Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:06

Аломати бору¸ ўзи йўқ бирдамлик


Аксар дунëда журналистлар ўз ҳамкасбларига нисбатан ҳақсизлик ва зулмга қарши турли шаклда бирлашиб¸ норозилик билдирса¸ Ўзбекистонда бундай ҳолда ҳамма тум-тарақай бўлиб кетади¸ дейди мустақил журналистлар.
Аксар дунëда журналистлар ўз ҳамкасбларига нисбатан ҳақсизлик ва зулмга қарши турли шаклда бирлашиб¸ норозилик билдирса¸ Ўзбекистонда бундай ҳолда ҳамма тум-тарақай бўлиб кетади¸ дейди мустақил журналистлар.

8 сентябр - Халқаро журналистлар бирдамлиги кунини нишонламаëтган ўзбекистонлик журналистлар¸ ўз ораларида ош бирдамлиги борлигию¸ касбий жипсликнинг йўқлигини айтишади.

Халқаро журналистлар бирдамлиги куни 1958 йилда Бухарестда бўлиб ўтган халқаро журналистлар ташкилотининг 4-анжуманида таъсис этилган эди. Бу анжуман 1943 йил 8 сентябр куни Германияда қатл этилган Чехословакиянинг таниқли журналисти ва анти-фашист ёзувчиси хотирасига бағишланган эди. 20-аср охирига келиб¸ БМТ ҳам 8 сентябр кунини Халқаро журналистлар бирдамлиги куни деб эълон қилди.

8 сентябр - Халқаро журналистлар бирдамлиги кунида Озодлик боғланган ўзбекистонлик журналистларнинг аксари ўз кундалик юмушлари билан банд эди. Суҳбатдошлардан кимдир “Йўғе¸ шунақа кун бор эканми?!” – дея ҳайрон қолган бўлса, бошқалари “Бугун эканми?” ёки “Э¸ эсдан чиқибдику” деб қўйишди. Бизни қизиқтирган ягона савол эса¸ “Ўзбекистонлик журналистлар ўртасида бирдамлик борми?” деган мазмунда эди.

Ўзбекистондаги оқсоқол журналистлардан бири Шароф Убайдуллаев мамлакатда журналистлар бирдамлиги аввал ҳам бўлмаган¸ ҳозир ҳам деярли йўқ¸ деган ишончда.

- Бирдамлик деганда одамлар бир-бирига суяниши¸ ҳамкасбларнинг бир-бирига оғир кунда елкадош бўлиши устида гап кетиши керак. Байрам куни¸ тўй ва тантаналар устида жуда ўйинга тушадиганлар¸ қарсак урадиганлар¸ олқишлайдиганлар жуда кўп. Мана шу кеча-кундузда Ўзбекистонда мустақиллик байрами. Ўйнамаган одам йўқ¸ лекин бошингизга бир иш тушса¸ ўйнаганларнинг ҳаммаси қочиб кетади.

Агар журналистлар бирдамлиги устида гап кетадиган бўлса¸ ëрдамга¸ қувватга¸ мададга¸ ҳамкорликка муҳтож табақа бу журналистлар. Журналистлар вақти келса¸ ҳаммани ҳимоя қилади. Ислом аканинг ҳам¸ тўғри маънода айтиш керак¸ энг бақувват ëрдамчилари журналистлар. Гап шундаки¸ журналистларнинг ўзини ҳимоя қиладиган одам эски замонда ҳам йўқ эди¸ ҳозирги замонда ҳам кўп эмас¸ дейди Шароф Убайдуллаев.

www.uzmetronom.com интернет газетаси бош муҳаррири Сергей Ежков ҳам¸Ўзбекистонда журналистлар бирдамлиги ҳақида гапириш мутлақо ноўрин¸ деган фикрда. Журналистлар бирдамлиги бўлиши учун журналистиканинг ўзи бўлиши керак ахир¸ дея иҳозлайди ўз фикрини Ежков.

- Инсоний муносабатлардан келиб чиқадиган ош устидаги бирдамлик бор, лекин жамоатчилик олдидаги ошкора бирдамлик йўқ. Жамоатчилик ташкилоти сифатида фаол ишлайдиган Журналистлар иттифоқи йўқ. Ўзбекистонда ишловчи журналистлар ўзларидан талаб этилган нарсанигина қиладилар¸ аммо ўзларининг виждонига таянмайдилар. Бундай қўрқув шароитида бирдамлик ҳақида гапириб бўлмайди¸ дейди Сергей Ежков.

www.uznews.net мустақил ахборот хизмати бош муҳаррири Галима Бухорбоева¸ мустақил журналистлар ҳақида гап кетганда, бирдамлик аломатларини кўриш мумкин деб ҳисоблайди. Аммо унга кўра, ҳозирча бундай бирдамлик акциялари натижа бермаган.

- Бундай бирдамлик бўлса ҳам¸ у фақат руҳий қўллаб-қувватлашга асосланган. Лекин афсуски, бугунги кунда журналистларда бир-бирларига самаралироқ ёрдам бериш имконини берувчи восита йўқ. Бирдамлик ҳам фақатгина сўз эркинлиги учун¸ ҳамкасбнинг озодлиги учун курашиш керак ¸деб ҳисоблайдиган журналистларга хосдир.

Биз бир неча бор 10 йилга қамалган ҳамкасбимиз Солижон Абдураҳмонов озодлигини талаб қилиб имзо йиққанмиз. Ўзбекистонда ишлаётган айрим журналистлар орасида ҳам бу петицияларни имзолаганлар бўлди. Афсуски¸ президент Каримов номига йўлланган бу мактубларимиз унинг озод этилишига олиб келмаган эса-да¸ бу бизнинг ҳам бирдамликдан йироқ эмаслигимизни кўрсатди¸ дейди Галима Бухорбоева.

Мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов фикрича, ўзбекистонлик журналистларнинг ўзаро уюша олмаслиги, улар ўртасида бирдамликнинг йўқлигидан ҳукумат яхши хабардор ва бундан қандай қилиб фойдаланишни билади.

- Ўзбекистонда умуман журналистлар бирдамлиги¸ ўзаро ҳамфикрлилиги¸ бир-бирини қўллаб-қувватлаш ҳолати илгаридан ҳам бўлмаган¸ бунинг яқин ўртада бўлиши ҳам жуда қийин. Масалан¸ мен Дилмурод Саййиднинг маҳкама жараëнларида жамоатчи ҳимоячи тарзида қатнашдим. Афсуски¸ бирорта журналистнинг кўнгил сўраб¸ бирорта журналистнинг “Судда қатнашайлик. Унга руҳий далда бўлайлик”¸деб борганини кўрганим йўқ. Айрим журналистлар “қамалса¸ яхши бўлибди” дейишди. Кўпчилик қайсидир даражада ўзининг ҳамдардлигини ëки фикрини билдиради. Амалий ишга келганда¸ бирдамликка келганда¸ҳеч ким ҳаракат қилмайди. Энг ачинарли ҳодиса ҳам мана шундан иборат. Ҳукумат ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари буни жуда яхши билади. Шунинг учун исталган журналистни топиб¸ тутиб қамаши мумкин¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

“Правда Востока” газетаси бош муҳаррири ўринбосари Виктор Вектярев¸ журналистларни қўллаб-қувватлаш ҳар бир нашрнинг вазифасига киришини айтади. Аммо ўзим журналистлар ҳуқуқлари поймол этилган ва уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш лозим бўлган ҳолатга дуч келмаганман¸ дейди у.

Ўзбекистон радиосининг шарҳловчиси Нарзилло Охунжонов ўз ҳамкасблари орасида бирдамлик йўқ деган фикрдан йироқлигини айтади. Давлат оммавий ахборот воситаларида ишловчи журналистлар таъбирича¸ бирдамлик турли байрам ва тадбирларни биргаликда нишонлашда ўз аксини топмоқда.

Нарзилло Охунжонов: Масалан¸ буларни чиқишларда кўриш мумкин¸ байрамларда уюшиб¸ биргаликда нишонлашларини кўриш мумкин. Ҳаммаси бир бири билан ҳамкорликда.

Озодлик: Журналистлар Ўзбекистонда бир бирини ҳимоя қилиб¸ бир бирини қўллаб-қувватлайдими?

- Албатта ҳимоя қилади. Агар бирор бир журналистга тазйиқ бўладиган бўлса¸ ноқонуний ҳатти-ҳаракат бўладиган бўлса¸ албатта ҳимоя қилади¸ дейди Нарзилло Охунжонов.

Ўзбекистонда сўз эркинлиги учун журналистларни таъқиб этиш давом этар экан, сўз эркинлиги учун кураш йўлида оз сонли журналистларгина уюшишга ҳаракат қилди. Ўзбекистоннинг эркин оммавий ахборот воситалари ролини асосан хорижий радиолар ва мустақил интернет нашрлари бажариб келади. Сўз эркинлигини бостиришда ҳукумат ролини камайтирмаган ҳолда, маҳаллий журналистларнинг ҳам сўз эркинлигини ҳимоя қилиб бирдамлик кўрсатишга журъат қилмаганини кузатиш мумкин.
XS
SM
MD
LG