Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:45

Бордюжа Тошкентга НАТО масаласида келдими?


27 апрель куни Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти бош котиби Николай Бордюжа Ўзбекистонга хизмат сафарини бошлади. Ташкилот матбуот хизмати бу КХШТ бош котибининг иш режаси доирасидаги сафар эканини билдирди.

Сафари чоғида Н.Бордюжа Ўзбекистон раҳбарияти билан одатдаги масалалар қаторида ташкилотга аъзо давлатлар ташқи сиёсий фаолиятини мувофиқлаштириш ва бу жараёнда, хусусан, Ўзбекистоннинг иштирокини муҳокама этиш ниятида.

Н.Бордюжанинг сўзларига кўра, деб ёзади “РИА-Новости” агентлиги, бугунга келиб айрим аъзо давлатлар раҳбарияти билан КХШТ формати доирасида ҳамкорлик масаласини алоҳида муҳокама қилиш зарурати туғилган.

Н.Бордюжанинг Тошкентга сафарини таҳлил қилаётган сиёсатчилар “муҳокама қилиш зарурати туғилган” масала, шубҳасиз, президент Ислом Каримовнинг Бухарестда ўтган НАТО саммитидаги иштироки билан боғлиқ, деб ҳисобламоқда.

Тошкентга сафари олдидан Н.Бордюжа берган баёнот матни шундай тахминларни, эҳтимол, бир қадар асослайди. Россия оммавий ахборот воситалари эълон қилган баёнот матнида бундай дейилади:

“Биз ҳарбий таркиб ва умуман, ташкилот формати доирасида ҳарбий ҳамкорлик масаласини муҳокама қиламиз. Шунингдек, ташкилот ички ишлари вазияти, КХШТга аъзо давлатлар ташқи сиёсий фаолиятини мувофиқлаштириш ва бу жараёнда Ўзбекистоннинг иштирокига оид вазиятдан мамлакат раҳбариятини хабардор қилмоқчиман”.

КХШТга аъзо давлатлар ташқи сиёсий фаолиятини мувофиқлаштириш, дер экан, ташкилот бош котиби айнан қандай масалаларни назарда тутди ва бу масалаларни айнан ҳозир муҳокама этиш зарурати нимада, дейилган саволга жавобан ташкилот матбуот котиби Виталий Струговец мана буларни сўзлади:

“Гап шундаки, ҳар йили ёзда КХШТ Хавфсизлик кенгаши учрашуви ўтказилади ва аъзо давлатлар раҳбарлари учрашади. Ана шу учрашувга қадар эса ташкилот низоми доираси ташқи ишлар ва мудофаа вазирлари, хавфсизлик қўмитаси котиблари кенгашлари йиғилишлари бўлиб ўтади, тегишли ҳужжатлар тайёрланади. КХШТ бош котибининг Марказий Осиё давлатларига сафари шу билан боғлиқ. Эслатаман, март ойи бошида у Қозоғистонда бўлди, апрель ойи бошида Тожикистон ва мана ҳозир Тошкентда. Май ойи ўрталарида эса Беларусга боради. Хуллас, бу иш режаси доирасидаги хизмат сафари”.

У айрим сиёсатчилар тахмин қилаётганидек, Н.Бордюжанинг Тошкентга сафари И.Каримовнинг НАТО саммитида иштироки ва расмий Тошкентнинг Шимолий Атлантика иттифоқи билан яқинлашувга интилиш истагини намойиш қилгани билан боғлиқ, деган фаразларни инкор қилди. Аммо айни вақтда Н.Бордюжанинг И.Каримов билан эҳтимолий учрашуви ҳақидаги саволларга ойдинлик кирита олмади.

“Бизга маълум бўлишича, уларнинг учрашуви масаласи бевосита воқеа жойида ҳал бўлади”,- деди Виталий Струговец.

Н.Бордюжанинг Ўзбекистонга сафари ва нафақат И.Каримов, балки умуман, раҳбарият билан учрашувлари ҳақида Тошкент расмийлари ҳали маълумот бергани йўқ. Айни вақтда расмий оммавий ахборот воситаларида ҳам хабарлар кузатилмади.

Аммо одатдагидек деярли ёпиқ эшиклар ортида ўтаётган бу учрашувлар ҳақида россиялик ва ўзбекистонлик таҳлилчилар бироз фарқли фикрдалар. Жумладан, Москвадаги МДҲ тадқиқотлари институти таҳлилчиси Андрей Грозин сўзларига кўра, учрашувларда муҳокама мавзуи, асосан, Ўзбекистоннинг КХШТ доирасидаги фаолиятини кучайтиришга қаратилади ва бу Ўзбекистоннинг бутун Марказий Осиё минтақаси хавфсизлигига таъсир кўрсатувчи энг муҳим нуқта экани билан боғлиқ.

“Бошқа тарафдан, Ўзбекистоннинг ташкилотга муносабати бобидаги айрим масалаларда соат милларини тўғрилаб оладиган фурсат ҳам келди. Яъни Ўзбекистон ташкилотга қайтгани билан унинг КХШТ доирасидаги ҳарбий машқларда иштироки фақат номигагина бўлиб қолмоқда”,- деди Андрей Грозин.

Ўз фикрига далил қилиб у КХШТга аъзо давлатларнинг сўнгги бор Россия жанубида ўтказилган ҳаво ҳужумидан мудофаа тузилмалари машқини эсга олди.

Таҳлилчининг фикрича, бу машқларда ҳарбийларини номигагина иштирок эттирган Ўзбекистон раҳбарияти ўз ҳаракати билан КХШТ доирасидаги йирик ҳарбий тадбирлардан четда туриш истагини намойиш қилди ва бундай истак Ўзбекистон ташкилотга қайта қўшилган 2006 йилдан буён яққол намоён бўлиб келмоқда. КХШТ раҳбариятини ҳозирча шу ташвишга солмоқда, Ўзбекистоннинг Ғарб билан илиқлашаётган муносабатлари манзараси Россия теграсида бириккан давлатлар ҳарбий иттифоқини ортиқ ташвишга сола олмайди.

“Ҳаммага ойдинки, Ўзбекистоннинг ҳозирги раҳбарияти, ҳозирги сиёсий режими Ғарб билан 2005 йилга қадар бўлган даражадаги муносабатларни қайтаришни мўлжал олмаган. Айни дамда турли сиёсий кучлар кўз тикиб турган бу минтақада мутлақ доминантлик қилиш имкони ҳозирча йўқлиги ҳам аён. Бошқа тарафдан, минтақанинг ҳатто Қирғизистон каби унчалик кучли бўлмаган давлатлари ҳам деярли ҳамма соҳаларда ўзича кўп векторли сиёсат юргизишга ҳаракат қилмоқда. Президент Каримов маъмуриятининг номуқим сиёсат юритиши эса азалдан маълум”,- деди Андрей Грозин.

Шу ўринда қўшимча қилиш жоиз, бош котиб Николай Бордюжа яқинда Россия нашрларидан бирига берган интервьюсида КХШТ ва НАТОни бир-бирига қиёслаш нотўғри экани, КХШТ НАТОга муқобил эмаслиги, аммо ҳамкорлик тарафдори эканини таъкидлади. Шу билан бирга, бу интервьюсида Н.Бордюжа ташкилотнинг собиқ совет давлатлари ўртасидаги нуфузи баландлигини айтиб, Ўзбекистоннинг яна шу таркибга қайтишини бунинг далолати сифатида баҳолади.

Ҳозир КХШТга аъзо давлатлар Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва 2006 йилдан Ўзбекистондир. Айнан Ўзбекистон ташқи сиёсат бобида номуқимлиги ва КХШТ доирасидаги тадбирларда суст иштироки билан ташкилот аъзолари жўровоз ижросини бузиб келмоқда.
XS
SM
MD
LG