Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:05

Адмирал Тошкентни қайта “ишғол” этадими?


Шу кунларда АҚШ Марказий қўмондонлиги бош қўмондони Уильям Фаллоннинг Тошкентга келиши кутилмоқда. У АҚШ ҳарбийларининг 2005 йилдан бери Ўзбекистонга илк бор келаётган энг юқори лавозимли расмийсидир.

АҚШ Марказий қўмондонлиги раҳбарининг Тошкентга келиш аниқ вақти ошкор этилмаётир. Ўзининг Ўзбекистонга сафар қилиш ниятида эканини АҚШ адмирали сешанба куни билдирганди. АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот атташеси Молли Стивенсон У.Фаллон яқин орада Тошкентда бўлишини айтди.

Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар 2005 йил Андижон воқеалари ортидан ёмонлашгандан сўнг У.Фаллон Тошкентда хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни жонлантиришга илк бор уриниб кўради.

2005 йилда Андижонда юзлаб намойишчиларнинг отиб ташланиши юзасидан расмий Вашингтон Тошкентни кескин танқид қилиб, халқаро тергов ўтказиш чақириқларига қўшилганди. Бунга жавобан Ўзбекистон ҳукумати АҚШнинг Афғонистондаги ҳарбий амалиётлар учун ишлатилган Хонободдаги ҳарбий базасини мамлакатдан чиқариб юборди. АҚШнинг эндиликда собиқ мудофаа вазири Дональд Рамсфелд ўшанда ушбу базанинг аҳамиятини пасайтиришга ҳам ҳаракат қилганди.

АҚШ Марказий қўмондонлиги раҳбари У.Фаллон минтақа давлатлари бўйлаб сафарини бошлашдан аввал журналистлар билан учрашиб, АҚШнинг Ўзбекистондаги ҳарбий базаси фаолиятини қайта тиклаш масалани муҳокама этишни режалаштирмаётганини айтганди. Лекин бу масала юзасидан фикр алмашишга ҳеч қандай қаршилиги йўқлигига ишора қилиб: “Ҳар қалай мен бирор масалани алоҳида муҳокама қилайлик, деб ташаббус билдирмайман”,- деганди.

2005 йил ноябрда Американинг энг сўнгги ҳарбий самолёти Хонободдаги базани тарк этгандан буён президент Каримовнинг ташқи сиёсатида кескин ўзгаришлар рўй берди. Ислом Каримов Ўзбекистоннинг Россия етакчилигидаги Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотидаги аъзолигини қайта тиклади ва айрим таҳлилчилар таъкидича, Кремль рухсат берсагина ўз ҳудудида чет эл ҳарбий базаларини жойлаштириш мажбурияти олди.

Москвалик ҳарбий масалалар бўйича таҳлилчи Владимир Мухин сўзларига кўра, АҚШ Мудофаа вазирлиги эндиликда Ўзбекистон билан эски алоқалар даражасига эриша олмайди. Бироқ қайта президент этиб сайланган И.Каримовни АҚШ армияси қўмондонларидан бирининг ташрифи хурсанд қилиши мумкин.

“Каримов очиқ сиёсатни намойиш этишга ҳаракат қилади. Унинг қайта президент этиб сайланиши Ғарб томонидан нодемократик, дея танқид этилганига қарамай, у Ғарб давлатлари ва АҚШ билан алоқаларни кенгайтиришга интилади. Бошқа томондан, И.Каримов Россияни ўз иттифоқчиси сифатида белгилаб олди. Ўзбекистон ўз ҳудудида бошқа хориж ҳарбий базаларни жойлаштириши эҳтимолдан йироқ”, – деди В.Мухин.

АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик бир неча йўналишда давом этиши мумкин. Жумладан, адмирал Фаллон Тошкентга сафари давомида ўзбек расмийлари билан чегара хавфсизлигини яхшилаш ва ҳарбий-техникавий ёрдам бериш масаласини муҳокама этиши кутилмоқда. Минтақавий хавфсизлик, экстремизм ва терроризмга қарши кураш, Афғонистон ва Эрон масаласи ҳам томонларнинг муштарак қизиқиши доирасига киради.

Вашингтондан таҳлилчи Абдуманноб Пўлатовнинг таъкидлашича, айнан шу сабабли АҚШ Мудофаа вазирлиги Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари поймол этилаётгани ва Андижон масаласи очиқ қолаётганига қарамай, бу давлат билан алоқаларни сақлаб қолиш тарафдори бўлиб келган.

“Расмий Вашингтон Ўзбекистон билан бироз бўлса ҳам муносабатларни тиклаш тарафдори. Афғонистондаги вазият жуда ҳам нотинч. Бунинг устига, Ўзбекистон ва МО давлатларининг Россия ва Хитойга яқинлашиши Американинг манфаатига тўғри келмайди. Шу сабабли Ўзбекистон ҳукумати Америкага кескин қарши бўлмаса, Вашингтон бу ҳукумат билан нормал муносабатларни ўрнатади”, – деди А.Пўлатов.
XS
SM
MD
LG