Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:39

Ўзбекистонда ОИТВ шарпаси кезмоқда


Дунëнинг аксар давлатларида қай сабабга кўра ОИТВ юққанидан қатъий назар¸ давлат бу маъшум вирусни орттирган болакайларни ўз махсус қарамоғига олади.
Дунëнинг аксар давлатларида қай сабабга кўра ОИТВ юққанидан қатъий назар¸ давлат бу маъшум вирусни орттирган болакайларни ўз махсус қарамоғига олади.

Ўзбекистон ҳукумати Наманган ва Андижонда ОИТВ тарқаганига оид маълумотни қанча сир тутишга уринмасин¸ бу воқеа ҳам мамлакат ичкариси¸ ҳам ташқарисида жиддий хавотирларга сабаб бўлмоқда.

Дастуримиз бошида¸ айрим тиббиëт янгиликлари.

Тамаки чекиш ва спиртли ичимликликлар истеъмол қилиш халқум ва ошқозон саратoнининг айрим кўринишларига олиб келиши мумкин, демоқда ҳолландиялик тадқиқотчилар.

Саратон касалликларини тадқиқ қилиш Америка марказининг Вашингтонда ўтказилган анжуманида тақдим этилган тадқиқот натижаларида шундай дейилади. Алкоголни суистеъмол қилганларда ҳам саратоннинг айни кўринишлари пайдо бўлиши эҳтимоллари бошқаларга қараганда юқорироқдир, дейди олим.

Ҳолландиядаги Масачусетс университети профессори¸ тадқиқотга раҳбарлик қилган доктор Жесси Стивенс¸ нафақат ҳозир чекаётганлар, балки чекишни ташлаганлар ҳам бу касалликларга мойил бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

Саратон касалликларини тадқиқ қилиш марказига кўра, кейинги 60 йил давомида Қўшма Штатлар ва Европада халқум ва ошқозон саратони кўрсаткичлари кескин камайган. Лекин дунёнинг бошқа минтақаларида саратоннинг бу кўринишлари, саратондан вафот этиш ортидагиасосий омил бўлиб қолмоқда.

Тадқиқотчилар тамаки ва алкоголнинг халқум ва ошқозон саратонига таъсирини аниқлаш учун 120 мингдан ортиқ ҳолландияликларнинг йигирма йилдан ортиқроқ вақт муддатига тўғри келадиган касаллик тарихини ўрганиб чиқишди.

Шу пайтгача тамаки ва алкогол истеъмоли саратоннинг бошқа турларига сабаб бўлиши маълум эди. Масалан¸ кашандаларда ўпка саратони хавфи 25 баробар, оғиз бўшлиғи саратони хавфи эса 10 баробар кўпроқ бўлади.

Тиббиёт муассасасига соғ келиб, 15 дақиқадан кейин ОИТВ билан чиқиб кетишнинг ўзбекча усули...


Бугунги суҳбатимизнинг асосий мавзуси ўтган ҳафта Наманган вилоятида одам иммунитет танқислиги вирусининг оммавий юқтирилишга оид воқеадир.

Бир ҳафта аввал Намангандаги касалхоналардан бирида 40дан ортиқ болага ОИТВ инфекцияси тарқагано ҳақидаги хабарлар пайдо бўлганидан бери, бу воқеа атрофидаги вазият, Ўзбекистон расмийларининг уринишлари туфайли, ноаниқлигича қолмоқда.

Бу хабарни кўплаб манбалар, жумладан, Озодлик радиосига исми ошкор этилмаслиги шарти билан гапирган расмийлар¸ тасдиқлаганига қарамасдан, Наманганда мудҳиш воқеа содир бўлгани расмий даражада инкор қилинмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати раҳбари Светлана Ортиқова¸ Озодлик билан суҳбатда¸ Наманган вилоятида ОИТВнинг оммавий юқтирилганига оид хабарлар ҳақиқатдан йироқ эканини таъкидлади.

- Бу гапларда ҳеч қанақа асос йўқ. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимида текширишлар ўтказилган. Прокурорлар томонидан қонун ижроси устидан назорат олиб борилган. Шу назорат олиб бориш натижасида жиддий қонун бузилиш ҳолатлари аниқланган. Шу бўйича жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги даврда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. ОИТС касаллигига тааллуқли ҳеч қанақа фактлар аниқланмади.

Бош прокуратура расмийси Ортиқова Наманган вилоятида соғлиниқ сақлаш бошқармаси расмийларига нисбатан очилган жиноий ишнинг ОИТВнинг оммавий юқтирилишига алоқаси йўқ, деди.

Озодлик билан исми ошкор этилмаслиги шарти билан гаплашган Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги эпидемиология бош бошқармасининг ходими эса, Наманганда ҳақиқатан ҳам ОИТВга оид фавқулодда воқеа рўй бергани, ОИТВ вируси аниқланганлар орасида фақат болалар эмас, катталар ҳам бўлганини тасдиқлади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийси бедаво вируснинг 43 эмас, 65 кишига юққани, улардан 28 нафари ёш бола бўлганини таъкидлади¸ айни пайтда бу эпидемиянинг бир вақтнинг ўзида эмас¸ тўққиз ой муддат давомида қайд этилганини қўшимча қилди.

Ўзбекистон расмийларининг бу воқеага оид бир-бирига зид маълумотларни бераётгани шубҳаларни уйғотмай қўймайди, албатта.

Айни пайтда, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлигининг ОИТВ муаммоларига оид лойиҳа ва дастурлари учун катта грант ажратган Глобал жамғарма вакили Намангандаги воқеадан хабари борлигини айтди. Глобал жамғарманинг Ўзбекистонга 24 миллион АҚШ долларига тенг грант лойиҳаларини назорат қиладиган ходими Валерий Чернявский ўтган ҳафта Ўзбекистонда бўлиб қайтган. У Озодлик билан суҳбтада бу воқеа ҳақиқатан ҳам рўй берганини мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари шахсий суҳбатлар давомида тасдиқлаганини айтди.

- Ҳа, бу ҳақда менга Глобал жамғарманинг грантини оладиган асосий ташкилот ходимларидан бири гапириб берди. Афсуски, бу ҳолат кутилган эди, чунки хабарингиз бор, 2006-2007 йилларда қўшни Қозоғистон ва Қирғизистонда ҳам худди шундай воқеалар рўй берди. Ўзбекистондаги воқеага келсак, билишимча ўнлаб болаларга одам иммунитет тақчиллиги вируси юқтирилган. Бунда 24 билан 82 орасидаги турли рақамлар айтиляпти. Лекин асосий гап бундамас, чунки касалланган ҳар бир киши, айниқса¸ ёш болага бу касалликнинг юқтирилиши оилалар бошига тушга катта кулфатдир.

Сиз билан суҳбат фурсатидан фойдаланиб, уларга биз бу ҳолатдан чуқур ташвишда эканимиз ва ОИТВ ҳукм эмаслиги, дунёда миллионлаб одам бу касаллик билан оддий ҳаёт кечираётганини айтмоқчиман. Ҳозирги вазиятда асосий қилинадиган иш бу беморлар билан бир муассасада даволанган одамларни топиб, уларни ҳам текширишдир. Шунингдек, ОИТВнинг оммавий юқтирилишига нима сабаб бўлганини аниқлаш керак, дейди Глоба жамғарма вакили.

ОИТВнинг касалхоналарда оммавий юқтирилгани билан боғлиқ ҳолатларда қўшни давлатлар расмийлари бундай текширув ўтказишда ёрдам сўраб¸ Американинг Юқумли касалликларни назорат қилиш маркази каби ташкилотларига мурожаат қилганини айтар экан Глобал жамғарма вакили, Ўзбекистон ҳукуматининг воқеани сир сақлаш уринишларини тушунмаяпман, дейди.

- Қозоғистон ва Қирғизистондаги воқеаларда текширувлар жуда юқори савияда ўтказилди. Агар ўзбекистонлик шифокорлар Қозоғистон ва Қирғизистондаги ҳамкасбларига мурожаат қилишганда, менимча, улар тажрибали мутахассисларни ёрдамга юборган бўларди. Афсуски, ҳозирча бундай бўлаётгани йўқ. Ўзбекистон томонининг ҳаракатларини баҳолаш қийин, лекин Қозоғистон ва Қирғизистон тажрибаларидан келиб чиқиб, бир нарсани айтишим мумкин, бундай ҳолларда соғлиқни сақлаш ва бошқа мутасадди идоралар тажрибали мутахассисларни қанчалик тезроқ жалб этса, касаллик янада тарқалишининг олди шунчалик тезроқ олинади.

Чунки агар эпидемиянинг сабаби, манбаси, у кимдан юққани тезроқ аниқланмаса, воқеанинг яна такрорланиши эҳтимоли сақланиб қолади. Бундан ташқари, хорижлик ҳамкасблар билан ўтказиладиган бу каби текширувлар Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими учун ҳам фойдали бўлади. Энг муҳими, оддий одамларда тиббиёт муассасасига соғ келиб, 15 дақиқадан кейин ОИТВ билан чиқиб кетиш қўрқуви бўлмаслиги таъминланиши керак, дейди Глобал жамғарма расмийси Чернявский.

Республика эпидемиология бош бошқармасининг вакили, Наманганда ОИТВ инфекцияси бир вақтнинг ўзида эмас, тўққиз ой мобайнида текширув учун олинган қонлар таҳлили натижасида 65 кишида аниқланганини таъкидлади.

Андижон вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг ўзини Мамажонов, деб таништирган ёрдамчиси Озодлик мухбири билан суҳбатда Наманганда 40дан ортиқ болага ОИВТнинг юқтирилиши сабабларига оид ўз версиясини гапириб берди.

- Ҳа хабарим бор. Биламан.

Озодлик: 40дан зиëд гўдакка ОИТС юқтирилгани ҳақидаги хабарлар.

- Энди у қуйилган препарат¸ доридан бўлган дейилаяпти ҳозирча. Наманганда бу хабар бўлиши билан гумон қилинган дорини вилоят бўйича 2007 йил 12 ой давомида ва 2008 йил 6 ойликни энди якунлаганда содир бўлди. Шунинг учун вилоятда ҳаммасида текширув ўтказилган. Ўша препарат қуйилган беморлар болами ким бўлишидан қатъий назар қайтадан ОИТС учун қон олиб текширилган.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлигида Андижон бош врачи ёрдамчиси Мамажоновнинг бу гапларини “бўлмаган гап”, дея рад қилишди.

Ўзбекистондаги ОИТС дастурлари билан яқиндан таниш Глобал жамғарма вакили ҳам, ёрдамчи Мамажонов воқеадан яхши хабардор бўлмаса керак, дейди.

- Йўқ, албатта, бу бўлмаган гап. Бу гапни воқеадан жуда йироқ ёки бу масалада малакасиз бир одам айтиши мумкин. Мен сизга аниқ айтаман¸ Намангандаги воқеада ОИТВнинг юқтирилишига икки ҳолат сабаб бўлган бўлиши мумкин. Биринчи ва эҳтимолга яқин версия бу¸ ОИТВ инфекцияси бўлган донордан олинган қоннинг касалларга қуйилиши бўлиши мумкин. Бу инфекция одам қонига тушганида бир неча ой давомида бу вирус қонда кўринмаслиги мумкин. Ана шу даврда бу донор топширган қон ишлатилган бўлиши эҳтимолга яқиндир. Иккинчи йўли бир марталик шприцларнинг қайтадан ишлатилиши эпидемияга сабаб бўлган бўлиши мумкин, дейди Чернявский.

Ўзбекистон бугунги кунда ОИТВ/ОИТС касаллигининг тарқалиш суръати бўйича дунёда биринчилардан бўлиб турибди, дейди Глобал жамғарма вакили.

- БМТнинг ОИТСга қарши кураш идорасининг 2007 йилги ҳисоботи¸ Ўзбекистонда касаллик тарқалиш суръатлари дунё бўйича энг юқори ўринлардан бирида эканини аниқ кўрсатди. Бунинг кўплаб сабаблари бор, бу ҳақда аввал ҳам кўп гапирганмиз. Асосий омиллардан бири сифатида Ўзбекистоннинг Афғонистондан Россия ва Ғарбий Европага олиб ўтиладиган наркотиклар учун асосий йўналиш бўлиб қолаётганини қайд этиш мумкин. Лекин, Ўзбекистон ҳукуматининг вазият жиддий эканини тўғри тушунаётганини ҳам алоҳида қайд этиш керак. Масалан¸ бугунги кунда Марказий Осиё бўйича анти-ретровирус препаратлари билан ОИТВдан даволанаётганлар сони икки ярим минг кишини ташкил қилса, уларнинг бир ярим мингги Ўзбекистонга тўғри келади, дейди Чернявский.

Ўзбекистонда одам иммунитет тақчилиги вируси ва орттирилган иммунитет тақчиллиги синдроми муаммоси билан кураш мақсадларига катта маблағлар, жумладан халқаро ташкилотларнинг ёрдами жалб қилинган.

Хусусан, Глобал жамғарма 2004 йилда Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлигига бундай дастурлар учун беш йилга мўлжалланган 24 миллион АҚШ долларига тенг грант берган. Жамғарма вакили Чернявскийнинг айтишича, келаси йилдан бошлаб Ўзбекистон ҳукуматига яна 80 миллион АҚШ долларига тенг грант берилиши мумкин.

Мавзу сўнггида ОИТВ/ОИТСга оид қисқа маълумот бериб ўтсак.

Одам Иммунитет Тақчиллиги Вируси қонга тушгач, охир-оқибат орттирилган иммунитет синдромига айланади. Бу синдром, беморни бошқа кўплаб касалликларга мойил қилиб қўяди ва организмнинг касалликлар билан курашиш қобилиятини мутлақ ишдан чиқаради. Оқибатда, бемор ўша касалликлардан нобуд бўлади.

ОИТВ инфекцияси одатда вирус билан зарарланган қоннинг бошқаларга қуйилиши, қайтадан ишлатилган шприцлар, яхши стерилланмаган тиббий анжомлар, масалан, стоматология ёки гинекология бўлимларида, жинсий алоқа орқали, ҳомиладор аёлдан туғилажак болага юқиши мумкин.

Бунда кишилар кучоқлашганда ёки қўл бериб сўрашганда, кийимлар орқали, биргаликда овқатланганда, йўталганда ёки акса урганда ва ҳашоратларнинг чақиши орқали ОИТВ инфекцияси юқмайди.

ОИТВ юққанини бугун Ўзбекистон бўйлаб вилоят ва шаҳарларда ташкил қилинган ОИТС марказлари қон таҳлили орқали аниқлаб бериши мумкин.
XS
SM
MD
LG