Линклар

Шошилинч хабар
25 октябр 2024, Тошкент вақти: 13:25

Афғонистондаги миллатдошлар Ўзбекистондан умидвор


Афғонистонлик ўзбек зиёлилари мамлакат радио ва телевидениеларида ўзбек тилидаги эшиттириш ва кўрсатувларнинг аҳоли талабига мувофиқ даражада кўп эмаслигини айтадилар.
Афғонистонлик ўзбек зиёлилари мамлакат радио ва телевидениеларида ўзбек тилидаги эшиттириш ва кўрсатувларнинг аҳоли талабига мувофиқ даражада кўп эмаслигини айтадилар.

Афғонистонлик ўзбек зиёлилари мамлакатда ўзбек тилида иш юритувчи маориф ва матбуот ходимлари етишмаётганидан шикоят қилар эканлар, бу борада уларга Ўзбекистон давлати ёрдам бериб, ўз тарихий вазифасини адо этиши лозимлигини айтмоқдалар.

”Ўзбек дунёси” рукнининг сўнгги сонида Ўзбекистондан ташқарида – қўшни давлатларда яшайдиган ўзбекларнинг ўз тилида илм ва информация олиш имкониятлари, уларнинг миллий ўзлигини сақлаб қолиш йўлида дуч келаётган қийинчиликлари, бу қийинчиликларни қандай енгиб ўтаётганлари тўғрисида сўз юритган, мавзуни қозоғистонлик ва қирғизистонлик ўзбеклар мисолида ёритишга ҳаракат қилгандик.

Афғонистонда ҳам бир неча миллион ўзбек яшайди.

Бир неча миллион десак, адашмаймиз.

Чунки аниқ рақам айтиш қийин. Баъзи манбаларда 3 миллион дейилса, бошқа бир манбада озроқ, яна бирида икки баравар кўпроқ эканлиги айтилади.

Мухбиримиз Олим Кўҳканнинг фикрича, афғонистонлик ўзбекларнинг нуфузи камида 5 – 6 миллион нафардир.

Нима бўлганда ҳам Афғонистон ўзбек аҳолисининг кўплигига кўра Ўзбекистондан кейинги давлатдир.

Афғонистонлик ўзбеклар мавзуига бироздан сўнг тўхталамиз. Унгача эса Душанбедаги мухбиримиз Гулнора Равшан тожикистонлик ўзбеклардан сўз юритади.

***

Душанбелик Насибахон ўз оиласи сунъий йўлдош ёрдамида эртаю кеч Ўзбекистон телевидениеси дастурларини кузатиб боради.

Оилада ҳамма ўзбекча гапирса-да, Насиба иккала фарзандини ҳам рус мактабига берган. Суҳбатдошимиз бундай қилишига муайян сабаблар борлигини айтади.

- Ҳозир ўқишлар рус тилида, кўпи тожик тилида. Ўзбек тилимиз Тожикистонда йўқ бўлиб кетаяпти. Ўзбек мактабларида яхши билим берилмайди. Келгусида улар олий мактабларга ҳам кириша олмайди, дейди уй бекаси Насибахон.

Яна бир суҳбатдошимиз Замирахон Тожикистон Миллий университетининг иккинчи курс студенти.

Замирахон: Тожик тилида ўқийман.

Озодлик: Нега, ўзбек тилида билим олиш имконияти йўқми?

- Йўқ, Тожикистон бўлгандан кейин тожикча-да¸ дейди Замирахон.

Замирахоннинг курсдоши Шоирадан “Тожикча ўқиш қийинмасми?” деб сўрадик.

- Муаллимлар инобатга олишади. Ёрдам беришади. Иложи борича ўзбекча тушунтиришади, қийналмаймиз, дейди Шоира.

Дугоналар дарсдан сўнг уйга кетаётиб, ўз она тилларида гаплашиб кетишса-да, курсдошлари ҳузурида ўзбек тилида гаплаша олишмаслигини айтишади.

- Биз ўзбекча гапириб кулсак, курсдошларимиз “ўзбекча гапирманглар” дейишади, дейди Замирахон.

Демак, биринчи, иккинчи ва учинчи суҳбатдошларимизга кўра, тожик жамиятида ўзбекча билим олиш ва ўз она тилида эркин суҳбатлашиш имкони йўқ экан. Хўш, ўзбекларнинг ўз она тилида ахборот олиш, газета ва китоблар ўқиш имкони қандай?

Анча йиллардан буён савдо тизимида ишлаётган Шуҳратжон гапиради.

Шуҳратжон: Мен рус мактабида ўқиганман, шунинг учун кўп ахборотларни рус тилида оламан. Кўпинча Россия каналларини томоша қиламан.

Озодлик: Тожикистонда ахборотларни ўзбек тилида олиш имкони борми?

Шуҳратжон: Бору, кам-да. Маълум муддатда “Ахбор” программаси бериладию, унда менинг вақтим бўлмайди.

Озодлик: Ўзбекча газеталар ўқийсизми?

Шуҳратжон: Асосан, Ўзбекистонда келтирилган газеталарни.

Озодлик: Китоб-чи, китоб ўқийсизми?

- Анча бўлди ўқиганим йўқ, агар ўқисам ҳам русча китоб ўқийман. Чунки ўзбекчани тушунмайман¸ дейди Шуҳратжон.

Душанбедаги болалар боғчаси мураббийси Шаҳноза ҳам кўча-кўйда кўпинча тожикча ёки русча гапиришини айтади.

- Ҳозир бундай олиб қарасак, 99 фоиз одам (ўзбекларни назарда тутмоқда – таҳр.) ўзининг она тилида гапирмайди. Баъзилар рус тилида, баъзилар тожик тилида ўқийди ва гапиради, дер экан Шаҳноза бунинг сабабларини кўрсатиб беришдан ожиз эканини айтади.

Бироқ Рудакий туманида истиқомат қилувчи Холдона тожикистонлик ўзбекларнинг 90 фоизи ўз она тилида гаплашмай қўйганига оид фикрларга қўшилмайди. Унинг айтишича, қишлоқларда ҳали ўзбек тили аҳоли орасида кенг қўлланилаяпти.

Холдонанинг ўзбек китобларига ҳам қизиқиши кучли. Аммо...

- Ёшлигимда ўзбекча китобларни кўп ўқиганман. Ўзбек китоблар Ўзбекистондан келар эди, олиб ўқирдик. Ҳозир эса шароит ҳам, китоб ҳам йўқ, дейди Холдона опа.

Тикув машиналари устаси Миша ака (ҳар ҳолда у киши ўзини шундай таништирди – таҳр.) асли бухоролик ўзбеклардан. Анча йиллардан буён Тожикистонда яшайдиган бу суҳбатдошимиз фикрича, ўзбек тили тожик жамиятида “мода”дан қолиб кетаётир.

- Мен ўзбекча гаплашадиган ёшларни кам кўраман, ҳаммаси тожик бўлиб кетган ҳозир, дейди Миша ака.

Аснода тожик расмийлари республикадаги миллий озчилик вакилларининг ўз она тилида етарли билим олишлари, ишлашлари ва бошқа шу каби маданий ва ижтимоий турмуш учун зарур шарт-шароит яратиб берилаётганини даъво қилсалар-да, тожикистонлик кузатувчиларга кўра, амалда бунинг аксини кузатиш мумкин. Масалан, биргина Ваҳдат туманида сўнгги икки йил ичида 32 та ўзбек синфи қисқарган.

***

Бояроқ “Афғонистон ўзбек аҳолисининг кўплигига кўра Ўзбекистондан кейинги давлатдир”, деган эдик.

Лекин бу мамлакат ўзбеклари минтақадаги бошқа мамлакатлар ўзбекларидан анча фарқ қилади. Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ўзбеклари ўзбекистонлик миллатдошлари билан узоқ йиллар битта сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳудудда яшадилар. Бу ҳолат миллатга ўзининг таъсирини ўтказди: ўрта мактабни битирган тошҳовузлик ўзбек тошкентлик ё чимкентлик ёхуд хўжандлик миллатдоши билан битта норматив ўзбек тилида, таъбир жоиз бўлса, ўрта ўзбек тилида гаплаша олади.

Афғонистонлик ўзбекнинг тили эса постсовет ўзбеклар тилидан кескин фарқланади. Уларни дабдурустдан тушуниш қийин. Афғонистонлик ўзбеклар тилига форс тилининг таъсири бениҳоят кучли.

Абдулқуддус Ҳамидий афғонистонлик ўқимишли ўзбеклардан. Лекин у ўз она тилида на ўқий ва на ёза олади.

Чунки муҳандис Ҳамидий ўрта таълимни ҳам, олий таълимни ҳам форс тилида олган.

- Бизлар ва бизларга ўхшаган кишилар ҳеч вақт она тилида таъсир қилган эмас. Шунинг учун булар она тилида ўшандай лозим ўқиб ë ëзиб билмайдилар¸ дейди муҳандис Ҳамидий.

Лекин кейинги пайтларда информацион технологияларнинг ривожланиши туфайли афғонистонлик ўзбеклар ҳам Ўзбекистон ТВси кўрсатувларини кўриш имконига эга бўлмоқда ва бу ҳолат, табиийки, уларнинг тилига ўз таъсирини ўтказмай қолмади.

Мухбиримиз Олим Кўҳкандан эшитинг.

***

Кўпчилик аҳоли Ўзбекистон телеканалларини кабел тармоқлари орқали кўрадилар. Баъзилар эса сунъий йўлдош орқали. Маймана шаҳри аҳолисидан баъзиларига микрофон тутиб¸ Ўзбекистон телеканалларини не қадар қизиқиб томоша қилаëтганликлари ҳақида сўрадим.

- Менинг отим Эркин¸ тахаллусим Қочмас. Маймана шаҳридан бўламан. Биринчидан¸ Афғонистонда ўзбеклар яшаши учун бу Ўзбекистон каналларини кўришимиз ўз тилимизга нашарот беради. Иккинчидан¸ бизлар ўзбек урф-одатига кўпроқ тушунамиз. Нимагаки¸ у ерда яхшироқ расм-одатлари бор. Уларни телевизион тариқидан нашарот берадилар. Бизлар уларни кўрамиз. Иккинчидан¸ ўрганаëтган барномалари кўпроқ. Заковат барномалари бор.

- Мен Алишер Ғафурий. Маймана шаҳрига яшаймиз. Майманада аксарият оилалар Ўзбекистон телевизионининг програмларини қарайдилар. Буларни кўпроқ фаранг ва одатлари дар асл. Ўзбек бўлганликлари учун кўпроқ бу програмларни қарашликка алоқа кўрсатадилар.

***

Демак, майманаликлар, умуман афғонистонлик ўзбекларнинг кўпчилиги Ўзбекистон ТВси кўрсатувларини томоша қилмоқда.

Бироқ телекўрсатувлар, мухбиримиз Олим Кўҳканнинг фикрича, афғонистонлик ўзбекларни Ўзбекистон билан боғлайдиган ягона ришта бўлиб қолмоқда.

- Ўзбек тили сўнгги тўрт-беш йил орасида Афғонистон асосий қонунида расмий тил ўлароқ қайд этилди. Унгача Афғонистон бўйича ўзбек тили расмий тил ва давлат тили бўлмаган. Олдин умуман ўзбек тилида ëзиш¸ ўқиш таъқиқланган¸ маън этилган. Мана шу ўтган 200-300 йил ичида Афғонистонда ўзбек тилида ўқишга¸ ëзишга¸ илм ўрганишга умуман шароитнинг ўзи бўлмаган. Фақат мана шу кейинги йилларда ўзбек тилида қандайдир ўқиш¸ ëзиш¸ оммавий ахборот орқали кўрсатув¸ нашарот беришга шароит туғилган¸ дейди мухбиримиз Олим Кўҳкан.

Шу ўринда Кобулдаги Халқаро “Ориёна” телерадиокомпанияси президенти муовини, Озодлик радиосининг собиқ мухбири Азизуллоҳ Орол билан ўтказганимиз суҳбатни тингланг.

Азизуллоҳ Орол: Кейинги етти-саккиз йил ичида радио-телевидениеларда Афғонистондаги турли тилларда¸ жумладан, ўзбек тилида ҳам эшиттиришлар бошланди. Аммо бу эшиттиришлар фақат бошқа тиллар қаторида олиб борилади. Ўзбек тилида ҳозир бир қатор радио ва телевидениеда программалар бор. Аммо фақат ўзбек тилида олиб бориладиган радио-телевидениелар ҳозирча йўқ. Уларнинг ҳаммасида дарий ва паштун¸ шунингдек¸ нуристоний¸ балучий тилларида ҳам эшиттиришлар олиб борилади. Аммо ҳозир Афғонистонда паштун ва дарий тилидан кейин учинчи ўринда бутун матбуотда кенг ўрин олган тиллардан бири ўзбек тилидир. Биз ҳозир Афғонистон миқëсида бир қатор телевидениелар¸ шу жумладан, “Ориëна”¸ “Ойна”¸ “Роҳи Фардо” ва “Нур”¸ шунингдек, давлат радио-телевидениесида ҳам ўзбек тилида эшиттиришлар олиб борилади.

Озодлик: Мана сиз “Ориëна” телевидениесида ишлайсиз. Сизнинг телевидениеда ўзбек тилидаги кўрсатувлар умумий вақтнинг қанча қисмини эгаллайди?

Азизуллоҳ Орол: Бизнинг телевидениемиз 24 соатлик телевидение. 24 соатда биз ўзбек тилида тақрибан бир соатлик эшиттириш олиб борамиз. Бошқача айтганда¸ ҳафтада ўзбек тилида алоҳида тўртта программамиз бор. Бундан ташқари¸ ҳар куни¸ бунга жума¸ шанба¸ якшанба ҳам киради¸ ўзбек тилида бизнинг янгиликларимиз бор. Шуларнинг ҳаммасини ҳисобга олганда¸ ҳар куни икки марта янгиликлар берилади ўзбек тилида. Бундан ташқари¸ ярим соатлик программа бор. Яъни 24 соатда бир соат ўзбек тилида эшиттириш олиб борамиз. Ўзбек тилидаги эшиттиришлар “Ориëна”да бошқа телеканалларга нисбатан кўпроқ. “Ориëна” бу соҳада биринчи ўринда туради.

Озодлик: Биринчи ўринда турадиган телевидениеда ўзбек тилидаги эшиттиришлар 24 соатнинг бир соатини ташкил қилар экан. Буни¸ тўғриси¸ кўп деб бўлмайди. Буни кўпайтиришга тўсқинлик қилаëтган омиллар борми ëки бундан кўпроқ кўрсатув беришга эҳтиëж йўқми?

Азизуллоҳ Орол: Буни кўпайтиришга тўсқинлик қилаëтган бирдан-бир омил кадрлар¸ яъни мутахассисларнинг тақчиллиги¸ етишмаслигидир. “Ориëна” телевидениеси келажакда ҳар куни тўрт-беш соат олиб боришни мўлжаллаган ва бунинг учун биз ҳозирданоқ тайëргарлик кўра бошлаганмиз. Унинг учун камида бизда 30 ëки 35 киши ишлаши керак. Аммо Афғонистонда ҳозир ўзбек тилида 30 кишининг матбуотда иш олиб бориши учун топиш амри маҳол.

Озодлик: Журналист кадрларни етиштириш масаласи бор экан¸ бу соҳада нима ишлар қилаяпсизлар? Бу соҳада балки Ўзбекистон билан ҳамкорлик бордир?

- Афсуски¸ ҳозирга қадар бу соҳада хусусий ширкатларнинг ҳеч қандай фаолияти кўзга ташланмаяпти. Фақат давлат томонидан имкониятлар яратилган. Аммо бу ишларни амалга ошириш учун мутахассисларнинг биринчи навбатда ўша тилни билишлари шарт. Аммо, афсуски¸ бу тилларда¸ яъни учинчи расмий тилларда, жумладан, ўзбек тилида Афғонистонда мутахассисларнинг етишмаслиги ва бунга тил вакиллари жуда ҳам бефарқ қараëтганлиги албатта ачинарли бир ҳол. Жуда ҳам яхши бўларди агар Ўзбекистон бу соҳада бизга яшил чироқ кўрсатса. Яъни тарихий бир рисолатни амалга оширган бўларди. Афсуски¸ йиллардан буëн Ўзбекистонда на бизнинг мутахассислар бориб у ерда илм олаяпти ва на уларнинг ўзи даъват этаяпти. Аммо икки давлат ўртасидаги у қадар илиқ бўлмаган алоқалар¸ иккинчи томондан, Афғонистондаги нотинч вазият балки бунга сабаб бўлаëтгандир. Биз матбуот ходимларининг истаги - бу тўсиқларни қайси йўл билан бўлса ҳам олиш ташлашимиз керак. Дунëда Ўзбекистон бу соҳада ягона мамлакат. Тил ва адабиëт соҳасида Афғонистон халқларига ëрдам қўлини чўзиши биринчи навбатда миллий¸ иймоний¸ виждоний вазифа бўлса¸ иккинчи томондан, маънавий бир бурч. Бу бурч тезроқ амалга оширилса¸ ўшанча таъсирчан рол ўйнаши мумкин¸ дейди Кобулдаги Халқаро "Ориёна" телерадиокомпанияси президенти муовини, Озодлик радиосининг собиқ мухбири Азизуллоҳ Орол.
XS
SM
MD
LG