Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:03

Ўзбекистон қашшоқликка қарши курашда ёрдам сўраяпти


Жаҳон банки ва Қашшоқлик муаммоларини тадқиқ этиш халқаро маркази Ўзбекистон ҳукуматига ўзининг ишсизлик ва қашшоқликни камайтиришга қаратилган стратегияларини таклиф этди.

Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор суръатлар билан йилига ўртача 5 фоиз ўсаётганини деярли барча молиявий ташкилотлар эътироф этади. Бироқ бу иқтисодий ўсиш мамлакатда қашшоқлик камайишига ва аҳоли турмуш даражаси ўсишига айтарли таъсир этмаётганини ҳам...

Ўзбекистон Мустақиллигининг 16 йиллиги тантаналарида нутқ сўзлаган президент Ислом Каримов кутилмаганда айнан шу муаммога алоҳида урғу берганди.

“Халқимизнинг турмуш даражасини ва фаровонлигини ошириш доимо эътиборимиз марказида туриши зарур... Яқин уч йил мобайнида ишчи- хизматчиларимизнинг маошларини, пенсия, нафақа ва стипендия миқдорини 2-2,5 баробар кўтариш бизнинг устивор вазифамиз бўлиб қолиши шарт”,- деганди И.Каримов.

Ўша пайтлар президент сайловига тайёргарлик кўраётган И.Каримовнинг бу баёноти сайловолди ташвиқоти сифатида ҳам қабул қилишини мумкин эди. Бироқ куни-кеча Тошкентда бўлган Жаҳон банки вице президенти Шигео Кацу Ўзбекистон ҳукуматининг аҳоли фаровонлигини ошириш стратегиясини қўллаб-қувватлашга шошилди.

2004 йилдан буён мамлакатдаги ижтимоий дастурларини қисқартириб келган Жаҳон банки ўз фаолиятини қайта жонлантириши мумкин. Банкнинг Ўзбекистондаги ижтимоий дастурлари раҳбари Дилнора Исомиддинова бу масалада ўзбек ҳукумати билан сўзлашувлар бошланганини билдирди.

“Ўзбекистон ҳукуматига аҳоли турмуш даражасини яхшилашга хизмат қилувчи асосий соҳаларни, жумладан, мамлакат инфратузилмасини яхшилаш, ижтимоий соҳани ва қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга ёрдам берамиз. Ҳозир жадал маслаҳатлашувлар бўсағасидамиз”, – деди Д.Исомиддинова.

БМТ Тараққиёт дастури ва Бразилия Амалий иқтисодий тадқиқотлар институти томонидан ташкил этилган Қашшоқлик муаммоларини тадқиқ этиш халқаро маркази Ўзбекистон ҳукумати илтимосига биноан мамлакатда ишсизлик ва қашшоқликни камайтириш стратегиясини таклиф этди.

Ҳеч кимдан кам бўлмаган, ўзига хос, ўзига мос ривожланиш модели панд бердимикин?

“Менимча, улар ўтмишда ҳам маслаҳатларга қулоқ солган-у, лекин бугунги кунда маслаҳат сўраб ўзлари мурожаат этяпти ва бошқалар тажрибаларидан фойдаланишга ҳаракат қиляпти. Бунинг сабаби, назаримда, улар ўзларининг ривожланиши фақатгина ташқарига газ, олтин ва пахтани экспорт қилишга боғланиб қолганидан хавотирга тушгани билан боғлиқ”,- деди Қашшоқлик муаммоларини тадқиқ этиш халқаро маркази раҳбари Терри МакКинлей.

Ушбу марказнинг Ўзбекистондаги ишсизлик ва қашшоқликка оид 30 саҳифалик ҳисоботида бугунги кунда мамлакат аҳолисининг тўртдан бири ўта қашшоқликда кун кечираётгани ва ишсизлар сони кун сайин ортиб кетаётгани айтилган. Қишлоқ аҳолисининг яшаш даражаси шаҳарликларга қараганда 30 фоиз пастлиги таъкидланган ҳисоботда бунинг боиси ерларнинг нотўғри тақсимлангани билан изоҳланган. Ишсизлик ва яшаш даражасининг пастлиги эса мамлакат бойликларни тақсимлашдаги камчиклар билан...

“Ўзбекистон ҳукуматининг бу муаммоларни ўнглаш нияти жиддий бўлса, аввало, уларни эътироф этишдан бошлаётгани ёмон эмас,- дейди Лондондаги Африка ва Осиё тадқиқотлари институти таҳлилчиси Алишер Илҳомов.

Бироқ, унинг айтишича, ҳукумат коррупция даражасининг ҳаддан зиёд юқорилигини ва сиёсий ислоҳотлар заруратини ҳам эътироф этиши керак.

“Ўзбекистонда советча ярим марказлашган тизимнинг сақланиб қолгани оқибатида мамлакат бошқарувининг барча поғоналарида коррупция кескин авж олди. Шунинг учун бугун бу тоталитар тузум янги иқтисодий ўсишга туртки бўла олмайди. Бугун бутун ишни Ўзбекстондаги давлат тузумини қайта қуришдан бошлаш керак”,- деди А.Илҳомов.
XS
SM
MD
LG