Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 12:09

"Ҳалима ҳам ўтиб борар, билмаслар"


Замонавий ўзбек шеъриятининг энг забардаст шоирларидан саналган Ҳалима хоним Худойбердиеванинг янги шеърларидан¸ давр сийратининг шоира руҳига кўчган манзараларини илғаш қийин эмас.
Замонавий ўзбек шеъриятининг энг забардаст шоирларидан саналган Ҳалима хоним Худойбердиеванинг янги шеърларидан¸ давр сийратининг шоира руҳига кўчган манзараларини илғаш қийин эмас.

"Давр менинг тақдиримда" эшиттириши қаҳрамони¸ таниқли шоира Ҳалима Худойбердиева шеъриятга кириб келишидан тортиб¸ марҳум Шароф Рашидовнинг ўз ҳаëти¸ қолаверса ўзбеклар тарихидаги ўрни ҳақдаги хотира ва кузатишларини ўртоқлашади.

Шоир яшай билмас тилини тишлаб,
Кўриб, кўрмасликка солиб ўзини.
Номард кетар экан вақтини хушлаб,
Мушфиқ тасалли деб билса тўзимни,
Шоир яшай билмас.

Тинч қарай билмас у тоғу тош қолиб,
Инсоннинг юраги қулар чоғларга,
Осмоннинг ўрнига инсонни олиб,
Кўнглин тўлдирсалар қалдироқларга,
Шоир яшай билмас.

Яшолмайдир ермас, дил қолса музлаб,
Кўриб пайҳон бўлган ишқ иқболини.
Боларига гулмас, инсон бўлса даф,
Сўриб тугатсалар шира болини,
Шоир яшай билмас.


Бу сатрларни ëзган шоира Ҳалима Худойбердиева шеърларидаги шижоатдан фарқли бир тарзда¸ “нима ҳам қилар эдик¸ яшаяпмиз” дея гап бошлади.

“Одамнинг ижодини нима бўлганда ҳам ўзининг давридан айро олиб баҳолаб бўлмайди”.

Ҳалима Худойбердиева билан боғланиб ундан фикр сўрашга анчадан бери ҳаракат қилиб келдик. Ниҳоят бу ҳаракатларимиз самара берди. Телефон сифатининг ëмон бўлишига қарамасдан суҳбатимиз анчайин яхши кечди.


От ҳақида шеър ëзган Боëвутлик қизалоқ


Ҳалима Худойбердиева: Мен ўзимни¸ биринчи галда¸ ижодкор деб биламан.

Озодлик: Ҳалима опа¸ болаликка қайтсак. Сиз қандай қилиб шоир бўлдингиз?

Ҳалима Худойбердиева: Мен Боëвут туманида бир қишлоқда туғилганман. Янги йилда ўқитувчиларимиз биттадан шеър ëзиб келасизлар¸ деб вазифа беришди.

Менинг онам агроном эди. У пайтда агрономлар¸ раислар отда юрар эди. Онамнинг отининг оқ қашқаси бор эди. Унинг оти Олақашқа эди. Менинг биринчи шеърим ўша отга бағишланган "Олақашқа" деган шеър бўлган.

Ўқитувчим бу шеъримни мактабда¸ туман газетасида¸ вилоят газетасида чиқартириб¸ шу билан ижод бошланиб кетди. Кеча ҳам мана Қашқадарëда¸ Самарқандда учрашувлар ўтказиб келдим. Ҳамма жойда ўқитувчиларга илтимосим¸ уларга қўядиган талабим бўлади.

Бола балоғат ëшига етган пайтида барибир ëзадида. Ўша пайтда эътибор беринглар, дейман. Шунда “Йўқ¸ болам. Бу сенинг ишинг эмас” десангиз¸ шу қоғозни ташлайди. “Йўқ¸ яхши экан. Бошқачаку бу” деган кўнгил кўтарадиган гап айтсангиз¸ шу бола шу йўлдан ўзи чиқиб кетганини билмай қолади.


Оқ сочлик ҳомий


Озодлик: Сизнинг юзага чиқишингизда ўша пайтдаги Ўзбекистон раҳбари Шароф Рашидов ëрдам берган¸ деб ҳам ëзишади. Бу қандай бўлган?

Ҳалима Худойбердиева: У киши вилоятга борган. Ўшанда менинг чиқишимни газетада кўрган. Мен у пайтда 10- синфда ўқирдим.

Шароф Рашидов “Шу қизчада бир нарса борга ўхшайди” деб вилоят ҳокими билан газета редакторини шу қизнинг яшаш шароитини кўриб келасизлар ва ота-онасини қизини ўқишга юборишга кўндириб келасизлар¸ деб бизнинг уйимизга жўнатган.

Менинг ижодга кириб келишимнинг биринчи бошланиши ўшанда бўлган. Бу ëқда ҳам¸ Москвада ҳам ўқиган пайтларимда¸ у киши ҳар доим хабар олганлар. Москвада ҳеч бўлмаса битта-иккита китоб чиқариш керак¸ дерди у киши.

Москвага борганларида мени ëнларига чақириб “Қизим¸ нимага ҳалигача китобингиз чиқмади?” деб менга айтган. Раҳматли Шароф Рашидов ҳақда гап кетганда¸ мен у кишини ëруғ хотиралар билан эслайман.

Озодлик: Ўша пайтда баъзи бир ëзувчилар орасида “Шароф Рашидов Ўзбекистонни руслаштираяпти”¸ деган эътирозлар бор эди. Уни севмайдиган қатлам бор эди. Бу иддаоларга вақт ўтиб қандай баҳо бериш мумкин?

Ҳалима Худойбердиева: Йўқ¸ мен бу гапга қўшилмайман. Ўзбекистон учун нима қилиш керак бўлса¸ қўлидан келгунча ҳамма нарсани қилди у киши. Ўзбекистон учун нимани қандай йўллар билан ундириш керак бўлса¸ ундирди. Битта катта раҳбар ундан ортиқ бўлмас эди.


Саодат журналидаги саодатли онлар

Совет даврида аëллар ҳақда жўнакай мақолалар эълон қилиб турган “Саодат” журнали Горбачëв даврида умум эл дардини - эркакнинг ҳам¸ аëлнинг ҳам муаммоларини ëритадиган нашрга айланди. Ўзбекистон мустақиллик декларацияси ҳам илк бор “Саодат” журналида юз кўрди.

Озодлик: Мана¸ “Саодат” журналини Зулфия опадан кейин сиз бошқардингиз. Бу журналнинг ўша пайтда тутган ўрни қандай эди?

Ҳалима Худойбердиева: Мен бош муҳаррир¸ таниқли шоир Эшқобил Шукур ўринбосар эди. Биз бу журналда 10 йилча ишладик. Биз билан ўша пайтда ишлаган кадрларнинг ҳаммаси ҳозир белголовчи лавозимларда ўтирибди.

Эшқобил Шукур ҳозир телевидениенинг бир каналини бошқараëтган бўлса¸ Қўчқор Норқобил “Қонун” журналининг редактори¸ Салим Ашур “Туркистон” газетасини яхши бошқараяпти¸ Шомаликова Дилфуза “Соғлом авлод” газетасини бошқараяпти.

Мен бундан хурсанд бўламан. Ҳар-ҳар замонда йиғилиб турамиз. Биз бошқача бир иштиëқ билан ишлаганмиз. Биз журналнинг ҳар сонида битта долзарб масалани кўтариб чиқардик.

Қайси ерда бўлмасин ўша ерни гуллатиб ўтириш¸ одамнинг бурчи деб ўйлайман. Ўша йиллардан биз ҳалигача қониқамиз.


Миллатнинг вакили бўлишдек шараф

Озодлик: Энди Горбачëв¸ ошкоралик¸ демократия даври¸ деган бир атама бор¸ Горбачëв ҳуррияти¸ деган атама бор. Сиз ўша пайтда¸ адашмасам¸ депутат бўлдингиз. Ўша даврни қандай эслайсиз?

Ҳалима Худойбердиева: Тўхтаб турган одам орқага кетади¸ деган гап бор. Демак¸ бир қадам бўлса ҳам олдинга силжиш учун ҳаракат бўлган. Ошкоралик даври халққа анча нарса берди¸ деб ўйлайман.

Имкон қадар фикрларни очиқроқ айтиш бор эди. 1989-1990 йилларда биз фаол ҳаракат қилдик. Ошкоралик турткиси билан жамиятни анча олдинга тортишга эришдик¸ анча олдинга қадам ташлашлар бўлди.


Ҳақиқат учун уч дақиқа ëки зулматдан чиқибоқ яна зулматга шўнғиган қатор

Озодлик: Тошкент метросида поезд Пушкин метросидан ер устига чиқади ва кейин яна ер тагига кириб кетади. Ошкоралик даври ҳам шунақа бўлмадими? Совет зулмидан бироз қутулиб¸ юзимиз қуëш юзини кўриб ва яна қоронғуликка кириб кетмадикми?

Ҳалима Худойбердиева: Билмадим¸ яхши нима айтдингиз. Ғалати фикр бўлди. Мен буни шеърларимда ишлатаман.

Озодлик: Мана сиз¸ бошқалар сингари мустақилликни орзу қилдингиз. Азиз бўлиб юрган одам¸ кутилмаган муаммоларга дуч келмадингизми?

Ҳалима Худойбердиева: Муаммоларга дуч келдик. Энди ким муаммо кўрмаган¸ кимнинг бошига муаммо тушмаган. Биз ҳам бошимиздан муаммоларни ўтказдик. Лекин мен ҳаммасини қандайдир унутдим. Мен ўзи ҳар доим унутишга ҳаракат қиламан.


Тўти савлат тўкиб боғларда юрар

Яшай билмас қай бир фаҳми кўру кар,
Тароқни сочгамас¸ фикрга урса,
Четлаб шўх, қийқириқ нафасли қушлар,
Тўти савлат тўкиб боғларда юрса,
Шоир яшай билмас.

У яшай билмайдир ўтмас, қай бир он,
Оқ-ойдин туйғулар кетса ўрилиб.
Шиллиққурт мисоли сип-силлиқ ёлғон,
Ҳақиқат ёнида турса керилиб,
Шоир яшай билмас!


Бу мисралар 1976 йилда грампластинка тарзида чиқарилди. Хўш¸ бугун боғлардаги тўтилар¸ шиллиққурт ëлғонлар кўпайган даврда Ҳалима Худойбердиеванинг аҳволи нечук?

Ҳалима Худойбердиева: Мен ўйлайман¸ ҳар қандай жамиятнинг ëлғони ва рости бўлади. Ëлғон кўпайиб кетаяпти деб қараб ўтириш бу одамийликка¸ айниқса ижодкорга тўғри келмайди.

Ижодкорларда қўлдан келганча ëлғонними ëки бошқа тарафга кетишними тўғрилашга ҳаракат бор. Мен ҳам шуларнинг бири сифатида ҳаракат қилаяпман.

Озодлик: Мана сиз юқорида шогирдларингиз Эшқобил Шукур¸ Салим Ашурларни айтиб ўтдингиз. Сизнинг тенгдошингиз Усмон Азимнинг совет пайтларида ëзган шеърида “Шоирлари ëлғон айтса¸ ўлади эл” деган мисралар бор. Ўша сизнинг шогирдларингиз¸ дейлик “Туркистон” газетасидаги Салим Ашурни олсак¸ бемалол ëлғонларни ëзиб¸ тагига муҳаррир сифатида имзо қўяяпти. Ўша газетада туҳмат ëзилаяпти¸ ëлғон ëзилаяпти.

Айтайлик¸ бир ҳамкасбингиз Мамадали Маҳмудов қамоқда¸ яна бир ҳамкасбингиз Юсуф Жума қамоқда¸ бир ҳамкасбингиз Эмин Усмон қамоқда уриб ўлдирилди¸ бошқалари ҳар ëқда қочиб юрибди.

Мана шундай ҳолат бўлиб турган пайтда бу шоирлар қандай яшаяпти? Виждон азоби¸ инсоф деган нарса йўқми? Ëки яшайверадими?

Ҳалима Худойбердиева: Энди бу саволларингизга атрофлича ўйлаб¸ тайëргарлик билан жавоб қилиш керак. Менимча¸ улар ҳам жуда ëлғонни бераëтгани йўқ. Улар фақат ëлғон бераëтгани йўқ.

Озодлик: Мана¸ совет пайтида Сахаровга тазйиқлар бўлган пайтда¸ сиз Москавада эдингиз. Ўша пайтда уни бир қанча академиклар ҳимоя қилиб чиқди. Русларда порядочност - покдомонлик¸ ҳалоллик деган сўз бор.

Наҳотки бизда “Нега Юсуф Жума қамоқда¸ нега Мамадали Маҳмудов қамоқда¸ нега Эмин Усмон уриб ўлдирилди¸ нега Муҳаммад Солиҳ мамлакатдан қувиб юборилди?” деб айтадиган одам¸ тил йўқ? Шунча равон¸ бийрон тиллар нимага гапирмаяпти?

Ҳалима Худойбердиева: (жимлик)............................

Озодлик: Ҳалима опа¸ майли бу жуда қийин савол. Жавоб бермасангиз ҳам майли. Энди мен савол берай¸ деб бердимда.

Ҳалима Худойбердиева: Тушундим мен сизни.


Занжирбанд дил

Худди мен дунëда доим кимдир кам
Беадоқ ҳижрондан юрсамда безиб
Кимдир чорлаганда босолмай қадам
Занжирбанд эканим қолгандай сезиб


Ҳалима Худойбердиева: Яна қандай саволингиз бор?

Озодлик: Ҳозир қаерда ишлаяпсиз?

Ҳалима Худойбердиева: Ҳозир ишлаëтганим йўқ. Мен ҳозир шеър ëзаяпман. Асосан шеърлар. Фақат менинг шеърларим иккинчи этажда эди. Телефон билан чиқсам¸ узилиб қоладими деган хавотир билан турибман.

Озодлик: Чиқаверингчи.

Ҳалима Худойбердиева: Эшитаяпсизми?

Озодлик: Ҳа¸ эшитаяпман. Демак ¸бугун ëзилган шеърлар.

Тўқни кияр тўни бор¸
Берар бўлсанг очга бер¸
Қизни берсанг хор қилмай¸
Жондан суйганига бер.
Шу қиздан бошқасидан¸
Ўзин тийганига бер.

Қизни берсанг қўрғони
Бўладиганига бер.
Мабодо бермас бўлсанг¸
Ўладиганига бер.

Юртни берсанг осмонин¸
Кўтаргич қанотга бер.
Ўлса ерин аëлдай¸
Қучиб ëтар зотга бер.


Ҳалима Худойбердиева: Яна битта шеър ўқиб бераман.

Озодлик: Марҳамат.

Кўрдим қишлоқ¸ гузар¸ шаҳарлар кўрдим¸
Оҳорлари кетиб борар билмаслар¸
Жамалак соч пари-пайкарлар кўрдим¸
Баҳорлари кетиб борар¸ билмаслар.

Тугмак бўлса етмас белбоғ учлари¸
Дунë молин маҳкам тишлар тишлари¸
Боғларининг ширин забон қушлари¸
Олқорлари кетиб борар¸ билмаслар.

Отлария¸ қорабайир отлари¸
Гижинглади¸ деб ўйласам додлади¸
Ëли бўрон бўлганлигин ëдлади¸
Шунқорлари кетиб борар¸ билмаслар.

Кузатиб бу дунëнинг ўр-қирини¸
Билмай қолдим келмак-кетмак сирини¸
Ëлғон ëрлар ялашиб бир-бирини¸
Чин ëрлари кетиб борар¸ билмаслар.

Чарсиллаган бир ўт ëнар ичимда¸
Мен шеър айтсам¸ айтмадим дил учинда¸
Бу талотўп¸ қув-қув¸ чоп-чоп ичинда¸
Ҳалима ҳам ўтиб борар¸ билмаслар.


***************************************

Туғëн тугамади шоир ўлмади

Туғён кўтарар ул¸ бўлиб бағри қон,
Майли, усиз хам мўл беғамлар, гўллар,
Ишқилиб, узунроқ умр кўр, исён,
Туғён тугаган кун шоир ҳам ўлар.
XS
SM
MD
LG