Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:39

“Фитна”даги фитна


“Фитна” филмидан бир кўриниш.
“Фитна” филмидан бир кўриниш.

“Ислом ва мусулмонлар” дастурининг бу галги сони сўнгги ҳафталарда давомида баҳсларга сабаб бўлаётган нидерландиялик сиёсатчи Герт Вилдерснинг “Фитна” номли фильми хусусида.

2007 йилда Нидерландия қироллигидаги энг таниқли сиёсатчи, деб тан олинган ўнгчи депутат Герт Вилдерс бу фильмида ислом динини зўравонлик билан тенглаштирган. Аслида ислом экстремистлари, исломий террор ташкилотлари содир этгани айтилаётган зўравонлик саҳналари жамланмасидан иборат фильмни сиёсатчи “Дунёни исломийлаштиришни тўхтатинг!” деган чақириқ билан тамомлаган.

Г.Вилдерс ўтган ҳафта якунида Интернет саҳифасига қўйилган “Фитна” фильми ортидан ўзига ёпирилган эътирозларга жавобан: “Менинг ватаним Нидерландия ва бутун Европа огоҳ бўлиши керакки, биз яшаб турган заминда зўравонликка асосланган ислом кучаймоқда” мазмунида жавоб берди.

Биз бу галги эшиттиришимизда Ғарбда туриб Ислом динини ўзига таҳдид билган бу сиёсатчининг фикрлари ва ана шу сиёсатчи яратиб қўйган фильм ҳақида Ғарбнинг ўзида туғилган баҳсларга тўхталмоқчимиз.

Ўтган ҳафта якунида Ватикан эълон қилган 2008 йилги статистика натижаларига кўра, мусулмонлар дунёдаги энг йирик конфессияга айланган.

Ватикан берган маълумотга кўра, энди мусулмонлар дунё аҳолисининг 19,2 фоизини, шу вақтгача етакчилик қилиб келган рим католик черкови вакиллари эса 17,4 фоизини ташкил қилмоқда. Албатта, бу ўринда насронийларнинг бошқа конфессиялари, жумладан, православ, англикан ва протестантлар католикларга қўшиб саналганда насронийларнинг умумий сони дунё аҳолисининг 33 фоизи ёки 2 миллиардга яқин одамни ташкил қилишини ҳам эътироф этиш керак.

Аммо 28 март куни ўз фильмини Интернетга жойлаган нидерландиялик сиёсатчи Герт Вилдерс Европа қитъасида мусулмон аҳолининг кўпайиб бораётганидан хавотир билдирди. Куни-кеча “Би-би-си” телевидениесига берган интевьюсидан маълум бўлишича, бу сиёсатчи Европадаги бугунги мусулмонларни мўътадил бўлган катта ва радикал бўлган кичик гуруҳ ҳолида тасаввур қилар экан.

“Лекин, афсуски, Европадаги мўътадил мусулмонларнинг катта қисми, хусусан, менинг мамлакатимда ҳам, экстремизм ва терроризмга қарши бирор чора кўраётгани йўқ. Бироқ демократиямизга қарши террор, бир вақтлар Тео ван Гогга қарши Муҳаммад Б. исмли мусулмон қўллагани каби зўравонликни қўллаётган кичик мусулмон гуруҳлари ўсиб бормоқда”,- дейди Герт Вилдерс.

Шу ўринда эслатиш керак, Нидерландия мусулмонлар сони тезликда ўсиб бораётган мамлакатлардан бири. 2004 йилда расман эълон қилинган маълумотларга кўра, мамлакатда мусулмонлар жами аҳолининг 5,8 фоизи, яъни 950 минг нафарини ташкил этган эди. Ҳозир эса бу кўрсаткич 1 миллионга етгани тахмин қилинади. Жами аҳоли сони эса 16,5 миллион.

Герт Вилдерснинг айтишича, мусулмонлар сони аслида 5 фоиз эмас, балки айрим норасмий манбалар бераётганидек 15 фоизга ошган.

“Мана шу 5 фоиздан 15 фоизгача дейилаётган мусулмонлар аслида радикал исломга хайрихоҳдир. Нафақат бизнинг мамлакатда, балки бутун Европада бу мусулмонлар ҳали зўравонлик қилмади, ҳозирча зўравонлик кайфиятини кўрсатмади. Аммо улар радикал ислом ғоясига хайрихоҳ”- деб даъво қилмоқда Герт Вилдерс.

“Сиз шу 15 фоизни ташкил қилади, деганингиз мусулмонлар борадиган масжидларга борганмисиз, имомлар билан суҳбатлашганмисиз”, деган саволга эса у шундай жавоб қилди:

“Мен улар суҳбатлашишни истамаган биринчи одам эмасман. Гарчи мен ҳар доим ва ҳамма масалаларда суҳбат, баҳслар учун очиқлигимни айтиб келган бўлсам-да, улар билан суҳбатлашишга муваффақ бўлмадим. Бироқ бу Нидерландия учун катта муаммо. Биз агар бугун огоҳ бўлмасак ва зўравон кўринишдаги ислом Ғарб жамиятини қай аҳволга солмоқчи эканини англамасак, ўз жамиятимиз ва ўз давлатларимизни бой берамиз”.

Герт Вилдерс Европада кўпаяётган мусулмон аҳолидан хавфсираётган биринчи ғарблик сиёсатчи эмас. Ғарб давлатларида сони ортиб бораётган мусулмонлар бир кун келиб Ғарб жамиятини парчалаб ташлайди, деган қарашга асосланган қатор-қатор китоблар чоп этилган. Бундай ғояни қувватловчилар ҳам оз эмас.

Ўзини демократик жамият, деб атаётган Ғарб давлатларида энг муқаддас қадрият саналган сўз эркинлиги ҳаққи – ана шу қарашларни ҳам очиқ ифода этишни тақозо қилади, дея таъкидлади даниялик журналист, яқиндагина.

Муҳаммад алайҳиссалом карикатураларини қайта чоп этган “Жилланд-постен” нашрининг таниқли мухбири Флемминг Роз.

Унинг фикрича, Ғарбдаги мусулмон жамоалари Ғарбда муқаддас саналган қадриятлар билан ҳисоблашиши керак. Даниядаги 17 та газетанинг мусулмонлар пайғамбарига чизилган карикатура суратларини қайта босиши бу заруратни яна бир карра таъкидлаш бўлган, холос ва нидерландиялик сиёсатчи ҳам шуни қилишга уринган.

“Менимча, бу аслида жуда жўн фильм. У яхши ишланмаган. Мен уни Майкл Мурнинг “Фаренгейт 9/11” фильмига қиёсладим. “Фитна” пропагандистик руҳдаги жуда бир жўн фильм. Унда ҳеч қанақа янгилик йўқ. Шахсан мен учун бу фильм ортидан мусулмон дунёси, Ғарбдаги мусулмон жамоалари ва Ғарб ҳукуматларидан келган муносабат янгилик бўлди”,- дейди Флемминг Роз.

“Ҳа, шаксиз, Вилдерснинг фильмида мусулмонлар қиёфаси чуқур очилмаган бўлиши мумкин. Аммо факт шуки, фильмда кўрсатилган зўравонликларнинг кўпчилиги Ислом номи билан қилинмоқда. Вилдерс ўз фильмида шуни кўрсатмоқчи бўлган ва у бунга ҳақли”,- дея оқлайди ўз ҳаммаслагини Флемминг Роз.

Аммо Герт Вилдерс ўз фильмида тасвирлашга уринган қиёфа – оз сонли, аммо ўта радикал кайфиятда, деб хавфсиралаётган мусулмонлар гуруҳи қиёфаси, нафақат мусулмон давлатлар, балки Ғарбнинг аксар давлатлари ҳукуматлари фикрича ҳам фақат “чуқур очилмаган”гина эмас. Бу тўлақонли сўз эркинлиги ҳам эмас.

Бу энг камида сўз эркинлигининг суиистеъмол қилиниши, кўпи билан эса ўзгалар динининг беҳурмат қилиниши, таҳқирланиши, миллионлаб мусулмонларга қилинган туҳматдир.

Фильм Интернетга қўйилган куниёқ Нидерландия бош вазири Ян Питер Балкененде фильмни танқид қилиб, ўз ҳукумати бу фильм ғоясини қабул қилмаслигини билдирди.

“Мусулмонларнинг кўпи экстремизм ва зулм-зўравонликни инкор этади. Гап шундаки, мусулмонларнинг ўзи бу зўравонликлар қурбонига айланмоқда. Жаноб Вилдерснинг фильми оммага тақдим этилганидан таассуфдамиз”,-деди бош вазир.

Шунингдек, ЕИ раҳбарияти ҳам фильмнинг намойиш этилишини кескин қоралади. Бироз ўтиб, Австралия ҳукумати ўта таҳқиромуз ва динлараро зиддиятларни келтириб чиқаришга қаратилган, дея “Фитна” фильмини қоралади.

Мусулмон давлатлари эътирозларининг эса ҳануз оқими тингани йўқ. Афғонистон, Эрон, Индонезия, Покистон каби қатор давлатлар мазкур фильмни ислом динини ҳақоратлаш, деб қабул қилди. Ҳам Ғарб, ҳам Шарқ давлатлари зудлик билан бу фильмни Интернетдан олиб ташлашни талаб қилди.

Аммо бу фильм ҳануз Интернет саҳифасида турибди. Мусулмонларнинг муқаддас Қуръонидан парчалар келтирилган, ҳар бир парча ортидан эса зўравонлик ҳаракатлари акс этган саҳналар териб чиқилган бу фильм Ислом оламига ҳақорат, дейилган энг катта норозиликлар Афғонистонда ўтказилди.

Нидерландиянинг Афғонистондаги элчиси жаноб Бланкенберг содир бўлаётган вазиятдан афсус билдириб, ўз ҳукумати бу ўринда мамлакат қонунчилиги доирасида ҳаракат қилишга мажбур эканини яна бир бор таъкидлади.

“Нидерландия конституцияси ва мамлакат қонунчилиги ҳар икки эркинлик – дин ва сўз эркинлигини кафолатлайди. Нидерландиянинг ҳар бир фуқароси ҳукуматнинг ҳеч бир рухсатисиз исталган фикрини очиқ айтиш ҳаққига эга. Аммо, мутлақ ойдинки, сўз эркинлиги ҳаққидан фойдаланётган ҳар бир фуқаро бошқа фуқароларнинг туйғу ва эътиқодини ҳурмат қилиш масъулиятига ҳам эга. Сўз эркинлиги чекланмаган ҳуқуқ эмас. У қонун билан чекланган ва бу қонун сўз эркинлигининг суиистеъмол қилинишига нисбатан ҳам қўлланилади”,- деди Нидерланиянинг Афғонистондаги элчиси.

Герт Вилдерс ўз фильмида исломни зўравонлик тимсоли қилиб тасвирлагани ва бу билан мусулмонларни таҳқирлагани ҳам мусулмон, ҳам Ғарб давлатлари, хусусан, Нидерландия ва Европа Иттифоқи ҳукуматлари томонидан тан олди. Расман эълон қилинди. Худди шундай муносабат Муҳаммад алайҳиссалломнинг карикатура суратлари чоп этилганда ҳам билдирилган эди.
XS
SM
MD
LG