Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:09

Асосий нишон - интернет мухбирлари


Матбуот эркинлиги¸ эндиликда интернет эркинлиги бўйича Ўзбекистон дунë харитасидаги қора нуқталардан бири ҳисобланади.
Матбуот эркинлиги¸ эндиликда интернет эркинлиги бўйича Ўзбекистон дунë харитасидаги қора нуқталардан бири ҳисобланади.

2008 йили дунë бўйлаб кучайган интернет журналистларини қамаш жараëнида Ўзбекистон ҳукумати яна пешқадамлар сафидан ўрин топди.

Бундай ҳолат Ўзбекистон мисолида ҳам тасдиқланмоқда.

Журналистлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи аксар халқаро ташкилотлар, репрессив ҳукуматлар онлайн журналистикани тобора ўзлари учун таҳдид деб билаëтганлари ҳақида бонг уриб келмоқдалар.

Яқин ойлар ичи айнан мустақил интернет нашрлари учун мақола ёзаётган журналистларни таъқиб этиш янада жадаллашди.

Ўзбекистонда “ҳали шошмай тур¸ мен сени интернетда боплаймай”¸ деган иборанинг пайдо бўлгани бежиз эмас.

Маҳаллий газеталар¸ радио ва телевидениенинг кўзи кўр, қулоғи кар бўлса, коррупцияга ботиб кетган ҳукумат амалдорини ёки бутун ҳукуматни интернетдан бошқа яна қаерда фош этиш мумкин?!

Буларни интернетда фош этганлар бўлди, ҳозир ҳам фош этаётганлар йўқ эмас. Бироқ бундай журналистларнинг фаолияти ошкор бўлгандан кейин¸ уларга ҳукуматдорларнинг қаттиқ қаҳрига нишон бўлмоқда.

Ўтган йили 10 йилга қамалган интернет журналисти Солижон Абдураҳмонов бунга бир мисол¸ холос.

Солижон ака Қорақалпоғистонда инсон ҳуқуқларининг поймол этилиши, одамлар норозилиги ва порахўр амалдорларнинг бефарқлиги ҳақида мустақил uznews.net нашрига мақолалар ёзиб келганди.

Бундай чиқишлардан асаби бузилган Ўзбекистон расмийлари¸ журналистни куракда турмайдиган гиёҳванд моддаларни сотганликда айблаб¸ 10 йилга қамаб юборишди.

Қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси маълумотларига кўра, 2008 йилда дунё бўйлаб қамалган 125 нафар журналистнинг қарийб ярми¸ Солижон Абдураҳмонов каби интернет журналистларидир.

Солижон Абдураҳмонов ҳибс этилган Ўзбекистон эса, журналистларни энг кўп таъқиб этувчи давлатлар рўйхатида Хитой, Куба, Бирма ва Эритрия бешлигида туради.

Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг Интернет эркинлиги бўлими раҳбари Клотилд Ле Коз бу борада яна бир нарсани унутмаслик кераклигини айтади.

- Ўзбекистон¸ бизнинг таъбиримизча¸ Интернет душманлари сафидаги давлатлардан биридир. Чунки мамлакатда барча мустақил интернет сайтларга кириб бўлмайди¸ дейди Клотилд Ле Коз.

Солижон Абдураҳмонов ҳамкорлик қилган uznews.net интернет сайтига Ўзбекистонда кириб бўлмаса, ҳукумат уни чеклаб қўйган бўлса¸ у ҳолда журналистни қамаб нима қиларди, деб сўрашингиз мумкин.

Журналистлар халқаро федерацияси бош котиби Айдан Уайт бундай чоралар Ўзбекистон ҳукуматига интернет журналистларини буткул синдириш учун лозимлигини айтади.

- Журналистлар ва бошқа ўқувчилар ўртасида ахборот алмашиш воситаси сифатида интернетнинг роли ортиб борар экан, ҳукуматнинг уни кўпроқ назорат қилишга интилаётгани табиий ҳолдир.

Ўзбекистон ҳукумати қаерда бўлишидан қатъйи назар¸ норози овозларни ўчиришга ҳаракат қилиб келади. Ҳукумат учун интернетни шунчаки чеклаб қўйиш етарли кўринмаяпти. Чунки уларнинг мақсади норозиларни буткул синдиришдир.

Бу эса инсон ҳуқуқларининг мутлақо нодемократик ва номақбул тарзда поймол этилишидир¸ дейди Айдан Уайт.

Президент шаънига баландпарвоз мақтовлар ёғилаётган маҳаллий газеталар, радио ва телевидениедан фарқли ўлароқ интернет форумларида мутлақо тескари манзарага дуч келиш мумкин.

“Ҳақиқий ўзбек журналистикаси ўлган эмас¸ у шунчаки интернетга кўчиб олган” деган баëнот Ўзбекистонга оид холис ахборот тарқатувчи ўнлаб интернет нашрларининг мавжудлиги билан ўз тасдиғини топади.

Интернет журналисти Юсуф Расулнинг айтишича, бугунги кунда айнан шу боис интернет журналистларига нисбатан таҳдид ҳар қачонгидан кўра кучлироқдир.

- Интернет орқали Ўзбекистонда бўлаëтган воқеаларга танқидий фикр билдириш мумкин. Ўзбекистоннинг ичидагилар бошқа бир ном остида мақолалар эълон қилишаяпти. Жуда қийин вазиятда ишлашаяпти. Асосий эътибор у ерда ишловчи журналистларнинг фаолиятига тўсқинлик қилишга қаратилган¸ дейди Юсуф Расул.

Ўтган икки –уч йил давомида Ўзбекистонда асосан турли хил интернет нашрлари билан ҳамкорлик қилган журналистлар таъқиб остига олинди.

Президент Каримовнинг жияни Жамшид Каримов Центразия.ру ва бошқа интернет нашрлари билан ҳамкорлик қилгани учун икки ярим йил аввал мажбурий даволаниш учун руҳий хасталиклар касалхонасига ётқизиб қўйилди ва ҳамон ўша ерда қолмоқда.

Унинг ҳамкасби Улуғбек Ҳайдаров қамоққа олинганди¸ бироқ халқаро босим натижасида озод қилиниб¸ мамлакатни тарк этди.

Мухолиф газеталарга ишловчи журналистларнинг қамалиши тарихда қолаётгандек. Кузатувчиларга кўра, Ўзбекистон ҳукумати журналистларни қамаш сиëсатини давом эттирар экан¸ навбатдаги тутқуннинг ҳам интернет журналисти бўлиб чиқиш эҳтимоли жуда баланддир.
XS
SM
MD
LG