Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 09:53

"Ўзбекистоннинг қонуни ўрмон қонуни "


21 асрга келиб мустақил ўзбекистонликлар қишдан омон сақлашнинг ота-боболаридан қолган усулларига қайтиш ва тезак ғамлашга мажбур қолмоқдалар.
21 асрга келиб мустақил ўзбекистонликлар қишдан омон сақлашнинг ота-боболаридан қолган усулларига қайтиш ва тезак ғамлашга мажбур қолмоқдалар.

"Тингловчи минбари" эшиттиришининг бугунги сонида: – тўрткўллик тадбиркор экстремист тамғаси билан 7 йил қамоқда ўтириб чиқди; – Тожикистондан Ўзбекистонга келин бўлиб тушган аёлни милиционерлар хўрлади; – ўзбекистонликлар юртида газ туриб, қишда тезак ёқишдан безийди.

Тутқунликдаги тақводорлик

Таҳририятимизга Россияда мардикорлик қилиб юрган бир ўзбек сим қоқди. У яқинда қамоқдан озод бўлибди. У таъқиқланган диний-экстремистик ташкилотга аъзолик ва террорчилик айби билан 7 йил қамоқ жазосини ўтаган.

Қамалиши олдидан, қамоқда ўтирган чоғида ва қамоқдан озод бўлганидан кейин ҳам бу тадбиркор – ўзига қўйилган айбловларнинг ноҳақлигини исботлай олмаган. Бу ҳақдаги мурожаатларига жавоб ололмаган. Энг муҳими, унинг озодликка чиққандан кейинги ҳаёти ҳам бехавотир кечмаган. Шу боис, мени қамаган милиционерлардан узоқроқ юрай, деб Россия келдим, дейди бу тадбиркор.

У билан қурган суҳбатимиз унинг қамоққа ноҳақ ташлангани ҳақидаги даъволари ва Ўзбекистон қамоқхоналаридаги бугунги шароит ҳақида бўлди.

“Бизлар Доғистон билан иш қилар эдик. Махачқалага вагонлаб қовун, пиëз жўнатар эдик. Бу 1999 йилда бўлган воқеа. Шу йили 14 августда бизларни яъни 14та одамни террорист деб ИИВга олиб кетишди. Гуруҳ бўлиб ҳокимиятни зўрлик билан қўлга олишга уринишди, деб Ўзбекистон ЖКси 248 моддасининг учинчи банди ва 273 моддасининг бешинчи банди билан айблов қўйишди”.

Озодлик: Сизларга қўшиб юборилган қолган болалар ҳам савдогар эдими?

“Йўқ. Биттаси инвалид, биттаси тракторист, биттаси яна бошқа. Мен уларни умуман танимайман”.

Озодлик: Шу гапни судда айтдингизми?

“Ҳа айтдик. Лекин унинг фойдаси йўқ. Ўзбекистоннинг қонуни ўрмон қонуни эканлигини биласизку. Шу билан 29 майда менга 20 йил беришди. Ундан кейин мен Тошкентга кассацион тартибда ариза ëздим. Шундан кейин Қизилтепадаги 46 зонага, кейин Тошкентга, кейин эса Бухоро вилояти Когон туманига келдик”.

Шу тариқа, бу тадбиркор диний-экстремистик ташкилот аъзоси ва конституцион тузумни ағдаришга уринган террорчи тамғаси билан 7 йил давомида Ўзбекистоннинг турли қамоқхоналарида жазо ўтади. Қамоқхоналардаги аҳвол жуда ҳам ёмон, айниқса, диндорларга кун йўқ, дейди собиқ маҳбус.

“У ерда намозхонларга зулм жуда ëмон. 1999 йилда Жаслиқ қамоқхонасида иккита биродарни Шодиев деган шахс орқали устидан қайноқ сув қуйиб ўлдиришди. Улар шунақа тақводор бўлиб, ўз йўлидан қайтмагандан кейин шунақа қилиб ўлдиришган”.

Озодлик: Қайтмади дегани нима дегани?

“Бу Оллоҳ йўлидан қайтмади деганида. Булар энг кучли тақводорларни шунақа қилди. Нимага десангиз оғир жиноят билан қамалганларнинг кўпчилиги Оллоҳни таниб, намоз ўқийдиган бўлиб кетишган эди-да”.

Озодлик: Демак, бошқа иқтисодий жиноятлар билан қамалганлар ҳам, диний айблов билан қамалганлар ҳам диндор бўлиб кетди.

“Ҳа худди шундай. Улар қайтдим деб ҳам ëзиб бераверади. Уларни чиқариб юборишди. Яъни шу 10, 20 йил олганларни чиқариб юборишди. Ҳизбчиларга жуда қаттиқ зулм бўлаяпти. Чунки ҳизбчилар ичкарида нима бўлаëтганини ташқарига жўнатишган, Би-би-сига айтишган, китоб ëзиб чиқишган, қамоқхонада қанақа зулм бўлаëтганини айтишган, сиëсатга аралашиб, Каримовнинг қизи қанча бойликларни ўзлаштириб ëтганини, Россияда 40 тонна олтин билан қўлга тушганини айтишган”.

Таҳририятимизга Россиядан телефон қилган ўзбекистонлик мардикор, террорчиликда айбланган собиқ маҳбус гапи орасида қамоқхонада маҳбусларнинг Республика дин идораси масъуллари томонидан “тузалади”, “тузалмайди”, деб сараланишига гувоҳ бўлганини ҳам сўзлади.

Худди шундай саралаш ҳақида Озодликнинг аввалги дастурларида хабар қилган эдик. “Тузалмайди”, деган ташхис қўйилган диндор маҳбус қийноқлардан вафот этган ва унинг отаси бизга сим қоққан эди. Қарийб бир йилга яқин вақтдан сўнг бизга сим қоққан собиқ маҳбус яна диндор маҳбусларнинг сараланиши-ю, эътиқодидан қайтмаганларнинг аёвсиз қийноқларга солиниши ҳақида сўзламоқда.

“Бу бор гап”.

Озодлик: Сиз ҳеч шунақа суҳбатда бўлганмисиз?

“Бўлганман. Шу биродарлар билан бирга ўтирганман. Уларнинг 159 деган моддаси борку ўзи. Уларга шу ерда қайтиш қайтмаслик тўғрисида савол бериладида”.

Озодлик: Қайтмаса нима бўлади?

“Қайтмаганларнинг ичида касал бўлиб, ўлиб кетганларни кўрганман. Уриб, устидан совуқ сув сепиб азоб беришган. Ҳатто Тошкентда МХХ ертўлаларида аëлларига зўрлик қилганлар. Булар Оллоҳни танигандан кейин оилавий намоз ўқишадику. Тошкентда аëлларнинг сочларини қирқиб зулм қилишган. Яқинда синглим чиқиб келди шу ëқдаги қамоқхонадан”.

Озодлик: Нима синглингизни ҳам қамашган эдими?

“Ҳа”.

Озодлик: Уни нима деб қамашган эди?

“Синглимни наркотик модда сотиш айби билан қамашган”.

Озодлик: Ўзи наркотикка алоқаси бормиди?

“Йўқ алоқаси йўқ эди. Оиладан тўртта одам қамоқда ëтганмиз бизлар. Мен ўзим яқинда чиқиб келдим. Кейин Россияга келдим. У ëқда юрсам яна қамашади мени. Чунки биз бизнес қилган пайтимизда бойиб кетганмиз. Машиналар олиб, етим-есирларга, одамларга камаз-камаз ун, шакар тарқатиб эҳсон қилганмиз. Биз улуш бериб, улар учун ишлашимиз керак бўлган. Биз уларга улуш бермаганмиз. Шундан кейин бизларни ишлашга қўйгани йўқ булар”.

Озодлик: Булар деганингиз ким?

“ИИВ ходимлари. Уларга ҳам улуш беришимиз керак бўлганда”.

Озодлик: Мол-дунë нима бўлди?

“Мол-дунë ҳаммаси йўқ бўлиб кетди. Бир сўм ҳам қолмади. Мана ҳозир қария отам 82 ëшида уйда ëтибди. Соғлиги яхши эмас. Бир-икки сўм топамизми деб Россияга келдик мана. Бир ой бўлди келганимизга, ҳали ишлаган ишимиз йўқ. (кулиб) Бу ерда ҳамма фирибгарлар йиғилган экан”.

Собиқ маҳбуснинг 44 ёшга киргунга қадар Ўзбекистонда кўрган-кечирганлари ҳақидаги ҳикояси ҳали анча узоқ. Содда айтганда, айтиб адо қиладиган эмас. У Ўзбекистон ёхуд хориж нашрларида номи тилга олинган сиёсий маҳбуслардан айримлари билан бирга ўтирган ҳам. Ана шу кечмишларини ўзича таҳлил қилар экан, собиқ маҳбус аччиқ алам билан сўнгги гапини айтди:

“Бу ëлғончи дунë ўтиб кетади лекин қиëматда бунинг жазоси қаттиқ бўлади. Бизлар бир Худодан қўрқамиз, бандасидан эмас. Буларни қилаëтган ишларининг ҳаммаси, ўрмон қонуни”.

"Газни хорижга сотиб¸ таппи ëқар ўзбегим... "

Навбатдаги қаҳрамонимиз газу-нефтга бой Ўзбекистонда газга ёлчимаётган ўзбекистонлик тингловчи.

Жиззах вилоятининг Зарбдор тумани аҳолиси бу йил қишда умуман газсиз қоладиган кўринади, дейди у. Ҳозирдан бошлаб, расмийлар одамларга уйларига буржуй печка қўйдириш ва ўтин-кўмир ғамлаб олишни маслаҳат бермокда.

Озодлик радиосига сим қоққан Бўстон шаҳарчасида яшовчи Анорбой Ҳолиқулов шундай дейди:

“Ҳозир ҳар бир уйларга варақа тарқатаяпти. Қишга ўтин печка қур, биз газ таъминотини тўлиқ таъминлаб бера олмаймиз, қишки мавсумга ўтин, печка, кўмир олишларингизни сўраймиз деб айтишаяпти. Бу Зарбдор тумани газ бўлими томонидан тарқатилаяпти. Бойлигимиз йўқ экан. Бизга бир гапни айтади: четга экспорт қилаëтган экан. Лекин булар халқнинг таъминотини умуман ўйлаëтгани йўқ ҳозир”.

Анорбой аканинг айтишича, аҳоли газнинг пулини тўлаяпти, лекин газдан дарак йўқ.

“Улар газ учун аҳолидан пулни ойма-ой йиғиб олаяпти. Лекин газ таъминоти йўқ. Эрталаб чойнакни қўйсангиз, кечқурунга илийди. Халқ дардини айтадиган бўлса, “Сен пул тўламагансан. 5, 6 йиллик қарзингни кўтараман” деб дўқ қилишни бошлайди”.

Шу кунларда аҳоли яна ваҳимага тушиб колган, ҳамма ўтин йиғиш билан овора, дейди Анорбой ака:

“Бу йил “Ëшлар йили” дейилди лекин ëшларимизнинг ҳаммаси ўтин йиғиш билан овора. Дарахт кесиб юрибди, чироққа солярка излаб юрибди. Қуриган дарахтларни 5-6 мингдан сотиб олаяпмиз, кўмир излаяпмиз”.

Давлатга оқ-олтин етиштириб берадиган халқнинг туни зулматга айланиб боряпти. Чунки, ҳатто, электр энергияси ҳам берилмайди, дейди Анорбой ака:

“Чироқни кечқурун овқат маҳали ўчиради, кейин эрталаб бир соат ëқади. Биз шу ҳолат бўйича электросетга мурожаат қилдик. Улар “Биз ҳокимнинг буйруғини бажарамиз. Ўчириб ташла деб айтган” дейди. Ҳатто вилоят ҳокими агар пул тўламаса, симëғочдан суғуриб ташла, дебди. Лекин халқ тўлаяпти. Чироққа, газга болаларнинг пулидан олманглар деган. Лекин булар нафақа ва болаларнинг пулидан тўлиқ олаяпти. Тўлайсан, бир ойликни ўтказасан деб туриб олади. Ҳозир оддий бечора деҳқон қул бўлиб қолди. Шерали Жўраев “Ўз газини Уралга бериб, таппи ëққан ўзбегим” деб жуда зўр айтган эди. Шерали Жўраевдан ҳозир шу ашуласини қайтадан айтишини талаб қилай десам имконият йўқ энди. Ҳозир шунинг айтгани келди. Охунжон Мадалиевнинг “Танклар пахта теради” деган ашуласи бор эди. Мана ҳозир биринчи ноябргача деган эди. Энди эса яна ўнинчи ноябргача халқни пахтада ушлайдиган бўлди. Коллежлар, мактабларнинг ҳаммаси ëмғир ëғса ҳам, қор ëғса ҳам пахтада”.

Жиззах вилоятининг Зарбдор тумани аҳолиси кўнглини бу йил қиш олдидан қоплаган хавотирлар – газ ўрнига тезак, чироқ ўрнига шам ёқишга маҳкум ҳаёт қайғуси ҳақида жиззахлик тингловчимиз фикрларини тингладингиз.

Ўзбекистонда туғилмаган ўзбек одам эмасми?

Ҳали шӯролар даврида қуда-анда тутинган ӯзбеклар ва тожиклар бир кун келиб иттифоқ тарқалиб кетиши ва мустақилликка эришган республикаларда қўшни давлатдан келин бӯлган аёллар бошида калтак синишини хаёлига ҳам келтирмаган бӯлса керак.

Тожикистондан Ӯзбекистонга келин бӯлган, аммо, 20 йил давомида ӯзбек фуқаролигини ололмаган бир аёлнинг синглиси таҳририятмизга мурожаат қилди.

У милиционерлар азоблаган опасининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, Ӯзбекистон ва Тожикистондаги ҳуқуқ-тартибот идоралари эшигини қоқа-қоқа толиққани, ва ниҳоят, Озодлик эфири орқали арзини икки давлат ҳуқуқ-тартибот идораларига етказишга уринаётганини айтди.

Жумагул исмли бу аёл билан Тожикистондаги мухбиримиз Гулнора Равшан суҳбатлашди.

Бугун эрталаб иш кабинетимизга кириб келган Жумагулнинг ҳикоясидан маълум бўлишича, унинг опаси Розия Махсумова оиладаги иккинчи қиз фарзанд. 1988 йил Тожикистоннинг Рўдакий туманидан Сурхондарë вилоятининг Узун туманига Рўзибой Юсуповга турмушга чиққан. Ундан икки фарзанд: бир ўғил, бир қиз кўрган. 2004 йилга қадар қайнонаси Ойсоат опанинг хўжалигида қайдда турган Розияга маҳалла кенгашидан участка ери берилгач, уй солишга тараддуд кўради. Аммо унга ажратиб берилган ернинг 10 сотихи қўшниси Абдулҳаким томонидан ўзлаштирилиб олингандан сўнг, Розия ҳаëтида қора ҳошия пайдо бўлади. Розия ва унинг турмуш ўртоғи Рўзибойнинг ерни қайтариб бериш борасидаги талаблардан натижа чиқмагач, бу ишга маҳалла милиционери Саъдулла Акромов аралашади.

“Аммо участка нозири ҳамма ишни қўшниси фойдасига битиргандан кейин опамга дағаллик билан “Сен Тожикистон фуқаросисан. Бу ëқда катталик қилишга сенинг ҳаққинг йўқ” деб, ҳеч қандай сабабсиз опамни паспортини олиб қўяди. Бир-икки ой қийнайди”, дейди Жумагул.

Хуллас, бу орада можаро анчагача боргач, Розия қўшниси ва ҳуқуқ идора ходими томонидан бир неча маротаба калтакланади. Калтак жонига теккан Розия Тожикистондаги синглисини чақириб олади.

“Менга телефон қилиб “Жумагул мен шунақа шароитга тушганман, келгин” деди. Мен бориб хабар олсам, опамни кўзлари кўкарган, тишлари қонаган”.

Опасини Узун туман касалхонасига олиб борган сингил уларга тиббий ëрдам кўрсатилмаганини, аксинча касалхона врачи Холбозор Абдуназаров Узун туман ички ишлар бўлимига қўнғироқ қилиб, Ўзбекистон паспорти бўлмаган тожик фуқароси докторлар текширувидан ўтиб, милиция ходими устидан шикоят қилмоқчи эканлигини маълум қилади. Зум ўтмай Узун туман ИИБ хизмат машинасида участка нозири Саъдулла Акромов етиб келади ва қўярда-қўймай Розиянинг ўзини бўлимга олиб кетади. Унинг ортидан ИИБга борган Жумагул мана буларни айтиб берди:

“Биз кечаси ИИБ бўлимининг ëнида эдик. Ҳар хил шовқинлар билан овоз чиққанида эшикни тақиллатамиз лекин очишмайди. Бизга очмайдида, бунинг устига биз Тожикистон фуқаросимиз. Хуллас участка нозири билан милиция бошлиғи бир кеча опамни қийнаган. Йиғлашлар, қийқириқлар эшитиларди. Мен чидаб тура олмадим. Опамнинг турмада ëтганларга раҳми келди. Ўзи бир кечада худди 10 йил турмада ëтгандай бўлиб чиқди. Опам “Турган жойим қоронғи, ерга оëғимни қўя олмайман. Ҳамма жой цемент бетон, битта ҳам очиқ жойи йўқ” дейди.

Озодлик: Демак участка нозири дўппослади деяпсиз. Шуларни бир экспертиза қилдириб, каттароқ идораларга мурожаат қилмадингизларми?

“Биз биринчи навбатда Узун тумани прокурори, судяси, МХХси ҳатто Каримовгача ариза ëздик. Лекин участка нозирини бир марта ҳам чақиртиргани йўқ”.

Жорий йилнинг август ойи охирида Тожикистонга депортация қилинган Розия Махсумованинг саломатлиги анча оғирлиги сабабли, унинг номидан идорама-идора шикоят аризаси кўтариб юрган, аммо ҳеч бир идорадан ижобий жавоб ола олмаган Жумагулнинг охирги умиди, БМТнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлимидан экан.

ЭСЛАТМА: Ушбу саҳифага қўйилган материаллар тингловчилар мурожаатининг соф баёнига асосланган. Таҳририят ушбу мурожаатлар мазмуни учун жавобгар эмас.

XS
SM
MD
LG