Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:49

Чингиз Айтматов ва кино


Чингиз Айтматов 2008 йилнинг 23 январ куни Бишкекда.
Чингиз Айтматов 2008 йилнинг 23 январ куни Бишкекда.

Бир неча кун муқаддам оламдан ўтган таниқли адиб Чингиз Айтматовнинг нафақат Қирғизистон ёки бутун Марказий Осиё, балки жаҳон кино санъати ривожига қўшган ҳиссаси анча катта бўлди.

Ч.Айтматов асарларини экранлаштириш ғояси ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида гарчаклашди. Айнан бу пайтда дунë кино эстетикасида янги тўлқинлар кириб кела бошлаган эди. Ўша пайтда МОда суратга олинаëтган фильмларда шакл ўлароқ итальян неореализми таъсири бўлган бўлса, мазмун ўлароқ Ч.Айтматов таъсири эди.

Михалков Кончаловский 1965 йилда суратга олган “Биринчи муаллим”, Геннадий Базаров 1967 йилда суратга олган “Сомон йўли” фильмлари кайфият ва мавзу жиҳатидан бир-биридан фарқ қилар эди. Бу йўналиш қирғиз режиссëри Бўлатбек Шамшиев 1976 йилда суратга олган “Оқ кема”, Таламуш Ақев 1975 йилда суратга олган “Қизил олма” фильмларида ҳам кузатилди.

Чингиз Айматов асарларини кинолаштиришга бўлган қизиқиш кейин ҳам давом этди.

Бақит Қорагулов 2004 йилда суратга олган “Найман онанинг кўз ëши” фильмида манқурт онаси бўлиш каби бахтиқароликни елкасида ташиган она образи гавдалантирилди.

Германиялик кинорежиссëр Маркус Ҳелчлнинг айтишича, Ч.Айтматов нафақат МО киносига, балки дунë кино санъатига катта ҳисса қўшган адибдир.

“Европада Қирғизистоннинг Қозоғистондан фарқини билишмайди, аммо Чингиз Айтматовнинг китобини ўқиганда унинг қайси ўлкадан эканини билиб оласиз. Дунë турфа, аммо одамларнинг дард ва қувончлари бир хил. Одамлар Европада ҳам, Осиëда ҳам бир хилда кўз ëш тўкади. Чингиз Айтматов асарларида айни шу дард ўз аксини топган”,- дейди М.Ҳерчл.

Айни пайтда ўзбекистонлик кинорежиссëр Баҳром Ëқубов ҳам ўзининг германиялик ҳамкасби фикрини қувватлайди.

Баҳром Ëқубов: Кино соҳасига Чингиз Айтматовнинг жуда катта меҳнати сингган. Айниқса, МО кино санъатига қўшган ҳиссаси жуда ҳам катта. Мен уни кино отахони, десам ҳам бўлади. Унинг ҳар битта ëзган асари шундай кинобоп қилиб ëзилганки, уни ўқиганингизда худди кинодай кўз олдингизга келади. Шунинг учун кино соҳаси бўйича унинг катта ҳиссаси бор, деб биламан.

Озодлик: 1965 йилда Михаил Кончаловский унинг “Биринчи муаллим” асарини экранлаштирди. 1967 йилда Геннадий Базаров “Сомон йўли” фильмини суратга олди. Шу пайтларда Италияда Феллини ўзининг “Ла долче вита” фильмини суратга олди. Мунаққидлар бунинг ўртасида боғлиқлик кўради. Яъни бир пайтнинг ўзида бир хил кайфият.

Баҳром Ëқубов: Ҳақиқатдан 1965 йиллар санъатнинг кино соҳаси бўйича ҳам, ëзувчилик соҳаси бўйича ҳам энг чўққиси ҳисобланади. Феллини, Бертман даврлари ўша пайтда совет санъати ҳам энг ривожланган давр эди. Ўшанда М.Кончаловскийнинг Чингиз Айтматовнинг “Биринчи муаллим” асари бўйича яратган фильми Кан фестивалида Гран-при мукофотига эга бўлган. Айнан Чингиз Айтматов асари туфайли Гран-при мукофотларига эга бўлган, деб тушунаман. Италияда ҳам Фидерико Феллини яратган классик асарлари билан М.Кончаловскийнинг “Биринчи муаллим” фильмини тенг қўяман ва кайфияти бир хил, деб биламан. Ҳақиқатдан ўша пайт жаҳон адабиëтининг ҳам, жаҳон кино санъатининг ҳам энг чўққиси ҳисобланади. Шунинг учун ҳам қандайдир уларнинг бир-бирига ўхшаш томонлари бор.

Озодлик: Боя Ч.Айтматов асарлари худди кинодек ëзилганини айтдингиз. Ўзбекларнинг ҳам улуғ адиблари бор. Лекин уларнинг асарларини кино қилиш қийин. Бироқ уларнинг асарларини тафаккурли асарлар, дейишади. Чингиз аканинг асарлари нимаси билан режиссëрларни ўзига мафтун қилган. Кинобоп асар нима ўзи?

Баҳром Ëқубов: Ҳозирги ўзбек кино санъатидаги энг катта муаммо киносценаристлар йўқлиги. Бу кейинги 30-40 йил ичида кўтарилиб келинаëтган муаммо. Яхши киносценарий асарлари бизда йўқ ҳисоби. Шунинг учун режиссëрлар кўпинча ўзлари ëзишга ҳаракат қилади. Масалан, мен ҳам ўзим ëзишга ҳаракат қиламан, чунки ҳақиқатан бизнинг ëзувчилар асарларини варақлаб кўрсангиз, визуаллигини камроқ ҳис қиласиз. У ерда ички кечинмалар муаллиф томонидан ëзиб берилади. Яъни сўз ўйини кўп. Кино санъати адабий асардан ўзининг тасвирий санъат томони билан ажралиб туради. Чингиз Айтматов асарини ўқиганингизда унинг у томонини ҳам, бу томонини ҳам кўрасиз. Биринчи галда визуал томонини ëритиш маҳорати бор. Бу камдан-кам ëзувчиларга берилган маҳорат. Шу билан бирга, қаҳрамоннинг ички кечинмаларини муаллиф сифатида ëритиб бериш қобилияти бор.

Озодлик: Бўлатбек Шамшиев 1976 йилда суратга олган “Оқ кема”, Таламуш Ақев 1975 йилда суратга олган “Қизил олма” фильмлари анчагина шуҳрат қозонди. Бақит Қорагулов 2004 йилда суратга олган “Найман онанинг кўз ëши” фильми эса унчалик шуҳрат қозона олмади. Бунга нима сабаб экан? Ë савия пасайиб кетдимикин?

Баҳром Ëқубов: 1975-1976 йиллар кино санъати юксалиши давом этаëтган пайтлар эди. “Оқ кема” асарини мен ҳам ўқиб чиққанман. Орқасидан киносини ҳам кўрганман. Фильмда режиссёр Чингиз Айтматов асарини яхши ëритиб бера олган. Асарни ўқиб қандай кўз олдимга келтирган бўлсам кинони ҳам шундай кўра олдим. Қаҳрамонни ҳам шундай кўз олдимга келтира олдим. Бундай талант камдан-кам режиссëрларга берилган. Бугунги пайтда савия даражаси борган сари тушиб боряпти. Мен ўша даврни кўрганим учун ҳам ўша даврни ушлашга ҳаракат қиляпман. Афсус, ҳозир чиқиб келаëтган ëшларимизда савия даражаси жуда ҳам паст. Балки бу кейинги пайтларда классик асарлар телевидениеда камроқ кўрсатилаëтганидадир. Балки классик асарларимизни мактабларда, олийгоҳларда камроқ ëритиб берилаëтганидадир. Балки замон ўзгариб иқтисодий бозор даврига ўтганимиз туфайлими ҳозир биринчи ўринга иқтисод ўтиб қолиб, маънавият даражамиз секин тушиб бораëтгани ҳам сабабдир. Бунинг жуда кўп объектив сабаблари борки, бунинг тагига етиш қийин.

Озодлик: Германиялик режиссëр Маркус Ҳелчл Ч.Айтматов асарларини ўқисак, универсал дардларни кўрамиз, дейди. Турклар ҳам “Сарвқомат дилбарим” асарини кино қилган.

Баҳром Ëқубов: Чингиз Айтматов асарида умуминсоний муаммолар, умуминсоний қадриятлар кўтарилгани учун универсал даражасига кўтарилган. Бугунги кундаги асарларимизда биз миллий, миллий деймиз-у, қанақадир мен чегараланиб қолгандай ҳис қиламан. Биз борган сари умуминсоний қадриятларни унутиб боряпмиз. Умуминсоний қадриятлар, дегани бу фалсафий. Фалсафа ҳамма учун битта. Мен бизлар умуминсоний қадриятларни иккинчи даражага қўйгандай ҳис қиляпман ўзимни. Миллийлик ўз йўлига. Миллийлигимизни ҳеч қачон ҳеч ким бизнинг қўлимиздан тортиб ола олмайди. Шу билан бирга, уни тагида, албатта, умуминсоний қадриятлар ëтади. Шу нарса бизда ҳозирги пайтларда жуда ҳам оқсоқланяпти. Умуминсоний қадриятлар иккинчи даражага тушиб қолгани учун ҳам бизнинг ëзувчилар ëзаëтган, киночилар олаëтган асарлар дунë саҳнасига чиқа олмаяпти. Чунки бу уларга ҳақиқатдан тушунарсиз. Бизнинг кичкина-кичкина юморларимиз, ҳазилларимиз чет эл томошабинига тушунарсиз. Мен Чингиз Айтматовнинг оламдан ўтганини эшитиб жуда оғир аҳволга тушдим. У бизнинг сўнгги энг кучли классигимиз эди.

Сўнгги маълумотларга кўра, марҳум ëзувчи Чингиз Айтматовнинг “Тоғлар қулаганда” асари ҳам киночилар эътиборини тортган.

“Биз “Тоғлар қулаганда” китобини мутолаа қилиш баробарида умидларнинг армонга, орзуларнинг саробга айланганини туямиз”,- дейди немис кинорежиссëри Маркус Ҳелчл.
XS
SM
MD
LG