Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:34

Қийноқлар ороли


Октябр-ноябр ойларида Европа бўйлаб сафар қилаëтган Мўътабар Тожибоева Ўзбекистон қамқохоналаридаги вазият ҳақидаги ҳикояларини халқаро жамоатчиликка ҳам сўзлаб бермоқда.
Октябр-ноябр ойларида Европа бўйлаб сафар қилаëтган Мўътабар Тожибоева Ўзбекистон қамқохоналаридаги вазият ҳақидаги ҳикояларини халқаро жамоатчиликка ҳам сўзлаб бермоқда.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли, икки йилу саккиз ой Қўйлиқдаги аëллар қамоқхонасида жазо ўтаган Мўътабар Тожибоева қамоқда кўрган кечирганларини Озодлик билан ўртоқлашмоқда.

Германияга даволаниш учун келган Мўътабар Тожибоеванинг қамоқхона ҳикоялари талай. Қамоқхонанинг тош деворлари ортида нима бўлаëтганлигини эл билсин, дейди Мўътабар Тожибоева. Озодлик таҳририяти Тожибоеванинг ҳикояларини бир-бир эълон қилишни давом эттиради.

Олдинги эшиттиришларимизда Мўътабар Тожибоева ўзининг қамоқдаги бир куни ва уни қамоқхона барзангилари қандай калтаклаганлигини гапириб берган эди. Эътиборингизга ҳавола қилаëтганимиз иккинчи ҳикояда Мўътабар Тожибоева ўзига зулм ўтказган мулозимлар ва қамоқхона нозирлари исмларини номма-ном келтиради.

Ташаббускорлар


- Буларни мен айта оламан. Мени ноқонуний йўл билан қамоққа олинишимда жонбзолик кўрсатган, ўша пайтда Фарғона вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган, ҳозир Самарқандда ишлаëтган Ориф Аҳмаджонов.

Айнан мен қамалган пайтимда жуда ҳам ташаббускорлик билан, жон-жаҳди билан ҳисса қўшган, кейинчалик орадан икки ой ўтгандан кейин пора олишда воситачилик қилганлиги учун қамоққа олинган Фарғона вилояти ИИБнинг терроризмга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи бўлган Ҳошим Азизов-

Ноқонуний, адолатсиз суд қилиб, бор ҳақиқатдан кўзини чирт юмган жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди судяси Абдулазиз Йўлдошев, апелляция судини олиб борган Дилмурод Тожибоев, апелляция судини олиб борган яна иккитасини исми эсимда йўқ-

Кейин менга нисбатан қийноқлар қўллаган Фарғона шаҳридаги ўнинчи сонли тергов ҳибсхонаси бошлиғи Адҳам Узоқов, ўша пайтда Фарғона шаҳар ИИБ бўлим бошлиғининг ўринбосари бўлган ва бугунги кунда Марғилон шаҳар ИИБ бўлими бошлиғи бўлган Камолиддин Обидов, УЯ 64/7 жазони ижро этиш муассасаси аëллар колониясининг собиқ раҳбарлари Светлана Сбродова ва Раъно Тошхўжаева, милиция офицери Светлана Карнаухова, тезкор бўлим ходими Музаффар Қаршиев, Фарғона вилояти маъмурий органлари мансабдорларининг буюртмасини бажарган муассаса вакили Гули Аҳмаджонова, диний эътиқод ва сиëсий мотивлар билан қамалган маҳбусларга гестаподек муносабатда бўладиган, ҳайвоний муносабатда бўладиган милиция майори Римма Рустамова.

Қора курсига даъвогарлар

Назира Аҳмедова исмли асли кўча қизи бўлган назоратчи бор эди. Биласизми, аëллар колониясида кўпроқ назоратчи вазифасига енгилтабиат, жамиятда ҳурмат-эътиборга эга бўлмаган қизлар олинади. Лекин ҳаммаси ҳам эмас. Аммо Назира Аҳмедова айнан кўча қизи, енгилтабиат қиз эди. У маҳкумаларни истаганча ҳақорат қилиши мумкин. Унга қанақадир эркин йўл очиб берилган.

ДПНКда ишлайдиган Светлана Петровна, фамилиясини эслай олмайман, Ольга Пшеничникова, ўзининг алкашлиги билан танилган Елена Егориналар шахсан менинг ўзимга нисбатан жуда ҳам кўп ҳайвоний муносабатда бўлишган. Менинг жуда кўп марта касал бўлиб, оғир аҳволга тушиб қолган бўлишимга қарамасдан менга қасд қилиб тиббий ëрдам кўрсатишдан бўйин товлаган муассаса бош врачи Юля Кумарина. Булар, мен умид қиламан, келажакда қора курсиларда ўтириб қилган жиноятлари учун жавоб беришади.

Ласточка

- Шундай бўлганки, 2006 йилнинг 27 август куни маҳкума Нажмиддинова Муқаддам менга интизомий жазоларим ечилиши учун ëрдам беришини, бунинг учун шу муассаса раҳбари Сбродовага пул беришим кераклигини ва “Шу борган одамга 2000 доллар пул беринглар” деб хат ëзиб беришимни айтди.

Шу ўринда Нажмиддинова Муқаддамнинг кимлигини айтиб ўтай. Унинг кличкаси яъни тахаллуси “Ласточка”, яна битта тахаллуси “Зонанинг участкавойи”. Унинг тахаллуси Ласточка, қалдирғоч бўлгани билан аслида у аëлни кўрсангиз ўта хавфли рецидивист. Россия давлатига ишлаш учун борган ўзбекларнинг ишлаб топган пулларини талончилик йўли билан ўзлаштирувчи жиноий гуруҳнинг раҳбари бўлган. Оғирлиги камида 100, 120 килограмм, бўйи камида 2 метрга боради.

Мен хат ëзишдан бўйин товлаганимдан кейин мени бўғиб “Барибир ëзиб берасан. Собиқ судя Комила Абдувалиева бу ерда бемалол яшаш учун ойига 1000 доллардан тўлар эди. Сен ҳам тинч яшаш учун барибир тўлайсан” деб хат ëзишга мажбур қилаëтган пайтда, Манзура Ашурбоева, ҳали айтиш эсимдан чиқибди, у ҳарбий наряд бошлиғи, ва Светлана Петровна келиб мени тинтув қилишди ҳамда тушунтириш хати ëзишимни талаб қилишди. Мен бўлган нарсани ëзиб бердим. Шундан кейин эртаси куни мени чақиришди ва Нажмиддинова Муқаддамни урганликда айблаб, 10 кунга изоляторга қамашди.

Аслида нима бўлган эди?

- Аслида қамоқхона раҳбарияти оила аъзоларимга 2000 доллар пул сўраб хат ëзишимни талаб қилганда мен Нажмиддинова Муқаддамга қаршилик кўрсатганман. Мени эса Нажмиддинова Муқаддамни уриб калтаклаганликда айблаб қамашди. Айнан шу август ойининг охири, сентябр ойининг боши жуда совуқ келди. Менга кийим-кечаклар олиш таъқиқлаб қўйилгани учун на оëғимда пайпоғим, на устимда иссиқ кийимим бор эди. Ҳаво совуқлиги ва мен ўтирган изоляторнинг деразалари очиқлиги учун, менга 2003 йилда уюштирилган аварияда чап оëғим жароҳат олган эди, совуқ таъсир қилиб, мен оқсаб қолдим. Изолятордан чиққанимда оқсаб юрган эдим.

Мўътабар Тожибоева 2007 йилнинг 2 август куни қамоқдан йўллаган хатида ўзига қўлланилаëтган қийноқлар ҳақида ëзган ва ҳаëтининг хавф остида эканини билдирган эди.
Еттинчи сентябр куни кечқурун изолятордан чиқдим. Саккизинчи сентябрдан бошлаб мени ишлаб чиқариш зонасига қўйишди. Тўққизинчи сентябр куни эрталаб соат олтидан учгача ишда ишладим. Соат учдан ўнгача эса навбатчиликка қўйишди. Навбатчиликда на сув ичиш учун, на қорин тўқлаб олиш учун ҳеч қаерга кетмайсиз. Бир жойда турасиз, қанақа топшириқ берилса, бажарасиз. Менга отрядга бориб битта маҳкумани чақириб келишимни айтишди.

Оқсоқланиб отрядга кириб борсам, милиция офицери Карнаухова Светлана ва режим бўлимининг бошлиғи Шуҳрат Субанов бизнинг отрядимизда экан. Мен бориб маҳкумани чақириб, пастга зинапоядан тушаëтганимда Карнаухова сув билан тўлдирилган ярим литрлик шампунь қутисини менга қаратиб отди. У менинг қорнимнинг тепасига келиб тегди. Мен ўзимни ëмон ҳис қилиб ўтириб, ëтиб қолдим. Дарров аëллар келиб, юзимга сув сепиб ўзимга келтиришди. Тиббий ëрдам кўрасатиш учун аëллар мени кўтариб олиб боришганида, Карнаухова тарафидан жароҳат етказилганини эшитган Ҳанифа исмли ҳамшира тиббий ëрдам кўрсатишдан бош тортди. Аҳволим оғирлашиб қолганидан кейин барибир кечқурун оғриқ қолдирувчи уколларни қилишга мажбур бўлишди. Жазони ижро этиш муассасаларида қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат қилувчи Тошкент шаҳар махсус прокурори Романов номига зудлик билан тиббий экспертизадан ўтказилишимни ва менга тан жароҳати етказган Карнауховага нисбатан чора кўрилишини сўраб, тинимсиз равишда талабнома ëза бошладим. Бир неча марта очлик эълон қилдим. Лекин менинг бу талабномаларим умуман инобатга олинмади ва Карнаухова Светлананинг менга нисбатан тазйиқ ўтказишига, бошқа маҳкумаларнинг менга нисбатан қайраб турли қийноқлар қўлланилишига имконият яратиб берилди.

Қийноқлар

- Мисол учун бир куни Карнаухова хонасига чақирганда, зонадаги энг ашаддий ҳисобланадиган, ашаддий деб танилган Илона Гаспарян мени Карнаухова ëнида чидаб бўлмайдиган гаплар билан барандан олиб баранга солиб “Сен қўйсан” деб шунақа ҳақорат қилиб, силталаб уришга ҳаракат қилди. Уни тўхтатиш учун ҳеч қандай ҳаракат қилингани йўқ. Бунақанги ҳолатлар жуда кўп бўлган. Ҳаттоки шу БМТнинг ва ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги ваколатхоналарига менинг тақдирим билан қизиқиб судларда доим вакил жўнатишгани учун миннатдорчилик билдириб бундан кейин ҳам менинг тақдиримга бефарқ бўлмасликларини илтимос қилиб ëзган хатимни олиб туриб, “Чë, ты думаеш ООН приезжает за тобой?” деб ҳалиги хатимни йиртиб, бетимга ирғитган ҳолатлари кўп бўлган.

Биринчи ноябрда мени “ишдан бўйин товлади” деб қамашган пайтида, дарҳол очлик эълон қилдим. Икки кундан кейин, учинчи куни улар мажбурий овқатлантиришлари керак. Мени овқатланишга мажбурлаш учун қўлимга кишан солиб, тепага осиб қўйишди. Менинг қўлимни осиб қўйишганидан кейин 3 соатми, 4 соатми ўтгандан кейин бир маҳал менинг камерам очилиб, Карнаухова 10, 12та, юридик институтнинг талабалари деб эшитдим, йигитларни етаклаб олиб кириб, “Давлатга қарши ҳаракат қилганнинг аҳволи мана бунақа бўлади” деб ҳалигиларга ҳайвонот боғидаги жонзотни кўрсатгандек кўрсатди. Юридик институтда амалдорларнинг боласи ўқишини ҳаммамиз биламиз. Шу пора эвазига кирадиганлар. Ҳалиги йигитлар мазах қилишаяпти-да. “Бу кичкина аëлга нимага бундай муносабатда бўляпсизлар?” деб бирортаси сўрагани йўқ. Улар чиқиб кетгандан кейин Карнаухова “Мана кўрдингми. Биз хоҳлаганимиз учун талабалар изоляторга кира олаяпти, хоҳламаганимиз учун лицензияга эга бўлган адвокатинг зонанинг эшигидан ўта олмаяпти” деди.
XS
SM
MD
LG