Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:02

Амалдорниям¸ ногиронниям қўли қисқа


Пастдарғомлик кўзи ожизларга кўра¸ улар маҳалласида газ пул олишдан икки кун олдин ëнади¸ газнинг пулини олгандан кейин икки кун ўтиб ўчади.
Пастдарғомлик кўзи ожизларга кўра¸ улар маҳалласида газ пул олишдан икки кун олдин ëнади¸ газнинг пулини олгандан кейин икки кун ўтиб ўчади.

“Тингловчи минбари” эшиттиришининг бугунги қаҳрамони Самарқанд вилояти, Пастдарғом туманидаги Мирзо Улуғбек қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли Кўзи ожизлар маҳалласи аҳли номидан телефон қилган Нўъмонжон Қосимхоновдир.

Ҳафта аввалида таҳририятимизга телефон қилган Нўъмонжон Қосимхонов маҳалланинг ногирон фуқароларини қийнаётган муаммоларни санаган эди:

“Шароит оғир. Болаларнинг пулини¸ нафақа пулларини вақтида бермайди. Кейин бизда газ муаммоси бор. Нафақа пулини бераëтган пайтда пул ундириш учун газ беради. Эртаси куни эса ўчириб ташлайди. Туалетларимиз йиқилиб кетадиган даражада”.

Биз ана шу муаммолар юзасидан бўлган мурожаат ортидан Пастдарғом туманидаги тегишли мутасадди идоралар билан боғланиб, асл аҳволни ўрганишга ҳаракат қилдик.

Дастлаб, ижтимоий таъминот, хусусан, пенсия ва болалар нафақа пулларининг берилишига масъул бўлган “Маҳалла” жамғармасининг Пастдарғом тумани бўлимига боғландик.

“Маҳалла” жамғармаси Пастдарғом туман бўлимининг ўзини таништиришни истамаган раиси буни инкор қилди.

- Берилаяптию. Энди битта-иккита шунақа шантажчи чиққандирда. Ойма ой берилаяптию пенсия.

Озодлик: Одамлар "Август ойиникини ҳали олганимиз йўқ" деб айтишди.

- Августники? Ярми қолган бўлиши мумкин¸ лекин уни ҳам бераяпти. Ҳали август тугамадию. Беради.

Озодлик: Уларнинг “вақтида олиш¸ эртароқ олиш” дегандай имтиëзлари борми?

- Бор. Ўзи ногиронларга биринчи навбатда берилади.

Озодлик: Мана август ойи тугаяпти. Улар ҳалигача пенсиясини олмаган.

- Пенсиянинг бир қисми қолган. Ойнинг охиригача ҳаммаси узилади.

Озодлик: Кейин болалар пули билан боғлиқ бир муаммо айтилди. 16 ëшгача бўлганларга бериладиган нафақани тўғрилашга боришса¸ олдиндан бир ëки икки ойлигини берасан¸ деб шарт қўйишаяпти экан.

- Бу бўлмаган гап. Ўзи бу кам таъминланганларга бериладиган нафақа бўлса. Бунақа нарса йўқ. Бизда бўлмайди бунақа нарса.

Озодлик: Болаларга бериладиган нафақанинг миқдори қанча?

- 48 минг сўм.

Озодлик: Демак¸ бу муаммо йўғ-а?

- Йўқ.

Озодлик: Унда пенсиянинг кеч қолганини қандай изоҳлаш мумкин? Мана бир қисми олмаган¸ деяпсиз.

- Бу энди нақд пул тушимига қараб берилаяпти. Пул тушганда биринчи бўлиб пенсионерларга берилаяпти.

Озодлик: Нақд пул тушими озгина муаммода-а?

- Ҳа¸ дейди “Маҳалла” жамғармаси Пастдарғом туман бўлимининг ўзини таништиришни истамаган раиси.

“Маҳалла” жамғармасининг Пастдарғом туман бўлими раисига кўра, кўзи ожизлар маҳалласи аҳли пенсия пулларини деярли ўз вақтида олмоқда. Бироз кечикаётганига сабаб эса нақд пул танқислигидир.

Шундан кейин Пастдарғом туман Маҳалла бўлими раисига бошқа саволларимизни бердик. Яъни, собиқ совет замонларида қуриб берилган корхоналар шу кунларда деярли ишламаётгани боис 40 хонадон аҳлининг аксарияти ишсиз экани, шунингдек, бу маҳаллада турар-жой бинолари, ҳатто, ҳожатхоналарнинг ҳоли хароблиги ҳақида тилга олинган муаммоларга изоҳ сўрадик.

Озодлик: Ҳозир ижтимоий таъминот масалалари билан тўлиқ маҳалла шуғулланаяптику. Мана ишхонаси ишламай турибди¸ деяпсиз. Уларга бу масалада қандай ëрдам берилаяпти? Фақат пенсия билан кун ўтмаса керак ахир.

- Корхонаси ҳозир ишдан тўхтаган¸ ишламаяпти. Тўғри. Пахта титиш цехимиз бор эди. Улар бошқа корхоналарда ишлай олмаса¸ кўзи ожиз бўлса.

Озодлик: Балки уларга ишини тиклаб бериш керакдир. Ҳар ҳолда Ўзбекистон пахта етиштирадиган мамлакат.

- Тўғри. Бу йўлда ишлар бўлади¸ қилинаяпти. Ҳозир вақтинчада бу.

Озодлик: Уларнинг уйлари совет давридан қолган экан. 20 йилдан ошиқ бўлиб қолибди.

- Ҳа. Пишиқ ғиштдан икки қаватли уйлар қурилган. Ўтган йил шунинг устини шифер қилиб бердик. Газ ва светларини нормал қилиб бердик. Ëрдам биринчи навбатда шуларга кўрсатилаяпти.

Озодлик: Трубаларимиз ëрилган¸ ҳожатхоналаримиз қулаб тушай¸ деб турибди дейишаяпти.

- Йўғе¸ ҳожатхоналар пишиқ ғиштдан қилинган. Энди уларники умумий ҳожатхона. Ҳар биттасиники алоҳида эмас. Ташқарида қилинган. Озодликка чиққандан кейин энди дўндириброқ гапириш керак. Улар энди шундай бўлса керак. Қайси камчиликларни айтган бўлса¸ бориб¸ кўриб¸ қилиб берамиз. Шу ëққа чиққунча бизларга чиққани маъқул эдида буларнинг.

Озодлик: Сизларга чиқишибдику. Ҳожатхона масаласида икки йилдан бери мурожаат қилаяпмиз¸ дейишди.

- Билмадим улар кимга мурожаат қилган. Лекин шахсан менга мурожаат қилмаган¸ дейди “Маҳалла” жамғармаси Пастдарғом туман бўлимининг ўзини таништиришни истамаган раиси.

Бу расмий кўзи ожизлар маҳалласи аҳли шикоятини деярли тўлиқ инкор қилмоқда. Аммо, унинг жавобларидан икки жиҳат англашилди.

Биринчидан, маҳалла аҳли яшаётган кўп қаватли уйлар қадим совет замонида қурилган, канализация қувурлари эскириб кетган бинолардир. Содда айтганда, эскини эплагунча эси кетаяпти.

Иккинчидан, пенсия пули кечикаётгани туманнинг айби эмас. Асли юқоридан келаётган нақд пул тушуми танқис.

Болалар нафақа пулларини тайин қилишда пора олинаётганини ҳам бу расмий тўлиқ инкор қилди. Унинг бу инкорлари асослими ёки йўқ — бу ҳақда маҳалла аҳлининг ўзига яна бир бор мурожаат қилдик. Аммо, уларнинг жавобларини сал кечроқ эшитасиз. Ҳозир эса газ муаммоси ҳақида.

Бу муаммо юзасидан саволларимизга “Пастдарғомгаз” туман газ таъминоти бошқармаси раҳбари Баҳриддин Мадаминов жавоб берди.

Эслатамиз, кўзи ожизлар маҳалласи аҳли газ, одатан тез-тез узилиши, берилса ҳам нафақа пули тарқатилишидан 2-3 кун олди берилиб, пул тарқатилиши биланоқ яна узиб қўйилишини айтган эди. Маҳалла аҳлига кўра, газ учун тўлов республиканинг бошқа ҳудудларида учрагани каби нафақа пуллари тарқатилаётган паллада йиғиб олинади.

Бу ҳолат юзасидан изоҳ сўраганимизда “Пастдарғомгаз” бошқармаси раҳбари Баҳриддин Мадаминов бундай муаммонинг борилигини тан олди, бироқ, буни бошқа сабаб билан изоҳлади.

Озодлик: Газ масаласи бўйича Пастдарғом тумани кўзи ожизлар маҳалласидан бизга мурожаат бўлган эди. Газнинг пулини олишдан икки кун олдин газ ëнади¸ газнинг пулини олгандан кейин икки кун ўтиб ўчади¸ дейишди. Нимага шунақа?

Баҳриддин Мадаминов: Улар пул тўлар эканми?

Озодлик: Пул тўлашарканда.

Баҳриддин Мадаминов: Мен уларнинг пул тўлаганини кўрганим йўқ.

Озодлик: Улар пул тўлашмайдими?

Баҳриддин Мадаминов: Йўқ. газни яхшилаганмиз. Ишонмасангиз¸ ҳозир телефон қилиб сўрашингиз ëки келиб текширишингиз мумкин. Кучим етганча қилиб берганман. Лекин уларда тўлов деган нарса йўқ.

Озодлик: Тўлов бўйича кўзи ожизларда қанақадир имтиëзлар борми?

Баҳриддин Мадаминов: Мустақил бўлганимиздан бери уларга имтиëз йўқ. Мустақил бўлгандан бери ҳаммасини маҳаллага берган. Сув¸ газ¸ светга маҳалла ëрдам бериши керак. Бўлмаса жоним билан қилардим.

Озодлик: Кўзи ожизлар пулини вақтида тўламаса¸ гази узиб қўйилаверадими?

Баҳриддин Мадаминов: Узишга ҳаққимиз бор¸ лекин узганимиз йўқ.

Озодлик: Узмадинглар-а?

Баҳриддин Мадаминов: Йўқ. Энди инвалидларга бундай қилсангиз¸ мусулмончиликка тўғри келмайди. Ўзингиз биласизку¸ вилоят¸ республика бўйича тўлов жойида эмас. Тўлов бўлмагандан кейин газни ҳам бермайдида. Ҳозир газ олаяпмиз. Худога шукур¸ элга етаяптику.

Озодлик: Туманда тўлов яхши бўлмаса¸ сизларга газ келиши ҳам тўхтаб қоладими?

Баҳриддин Мадаминов: Ҳисоб рақамимизга тушган пул дарров Тошкентга кетади.

Озодлик: Тошкентда етарли пул бормаса¸ Тошкентдан ҳам газ узиб қўйилаверадими?

Баҳриддин Мадаминов: Газни қисман кесадида. Лимит 1000 часовой бўлса¸ шуни 500 га¸ 300 га туширади.

Озодлик: Демак¸ аҳоли пул тўламай қўйса¸ сизлар ҳам иложсиз экансизларда-а?

Баҳриддин Мадаминов: Ҳа¸ иккита оëқ¸ иккита қўл боғланганку бизда. Қимирлаб бўлмайди. Ҳар кечаси жавоб берамизку. Президентнинг қарори бор.

Озодлик: Газ тўловларини ҳар кун бериш ҳақидая?

- Газ¸ свет¸ сув ҳаммаси бир гўр¸ дейди “Пастдарғомгаз” туман газ таъминоти бошқармаси раҳбари Баҳриддин Мадаминов.

Демак, бу расмий сўзлари мазмунидан келиб чиқадики, кўзи ожизлар маҳалласига борадиган газ босимининг камайгани ёхуд газнинг узилганида “Пастдарғомгаз” бошқармаси айбдор эмас. Бу республика миқёсида газ ва электр таъминоти бўйича бораётган сиёсат маҳсули.

Аммо бу расмий гарчи бу маҳалла аҳолиси газ учун тўловларни вақтида бермаса ҳам уларга бериладиган газ атайин узиб қўйилмаслигини таъкидламоқда.

“Маҳалла” жамғармасининг Пастдарғом тумани бўлими ва “Пастдарғомгаз” туман газ таъминоти бўлимидан шу тумандаги кўзи ожизлар маҳалласидан бўлган шикоят юзасидан олинган жавоблар юзасидан биз яна бир карра маҳалла аҳли номидан бизга сим қоққан Нўъмонжон Қосимхоновга боғландик.

Озодлик: Сизлар газ пулини олишдан икки кун олдин газни ëқишади ва кейин яна ўчириб қўйишади¸ деб шикоят қилган эдингизлар. Ҳозир “Пастдарғомгаз” туман газ таъминоти бўлими билан гаплашдик. Туман газ таъминоти бўлими раҳбари “Унақа эмас. Бунинг сабаби тўловнинг вақтида тўланмаслиги” деяпти. Тўғрими шу?

Нўъмонжон Қосимхонов: Бу бундайда: қиши билан уч ойнинг ичида газ бермайдида¸ ўша пайтда “газга пул беринглар” деб келади. Йўқ газга ким пул беради? Масалан¸ мен электрооборудование ишлатсам¸ унга пул бераман. Газим бўлмаса¸ уйимни иситмаса¸ болаларим совуқдан касал бўлиб ëтса¸ мен унга қаердан пул бераман?

Озодлик: Ҳозир уйингларда газ борми?

Нўъмонжон Қосимхонов: Кўз тегмасин¸ уч-тўрт кундан бери бор. Бу ҳам президентга боргандан бу ëғига бор. Ойда бир ҳафта тўлиқ газ бўлган куннинг ўзи йўқ. Кундуз куни бермайди¸ кечқурун беради.

Озодлик: Ҳозир газга тўлов тўламаяпсизлар-а?

Нўъмонжон Қосимхонов: Йўқ. Нимага десангиз¸ июн ойида ҳам¸ июл ойида ҳам газ йўқ эди. Март¸ апрел¸ керак бўлса январ ойларига шахсан мен тўлаганим йўқ. Нимага? Чунки газимиз йўқ эди. Менинг олтита болам бор. Мен қандай қилиб улардан орттириб¸ ëқмаган газимга тўлайман? Далада ўчоқда овқат қилсам¸ далада ўчоқда чой қайнатсам. Бу нима деган гап?

Озодлик: Майли Нўъмонжон ака. Газ масаласини гаплашдик. Энди пенсия масаласини гаплашсак. Пастдарғом тумани Маҳалла бўлими раиси билан гаплашдим. У киши “Биз август ойи пенсияларини бериб бўлганмиз....

Нўъмонжон Қосимхонов: Ëлғон гап.

Озодлик: “Берилмаганлар бир қисми қолган бўлиши мумкин” дейди. Тўғрими шу?

Нўъмонжон Қосимхонов: Менга қарангда¸ инвалидларники биринчи навбатда берилмайдими? Уруш ветеранлариники биринчи навбатда берилмайдими? Ўзи бешинчи числогача бериб бўлиши керак. Мана бугун 27 число. Ҳозиргача йўқ. Кеча почтачи келиб¸ қолиб кетган ойникини бериб кетаяпти. Битта аëлнинг июл ойиники қолиб кетган экан. “Қачон пенсия берасизлар” десак¸ “Ҳа¸ бир-икки-уч кунда бўлади” дейди. Кейинги ҳафта болаларимиз ўқишга боради. Кийим-кечак¸ оëқ кийим олиб беришимиз керак. Ҳозир мактаблар галстуксиз қўймайди. Мана маҳалламизга келинг. 40 хўжалик пенсия олади. Мана сизга исбот қилиб беради.

Озодлик: 40 хўжаликнинг нечтасининг оила боқувчиси иш билан таъминланган?

Нўъмонжон Қосимхонов: 10 та десам ëлғон бўлмайди. Ҳозир шахсан мен ўзим ишлаëтганим йўқ. Масалан¸ менинг ҳам ишлагим келади¸ бировдан кам бўлгим келмайди. Ишлайдиган жойнинг ўзи йўқ. Шароитимиз ростдан оғир.

Озодлик: Республика президентигача чиқдинглар.

Нўъмонжон Қосимхонов: Чиқдик. Йўлларни ҳам тўсдик. Ҳокимият келади¸ у қилади¸ бу қилади. Алдайди¸ кетади.

Озодлик: Қайси йўлни тўсдингизлар?

Нўъмонжон Қосимхонов: Бухоро-Самарқанд йўлини тўсдик.

Озодлик: Қачон?

- Адашмасам икки йиллар бўлди. Бу ҳақда президентгача хабар борган. Уйларнинг устини икки йил олдин қилиши керак эди. Худога шукур мана бу йил қилиб бериб кетди. Бунисига миннатдормиз¸ раҳмат. Лекин газимизни¸ пенсиямизни¸ болалар нафақасини вақтида берса эди. Мана шу болаларимизнинг пулидан ҳам умидворлар борда¸ дейди Самарқанд вилояти, Пастдарғом туманидаги Мирзо Улуғбек қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли Кўзи ожизлар маҳалласи яшовчилари номидан Озодлик радиосига сим қоққан Нўъмонжон Қосимхонов.

Эшитганингиздек, фуқаролар бир гапни айтмоқда, расмийлар эса бошқа гапни. Озодликка сўзлаган бу икки тарафдан қай бири ҳақ — Ўзбекистондаги бугунги шароитдан биздан кўра яхшироқ хабардор бўлганини яхши биласиз.

“Тингловчи минбари” эшиттиришининг бугунги сони учун ҳозирлаганимиз шулардан иборат эди. Яна шу тўлқинда учрашгунча, хайр, омон бўлинг.

***************************

Азиз мухлис! Имкон қадар мурожаатларингизни ёритиш, муаммоларни ўрганиш ва фикрларингизни Озодлик орқали тингловчиларга тақдим қилиш истаги билан яна бир бор телефон рақамларимиз ҳамда манзилимизни ёдингизга соламиз.

Бизнинг электрон манзил: uzbek@rferl.org¸ марҳамат, мактуб ëзинг.
Бизнинг интернет саҳифамиз: www.ozodlik.org, марҳамат, ташриф буюринг.
Бизнинг почта манзилимиз, эътибор қилинг у ўзгарган: Vinohradska 159-а, Praha 10, 100 00, Czech Republic.
Телефон рақамларимиз: (мамлакат чиқиш кодидан сўнг) 42 02 21 12 34 37

Марҳамат қўнғироқ қилинг. Қўнғироқларингизни кутамиз.

ЭСЛАТМА: Ушбу саҳифага қўйилган материаллар тингловчилар мурожаатининг соф баёнига асосланган. Таҳририят ушбу мурожаатлар мазмуни учун жавобгар эмас.
XS
SM
MD
LG