Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:45

Каримов Россиянинг янги президенти билан учрашади


МДҲнинг 6 июнь куни Санкт-Петербург шаҳрида ўтказиладиган норасмий саммити доирасида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ўзининг янги ҳамкасби Дмитрий Медведев билан алоҳида учрашув ўтказиши режалаштирилган.

Россияга сафаридан аввал 2 июнь куни Оқсаройда АҚШ давлат котибининг ёрдамчиси Ричард Баучерни қабул қилган И.Каримов АҚШ билан муносабатларни аввалги даражага қайтариш зарурлиги таъкидлади.

Авваламбор, Ўзбекистон ташқи сиёсатини бутунлай президент И.Каримов белгилаб беришини таъкидлаш жоиз. Ўзбекистон ташқи сиёсатида тафовутлар ҳам президент И.Каримовнинг мантиғидан келиб чиқади. Расмий ҳужжатларда эса Ўзбекистон барча давлатлар билан тенгҳуқуқлик ва ўзаро ҳурмат асосида ҳамкорлик қилиши қайд этилган. Бу борадаги президент Каримовнинг баёнотлари ҳам жозибали бўлиб туюлиши мумкин.

Лекин И.Каримовнинг бундай баёнотларига қарамай, Ўзбекистон билан муносабат ўрнатаётган ҳар бир давлат хавотирланишга ҳақли. Ўтган йиллар давомида мамлакат ташқи сиёсатини АҚШ ва Россия ўртасида тебратган, минтақа давлатлари билан муроса қилмаган И.Каримов аслида ҳеч бир давлатга Ўзбекистон билан зўр ва бардавом муносабат ўрнатишга имконият қолдирмади.

Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳи таҳлилчиси Эндрю Стролайн фикрича, бундай ташқи сиёсат қўрқув аломадир.

“Каримов бир давлатни иккинчисига қарши қўйиш маъносида ҳар бир давлат билан алоқа қилади. Лекин бу давлатлар билан ҳамкорлик қилиш масаласига келганда алоқа узилади. Чунки диктаторларга қандайдир қўрқув паранояси хосдир. Улар ўзларини гўё душманлар томонидан қуршовга олинаётгандек ҳис этади. Бу эса ҳам мамлакат ичкарисидаги сиёсатда, ҳам ташқи сиёсатда ўз аксини топади”,– дейди Эндрю Стролайн.

Собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошевнинг таъкидича ҳам айнан ҳамкорлик қилиш масаласига келганда Ўзбекистоннинг минтақа давлатлари билан муносабати ёмонлашиб келган. Бунинг сабабларини таҳлилчи мамлакатнинг иқтисодий жиҳатдан заифлашгани билан изоҳлайди.

Расмий Тошкент минтақа давлатларига нисбатан гегемонлик сиёсатини юргизишга ҳаракат қилганликда ҳам айбланди. Бу ҳам Каримовнинг минтақа устидан лидерлик даъвоси билан боғлиқлиги айтилади. Ўзбекистонга ташриф буюрган, Ўзбекистон билан яқин муносабатларни ўрнатишга ҳаракат қилган АҚШ давлат котиби ўринбосари Ричард Баучер ҳам бундан яхши хабардор ўхшайди.

“Биз бу давлат минтақада эгаллаши лозим бўлган аҳамиятга эга бўлишига ёрдам берамиз”, – деди Тошкентда журналистлар билан учрашган Ричард Баучер.

Бу гапларга жавобан И.Каримов АҚШ билан муносабатларни аввалги даражага қайтариш зарурлиги таъкидлади. Бироқ бу ҳам Кремлнинг янги хўжайини Д.Медведевга қилинган бир ишора бўлиши мумкин.

“Шунинг учун,- дейди москвалик таҳлилчи Санобар Шерматова,- Ўзбекистон бошлаётган янги ташқи сиёсатда сиёсий ўйинлар сақланиб қолса ҳам бир ёқлама сиёсатга ўрин қолмайди. Демоқчиманки, Ўзбекистоннинг, дейлик, буткул Россия билан иттифоқчилик ўрнатиб, бошқалар билан алоқаларни тўхтатиши ёки Ғарб билан алоқаларни кучайтириб, Россиядан юз ўгириши кузатилмайди. Ўзбекистон фақатгина кўп векторли сиёсат юритиш мумкин бўлган вазиятга тушиб қолган. Чунки фақат шундай сиёсат Каримовга турли майдончаларда ҳаракат қилиш имконини беради”.
XS
SM
MD
LG