Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:38

“Президент билан учрашганман”


Озодлик радиосининг айрим тингловчилари Ўзбекистонда ёш авлод тарбиясига етарли эътибор қаратилмаётганидан ташвишдалар.
Озодлик радиосининг айрим тингловчилари Ўзбекистонда ёш авлод тарбиясига етарли эътибор қаратилмаётганидан ташвишдалар.

1989 йили компартия бош котиби Ислом Каримов билан учрашган оддий мухолифатчи¸ Каримовнинг бугун ўзи ва халқ ўртасига қурилган қалин девордан воз кечиши ва оддий одамларга яқинлашишини орзу қилади.

Тошкентда истиқомат қиладиган Саловот Умурзоқов Озодлик билан суҳбатни “Дунёга жар солиб айтадиган гапларим бор”, дея бошлади.

"Раҳбарларга миллат генофондининг қизиғи йўқ"

Умурзоқовнинг фикрича, бу гапларни бугун айтмаса, эртага кеч бўлади ва бу гап фақат унинг ҳаётигина эмас, балки бутун ўзбек халқи генофонди келажагига таҳдид солаётган бугунги ижтимоий-сиёсий муаммоларга тааллуқли бўлган гап.

У шу муаммоларни айтиб, кўп бор мурожаат қилганида маҳаллий раҳбарлар унга қулоқ солмаган. "Бу раҳбарларга миллатнинг генофондини мутлақо қизиғи йўқ", дер экан Саловот Умурзоқов бунга мисол тариқасида сўнгги кунларда дуч келган воқеани тилга олди.

- Ноябр ойида ҳоким июн ойида чиқарган 451-сонли қарори билан мактабнинг футбол майдонини участкага бериб юборди. Чиройли майдонни участкага бериб юбораяпти. Мактабдаги болаларнинг ҳаммаси ўша майдонга чиқиб қаршилик кўрсатган.

1999 йилда бутун давлат томонидан қилинга нарсаларни участкага бериб юборишди. Ҳоким қарорда “ахлат жойи” деб ëзган. Қаранг қанақа ëлғон ишлатаяпти булар.

Агар у ерга кимдир бориб кўрса¸ у ахлат жой эмас. Чиройли қилиб бетон билан ўралган. Бу мактабга қарашли футбол майдони¸ дейди Саловот Умурзоқов.

Саловот Умурзоқовга кўра, бу мактаб Тошкент шаҳри, Ҳамза туманида жойлашган ва болалар футбол майдони одамларга уй қуриш учун бериб юборилганига қаршилик қилмоқда. Аммо, раҳбарлар бунга қулоқ солмаяпти.

“Катталарнинг болаларга бу тариқа муносабати аслида – мамлакатда мавжуд сиёсий тизимнинг миллатнинг эртаси бўлган болаларга, демак миллат генофондига мутлақ бефарқлигидан далолат берувчи минглаб мисолдан биттаси. Ёш бўлса ҳам болалар катталар ҳамма ишни пул — порага ҳал қилаётганини жуда яхши тушуниб турибди. Табиийки, ҳали гўдаклигидан улар ҳам шундай ўта заҳарли ғоя билан улғаймоқда”, дейди Саловот Умурзоқов.

- Ҳозир бутун Ўзбекистонда порахўрлик. Ўғирлик¸ коррупция¸ коррупция¸ коррупция. Ҳамма жойда порахўрлик. Халқимиз фақат пул олишга ўрганган. 1-2-3 синф болаларига “Келажакда ким бўлмоқчисан?” деб савол берсангиз¸ “мен божхонада ишлайман¸ милиция бўламан” дейди. Болаларимиз шунақа бўлиб кетаяпти.

Мен Каримовга бир неча марта ëздим нега халқни бунча қийнаяпсиз деб. Билиб қўйинг келажакда Ўзбекистон умуман бўлмайди. Агар ëшларимиз фақат пулга¸ ўғирликка¸ коррупцияга ўрганиб катта бўладиган бўлса¸ ким уни тўғрилайди?

Билим деган нарсанинг ўзи йўқ. Мана лотин алифбосига ўтдик. Қани лотин алифбосида китоблар? Қанча китоблар бор¸ ҳеч ким ўқимаяпти. Институтда пора бераяпти¸ пора бериб курсдан курсга ўтаяпти.

Мен Россияда хизмат қилдим¸ Россияда туғилдим. Менда ўзбекча талаффуз унча эмас¸ лекин фикрим бор. Ссизлар халққа эътибор беринглар¸ уларга (халқни назарда тутмоқда – таҳр. ) бундай яшаш мумкин эмаслигини тушунтиринглар. Бизнинг халқимиз ақлли бўлиши керак.

Бизни совет давридан шунга олиб келган. Мен “Эртага нима бўлади?” деб қўрқиб кетаяпман. Даҳшат бўлади. Келажагимиз умуман йўқ.

Ахир кейин нима бўлади? Нимага шу ҳақда тепадаги раҳбарлар ўйламайди? Уже бақиришимиз¸ войдод дейишимиз керак. Уже менинг томоғимга тақалиб келди бу¸ дейди тошкентлик Саловот Умурзоқов.

Суҳбат давомида билсак, Умурзоқов мана шу муаммоларни шахсан президент Каримов билан муҳокама қилиш истагида унга 13 феврал куни телеграмма жўнатган.

Кейин эса унга телеграммангиз қабул қилинди, деган жавоб келган. Бироқ, учрашувдан дарак йўқ. Шунда биз Саловот акага савол бердик:

Озодлик: Сиз мени қабул қилади деб ўйлаганмидингиз?

- Мен қабул қилади деб ўйлаган эдим. Мен у билан 1989 йилда учрашдим. Нормалный человек бўлган. Кирганмиз¸ гаплашганмиз. Айтганларимизни бажарган. Бизни президент саройида қабул қилган. Биз 15 киши бўлганмиз. Биз унинг ëнига армия масаласида кирган эдик.

“Россияда болаларимизни ўлдиришаяпти. Давай болаларимиз Ўзбекистонда хизмат қилиши ҳақида приказ чиқаринглар” деб айтганмиз. Бизнинг бу талабимизни бир ҳафтанинг ичида қилган. Менинг унга претензиям йўқ. Бориб гапиришга минбарни бермайди.

Нима учун уч ойдан бери Каримов менинг телеграммамга эътибор ҳам бермайди. Менда фактлар¸ далиллар бор. Мен яхши томонга нимадир қилмоқчиман¸ мени киргизмаяпти¸ дейди Саловот Умурзоқов.

1989 йилда Ўзбекистон тахтига эндигина келган президент Каримов Саловот Умурзоқов ва у каби Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал қилиш ҳаракатида бўлган яна 14 кишини қабул қилган ва уларнинг талабларини тўғри, деб қабул қилиб, бажарган экан.

Орадан роппа-роса 20 йил ўтибди. Аммо, Саловот Умурзоқов бугун ҳам президент Каримов билан шахсан учрашиб, муаммоларни тушунтириб берса, унинг ижобий ҳал қилишига ишонч билдирмоқда.

“Қанийди шу ҳақиқат бўлса”

Россияда мардикорлик қилиб юрган ўзбекистонлик яна бир тингловчи ҳам таҳририятимизга телефон қилиб, Ўзбекистоннинг келажагидан хавотирларини билдирди.

“Диктатура жуда авжига чиқмоқда, демак, унинг ниҳояси яқин. Бу табиат қонуни. Шунинг учун зиёлилар айнан ҳозир юрт тақдири ҳақида ўйлаши лозим”, деди бу суҳбатдош.

Суҳбат аввалида эса у Озодлик радиоси мухбирига интервью берган Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот котиби Светлана Ортиқованинг сўзларидан иқтибос келтирди.

Суҳбатни тингланг.

- Яқинда сизларнинг радиода Ўзбекистон бош прокуратураси ходимаси “ҳар бир фуқаро қаерда бўлса ҳам ҳимоя қилинаяпти¸ ундай бўлаяпти¸ бундай бўлаяпти” деб гапирди. Биз “қанийди шу ҳақиқат бўлса” деб орзу қилдик холос.

Бу ерда ўзбек халқининг жуда кўп 20 га кирган ëки бизга ўхшаган 40қа кирганлари¸ ҳаттоки пенсия ëшига етганлар ишлаб Ўзбекистонга жуда катта миқдорда валюта олиб кираяпти. Шу валюта Ўзбекистоннинг бозорини юритиб турипти.

Бизга ҳукумат томонидан бирор бир енгиллик йўқ. Ҳатто қўшни қирғизистонликлар ишга рухсатномани осонгина ҳал қилишади. Бизга квота йўқ¸ лекин уларга бор. Уларнинг ҳимояси учун уларнинг олий советларида¸ олий кенгашларида гап бўлади. Ўзбекистонда бунақа гап йўқ.

Мана яқинда Сургут қамоқхонасида ëтган одамларнинг сизларга қилган илтижоси. Уларнинг бошқа илтижо қиладиган жойи ҳам йўқда. Мана ота-онаси билан гаплашилди. Нима қилайлик¸ деяпти. Шу содда одамлар ҳам ҳеч қанақа нажот йўқлигини тушуниб қолган.

Озодлик: Мана сиз вазиятни жуда яхши кузатар экансиз. ОАВларни кузатиб борар экансиз. Шу вазиятнинг яхши томонга ўзгаришидан умид қиласизми? Қанақадир таклифларингиз борми? Нима қилса¸ аҳвол енглиллашади?

- Менимча¸ халқнинг ҳуқуқий¸ сиëсий билимини ошириш керак. Бошқа иложимиз йўқ. Кўпинча халқ Америка аралашсин¸ Германия аралашсин деб юради. Лекин шунча пайтдан бери кутилган натижа бўлмаяптику. Чунки улар ўзларининг муаммоларини ҳал қилиб олади холос. Афғонистонга юк ўтказиб олиш учун¸ терроризмга қарши бирлашиш учун келади холос.

Инсон ҳуқуқлари дега нарсалар билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Шунинг учун биз ўзимизнинг халқимизни тарбия қилишимиз керак. Одамлар ўзларига ўзлари ëрдам бермагунча шу аҳвол бўлаверади.

Ҳуқуқий билимни ошириш керак деганда 28 миллион халқни назарда тутаëтганимиз йўқ. Маълум миқдордаги одамларнинг¸ ўша эзгуликка интилаëтган¸ ҳақиқатни қўллайман деган одамларнинг ҳуқуқий билимини озгина ошириб қўйсак¸ яхши ëмонни ажратадиган бўлса¸ бу ҳам менимча катта нарса.

Диктаторлик тизими чўққисига чиқиб бораяпти. Унинг ҳам барибир пастга тушиши борку. Табиатнинг қонунию бу. Оллоҳнинг яратиб қўйган қонуни бу. Яхши кунлар ҳам келиб қолар. Бир яхши кунлар келганда¸ яхши-ëмонни ажрата олмаганлик учун шундай аҳволга тушдикда. Эҳтимол ўзгариш яхши бўлар эди. Мана энди ўзлари аттанг қилишаëтгандир. Дунëнинг ҳар қаерларида мана қочиб юрипти.

Демоқчиманки¸ билими бор¸ ҳукуматни ушлай оладиган одамларнинг қўлига ўтадиган ҳолат бўлиши мумкин. Лекин агар ҳуқуқий билим шу савияда бўладиган бўлса¸ ҳукумат яна фақат ўзини ва оиласини ўйлайдиган одамларнинг қўлига ўтиб кетади¸ дейди Россияда мардикорлик қилиб юрган ўзбекистонлик меҳнат муҳожири.

Россияда мардикорлик қилиб юрган ўзбекистонлик меҳнат муҳожири Ўзбекистон келажагидан хавотирларини Озодликнинг тингловчилари билан ўртоқлашди.

"Дадахоннинг қўшиғидан қўйинг"


Яна бир тингловчи бизга Тожикистоннинг Сўғд вилояти, Ашт туманидан телефон қилди.

Суҳбат аввалидаёқ бу тингловчи бизга савол билан юзланди.

- Нимага сизлар нуқул бошқа жойни айтасизлар¸ Тожикистонни айтмайсизлар?

Озодлик: Тожикистон ҳақида эшиттиришларимиз ҳар кун борку.

- Ҳар кун бор. Мана кеча Покистонда бир артистни ўлдириб кетди дедингиз. Яхши артист экан. Эшитиб кўзларим анча ëш бўлиб кетди. Мен Ленинобод вилояти (ҳозирги Сўғд вилояти)¸ Аштда яшайман. Бизда умуман иш йўқ. Қишда свет йўқ.

Озодлик: Қайси жиҳатларини гапиришимизни истайсиз? Мана бизга телефон қилдингиз. Ҳозир Озодлик орқали нималар ҳақида гапиришимизни исташингизни айтишингиз мумкин.

- Қачон эфирга берасизлар бу интервьюни?

Озодлик: Бугун кечқурун. (Эслатиб ўтамиз¸ суҳбат 30 апрел куни ëзиб олинган ва шу куни эфирга кетган)

- Бизда мана иш йўқ¸ кризис. Ҳамма оч. Тожикистон деган давлатнинг ўзи йўқ. Чунки давлатда ҳеч ким ҳеч кимга иш топиб бера олмайди. Ҳамма бекорчи¸ кўчада юрипти. Ҳамма оч. Вақтида пенсияни бермаяпти.

Озодлик: Сиз ўзингиз неча ëшдасиз?

- Мен 33 га кираяпман.

Озодлик: Бирор бир касб ўрганганмисиз?

- Мен тоза ҳавога хўжайинлик қиламан. Бекорчиман.

Озодлик: Бирорта олий ўқув юртида ўқиганмисиз? Олий маълумот борми?

- Йўқ¸ шароитимиз бўлмаган. Қишлоқда катта бўлганмиз.

Озодлик: Балки бирор бир ҳунар ўргангандирсиз?

- Ҳа¸ ғишт қуйиб сотамиз.

Озодлик: Қанча пул топасиз?

- Пулимиз беш долларга ҳам чиқмайди. Эртадан кечгача иш қилсангиз беш долларга етмайди.

Озодлик: Бошқа иш йўқми? Бошқа бирор ҳунарингиз йўқми?

- Ҳунар қаерда¸ пулнинг ўзи йўқ бу давлатда.

Озодлик: Аҳвол шундай бўлиб қолавермаса керак. Ҳадемай яхши замонлар келади.

- Энди ким билади. Яхши бўлишига ҳеч кўзим етмаяпти. Бизда қиши билан свет бўлмаган.

Озодлик: Оила¸ бола-чақа борми?

- Ҳа¸ оила бор. Иккита болам бор¸ хотиним мактабда ишлайди.

Озодлик: Қандай тирикчилик қилаяпсизлар?

- Ҳовлида 20-30 сўтик ер бор. Шунга буғдой экамиз. Буғдойнинг сомонини сотамиз¸ буғдойини еймиз. Шунақа қилиб тирикчиликни ўтказиб турибмиз.

Озодлик: Радиони ҳар доим эшитасиз-а?

- Радиони ҳар доим эшитаман. Дунëда нима гап бўлса айтасизлар. Мен шуни эшитиб ўтираман. Энг яхшиси шу илтимос қиламан Дадахон Ҳасаннинг ашуласидан қўйинг. Мен излаб тополмадим. Энди ҳар кун қўясизми?

Озодлик: Ҳар куни қўямиз деб айта олмайман. Бизнинг радио ахборот беришга мўлжалланган радио. Бугун сизнинг илтимосингизга биноан бироз эшиттирамиз.

- Шу бугунми?

Озодлик: Ҳа.

- Раҳмат. Янгиликлар бўлса¸ айтиб тураман. Мен телевизор кўрмайман. Нуқул сизларни эшитаман. Бизнинг Тожикситодан гапирадиган Гулнора Равшан дегани бор. Сўғддан Алишер деган бола бор. Сизлар ҳақиқатни гапирасизлар¸ телевизордагилар нуқул ëлғонни гапиради¸ дейди охирги тингловчимиз.

Тожикистоннинг Сўғд вилояти, Ашт туманидан телефон қилган шу тингловчимизнинг илтимосига биноан биз “Тингловчи минбари” эшиттиришининг бугунги сони якунида Ўзбекистонлик таниқли ҳофиз Дадахон Ҳасанов ижросидаги қўшиқдан бир парчани ҳавола этамиз.

****************************

Азиз мухлис! Имкон қадар мурожаатларингизни ёритиш, муаммоларни ўрганиш ва фикрларингизни Озодлик орқали тингловчиларга тақдим қилиш истаги билан яна бир бор телефон рақамларимиз ва манзилимизни ёдингизга соламиз.

uzbek@rferl.org Бу бизнинг электрон манзилимиз¸ мактуб ëзинг.
www.ozodlik.org Бу бизнинг интернет саҳифамиз¸ ташриф буюринг.
Vinohradska 159а, Praha 10, 100 00 , Czech Republic Бу бизнинг почта манзилимиз.
Телефон рақамларимиз: (мамлакат чиқиш кодидан сўнг) 42 02 21 12 34 37

Марҳамат қўнғироқ қилинг. Қўнғироқларингизни кутамиз.

ЭСЛАТМА: Ушбу саҳифага қўйилган материаллар тингловчилар мурожаатининг соф баёнига асосланган. Таҳририят ушбу мурожаатлар мазмуни учун жавобгар эмас.
XS
SM
MD
LG