Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 19:12

Пьер Морел: “Андижон фожеаси қайтарилмаслигига кафолат бера олмаймиз”


http://www.mgimo.ru/files/9031/morel.jpg Андижондаги қонли воқеалардан уч йил ўтиб Европа Иттифоқининг Марказий Осиё ва Кавказ давлатлари бўйича махсус вакили Пьер Морел Андижон фожеаси унутилмаслигини билдирди.

У билан суҳбатлашган “Озодлик” мухбири, аввало, ўтган давр мобайнида ЕИнинг бу воқеага муносабати қанчалик ўзгаргани билан қизиқди.

Пьер Морел: Воқеалардан сўнг биз дарҳол жуда аниқ-тиниқ тарзда ўзимизнинг энг кескин муносабатимизни билдирдик. Сўнг 3 йил давомида вазиятни кузатиб, Ўзбекистон билан янгича муносабат ўрнатиб бордик. ЕИ Андижон фожеасига амалий тарзда диққат қаратиб келган ягона халқаро ташкилотдир. Биз бу воқеани унутаётганимиз ҳам, бу масалани четлаб ўтаётганимиз ҳам йўқ. Биз бир мақсад билан реал сиёсатни юргизмоқдамиз, у ҳам бўлса, бундай воқеаларнинг келажакда қайтарилмаслиги учун қўлимиздан келгани барча ишни қилишдир.

Озодлик: Лекин сизнинг гапларингиз “даҳшатли ўтмишни унутайликда, келажакка боқайлик” қабилида янграмоқда.

Пьер Морел: Мен саволингизни англаяпман. Қайта–қайта янграётган бу савол яна бир нуқтага келмоқдаки, гўё биз Андижонни унутганмиз. Унутганимиз йўқ, лекин биз ҳеч қандай натижа бермайдиган зиддият ичида қотиб қолишни истамаймиз. Лекин бизнинг саъй-ҳаракатларимиз диққат марказида бундай воқеалар қайтарилишини четлаб ўтишдир. Биз Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазияти яхшиланишига эришмоқчимиз ва Ўзбекистон бу борада қилаётган барча ишларни олқишламиз.

Озодлик: Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари борасидаги бугунги вазиятга қандай баҳо берган бўлардингиз?

Пьер Морел: Биз кўп қиррали жараённи бошлаганмиз. Биз айрим ижобий ўзгаришларни кўряпмиз, ҳафсаламизни пир қилаётган нарсалар ҳам бор. Биз бу борадаги муносабатимизни ЕИ ташқи ишлар вазирлари ва кенгаш томонидан аниқ билдириб борамиз.

Озодлик: Ўзбекистон ҳукумати ЕИнинг Андиждон воқеалари борасида халқаро ва мустақил тергов ўтказиш талабини рад этиб келди. Афтидан сизлар ҳам буни талаб қилмай қўйгансиз...

Пьер Морел: Йўқ, биз ўзимизнинг бу дастлабки талабимизни қўйиб келмоқдамиз. Лекин айни пайтда биз бир йил давомида ҳеч қандай самара бермаган сиёсатимиздан чекинмоқчи эдик ва мулоқотни бошладик. Сўнг Андижон воқеаларни ўрганиш бўйича қўшма гуруҳ туздик. Бу гуруҳ самарасиз бўлмади ва ўта нозик масала юзасидан мулоқотни бошлаш имконини берди. Бу етарли эмас, дейишингиз мумкин, албатта, лекин ҳеч нарса қилмаганимизда ҳозир ҳеч нарса бўлмасди.

Озодлик: ЕИ ўз сиёсатини Ўзбекистонда Андижон воқеаларининг бошқа қайтарилмаслигига қаратганини таъкидладингиз. Сиёсатингиз келажакда бундай воқеаларнинг олдини ололадими?

Пьер Морел: Мен ўзимизда барча воситалар бор ва биз бунга кафолат берамиз, деб иддао қилаётгани йўқ. Айтмоқчи бўлганим, қилган ишларимиз салмоқли натижаларни берди ва бундай эҳтимолларнинг олдини олишга ҳисса қўшди. Лекин ҳеч ким ишонч билан бунинг кафолатини бера олмайди.
XS
SM
MD
LG