Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:37

Расмий Тошкентга “хўрозқанд” кўрсатилди. Араз тўхтайдими?


Россия бош вазири Владимир Путин шу йил ноябрь ойига қадар Ўзбекистонга сафар қилишини режалаштирмоқда. Бу ойда Москвада Ўзбекистон-Россия ҳукуматлараро коммисияси йиғилиши ҳам бўлиб ўтади.

Ушбу комиссия ҳамраиси Сергей Иванов яқинда Ўзбекистонга сафар қилиб Тошкент раҳбарияти билан ёнилғи-энергетика соҳасидаги қатор масалалар, шунингдек, Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси билан ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиб қайтди.

Сўнгги вақтларда расмий Тошкентнинг нафақат Москва, балки Марказий Осиёдаги ён қўшнилари билан ҳам муносабатлари анча совуқлашиб турган бир вақтда янги президент Дмитрий Медведов Ўзбекистонни четлаб, Қозоғистон ва Туркманистонга сафар қилгани расмий Тошкент янги президент бошқаруви остидаги Москванинг назаридан тушиб қолаётгандек таассурот бераётган эди.

Ҳар ҳолда Россияда президент сайлови арафасида Москвага борган Каримов собиқ президент Путиннинг навбатдаги муддатга лавозимида қолмаганидан ошкора афсус билдиргани ва Д.Медведов президент сифатида инаугурация маросимини ўтказганидан сўнг ҳам ўзбек расмий матбуотида табрикнинг кечиккани ҳали ёддан кўтарилгани йўқ.

Қолаверса, НАТОнинг Афғонистонга элтувчи транзит темир йўл лойиҳаси боис, Тошкентга иши тушиб турган бир вақтда Ўзбекистон-Россия ўртасидаги муносабатлар энди қай томонга йўналар экан, деган савол яна сиёсатчи-ю, таҳлилчилар диққат марказига кўчди.

Гарчи президентликни Д.Медведовга топширган бўлса-да, мамлакат бошқарувидаги асосий ричагларни қўлида тутиб турган В.Путиннинг Ўзбекистонга сафари ва яна бу ҳақда 3 ой аввал, алоҳида урғу билан маълум қилгани, таҳлилчилар назарида, анчагина жиддий ишорат.

“Ўзбекистон билан муносабатлар, айтиш мумкинки, Россиянинг бугунги ташқи сиёсатидаги энг мураккаб масалалардан бири. Масалан, Туркманистон ва Қозоғистонда президент Медведов бемалол энергетик масалалар муҳокамаси билан шуғулланса, Ўзбекистонда у бунга қўшиб геосиёсий муаммолар устида ҳам бош қотиришига тўғри келади. Бунинг устига, Каримовдек устамон сиёсатчи раҳбар билан бу масалаларни муҳокама қилиш учун камида унинг бугунги сиёсати мантиғини тушунадиган одам бўлиш керак”,- деб ҳисоблайди россиялик сиёсий таҳлилчилардан бири Виталий Портников.

Унинг фикрича, расмий Тошкент бугун ўз ташқи сиёсати борасида анчагина жиддий фикр юритмоқда ва машҳур Андижон воқеаларидан сўнг путур кетган ташқи сиёсатини тиклаб олиш ҳаракатида. Бу борада Тошкент учун, албатта, Москванинг аҳамияти катта ва бундай вазиятда президент Каримов билан тиллашиш фақатгина собиқ президент Путиннинг қўлидан келиши мумкин.

В.Портниковнинг бу фикрини россиялик сиёсий таҳлилчи ва журналист Санобар Шерматова ҳам қувватлар экан, сўнгги пайтларда Тошкент ва Москва муносабатларидаги танаффуснинг чўзилиб кетганига эътибор қаратди ҳамда Владимир Путин президент сифатида илк бор Ўзбекистонга сафар қилганини эслади.

“У бош вазир вазифасини бажарувчи сифатида ҳам, кейинчалик президент сифатида ҳам илк сафарни Ўзбекистонга қилган эди. Президент Медведов эса Тошкентга ҳануз бормади ва келгуси сафарлари режасида ҳам бу шаҳар йўқ. Бош вазир Путиннинг 3 ой аввалдан Тошкентга боришини маълум қилиши, назаримда, ана шу танаффусга мантиқий бир якун бўлди”,- дейди Санобар Шерматова.

Унинг таъкидлашича, айни вақтда бу икки сиёсий етакчи муҳокама қиладиган масалалар ҳам йиғилиб қолган. Бу икки томонлама иқтисодий алоқалар ва Россия бизнесининг Ўзбекистондаги аҳволига оид масалалар билан бирга икки давлат манфаатига бирдек мос келиб турган геосиёсий масалалар бўлиши мумкин.

Шундай дер экан, Санобар Шерматова НАТОнинг Бухарестда ўтган охирги саммитида ҳар икки президент бирдек НАТОнинг Афғонистонга юк етказиш лойиҳасида ҳамкорликни ёқлаб гапирганини эслади.

“Нақ саммит арафасида икки президент ўз нутқини мувофиқлаштиргани маълум бўлган эди ўшанда. Яъни геосиёсий масалаларда ҳам бу икки давлат ўртасида жиддий зиддият кўринмайди. Қолаверса, энг мураккаб геосиёсий муаммоларда ҳам бу икки етакчи тил топишиб келгани боис ҳам Россия-Ўзбекистон муносабатларида бироз муддат чўзилган танаффусдан Ўзбекистонга президент Медведов эмас, балки бош вазир Владимир Путин бормоқда”,- дея хулоса қилади Санобар Шерматова.
XS
SM
MD
LG