Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:34

"Маърифатли ўзбек миллатига нима бўлди?"


Туркия ҳукумати виза режимини бекор қилганидан сўнг¸ тили¸ дини ва маданияти бир бўлган демократик Туркия аксар ўзбекистонликлар учун янги меҳнат бозорига айланиб бормоқда.
Туркия ҳукумати виза режимини бекор қилганидан сўнг¸ тили¸ дини ва маданияти бир бўлган демократик Туркия аксар ўзбекистонликлар учун янги меҳнат бозорига айланиб бормоқда.

Глобал молиявий бўҳрон аксар давлатларда оддий одамлар турмушига ўрмалаб кирмоқда. Озодликка мактуб йўллаб¸ суҳбатлашиш истагини билдирган мухлисларимиз¸ асосан ана шу бўҳрон ифодаси ҳақида гапирдилар.

“Тингловчи минбари” эшиттиришининг бугунги қаҳрамонлари:

– Туркиядан таҳририятимизга мактуб йўллаган ўзбекистонлик меҳнат муҳожири — бой хонадонда бола боқаётган тарих ўқитувчиси: ....бола боқаяпман. Унга қарайман, қизига рус тили ўргатаман. Менга 450 доллар беришади;

– Ўзбек муҳожирларига холисона бошпана бераётган туркиялик шоир: ...бизнинг ватандошларимиз кўп бу ерда;

– Шунингдек, молиявий бўҳрон боис рўзғорига йўқчилик шарпа солган тожикистонлик аёл: ... ҳар ой камида 1000 доллар зарар кўраяпмиз. Мамлакат раҳбарлари бир орага келиб шу нарсанинг олдини олса, менинг фикримча, яхши бўларди.

Демократиянинг ҳавоси бошқача...



Бир ҳафта муқаддам Туркиянинг Анқара шаҳрида ишлаб юрган ўзбекистонлик бир аёлдан мактуб келди. Ўзини Гулнора, деб таништирган бу аёл асли тарих ўқитувчиси экан. Лекин ҳозир Анқара шаҳрида бой бир оиланинг фарзандларига тарбиячилик ҳамда рус тили бўйича ўқитувчилик қилаётган экан. Биз бу аёлга сим қоқдик.

Ўзбекистондаги иш ҳақи билан икки фарзандини боқа олмай қолган бева аёл бундан аввал ҳам Туркияга келиб ишлаган, кейин Россияга борган, кейин эса яна Туркияга қайтган экан. Фарзандларини олий маълумотли қилиш истаги ортидан юртма-юрт юрган бу ўқитувчи аёл борган сари ўзи каби сарсон ўзбекларнинг кўпаяётганидан гап бошлади.

Гулнора: Мен 2004 йил августда келдим. Кўчада сал кўзи қисиқларни кўриб қолсам, шу ўзбекмасмикан, деб орқасидан югуриб борардим. Ўзбекни кўришни шунчалик соғинардим. Ҳозир жуда кўп. Мен апрел ойининг бошларида ўзбекларни кўриб ҳайрон қолдим. Ресторанларда, айниқса Анқара шаҳрининг марказидаги ҳамма ресторанларда ўзбеклар ишлайди. Мен уларни кўзларидан танийман. Ресторанларга кирганимда “Ҳой ўзбек, бу ëққа келинг” деб чақираман.

Озодлик: Улар нима ишлар қилишади? Ишларидан хурсандми?

Гулнора: Ишидан жуда ҳам мамнун. Айримлари идиш-товоқ ювишади, айримлари официантлик, бу ерда турклар гарсон дейишади, қилишади. Мен шунисига ҳайратландимки, ўзбеклар энг яхши жойларда¸ яъни ресторанларда галстуклар тақиб, оқ кўйлаклар кийиб хизмат қилиб юришибди.

Озодлик: Демак¸ Туркияда ўзбекларнинг обрўси яхши экан-да.

Гулнора: Ҳа. Айниқса маданий томондан.

Озодлик: Айниқса, Москвадан кейин бу нарса сизга яққол сезилаëтгандир.

Гулнора: Ҳа, жуда ҳам. Россия билан Туркия орасида фарқ катта¸ табиий. Умуман бошқача. Эркинлик бор бу ерда. Полиция тўхтатиб ҳар қанақа ҳужжат сўрамайди. Агар ўғрилик қилмаса, тўполон қилмаса, бемалол юриш мумкин бу ерда. Мен бир хилларини танийман визаси йўқ, паспортининг муддати ўтиб кетган¸ саккиз йилдан бери юришибди бу ерда.

Улар “Кўчаларга чиқиб юрамиз. Митинг ëки намойишлар бўлса, бориб томоша қиламиз. Милицияларнинг ëнида турамиз. Агар адашиб қолсак, бориб фалонча кўча қаерда, деб милициядан сўраймиз. Милиция қаердан келдинг, деб сўраса, Ўзбекистондан деб айтамиз. У ҳам ҳеч нарса демасдан кўчани кўрсатиб қўяди” дейишади.

Озодлик: Москвада Ўзбекистондан келдим деб айтса, дарров паспортингни кўрсат деган бўларди шунақами?

Гулнора: Ўўўў.. У ëқда дарров паспортингни олиб, милиция хонасига олиб бориб, вой-вў роса дахмаза қилади. Дарров пул сўрайди. Пулинг бўлмаса¸ дарров қамаб қўяди.

Озодлик: Меҳнат муҳожири Туркияда ҳам меҳнат муҳожири. Нега Туркияда муносабат бошқачаю, Россияда бошқача? Бунинг сабаби нимада?

Гулнора: Совет иттифоқи тугаб¸ мана ҳамма совет давлатлари мустақилликни қўлга киритди. Россияда ҳам Ўзбекистон сингари демократия йўқ. Лекин Туркияда демократия бор. Бу ерда мутлақо бошқача.

Озодлик: Сир бўлмаса сиз ўзингиз нима иш қилаяпсиз?

Гулнора: Мен ҳозир бола боқаяпман. Ўзбек миллатимиз қатори биз ҳам меҳнат қилаяпмиз. Оила менга жуда ҳам ëқди. Булар ҳам ўқитувчилар оиласи. Мен болага қарайман, уни ўқитаман. Бола 3,5 яшар. Негадир турклар рус тилига жуда қизиқиб қолишган. Қизига рус тили ўргатаман. Менга 450 доллар беришади.

Озодлик: 450 доллар етадими?

Гулнора: Туркияда етади. Ўзбекистонда ҳозир бу пулни пул эмас дейишаяпти. Квартира Москвада жуда қиммат. Квартираларга бир кишига 200 доллар берардик. Бунинг устига бир хонада 15-16 аëл ëтардик. Бу ерда унақа эмас. Бу ерда аëллар квартира учун тўламайди. Бола боқади, қария кампирга қарайди, ўша уйда яшайди. Ойига 500 доллар олади. Кейин бу пулни Ўзбекистонга бола-чақасига жўнатади.

Гулнора бу шаҳарда юрган минглаб ўзбек аёллардан бири. У каби бола боқиб, кекса кишиларнинг хизматини қилиб, идиш-товоқ ювиб юрган олий маълумотли ўзбек аёллари жуда кўп ва уларнинг аҳволи Россиядагилардан кўра жуда яхши, дейди Гулнора.

Матонат ва ғурурли ўзбеклар қайда қолди ?


Бу қаҳрамонимиз Анқара шаҳрида бошпана топган хонадон эгаси эса бир вақтлар асли ўзбекистонлик муҳожирнинг хайрия пулига илм олган уйғуристонлик шоир Шукур Турон бўлиб чиқди. Ўзбекистонлик Гулнора билан бўлган суҳбатимиз мавзуи Шукур Туронни ҳам ўзига тортди чоғи, у киши ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришни истади.

- Мен 50 йил муқаддам Қашқардан Туркияга ўқиш истагида келган эдим. Мен келган даврларда бу ердаги ўзбеклар руслар зулмидан қочиб келган бой-бадавлат, илмли, маърифатли кишилар бўлар эди. Уларнинг кўпи билан таниш эдим. Улар менга жуда кўп ёрдам беришган ва уларнинг ёрдами билан илм олганман.

Тоир Чиғатой исмли бир ўзбекистонлик маърифатли инсон менинг илм олишимга ҳомийлик қилган эди. Ҳам ўқишим ва ҳам бошпанамга пул берган. Кейинчалик ҳам ҳаётимда у киши раҳнамолик қилган эди.

Менинг тасаввуримда ҳозирги Ўзбекистон заминидан илгари келган кишилар маърифатли, маданиятли ва бой-бадавлат кишилар бўлиб шаклланган эди, дейди Шукур Турон.

Унинг фикрича, ҳозир ҳам Анқара кўчаларида учратаётган ўзбекларнинг кўзларида ана шу маърифат учқунларини учратиш мумкин. Аммо, аввалги аждодларидан фарқли равишда бугунги ўзбекларнинг турмушидан фаровонлик кетгандай, дейди суҳбатдошимиз сўзларини давом эттириб.

- Мен бу ерда юрган кўплаб ўзбекистонликларни танийман. Улар орасида профессорлари, шифокорлари бор. Илмлилари жуда кўп. Аммо, аксарияти энг оғир ишларни қилиб, арзимаган пулга кун кечириб юришипти.

Шундай маърифатли, илмли ва бой-бадавлат ўзбек миллатига нима бўлди, деб ўйлаб қоламан баъзида. Бу халқнинг мен таниган, мен билган вакиллари жуда матонатли ва ғурурли эди, дея хотирлайди туркиялик шоир Шукур Турон.

Шукур Турон бир вақтлар ўз ҳаётининг йўлга қўйилишида кўмак берган ўзбекларнинг ҳурмати учун ҳозир Анқара шаҳрида бошпанасиз, пулсиз қолган кўплаб ўзбек муҳожирларига бошпана бериш, ёрдам беришга интиладиган аввалги муҳожирлардан бири экан.

Умид - дунë раҳбарларидан

“Тингловчи минбари” эшиттиришининг эндиги қаҳрамонлари эса тобора чуқурлашиб бораётган глобал молиявий бўҳрон қийинчиликлари рўзғорига соя сола бошлаган икки тожикистонлик тингловчидир.

Улар Душанбедаги мухбирмизга сим қоқиб ўзларини қийнаётган муаммолар ҳақида шикоят қилди.

40 ёшли Жаҳонгулнинг турмуш ўртоғи бундан 12 йил аввал Россияга мардикорликка кетишга қарор қилган экан.

Суҳбатдошимизга кўра, меҳнат муҳожирлигидан тушган даромад туфайли ёш оила жуда кўп нарсаларга эга бўлган.

- Олдин яхши-яхши пуллар жўнатар эди. Уйлар қурдик, тўйлар қилдик. Уйимиз атрофини баланд қўрғон қилиб бекитиб олдик. Энди мана шу йил пул кам келаяпти, - дея гап бошлайди Жаҳонгул.

Суҳбатдошнинг турмуш ўртоғи аввал ҳар ой Вестерн Юнион орқали икки минг долларгача пул юбориб турган. Кейинчалик даромад бирданига 400 долларга тушиб кетган. Натижада озиқ-овқат, кийим-кечак учун харажатларни қисқартиришга мажбур бўлган беш боланинг онаси Жаҳонгул.

Аввалига турмуш ўртоғининг даромади камайганидан хавотирга тушган Жаҳонгул у томонга сим қоққан:

- Эримдан «Нимага бундай кам пул юбораяпсиз?» деб сўрасам, кризис бўлаяпти, пул кам бўлаяпти, деб айтди. 119 рус пули, 119 сомоний бўлиб қолган. Аввал шу пул 135 сомоний эди. Ҳар ойига минг доллар атрофида зарар кўрилаяпти, - дейди суҳбатдош.

Айни пайтда¸ Москва яқинидаги Орехова-Зуевский районидаги хусусий корхоналарда эри ва болалари билан ишлаб турган Олмахон эса глобал иқтисодий бўҳрондан кўпинча қурилишда ишлаётган меҳнат муҳожирлари зарар кўраётганини айтади:

- Айниқса¸ қурилишда ишлаётганларга пул берилмаяпти. Депортация қилиб юбораяпти. Чунки бу қурилишдаги иш берувчилар банклардан қарз олиб ишчи ёллаган. Банклар кредит бермаяпти экан. Ҳозир катта корхоналар ишламайди. Россиянинг одамларини ҳам ишдан вақтинчалик бўшатган.

Мана яқинимиздаги комбинатнинг раҳбари кризис бошланганда ишчиларни бир ерга йиғиб, банкдан қарз ололмаяпман, шунинг учун россияликларнинг ярим одамлари қолади, аммо ўзбекистонлик ва тожикистонликлар уч ойгача уйларингга кетинглар, сизларга ойлик беролмайман дебди, - дейди Олмахон.

Энди буёғи нима бўлади, дея сўраймиз Олмахондан:

- Билмасам. Ўйласам, даҳшатга тушиб кетаман. Агар ҳамма ёппасига ватанига кетса, ишсизлик, пулсизликдан жиноят кўпаяди. Дунё давлатлари раҳбарлари бирикиб, шу масалага ечим топар деб умид қиламан, - дейди муҳожир аёл.

Ваҳдат туманининг Гулистон қишлоғидан Россияга борган Абдусалом Абдуназаров Тюмендаги қурилишларда ишлаганини, аммо бўҳрон туфайли ишсиз қолиб, бундан икки кун аввал уйига қайтганини айтади.

- Қурилишлар тўхтаб қолган. Иш йўқ. Ҳамма банкрот бўлаяпти-да. Банкларда пул бўлганида, бизни ишлатишар эди, - дейди ишлаб топган пулини сарфлаб қўймаслик учун ночор уйига қайтган Абдусалом.

Норасмий маълумотларга кўра, Россияда фаолият юритаётган тахминан 11 миллион гастарбайтерларнинг бир миллиондан ортиқроғини тожикистонликлар ташкил этади.

Тожикистон Миллий банки тарқатган маълумотларга кўра, меҳнат муҳожирлари 2008 йилнинг биринчи ярмигача ҳар ойда ватанига бир миллиард доллар пул юбориб турган.

ЭСЛАТМА: Ушбу саҳифага қўйилган материаллар тингловчилар мурожаатининг соф баёнига асосланган. Таҳририят ушбу мурожаатлар мазмуни учун жавобгар эмас.

XS
SM
MD
LG