Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:52

ЕИ мулоқоти Ўзбекистондаги матбуот эркинлигига таҳдидларни янада кучайтирди


Мустақил журналист Солижон Абдураҳмоновлар каби тутқунлар тақдири ЕИ ва Ўзбекистон ўратсидаги савдолашув натижасига қарам бўлиб қолмоқда.
Мустақил журналист Солижон Абдураҳмоновлар каби тутқунлар тақдири ЕИ ва Ўзбекистон ўратсидаги савдолашув натижасига қарам бўлиб қолмоқда.

Бугунги мавзуларимиз: - Европа Иттифоқининг Ўзбекистонга қарши санкцияларни юмшатиш қарори 10 йилга қамалган журналистнинг тақдирини таҳдид остига қўйди. Ўзбекистон ҳукуматининг бурни нимадан кўтарилиб қолди? - Кобулда яна бир хорижий журналист ўғирлаб кетилди. Мамлакат журналистлари ўзларининг хавфсизлиги борасида хавотирда.

Ўзбекистонда мустақил журналистнинг узоқ йилга озодликдан маҳрум этилиши Европа Иттифоқининг Ўзбекистонга нисбатан жорий этилган санкцияларни юмшатиш қарорини синовга тутади.

10 йилга кесилган журналист Солижон Абдураҳмоновнинг кейинги тақдири мавҳум қолмоқда.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларига кўра, Брюссел ва Тошкент ўртасидаги навбатдаги савдо объектига айланган журналистни озод этишга кўмаклашиш учун Европа Иттифоқи ўз таъсир кучини йўқотмоқда.


Солижон Абдураҳмоновнинг уюштирилган айбловлар билан 10 йилга озодликдан маҳрум этилишига халқаро жамоатчилик ўз эътирозини билдириб бўлди. Мошинасига гиёҳванд моддалар ташлаб қўйилиб, сўнг гиёҳванд моддаларни сотганликда айбланиб, сиёсий буюртмани бажарган суд олдида жавоб берган Солижон Абдураҳмоновнинг кейинги тақдири маълум эмас. “Журналист устидан кечган бутун маҳкама жараёни давомида ишнинг ҳаддан зиёд сиёсийлашиб кетгани яққол сезилиб турарди” – дейди унинг адвокати Рустам Тўлаганов.

Р. Тўлаганов: “Бошидан охиригача сиёсатлиги шундоқ кўриниб турибди. Неча ойдан буён иши кўрилган болса Солижон буни ўзи айтиб келяпти. Бу қасддан қилинаётган нарса”

Солижон Абдураҳмонов Брюссел ва Тошкент ўртасидаги катта сиёсатнинг навбатдаги “савдо объекти”га айлангандай эди. Шу маънода Европа Иттифоқи унинг озод этилишига эришмасдан, Ўзбекистонга қарши санкцияларни юмшатгани унинг бу “савдо объекти” ни Ўзбекистонга текинга ҳадъя қилгандек туюлиши мумкин. Солижон Абдураҳмон билан ҳамкорлик қилган “www.uznews.net” сайтининг бош мухаррири Галима Бухорбоева:

“Одамларнинг гоҳ америкаликлар гоҳ европаликлар билан савдо қилиш мақсидада ишлатилаётгани биз учун жуда ёқимсиздир. Лекин санкцияларни кўриб чиқиш арафасида Солижон Абдураҳмоновнинг озод этилишига умид қилгандик. Ҳозир эса, Европа Иттифоқи санкцияларни юмшатганидан сўнг Ўзбекистон учун уни озод этиш керак бўлмай қолади. Европа Иттифоқи эса ўз нуфузидан ҳам, Ўзбекистонга таъсир ўтказиш воситасидан ҳам айрилиб қолади.” – дейди Галима Бухорбоева.

Сўнгги икки йил давомида Европа Иттифоқи диққат назарида бўлган маҳбус журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Умида Ниёзова, Улуғбек Хайдаров, Мутабар Тожибоева, Гулбаҳор Тўраева ва бошқалар ниҳоят озод этилди. Эҳтимол Солижон Абдураҳмонов ҳам кейинроқ айнан шундай сценарий асосида озодликка чиқарилади. Бироқ унинг устидан қарор чиқаришни Ўзбекистон эҳтиёрида қолдирмаслик керак, деб ҳисоблайди “Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Ўзбекистон бўйича масъули Элисон Гил.

“Ўзбекистон ҳукумати қачон унга нисбатан меҳр-мурувват кўрсатишини кутиб ўтирмаслик керак. Менимча халқаро жамоатчилик Европа Иттифоқи ва АҚШ ни Ўзбекистон ҳукуматига жуда кучли босим ўтказишга чақиришда давом этиши керак.”- деди Элисон Гил.

Европа Иттифоқининг Ўзбекистонга қарши санкцияларни юмшатиши аввалдан маълум эди. Айрим таҳлилчилар бу қарорга фақатгина яна бир Андижон воқеаси ҳалақит қилиши мумкин эди, журналист Солижон Абдураҳмоновнинг 10 йилга озодликдан маҳрум этилгани эмас, деган фикрни илгари сурган эди. Европа Иттифоқининг айрим Ўзбекистон расмийларига нисбатан виза тақиқини бекор қилиш тўғрисидаги қарорида навбатдаги журналистнинг 10 йилга қамалгани қораланмади. Аксинча, унда расмий Тошкентнинг 2-3 октябр кунлари матбуотни либераллаштиришга оид халқаро семинарни уюштиришга рози бўлгани олқишланади. Ушбу анжуман иштирокчиларидан бири “Бўҳронларнинг олдини олиш халқаро гуруҳи” вакили Эндрю Стройланга кўра, Солижон Абдураҳмоновни қамаш орқали расмий Тошкент ғарб давлатларига матбуотни эркинлаштириш борасидаги ўзининг позициясини билдириб қўйди.

“Солижон устидан даҳшатли ҳукмнинг матбуотни либераллаштириш мавзусидаги семинар тугаши билан чиқарилиши, халқаро ноҳукумат ташкилотлар айтиб келган фикрни яна бир бор исбот қилди. Бу режим матбуот эркинлиги¸ сўз ва ифода эркинлиги ва умуман ислоҳотларни бир пулга олмайди. Ундан ўз сиëсатини ўзгартиришни кутиш гўлликдан бошқа нарса эмас”- дейди Стролайн.

Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича сиёсатини мониторинг қилиш дастурининг директори Ричар Йонгснинг фикрича, Ўзбекистон ҳукуматининг ҳатти- ҳаракатлари жорий вазиятда Европа Иттифоқининг иложсиз қолганига асосланади.

“Менинг ўйлашимча, Европа Иттифоқининг минтақадаги энергетик, савдо-сотиқ ва геополитик манфаатлари шу қадар кучли-ки, бундан Ўзбекистон ҳукуматининг бурни кўтарилиб қолди. Шу тариқа Европа Иттфоқи сиёсатининг табиятидан келиб чиқиб ва санкцияларнинг барибир бекор қилишини билган бу режим очиқчасига ўз сиёсатини ўзгартирмаслигини билдирди.”- дейди Ричард Йонгс.

Европа Иттифоқи Туркманистон режими билан ҳам инсон ҳуқуқлари масаласида мулоқотни бошлаган заҳотиёқ мамлакатда бир қатор мухолифатчи қамоққа олинди. Ушбу мулоқотлар давомида Европа Иттифоқи бу ҳолатларни тилга олмаганди. Ричард Йонгснинг фикрича, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё давлатлари билан жорий мулоқоти бу мамлакатлардаги вазиятнинг яхшиланишига олиб келмаётир.

Сиз “Тўртинчи ҳокимият дастурини тинглаяпсиз. Дастуримизга Афғонистондан олинган кичик бир хабар билан якун ясаймиз.
Пойтахт Кобулда яна бир журналист номаълум шахслар томонидан ўғирлаб кетилди. Канадалик журналистни ўғирлаганликда гумон қилинган бир неча шахс ҳибсга олинган. Тафсилотлар билан Кобулдан Олим Кўҳкан.

Афғонистон ички ишлар вазирлиги матбуот вакили Земарай Башарийнинг “Озодлик” радиоси мухбирига айтишича, канадалик аёл журналист пойхахт Кобулнинг 5 ноҳияси, “Қарға” қишлоғидан ўғирлаб кетилган. Канаданинг Си-би-си телеканали мухбири маҳаллий аҳоли вакилларининг уйига меҳмонга борган эди. Земарай Башарий Кобул полициясиси чет-эл фуқаросини топиб озод этиш бўйича чораларни кўраётганини таъкидлади.

З.Башарий: “Кобул полициясиси воқеадан бир соат ўтар ўтмас уни қидириб топиш бўйича амалиётни бошлаб юборди. Ҳозирга ушбу воқеага алоқадорликда гумон қилинаётган 5 киши ҳибсга олиниб, тергов қилинмоқда. Улар орасида журналистнинг таржимони ҳам бор. Таржимон воқеа рўй берган жойда ҳозир эди. Бироқ унга ҳеч ким қўлини ҳам теккизгани йўқ.”

Земарай Башарий журналистнинг жиноятчи гуруҳлар томонидан ҳам ўғирлаган бўлиши мумкинлигини айтди. Афғонистон журналистлар учун дунёдаги энг хавфли минтақалардан бири ҳисобланади. Валижон исмли афғонистонлик журналист сўнгги пайтлари ўзини ҳавфсиз ҳис этмай қолганини айтади.

Валижон: “Жорий йилда Би-би-сининг маҳаллий мухбири Абдуссамад Руҳоний Ҳелманд вилоятида номаълум қуролли шахслар томонидан ўлдирилган эди. Унинг қотиллари ҳалигача аниқланмаган.”
Афғонистон ички ишлар вазирлиги вакили кўп ҳолларда ўзларининг қаерларга бораётгани тўғрисида полицияни огоҳлантирмайдиган журналистлар ўз ўзларини таҳдид остига қўйишини айтади.
Олим Кўҳкан. “Озодлик” радиоси. Кобул.

Дарҳақиқат, Афғонистон журналистлар учун дунёдаги энг хатарли мамлакатлардан биридир. 2004 йилдан буён бу ерда 60 дан зиёд журналист ва уларнинг ёрдамчилари ўлдирилгани қайд этилган.
“Тўртинчи ҳокимият” дастурига бугунга ана шулар. Ўзбекистон ва минтақа давлатларида сўз ва матбуот эркинлиги ривожини биз билан бирга кузатинг...












XS
SM
MD
LG