг кўп йиллар давомида Ўзбекистон Бош прокуратурасида ўта муҳим масалалар бўйича терговчи бўлиб ишлаган, хусусан, Андижон воқеалари бўйича тергов олиб борган ўғли Темур Умуровнинг ишдан олиниши билан боғлиқдир. “Uzmetronom.com” исмини ошкор этмаган манбасига таяниб, бу терговчи ўғил ишдан, айтилгани каби гиёҳвандлиги учун эмас, балки катта миқдорда пора олгани учун олингани ҳақида ёзди. Аммо пора олган биргина шу терговчимикин?

“Албатта, йўқ. Бундай органларда порахўрлик ҳақида жуда кам гапирилади. Менимча, бу Ўзбекистон ҳукуматидаги турли гуруҳлар ўртасида юзага келган навбатдаги можаро билан боғлиқ. Бундан ташқари, терговчи ўғил қайсидир тор доирада Андижон воқеалари ҳақида гапириб қўйгандир. Бундай терговчилар орадан неча йил ўтишидан қатъи назар, барибир ҳибсга олинади ва қариндош-уруғлари ҳам қатағонга учрайди”,- дейди ўзбекистонлик сиёсий таҳлилчи, собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошев.

Айни фикрни депутат М.Бурхоновани билвосита танийдиган ўзбекистонлик кузатувчи, шоира Дилором Исҳоқова ҳам тасдиқлайди. У ўз вақтида М.Бурхонованинг Ўзбекистон расмий оммавий ахборот воситаларида кўп бора мақтаб кўрсатилганини ҳам эслайди.

“Шубҳа йўқки, депутат М.Бурхонованинг ўзи ва ёки юқори лавозимларда ишлаётган оила аъзолари кимнингдир йўлини кесиб ўтган. Акс ҳолда, асл касби текстил саноати мухандиси бўлган бу аёл қандай қилиб узоқ вақт ЗАГС бўлими мудири бўлиши мумкин ва қандай қилиб бу лавозимда одам савдоси билан шуғулланган? Энг муҳими, бу ишлар кеча юз бериб, бугун ошкор бўлаётгани йўқ-ку! У ҳатто депутат бўлиб сайланмаган кезларда бўлган бу жиноятлар қандай қилиб Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари назаридан четда қолган бўлиши мумкин?”- дейди Дилором Исҳоқова.

Ўзбекистонлик мухолифат вакиласи Нигора Ҳидоятова эса Ўзбекистон парламенти депутати ортидан, афтидан, буюртма асосида бундай шов-шув кўтарилиши ҳукумат олий эшелонларида яна бир катта воқеа олдидан нишона бўлиши мумкин, деб ҳисоблайди.

“Фикримча, Матлубадан кейин ҳам унинг даражасидаги амалдор ишдан олинади ва бу юқори эшелонларда кутилаётган қанақадир ўзгаришлардан далолат. Балки қандайдир катта мулкни хомталаш қилиш бошлагандир. Бу депутатнинг турмуш ўртоғи Навоий кон-металлургия комбинати раҳбарларидан бири эканини ҳам эътиборга олиш керак”,- дейди Нигора Ҳидоятова.

М.Бурхонованинг асл касби текстилчи. Депутат бўлиб сайлангунга қадар узоқ вақт Навоий шаҳри ЗАГС – Фуқаролик никоҳларини қайд этиш бошқармаси бошлиғи бўлиб ишлаган. Оилали, иккита фарзанди бор. Катта ўғли Темур Умуров Ўзбекистон Бош прокуратурасида катта терговчи бўлиб ишлаган, 2007 йил августда ишдан олинган. Кичик ўғли эса хусусий бизнес билан шуғулланган. Жорий йилнинг 17 январь куни бир қатор жиноятларда айбланиб, 8 йилга қамалган. Депутатнинг турмуш ўртоғи Талъат Умуров эса Навоий кон-металлургия комбинатида раҳбарлик лавозимларидан бирида ишлаган ва маълум бўлишича, ҳозир ҳам ишламоқда.
XS
SM
MD
LG