Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:32

Ўзбекистонда “астротурфинг” билан махфий ҳизматлар шуғулланади


Британияда нашр этиладиган “The Guardian” газетаси Хитойнинг мисли кўрилмаган кўламда интернет пропагандасини бошлаб юборгани ҳақида ёзди. Бунинг учун - деб ёзади The Guardian – Хитой 300 минг кишилик қўштирноқ ичидаги “шарҳловчилар” армиясини боқади. Уларни “Хитойнинг 50 центлик армияси” деб аташади, чунки уларга интернетда нашр этган бир дона кичкина шарҳи учун 50 центдан тўлашар экан. Бундай армияни ушлашдан мақсад интернет оламида Хитойнинг ижобий имиджини яратишдир. Интернетдаги ташвиқотнинг бундай тури ғарбда “Астротурфинг” деб аталади. Матбуот қаттиқ назорат қилинадиган постсовет давлатлари ва хусусан Ўзбекистонга келсак, бу иш билан интернетда ёлланган шарҳловчилар эмас, балки махфий хизматларнинг шуғулланиши маълум.

“Астротурфинг” усули пайдо бўлган АҚШ да ундан ҳамон Wal-mart каби дунёдаги энг йирик савдо-сотиқ тармоғини реклама қилиш ва президентликка номзод республикачи МакКейнни ташвиқ қилиш учун фойдаланилади”, - деб ёзади “The Guardian” газетаси. АҚШ да бу иш билан хусусий PR компаниялари шуғулланади.
Хитойда эса ҳукумат бунинг учун юз минглаб одамларга маош тўлайди. Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон каби постсовет давлатларга келганда, бу машғулот махфий хизматлар зиммасига юклатилган. “Астротурф” сунъий ўт ётқизилган майдон, деб таржима қилинади, бироқ интернетда бу тушунча сунъий усулда оммавий фикрни шакллантириш сифатида қўлланилади.
Пагон кийган ўзбекистонлик “астотурфчилар” га ҳозир деярли барча таниқли интернет сайтларида зоҳиран дуч келиш мумкин. Ҳукумат мустақил интернет сайтларга чеклов жорий этибгина қолмасдан, чиғириқлардан ўтиб бу сайтларга кирувчиларнинг онгига таъсир этишни истайди. www.uznews.net сайтининг бош муҳаррири Галима Бухорбоева ҳукуматнинг бундай истаги табиийдир, деб ҳисоблайди. “Боиси, интернет ҳукумат назоратида бўлмаган, бироқ ҳукумат борасидаги жамоатчилик фикрини шакллантирадиган ягона ҳудуд ҳисобланади. Лекин билишимча, Каримовнинг режими жуда хасис. Шунинг учун куни билан интернетда ўтириб, режим душманларини сўкаётган бечора МХХчиларга катта пул тўланмайди”, - дейди Галима Бухорбоева.

Турфа мақолалар ва исталган шарҳлар учун бир минбарга айланган ўзбек тилидаги www.ponauz.info сайти, сўнгги пайтлари миллий хавфсизлик хизматининг назарига тушган кўринади. “Буни ҳамиша ҳис қилиш мумкин. Сабаби мана шу мухолифатни ичида жанжал ташкил қилиш учун изоҳлардан, атайин тайëрланган мақолалардан фойдаланилади. Бу мақолаларни ичида шунчаки ëзилганлари бор, одамни ҳақоратлаб ëзилганлари бор, бошқа сайтлардан олиб қўйиладиган изоҳлари бор. Масалан www.centrasia.ru сайтидаги кўп ҳақоратомуз изоҳларни олиб бизникига қўйишади. Улар бу нарсада қандайдир ижод қилишмайди. Бундан ташқари битта шахсга қаратилган ҳужумларни кўриш ҳам мумкин. Дейлик Муҳаммад Солиҳ шахсига қаратилган ҳақоратомуз изоҳларни кўриш мумкин”, дейди “Пона-уз.инфо” сайтининг асосчиси Қудрат Бобожон.
Бугунги кунда Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизмати қошида интернет сайтларда “астротурфинг” билан машғул махсус ахборот бўлими амал қилиши маълум. Қудрат Бобожоннинг фикрича, бугунги кунда оз даражада бўлса ҳам бу одамлар ўз олдига қўйган мақсадларга эришмоқда. “Бу сайтда ташкил қилинган жанжалга мухолифат вакилларини ўзлари ҳам қўшилиб кетишади. Интернет асаби нозик одамлар учун эмас. Интернет шаффоф нарса. У ерда ҳамма нарса айтилиши мумкин. Ҳатто инсоннинг шахсий ҳаëтига алоқадор бўлган фактлар эълон қилиниши мумкин. Бу албатта инсон фаолиятини тўхтатиш учун мўлжалланган ҳаракат”.
Ўн минглаб ўқувчилар билан бир қаторда миллий хавфсизлик хизматини ҳам қизиқтирадиган яна бир сайт, Ўзбекистон ҳақида мустақил ахборот тарқатувчи www.ferghana.ru интернет сайтидир. Ушбу интернет саҳифанинг бош муҳаррири Даниэл Кислов ўз сайтида ўта жўн фикр билдирадиган пагонли астротурфчиларга аллақачон кўникиб қолганини айтади. “Улар ўз пропагандасини расмий ташвиқотчилар усулида олиб боришади. Аслида эса уларнинг ҳеч қандай далиллари йўқ. Шу иш учун улар пул ёки пагон олиб ишлаётгани бўлса ҳам, уларнинг мақсади ўз ишини бир амаллаб халтура қилиб бўлса ҳам бажариб, раҳбариятга ҳисобот бериш билан чекланган. Мен ўз сайтимда Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизматининг қанчалик аҳмоқлигини кўрсатиш учун уларнинг шарҳларини атайин қолдираман”, – дейди Д.Кислов.
Ниҳоят, Кислов ҳукуматнинг интернетдаги ташвиқоти ҳеч қандай таъсир кучига эга эмас, деб ҳисоблайди. “Интернет фойдаланувчилари жамиятнинг технологик жиҳатдан энг етук қатлами ҳисобланади. Улар эса қайси хабарнинг тўғрилигини ,қайси бири сафсата ёки пропагандалигини ажратишга қодир”, - дейди у.
XS
SM
MD
LG