Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 18:45

"Ватанга бир кун қайтишимиз бор "


Озодлик радиосига келаëтган қўнғироқлар жуғрофияси кенгайиб бормоқда.
Озодлик радиосига келаëтган қўнғироқлар жуғрофияси кенгайиб бормоқда.

Исроилда эмин-эркин¸ фаровон яшаëтган ўшлик ўзбек аëли ҳар йил Ўшга бир бормаса¸ кўнгли жойига тушмаслигини айта туриб¸ ватанга қайтиш орзусига ҳалиям ишониб яшаëтганини айтади.

“Тингловчи минбари”нинг бугунги сонида:

- Ўшдан Исроилга бориб қолган аёл ортда қолган юртдаги ҳаёти билан янги юртдаги ҳаётни ўзаро қиёслайди:

Мусулмон одам мусофир бўлгандан кейин мусулмончиликнинг қадрига етади деган гап бор. Мусофир бўлганингиздан кейин ўзингизнинг давлатингизнинг қадрига етасиз.”

- Хорижда юрган андижонлик қочқин ўз кўрган кечирганларини китобга жамламоқда:

Андижон воқеасига мен гувоҳ бўлганман. Қўлимда аниқ ҳужжатларим бор. Ўша ўзим билган ҳужжатлар асосида ëзаман деган ният бор.


"Оддий халқ орасида муаммо йўқ!"


Бундан 10 йил муқаддам Қирғизистоннинг Ўш вилоятидан Исроилнинг Элиат шаҳрига кўчиб борган оила бекаси – Раҳминисо опа Озодликка сим қоқди.

Бу аёл Озодликни тез-тез эшитиб турар экан. Ўзбекистон ва ўзбекларнинг бугунги турмуш тарзи, муаммоларидан яхшигина хабардор. Биз билан суҳбат чоғида Ўшдаги ва Исроилдаги ўзбекларнинг ҳаётини қиёслаб, келган хулосалари билан ўртоқлашди.

Шу баҳона, Исроилга бориб қолган ўзбекларнинг турмуш тарзидан ҳикоя қилиб берди.

Озодлик: Раҳминисо опа¸ сиз Ўшдан қачон ва нима сабабдан чиқиб кетгансиз?

Раҳминисо опа: Биз фалакнинг гардиши билан 1999 йилда чиқиб кетдик. Олдин болаларни ўқишга жўнатдик. Кейин уларнинг орқаларидан бу ëққа келдик. Улар бу ерда ўқишни битиришди. Ҳозир улар мутахассислик бўйича ишлашаяпти.

Озодлик: Ўшга тез-тез бориб турасизми?

Раҳминисо опа: Ўшга ҳар йил бораман. Ҳозир ҳам Ўш тортади. Ўшга ҳозир ҳам боришимиз мумкин¸ лекин фарзандларни соғиниб уларнинг орқасидан келдик.

Озодлик: Ҳаëт қанақа у ëқда?

Раҳминисо опа: Исроилнинг ҳаëти яхши. Ҳеч қачон сен мусулмонсан¸ сен яҳудийсан¸ сен руссан деган нарсани айтмайди. Ижтимоий ҳаëтда биз тенгмиз.

Ҳар доим Қизил денгизнинг бўйига чиқиб¸ палаткалар қуриб ошларимизни¸ шашликларимизни пишириб еймиз. Бу ëқда палатка тикиб сиз ўтирасиз¸ бу ëқда ëнингизда палатка тикиб араблар ўтиради. Шунақа иноқлик бу ерда.

Озодлик: Биз хабарларни эшитиб¸ Исроилдаги яҳудийлар билан араблар ҳеч келиша олмади¸ деб ўтирамиз.

Раҳминисо опа: Йўқ¸ бу нарса энди юқорида. Оддий халқ жуда ҳам яхши. Оддий халқ ҳамма ерда яхши.

Озодлик: У ерда ўзбеклар кўпми?

Раҳминисо опа: Бу ерда ўзбеклар кўп. Аввалги пайтларда русларга кўп уйланишганку. Отаси ўзбек¸ онаси руслар кейин қарашса¸ еврей бўлиб чиққан. Ўзбекистондан келганларнинг ўзларининг ташкилоти бор бу ерда.

Озодлик: Уларнинг орасида мусулмонлари ҳам кўпми?

Раҳминисо опа: Ҳа¸ кўп.

Озодлик: Сиз мусулмон¸ сизнинг турмуш ўртоғингиз яҳудийми?

Раҳминисо опа: Бизнинг Ўзбекистонда ота томонидан ўзбек бўлиб юрган. Исроилда она томондан ҳисобланар экан. Она томондан бу ерда яҳудий бўлиб ҳисобланади.

Озодлик: Демак¸ сиз яшаб турган шаҳарда Марказий Осиëдан борган ўзбекларнинг жамоати бор-а?

Раҳминисо опа: Ўзларининг жамоати бор. Ўзлари концертлар ташкил қилишади. Бу ëққа Ўзбекистондан артистлар келиб туради.

Юлдуз Усмонова келган¸ "Шаҳзод" гуруҳи келиб туради¸ Шерали Жўраев бир келган эди¸ бундан ташқари Фаррух Зокиров ва “Ялла” гуруҳи келди. Биз жон-дилимиз билан томоша қилиб келамиз.

Озодлик: У ердаги ўзбеклар ўзаро қуда-анда бўлиб ҳам кетишгандир.

Раҳминисо опа: Ҳа¸ шундай. Мен ўғлимни уйлантиришдан олдин келганимизда эди¸ бу ерда уйлантирар эдик. Ўшда ўзимиз билган одамнинг қизига уйлантириб келдик.

Озодлик: Келинни қандай топдингиз?

Раҳминисо опа: Ота-онаси билан дўст эдик. Болаларимиз ҳам ўзлари ëшлигидан дўст эди. Учраштирдик¸ бир-бирларига ëқишди. Болаларнинг ўзимизнинг ватанга барибир бир кун келиб қайтиши бор.

Озодлик: Демак¸ бир кун орқага қайтамиз деган ният бор.

Раҳминисо опа: Ҳа¸ бор. Пешонага ëзилганини ҳеч ким билмайди. Кимники¸ қўлида ҳунари бўлиб¸ ишдан қочмаса¸ қаерда бўлишидан қатъий назар ейдиган нонига пул топади.

Мана мен сал олдинроқ Ўшга бориб келдим. Кўп ëшлар ҳунарсиз. У ëқ бу ëққа бориб ишлашни орзу қилиш керак эмас. Ўзининг оëғининг тагида иши бор. Меҳнат қилиш керак.

Озодлик: Ўшда меҳнат қилганга ҳақ борми?

Раҳминисо опа: Ҳозир ҳамма ерда шахсий бўлиб кетганку. Биров дўкон очиб¸ ойига фалон сўм бераман деса¸ ишлайверади. Уй қуриш¸ девор кўтариш¸ бировнинг дарахтини кесиб бериш ҳам меҳнат. Мен энди кўзга кўринмайдиган нарсани айтаяпман.

Бизнинг ўзбекчиликда “сендан мен ўзаман” деган одамларимиз кўп. Битта тўй қиладиган бўлса¸ казо-казо одамларни чақириб¸ артистларни чақириб¸ топганини бир кунда йўқотиб¸ кейин қараб ўтиради.

Озодлик: Исроилда одамлар мана шунақа масалаларда қанақа экан?

- Биласизми¸ бу ерда тўй қилиш ўйинчоқ. Тўй ресторанга белгиланади. Тўйга келганлар конвертга пул солиб келишади. Бизга ўхшаб латта-путта¸ тоғора кўтармайди. Тўйдан келадиган пул ресторан пулини тўлашга етади. Бундан ташқари пул ва совғалар ортиб қолиб¸ ўзларига уй ëки бошқа нарса сотиб олишади.

Бу ерда тўй қилган одам ютади. Бу ерда 30 ëшдан кейин уйланишади. Бу ердагилар ота-онасининг пулига эмас¸ ўзининг пулига уйланади. Бизда ота-оналар 18-19-20 ëшида уйлантириб қўяяпти. У бола-чақали бўлса¸ уни ким боқади? Албатта ота-она боқади.

Шу сабабли ҳам биз фарзандларимизни дангаса қилиб қўяяпмиз. Болаларнинг дангаса бўлишига ота-онанинг ўзи сабабчи бўлаяпти.

Эскиларимиз “Мусулмон одам мусофир бўлгандан кейин мусулмончиликнинг қадрига етади” деб айтади. Мусофир бўлганингиздан кейин ўзингизни давлатингизнинг қадрига етасиз.

Ўзингизда қанчалик камчилик борлигини¸ элимиз қаëққа интилаëтганини биласиз. Бу ерда одам ўзи учун яшайди¸ интилади¸ дейди Раҳминисо опа.

Бундан 10 йил муқаддам Қирғизистоннинг Ўш вилоятидан Исроилнинг Элиат шаҳрига кўчиб борган оила бекаси, Ўзбекистон ва ўзбекларнинг бугунги турмуш тарзи, муаммоларидан яхшигина хабардор Раҳминисо опа икки давлатдаги ўзбекларнинг ҳаётини ўзаро қиёслаб, келган хулосалари билан ўртоқлашди.


Китобга жамланаëтган ҳаëт

Навбатдаги қаҳрамонимиз андижонлик. Андижон воқеаларининг гувоҳларидан бири Абдуллоҳ. У Ўзбекистондан чиқиб кетган. Қўшни республикаларидан бирида 4 фарзанди билан тирикчилик қилиб юрган бу тингловчимиз ўзи ҳаётида кўрган-кечирганларини 1984 йиллардан буён қоғозга тушириб юрган экан.

Энди ўша битикларини худди тожик меҳнат муҳожирлари орасидан чиққан Бибиш каби китоб қилиб чоп эттириш ниятида экан. Шунинг йўл-йўриқларини сўраб, бу тингловчи бизга мурожаат қилди. Биз унинг 25 йиллик ҳаётини ўз ичига жамлаган хотиралари билан қизиқдик.

Озодлик: Китобингиз¸ бундай олиб қараганда¸ сизнинг кундалигингиз эканда.

Абдуллоҳ: Бундай олиб қараганда асар¸ роман тарзида ëзилган нарса. Бу қуруқ таржимаи ҳол эмас. Унинг ичида одамни кулдирадиган ҳар хил кулгили воқеалар ҳам бор¸ одамни йиғлатадиган ҳар хил ғамгин воқеалар ҳам бор.

Озодлик: Демак¸ совет даври ҳам бор¸ мустақиллик даври ҳам бор.

Абдуллоҳ: Ҳа¸ бизнинг мустақилликдан кейин етишган озодлигимиз ҳам бор.

Озодлик: Китоб ëзиш фикри қачон келди сизга?

Абдуллоҳ: Бу нарса биз ҳали “Ленин бобомиз” деб юрган пайтларда келган.

Озодлик: Сизнинг назарингизда бу анча қизиқ нарса бўлган-а?

Абдуллоҳ: Қизиқ кулдирадиган воқеалар ҳам бор. Мен Андижон воқеаларига гувоҳ бўлганман ва қўлимда аниқ ҳужжатларим бор. Ўзим билган ҳужжатлар асосида¸ ўша ерда шаҳид бўлганлар билан бўлган суҳбатлар асосида ëзаман деган ният бор.

Фақат менга яхши шароит керак. Ҳозир менда ҳеч унақа шароит йўқ. Новвойхоналарда¸ бошқа жойларда ишлашга мажбурман¸ оила боқиш керак. Тўртта болани боқиш ҳам қийин бўлаяпти. Аëлимнинг ўзи кунига 1000-2000 ўзбек сўми топади.

Қани энди яхши шароит бўлсаю¸ мана шу мавзуда китоб ëзсам. Кейин алоҳида бир суҳбатлашганда дафтаримдан ўқиб беришим ҳам мумкин. Ҳозир ҳам бор. Уларни кийимларнинг орасига ташлаб қўйганман.

Озодлик: Уни энди бекитиб олиб юрасиз-а?

Абдуллоҳ: Ҳа¸ буни энди бекитмаса бўлмайди. У ерда “Эрк” демократик партиясининг аъзолари ҳақида ëзилган¸ Ўзбекистонда ҳукумат ҳокимиятни қандай қилиб ўз қўлида сақлаб қолгани ҳақида ëзилган. Аввалига Горбачëвга қарши гапириб туриб¸ кейин мустақиллик эълон қилиб юборгани ҳақида ëзилган.

Озодлик: Сизнинг мухолиф ҳаракатлардан ҳам хабарингиз борми дейманда.

Абдуллоҳ: Мен фақат Озодлик ва Би-Би-Си эшитаман.

Озодлик: Асар ҳар ҳолда ҳали тугамаган-а?

Абдуллоҳ: Асар умримнинг охиригача тугамаса керак.

Озодлик: Бибишга ўхшаб чоп эттираман деяпсиз. Бўлак-бўлак қилиб чоп эттирмоқчимисиз?

- Энди етган жойимгачада¸ дейди Абдуллоҳ.

Абдуллоҳ вақти-вақти билан шеър ёзиб турар экан. Андижонда юрганида маҳаллий шоирларнинг суҳбатида кўп бўлган. Аммо, замоннинг зайли Андижон зиёлиларини ҳар жойга тарқатиб юборгандан сўнг Абдуллоҳ улардан бири Холдор Вулқонга мурожаат қилиб, битган шеъри ҳамда Андижон фожеасига бағишлаган шеърини эшиттиришимизни сўради.

Холдор Вулқон азизим¸ портлагин вулқон бўлиб¸
Золимларни титратиб¸ мазлумга қалқон бўлиб.

Қаламинг найза мисол¸ душман бағрини йиртсин¸
Шеърларинг таъсирида¸ башар Исломга кирсин.

Ҳаққа чорла¸ чорлагин чаққон бўлиб¸
Холдор Вулқон¸ портлагин вулқон бўлиб.

Вулқонинг оташидан булутлар тарқаб кетсин¸
Исломнинг равнақидан душманлар қўрқиб кетсин.

Ҳаққа чорла¸ чорлагин чаққон бўлиб¸
Холдор Вулқон¸ портлагин вулқон бўлиб.

Яна кўпчилик виждонли одамларнинг юрагига дард бўлиб ëпишган Андижон воқеалари ҳақидаги шеъримни эсимдан чиқмаган бўлса¸ айтиб бераман. Ҳозир жуда ҳаяжонланиб кетаяпман. Қоғозга ëзмаган эканман¸ шунинг учун адашиб кетишим ҳам мумкин.

Бош кўтарган бошим ҳам эгилиб қолди¸
Кўз ëшларим қоғозга тўкилиб қолди¸
Хаëлим паришон юрак тўла ғам¸
Сизларни хотирлаб ушладим қалам.
Опаларим¸ сингилларим¸ онажонларим¸
Андижонда шаҳид бўлганлар.

Неча кундир кўзларимда нам¸
Ортиб борар дардим¸ аламим¸
Нетайки паришон хаëлларим ҳам¸
Термулдим қоғозга титрар қаламим.
Акаларим¸ укаларим¸ отажонларим¸
Андижонда шаҳид бўлганлар.

Имон йўли узра дадил юрдингиз¸
Эътиқоду ибодатда муқим турдингиз¸
Кўп қалбларда Ислом салтанатин қурдингиз¸
Азизларим¸ дўстларим¸ биродарларим¸
Андижонда шаҳид бўлганлар.

Тонг яқин¸ тонг яқин¸ оппоқ тонг яқин¸
Жаҳолат шундайин қолмагай асло¸

Андижон воқеаларининг гувоҳларидан бири Абдуллоҳ ўзи ёзган шеърларидан баъзиларини ўқиб берди.

У ўз кўрган -кечирганларини 1984 иллардан буён қоғозга тушириб юрди. Шеър ҳам ёзади. Ҳозир ўша битикларини худди Россияда ном қозонган хоразмлик адиба Бибиш каби китоб қилиб чоп эттириш ниятида.

****************************

Азиз мухлис! Имкон қадар мурожаатларингизни ёритиш, муаммоларни ўрганиш ва фикрларингизни Озодлик орқали тингловчиларга тақдим қилиш истаги билан яна бир бор телефон рақамларимиз ва манзилимизни ёдингизга соламиз.

uzbek@rferl.org Бу бизнинг электрон манзилимиз¸ мактуб ëзинг.
www.ozodlik.org Бу бизнинг интернет саҳифамиз¸ ташриф буюринг.
Vinohradska 159а, Praha 10, 100 00 , Czech Republic Бу бизнинг почта манзилимиз.
Телефон рақамларимиз: (мамлакат чиқиш кодидан сўнг) 42 02 21 12 34 37


Марҳамат қўнғироқ қилинг. Қўнғироқларингизни кутамиз.

ЭСЛАТМА: Ушбу саҳифага қўйилган материаллар тингловчилар мурожаатининг соф баёнига асосланган. Таҳририят ушбу мурожаатлар мазмуни учун жавобгар эмас.
XS
SM
MD
LG