Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:20

Норов АҚШга сафар қилиши мумкин


Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов жорий ой охирида АҚШга сафар қилиши мумкин. ТИВ вакилининг айтишича, ташриф борасида ҳали якуний қарор қабул қилинмаган.

Икки йил аввал Ўзбекистон ташқи ишлар вазири лавозимига тайинланган Владимир Норов вазир сифатида ҳали бирор марта АҚШга бормаган. 2005 йилги Андижон воқеалари ортидан Ўзбекистонннинг АҚШ ва Ғарб давлатлари билан алоқалари бузилиб кетгандан сўнг расмий Тошкент бундай ташрифларга ҳожат кўрмади.

“Ҳозир вазият ўзгармоқда,- дейди Вашингтондаги сиёсий таҳлилчи Абдуманноб Пўлатов. - “Америка-Ўзбекистон муносабатлари Андижон фожеасидан кейин жуда сўниб кетган эди. Ҳозир секин-секинлик билан илияпти. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Норов бўладими, Тошматов бўладими, қайсидир даврда ўртадаги масалаларни муҳокама қилиш учун Америкага сафар қилиши керак. Балки ҳозир ўртадаги илиш даражаси шу нуқтага етиб келгандир. Натижаларни олдиндан айтиш қийин. Назаримда ўртадаги муносабатларни бироз юмшатиш, ҳамкорликни сал кучайтириш йўналишида битта кичкина қадам бўлади”.

АҚШ юқори мартабали расмийларининг Ўзбекистонга мунтазам ташрифлари тўхтатиб қўйилмади. АҚШ дипломатлари эса икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг инқироздан чиқаётганини қайд этмоқда.

“Муносабатларимизда секин-аста илиқлик пайдо бўляпти. Ўзбекистон расмийлари бир қатор масалаларда ҳамкорлик қилиш ниятини кўрсатмоқда. Биз ўзбек раҳбариятини кўпроқ қўллаб-қувватлаш имконига эга бўлиш учун уларга бир қатор масалаларда ҳамкорликни оширишни таклиф этдик. Муносабатларимизни қийинлаштирган айрим жиҳатлар ўтмишда қолганидан мамнунмиз”,- деди АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси вакили Кэрол Фаҳардо.

В.Норовнинг Вашингтонга сафар қилиши эҳтимолари ҳақида Владимир Путин Тошкентда Россиянинг таъсиринини мустаҳкамлаётган бир вақтда гапирила бошланди. Россия билан кенг иқтисодий ҳамкорликка қулоч очган Тошкент унинг таъсиридан бирмунча ҳадиксираши табиий, айни пайтда ўзининг танқидий риторикасини пасайтирган АҚШ, Европа Иттифоқи ва НАТО Ўзбекистонга яқинлашиш йўлларини қидирмоқда.

“Озодлик”ка берган интервьюсида НАТО бош котибининг Марказий Осиё ва Кавказдаги махсус вакили Роберт Симмонс Ўзбекистон учун мувозанатни сақлаш ўта муҳимлигини таъкидлади.

“Улар шу вақтгача мувозанатни сақлаб қола олди. Ҳозирги вазият бир қадар мураккаброқ, лекин улар бу вазиятдан ҳам чиқа олиши керак. Ҳарқалай, улар шу мувозанатни сақлаб қолишни истайди. Биз эса, албатта, муносабатларни мустаҳкамлаб боришда давом этамиз”,- деди Роберт Симмонс.

Ҳозирча В.Норовнинг Вашингтонга бориши ёки бормаслиги, бу ташриф мақсадлари ноаниқ қолмоқда. Бироқ айрим кузатувчилар вазир президент Каримовнинг АҚШга ташрифини режалаштираётган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.

Москвалик журналист Санобар Шерматованинг фикрича, аслида Ўзбекистонда ҳам, Москва ҳам Вашингтон сиёсатининг муносиб ўрини бор. “Лекин Каримов эски ўйинини давом эттираверади”, – дейди у.

“Каримов ўйин қилади. Лекин ҳеч қачон ўз козирларини бермайди. Ўз тарихи давомида Ўзбекистон гоҳ Россияга мойиллик қилган бўлса, гоҳ Ғарб томон оғиди. Бироқ Каримов ўз ҳудудида ҳеч қачон Ғарб ва Россиянинг уруштириб қўймаган. Бироқ умумий манзарада Россиянинг минтақадаги таъсири доимо Ғарб таъсиридан кучли қолаверади”,- дейди Санобар Шерматова.

Айни пайтда Россия ташқи сиёсатида демократик қадриятларни илгари суриш принциплари мавжуд эмас. Бироқ сўнгги пайтларда АҚШ ва Европа Иттифоқи ҳам Марказий Осиё давлатлари учун демократик талабларни пасайтиргани сабабли автократик Тошкент режими ўз вакилини Вашингтонга юбориш мавриди келганини ҳис эта бошлагандек.
XS
SM
MD
LG