Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:05

НАТО Андижон масаласини бошқаларга қолдиришни афзал билди


НАТОнинг Бухарестдаги саммитида Ўзбекистон ва альянс ўртасидаги муносабатларнинг янги даврига старт берилди. Евроатлантика ҳамкорлиги кенгаши анжуманида нутқ сўзлаган президент Ислом Каримов НАТОга Ўзбекистон ҳудуди орқали Афғонистонга ўтувчи темир йўл транзитини таклиф этди.

И.Каримов НАТО билан демократия ва фуқаролик институтларини барпо этиш соҳасида ҳамкор қилишга тайёрлигини ҳам айтди.

НАТО бош котиби Яап де Ҳооп Схеффер И.Каримов баёноти иттифоқчи давлатлар томонидан тўлиқ маъқулланганини билдирди.

НАТО бош котибининг Марказий Осиё ва Кавказ давлатлари бўйича махсус вакили Роберт Симмонс Ўзбекистоннинг изоляциядан чиқаётганини олқишлади.

“Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистон изоляцияга тушиб қолганди. Бу вазият расмий Тошкентни қониқтирмай келгани турган гап. Андижон воқеаларидан сўнг биз асосли равишда ўзбек ҳукуматни танқид қилдик, улар эса биздан юз ўгирди. Ҳозир эса Ўзбекистон бир вақтнинг ўзида Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти аъзоси бўлса ҳам НАТО билан ҳамкорлик қилиб, мувозанатли сиёсатни афзал кўрмоқда. Бу жараён шу йўсинда давом этаётганидан хурсандман”,- деди НАТО расмийси.

Роберт Симмонс Андижонда минглаб намойишчининг ўққа тутилиши атрофидаги баҳсу мунозаралар бошқа ташкилотлар доирасида давом этаётганини билдирди.

“Мен Андижон воқеалари тарихга айланди, деб айтмаган бўлардим. Биз ўз қадриятларимизга содиқ ташкилот сифатида ўша воқеаларни қоралашда давом этамиз. Лекин бу воқеалар борасидаги мулоқотни Европа Иттифоқи олиб бормоқда ва мулоқот ҳосиласи ўлароқ, Ўзбекистонга қарши жорий этилган санкциялар вақтинча тўхтатиб турилганини кўрмоқдамиз”, - деди Р.Симмонс.

Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари масаласини ЕИ, ЕХҲТ ва БМТга қолдиришни афзал кўришини таъкидлаган Р.Симмонс И.Каримов таклиф этган темир йўл транзити ҳақида батафсил тўхталди.

Унинг айтишича, темир йўл транзитидан Ўзбекистон ҳам молиявий, ҳам сиёсий манфаат кўради.

“Президент Каримов Марказий Осиёнинг бошқа раҳбарлари билан бир қаторда НАТОнинг Афғонистондаги фаолиятини қўллаб-қувватлаши ҳақида айтди. Афғонистондаги таҳликали вазият бутун минтақанинг асосий бош оғриғидир. Афғонистондаги миссиямизни қўллаб-қувватлаш Каримовнинг сиёсий манфаатига хизмат қилади. Бундан ташқари, шубҳасиз, Ўзбекистон Афғонистонга юкларимиз транзитидан иқтисодий фойда ҳам кўради. Лекин, асосийси, Каримов транзит имкониятини таклиф этиш орқали Афғонистондаги миссиямизни қўллаб-қувватлаётгани борасида муҳим сиёсий баёнот бермоқда”,- деди Роберт Симмонс.

НАТО юкларни Россия, Украина, Қозоғистон, Туркманистон ва Ўзбекистон орқали Афғонистонга етказиб беришни кўзда тутган “Lines of communications” режаси доирасида фақатгина мавжуд темир йўллардан фойдаланилади. Шундай қилиб, Ўзбекистон нафақат ўзининг Термиздаги авиабазасини Германия қўшинларига, балки энди темир йўл станцияларини ҳам альянс ихтиёрига беришга тайёр.

Роберт Симмонс анжуман давомида И.Каримов ҳамкорликни бунданда кенгайтиришга иштиёқ билдирганини айтди. Бироқ, унинг таъкидича, Ўзбекистондаги Хонобод ёки бошқа ҳаво базаларидан фойдаланиш масаласи учрашувлар давомида кўтарилмаган.

2005 йилда Андижондаги қирғиндан омон қолган 439 қочқинни Руминия ўз паноҳига олганди.

Орадан деярли уч йил ўтиб мазкур намойишнинг қонли бостирилишига масъул асосий шахслардан бири сифатида кўрилган президент Ислом Каримов Руминиянинг энг ҳашаматли биносида кутиб олинди...
XS
SM
MD
LG