Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:24

Мўътабар Тожибоева қаерда?


1 йилу 8 ойдан буён қамоқда сақланаётган ўзбекистонлик таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси, Фарғонадаги “Ўтюраклар” клуби раҳбари Мўътабар Тожибоева қамоқхонадан номаълум манзилга олиб кетилгани маълум бўлди.

Қонун билан белгиланган муддатда уни кўриш учун борган яқинларига қамоқхона ходимлари аввалига М.Тожибоева жарима изоляторида эканини айтган. Аммо қариндошларининг суриштируви чоғида унинг қамоқхонада эмаслиги ҳам маълум бўлиб қолган. Буни тан олган қамоқхона маъмурияти эса унинг қаерга олиб кетилганини аниқ айтишдан бош тортган.

Расул Тожибоев “Озодлик” мухбири билан суҳбатда опаси M.Тожибоевани сўнгги бор шу йил 14 февраль куни кўрганида унинг ўз соғлиғидан шикоят қилгани, аммо унга етарли тиббий ёрдам кўрсатилмаётганини айтганини эслайди.

Расул Тожибоев: Мен бугун передача беришим керак эди. Борганимдан кейин передачани қабул қилишдан бош тортишди. Ҳозир мумкин эмас, изоляторда, дейишди. Кейин мен: “Қанчадан бери ўтирибди? Нима сабабдан ўтирибди? Қани, менга бошлиқни чақиринглар. Мен аниқлаштираман”, десам улар опам изоляторда эмаслигини айтди. Кейин бошқа бир бошлиқни чақиришди. У: “Майли, қабул қилиб олинглар. Лекин ўзи ҳеч нарса билмасин”, деди. Мен унинг бу гапини эшитиб қолдим. Передача берадиган пайтим келганда менинг ëнимга бошқа одам келди. У мендан ичида айнийдиган нарсаси бор-йўқлигини сўради. Мўътабар опа келгунча айниб қолмасмикан, деди. Бу унинг оғзидан чиқиб кетиб қолди. Мўътабар Тожибоева жарима изоляторида эмас. Уни қаëққадир олиб кетишибди.

Озодлик: Демак, Мўътабар Тожибоева жарима изоляторида эмас. Уни қаëққадир олиб кетишган, лекин сиз аниқлай олмадингиз?

Расул Тожибоев: Ҳа, буни умуман аниқлаб бўлмади. Ëнимдаги: “Мени тўғри тушунинг. Бу нарсаларни бизга айтиш мумкин эмас. Ҳозир бу менинг оғзимдан чиқиб кетди. Ўзи ҳеч кимга билдириш керак эмас эди”, деди. Кейин мен қачон ва нега олиб кетишганини сўрадим. Менга йтишларини илтимос қилдим. У эса айтса, ишдан олиниши айтди ва менга ҳеч қанақа маълумот бермади. Бошлиқ умуман йўқлигини айтиши.

Озодлик: Демак, қачон олиб кетилгани ҳам маълум эмас, шундайми?

Расул Тожибоев: Ҳа. Қаëққа олиб кетилгани ҳам аниқ эмас.

Озодлик: Мўътабар Тожибоеванинг аҳволи ҳақида охирги билган маълумотларингиз қанақа эди?

Расул Тожибоев: Охирги марта 14 февраль куни кирган эдим. Ўшанда суяклари оғриëтганидан шикоят қилган эди. 2 соат кўришган эдим. У ўзидан қон олишгани, лекин жавобини айтишмагани, балки ревмотазимга чалинган бўлса керак, суяклари оғриаётганини билдирганди. Энди билмадим қаëққа олиб кетишган. Лекин Ўзбекистон ҳукуматидан ҳар нарса кутса бўлади. Балки бошқа ëққа олиб кетишгандир. Мен буни аниқлашга ҳаракат қиламан. Ҳамма хизматчилар опа қаерда эканини билмасликларини айтяпти. Агар жума куни мен бошлиқнинг қабулига кирадиган бўлсам, аниқлашим мумкин. Унда ҳам айтса.

Озодлик: Юридик жиҳатдан аҳвол қанақа? Адвокатига у билан кўришишга рухсат бўлдими?

Расул Тожибоев: У дарҳол адвокатга ариза ëзишини айтганди. Адвокатга умуман бир қоғоз ҳам келгани йўқ. Адвокат боряпти, лекин қўйишмаяпти. Адвокат билан ишлашга умуман имкон бўлмаяпти.

Озодлик: Мўътабар Тожибоева қамоққа ташлангандан бери неча марта кўрдингизлар уни?

Расул Тожибоев: 3 марта икки суткалик, 2 марта 2 соатлик берди. 1 йилу 8 ой давомида 5 марта кўришга муваффақ бўлдик. Ўзи аслида бир йилда 12 марта кўришимиз керак эди. Бизга эса 5 марта кўришга имкон бўлди, холос. Ҳар гал кирганимизда яхшига ўхшаб кўрсатади, лекин қийноқлар таъсири барибир бор. Соғлиғи олдингидай эмас. Руҳан синмаган-ку, лекин соғлиқ тарафдан озгина йўқотиш бор. Хабарингиз бор, Мўътабар Тожибоевани бир йил давомида фақат изоляторда сақлашди. Қиш пайтида эса биттагина кўйлакда сақлашди. Энди бу тарзда манаман, деган одам ҳам касал бўлади. Уни умуман синдиришга ҳаракат қилишди. Лекин Мўътабар Тожибоеванинг иродаси мустаҳкам бўлгани учун у синмади. Билмадим, ҳозир энди нимани режалаштиришяпти булар? Мен энди эртага ҳамма элчихоналарга хабар бераман. Ҳамма элчихоналар билан иложи бўлса, учрашаман. Халқаро қизил хоч қўмитасига бораман ва ўша қамоқхонага киришларини сўраб илтимос қиламан.
XS
SM
MD
LG