Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:15

Ўзбекистонда бизнес муҳити яхшиланган, бироқ...


Ўзбекистонда тадбиркорлик билан шуғулланиш оғирлигича қолмоқда, лекин ўтган йилгига қараганда, тадбиркорлар учун шароит бир қадар яхшиланган. Жаҳон банки эълон қилган “Тадбиркорлик–2009” ҳисоботидан шундай хулоса ясаш мумкин.

Ушбу ҳисоботда Ўзбекистонда кредит олиш масаласида ижобий ўзгаришлар қайд этилган, бироқ мамлакатда импорт-экспорт операцияларни бажариш қийинлигича қолаётгани айтилган.

Тадбикорларнинг “жаннати” Сингапур, Янги Зеландия, АҚШ ва Хитой ҳисобланса, “дўзахи2 Конго, Марказий Африка Республикаси, Гвинея-Бисау, Бурунди давлатларидир.

“Дўзах”га яқинроқ аросатда Тожикистон, Ўзбекистон, Украина ва Россия қолиб кетган. Ундан қутилиб анча яхшиланганлар Грузия, Қирғизистон ва Қозоғистондир.

Жаҳон банкининг ушбу маълумотлар келтирилган ҳисоботи ҳали “охират” эмас, ҳар бир давлат ўз кўрсаткичларни ҳали ҳам яхшилаши ёки ёмонлаштириши мумкин.

“Тадбиркорлик-2009” ҳисоботи муаллифлари огоҳлантиради:

“Ушбу ҳисобот давлатларнинг тадбиркорлик муҳитини тўлиқ акс эттирмайди, у фақатгина бизнес фаолиятини яхшилаш учун қилинган ишларга қараб давлатларга баҳо беради.”

Шунинг учун бўлса керак, ҳисоботда, дейлик, Озарбойжон Испаниядан, Грузия Германиядан, Ўзбекистон эса Украинадан ўзиб кетгандир.

Ўзбекистон ҳақида батафсил тўхталсак, у 181 давлат ичида 138-ўринни эгаллаган ва ўтган йилгига қараганда 7 позиция юқорига кўтарилган. Ҳисоботда бунинг сабаби Ўзбекистонда кредит олиш масаласида ижобий ўзгаришлар қилингани билан изоҳланади.

“Ўзбекистонда молия муассасалари ўртасида кредитлар тўғрисидаги маъломутларни алмашиш мақсадида кредит маълумотларини сақловчи шахсий бюро ва кредитларни рўйхатга олувчи давлат ташкилоти тузилди.”- дейилади Жаҳон банки ҳисоботида.

Ушбу ҳужжат бевосита Жаҳон банки таркибига кирувчи Халқаро молия корпорацияси томонидан тайёрланган бўлиб, корпорациянинг Тошкентдаги вакиллари мамлакатдаги ягона Халқаро бизнес марказининг қорайтирилган ойналаридан ташқаридаги вазиятни анча ижобий кўради.

“Сўнгги пайтлари Ўзбекистонда тадбиркорлик муҳити яхшилаб бормоқда. 2005 йилдан бошлаб ҳукумат ва президент томонидан кўрилган чоралар натижасида бизнеснинг маъмурий харажатлари камайди. Тадбиркорлардан ҳисобот талаб қилиш ва уларнинг фаолиятини текшириш камайтирилди. Шунингдек, кредит ахборотлар алмашинуви яхшилангани сабабли Ўзбекистон ҳисоботимизда аввалги йилга қараганда 7 поғона юқорига кўтарилган”,- дейди Халқаро молия корпорациясининг Ўзбекистонда тадбиркорликни яхшилаш бўйича дастури ҳуқуқшуноси Ориф Насибов.

“Озодлик” билан суҳбатда бўлган тадбиркорлар ҳам Ўзбекистонда кичик кредитларни олиш масаласи бир қадар яхшиланганини эътироф этди.

Савдо-сотиқ соҳасида фаолият олиб бораётган тошкентлик тадбиркор Озода Қодированинг айтишича, кредит олиш қийин бўлмаётган бўлса ҳам унинг фоиз ставкалари ҳаддан зиёд юқорилигича қолаётир.

Тошкентлик тадбиркор Жаҳон банкининг ҳисоботида қайд этилгани каби мамлакатда солиқлар даромадларга нисбатан кўплигини айтади.

“Ўзбекистонда солиқлар ва божхона тўловлари минимал иш ҳақидан келиб чиқиб белгиланади. Шунинг учун ҳар гал мамлакатда иш ҳақининг оширилиши тадбиркорлар елкасига юк бўлиб тушади”,- дейди у.

Бошқа бир тадбиркор эса аввалги йилга қараганда ўз фаолиятини анча ўнглай олганини айтди ва шу боис, ўз муаммолари ҳақида очиқчасига гапиришни хоҳламагандек бўлди.

“Қийналмаётган ким бор? Нима, Америкада тадбиркор қийналмасдан ишлаяптими? Ҳамма жойда ўзига яшара қийинчилиги бор. Вазият салбий бўлса ҳам биз позитивни ўйлаб олдинга қараб кетаверамиз”,- деди у.

Худди шундай, Ўзбекистон тадбиркорлари мамлакатдаги бизнес муҳитини шакллантиришга уринмайди ҳам, балки мавжуд муҳитга кўникиб ишлайверади. Ўзбекистонда савдо-сотиқ ёки ишлаб чиқариш соҳаси бўладими, мавжуд барча тўсиқлардан бир амаллаб ўтиш мумкин, албатта. Бироқ бугунги кунда кўпчилик тадбиркорларни аҳолининг харид қилиш қобилияти кундан-кунга пасайиб кетаётгани ташвишга солаётир...
XS
SM
MD
LG