Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:47

Ишчилар ўлими, мафия ва заҳарланган мой


Ишчиларнинг ўлимига пахта заводларидаги ускуналарнинг эскириб қолгани ҳам сабаб бўлмоқда.
Ишчиларнинг ўлимига пахта заводларидаги ускуналарнинг эскириб қолгани ҳам сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон пахта заводларида меҳнат хавфсизлигига риоя қилинмаётгани ва техник ускуналарнинг эскириб қолгани натижасида ишчиларнинг иш жойида ҳалок бўлиши ҳолати кузатилмоқда. Қашқадарёлик тингловчимизнинг Озодлик радиосига хабар беришича, сўнгги бир неча ой ичида Ўзбекистон пахта заводларида беш ишчи меҳнат жойида фожеали тарзда оламдан ўтган.

“Тингловчи минбари” эшиттиришининг бугунги сонига Қашқадарёдан телефон қилган Шукрулло аканинг мурожаатини олдик.

Вилоятдаги пахта тозалаш заводларидан бирида ишлайдиган бу суҳбатдошимиз берган маълумотга кўра, сўнгги икки-икки ярим ой ичида республикадаги пахтани тозалаш ва қайта ишлар заводларида оддий ишчилар билан боғлиқ камида 5 та фожиа юз берган.

Оқибатда қайсидир ишчи қўлидан, яна кимдир оёғидан айрилган. Аммо фожиа сабаби иш шароити ёҳуд ишчи хавфсизлигини таъминлашдан эмас, балки ишчининг ўзидан қидирилгани бу тингловчини бизга телефон қилишга мажбур қилган.

"Чигит ўғирлайман, деб ҳалок бўлишди"

Шукрулло ака: Беш-олтита заводда бўлган, дейишди. Менинг билганим Қашқадарë вилоятидаги Женов заводида бўлган. Бир инсон фожиали ўлган. Каттаконлар мажлис қилган.

Озодлик: Бу йил нечта бўлганини айтишдими?

Шукрулло ака: Бешта дейишаяпти. Самарқанд дейишди¸ Қорақалпоқ дейишди. Ўғриликни сабаб қилиб кўрсатаяпти.

Озодлик: Агар улар ўғриликни сабаб қилиб келтираëтган бўлса¸ қанақа қилиб ўғрилик қилинишини тасвирлаб беринг. Нима ўғирлайди?

Шукрулло ака: Мисол учун битта-иккита қўй ëки сигир боқади. Шунга чигит оламан, дейиши мумкин. Мол-пол боқаман деб шунга мажбур бўлишади.

Озодлик: Заводдан қандай қилиб олиб чиқишади уни?

Шукрулло ака: Чигитни чигит омборига олиб кетади. Олдин тагидан бўлади-да. Ердан¸ чуқур жойдан кетади-да. Кейин элеватор деган жойи бор. Уни юқорига олиб боради ва юқорига шнекка ташлайди. Шнек олиб бориб омборга ташлайди. Шу шнек нимасинидир олиб кетади-да¸ ўшандан кейин чиқолмайди-да. Бир-икки секунд ичида хабар топган одам тўхтатса¸ тирик қолиши мумкин. Акс ҳолда оëқ-қўлини олиб кетади ëки ўлим ҳолатига олиб келади-да.

Озодлик: Сиз 2009 йилда Ўзбекистондаги заводларда бешта шунақа ҳолат бўлибди деб айтаяпсиз. Шу бештами ëки ундан кўп бўлиши мумкинми?

Шукрулло ака: Кўп ҳам бўлиши мумкин¸ оз ҳам бўлиши мумкин. СССР пайтида ҳам бўлган. Ўғирлик туфайли эмас. Агригатларга пахта ëки бошқа нарса тиқилади. Техника хавфсизлигига риоя қилмаган пайтда бўлган бу воқеалар.

Озодлик: Ростдан ҳам ўғрилик туфайли шунақа ҳалокатга учраëтганмикан ëки иш юзасиданми энди бу?

- Биринчидан¸ одамларда ҳозир олдингидай фикрни жамлаш йўқ. ўйлов кўп¸ хаëл жойида эмас. Иккинчидан¸ ўғирлик қиламан деб киссасида бир кило кетадими¸ ярим кило кетадими чигит олиб молига ëки қўйига беради. Кўп олса тўрт-беш кило олиши мумкин¸ - дейди Шукрулло ака.

У кишининг сўзларига кўра, заводдаги иш чоғида бирор нохушлик боис қаттиқ лат еган ёҳуд жиддий жароҳатланган ишчилар ўз ғамини ўзи ейди.

“Авваллари бундай ишчилар махсус йўлланма билан шифохонага ётқизилар эди”, дея эслайди суҳбатдошимиз.

Шукрулло ака ишлайдиган завод эса ўз вақтида минглаб одамни иш билан таъминлаган ва меҳнати оғир бўлгани боис, маоши яхши тўланадиган ишхоналардан бири саналган.

Ҳозир эса бу ердаги ишчилар сони бир неча юз атрофида. Маош эса нари борса, 100 АҚШ долларига етар-етмас, яна вақтида берилмайди.

Аммо ҳамон меҳнат ўша-ўша оғир...

Озодлик: Чигитнинг килоси бозорда неча пул туради?

Шукрулло ака: Давлат нархи 150-200 сўм бўлса керак. Қўлда 350-400 сўм. Бир хил жойларда 500-700 сўм.

Озодлик: Килоси 600 сўмлик нарсани олиб чиқиб кетаман деб шу хавфга бораëтганлар бор экан-да?

- Иложи йўқ-да. Рўзғор тебратиш керак. Агар у кишининг оиласида тўрт киши бўлса¸ берган ойлиги 10-15 кун ейишига ҳам етмайди. СССР даврида жуда ҳам кўп олар эдик. 220 сўм олсам¸ ҳозирги 300 доллардан кўп бўларди. Ҳозирги пулга 600 минг сўм бўларди. Икки-уч йил ишласам¸ икки-уч хонали уй қуришим¸ яхшигина тўй қилишим мумкин эди. Ҳозир ўғирликнинг ҳам иложи йўқ¸ ойликлар ҳам пасайиб кетган. Раҳбарларда олдин инсоф бўлган. Ўзини ҳам¸ халқни ҳам ўйлаган. Кўрса ҳам кўрмасликка олиб¸ кўриб қолган тақдирда ҳам ëлғондан урушиб¸ кечирган. Ишчилар ҳозир кўп олса 100 доллар олади. Олдингидай даромад йўқ. Мол боқа олмайди¸ бошқа қила олмайди¸ - дейди Шукрулло ака.

Шукрулло аканинг сўзларига кўра, у киши ишлайдиган завод маъмурияти сўнгги икки – икки ярим ой ичида беш киши иш вақтида қаттиқ жароҳат олгани, улардан бири вафот этгани ҳақида билдирган.

Шукрулло ака бундай фожиалар расмийлар тилга олганидан кўпроқ бўлиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилмайди.

Нега?

Қишлоқ хўжалигида фойдаланилаётган техник ускуналардан яхши хабардор ва кўп йиллик тажрибага эга бўлган жиззахлик суҳбатдошимиз Ҳакимжон Собиров сўзларига кўра, Ўзбекистон пахта саноатида бугун ишлатилаётган аксар техника ускуналаридан фойдаланиш ўта хавфлидир.

Хусусан, Қашқадарёдаги пахта заводида бир ишчини тортиб кетган ва ҳаётига зомин бўлгани айтилаётган “шнек” номли ускуна Ўзбекистон заводларига келтирилганидан буён жуда кўплаб ишчининг ҳаётига нуқта қўйган бўлиши мумкин.

Ҳакимжон Собиров: Илгари заводларда чиғириқ билан пахта тозаланган. Чиғириқ деганда иккита ғилдирак бир-бирига қараб¸ бир-бирига тегиб айланади¸ айланиш жараëнида пахтанинг толасини тортиб кетади. Чигитини ажратиб тортиб кетаверади. Ўша нарсанинг шнеги янги темирдан бўлган замонавий ускуна. Иккита ғилдирак бир-бирига тегиб¸ иккови бир томонга айланади ва ўртада толани тортиб кетавериши керак. Пахтанинг чигитини¸ кўракларни¸ ҳар хил аҳлатларни ажратиб қолдириб кетавериши керак. Шнек деган нарса шу бўлади. 20 соатлаб ишлаган одам¸ ҳозирги кунларда совуқроқ¸ далада иш бўлади. Айвон тагида бўлганда ҳам совуқ¸ изғирин бўлади. Ишлаëтган одамлар тўн кийиб ишлаши мумкин. Тўн кийганда¸ шамолда¸ бошқада тўннинг бир бурчаги ғилдиракларга илиниб қолса¸ тўнни тортиб кетади. Тўнни тортиб кетгандан кейин одамни ҳам тортиб кетиши мумкин. Бу шнеклар одамни бемалол тортиб¸ мажақлаб ташлаши мумкин.

Озодлик: Пахта заводларимизда ишлатилаëтган ўша ускуналар неча йиллик бўлиши мумкин?

Ҳакимжон Собиров: Менинг тушунчам бўйича¸ бугунги кунгача ишлатилаëтган ускуналарнинг ҳаммаси совет давридан қолган. Ўшаларни ремонт қилиб¸ созлаб¸ юргизиб¸ эски замондан қолган эҳтиëт қисмлари бўлади¸ ўшаларнинг ишдан чиққанларини токарлар тарашлаб¸ ишга яроқли қилиб ишлатаяпти. Хуллас, улар ҳам янги нарса эмас. Эски нарсаларни бир амаллаб ишга яроқли қилиб ишлатишаяпти.

Озодлик: Заводларимизда ишчининг хавфсизлиги қанчалик таъминланган?

Ҳакимжон Собиров: Заводларда пахта топшириш мавсумида иш кечаю кундуз бўлади. 20-22 соатлаб ишлаган одам сезгирлигини анча йўқотади. Эҳтиëт чорасини кўролмай қолиши мумкин. Шнекларнинг турган битгани ўзи хавфли нарса. Хавфсизлик чораси айтилган. Улар огоҳлантирилган. Уни мутлақо хавфсиз қилиб ишлатиш мумкин эмас. Шунинг учун улар огоҳлантирилади ва унинг ëнига ҳар хил одам боришига йўл қўйилмаслиги керак. Ўша ерда ишлаëтган одамнинг ўзи учун ҳам хавфли албатта. Ҳар қандай шароитда хавфли бўлади.

Озодлик: Сиз ўзингиз шнеклар билан боғлиқ фожиаларга ҳеч гувоҳ бўлганмисиз? Боя "совет даврида", деб гапирдингиз.

Ҳакимжон Собиров: Совет даврида 1987 йилгача кўрак чувиш машиналари бўларди. Пахта кўсаги билан териб олинарди ва далаларда¸ шийпонларда ўша пахта чувиш машинасига олиб бориб қўйиларди. Ўша йилларда шунақа гаплар бўлган. Октябрнинг охири¸ ноябр¸ декабр дейдиган бўлсак¸ совуқ давр бўлади. Совуқ даврда кишилар тўнларни кийиб ишлайди. Оқшом совуқда ишлагандан кейин ҳам ароқ ичиб ишларди одамлар.

Озодлик: Совуқ бўлгани учун ичишган-да?

- Совуқ бўлгандан кейин ўзини иссиқ сезиш учун ҳам кийиниб олиш керак¸ ҳам ичиш керак. Тўннинг бир чеккаси илиниб қолса¸ одамни ҳам мажақлаб кетаверган. Мана шунда шунақа воқеалар кўп бўлган. Мен 1970-1985 йиллардаги гапни айтаяпман¸- дейди Ҳакимжон Собиров.

Қишлоқ хўжалигида фойдаланилаётган техник ускуналардан яхши хабардор ва кўп йиллик тажрибага эга бўлган жиззахлик суҳбатдошимиз Ҳакимжон Собиров аслида бу ускуналардан воз кечиб, худди совет давридаги каби ишнинг унуминигина эмас, балки ишчининг хавфсизлигини биринчи ўринган қўядиган техник жиҳозларга ўтиш заруратини тилга олди.

Зеро, Ўзбекистон ҳукумати кейинги йилларда мамлакат нафақат пахтани етиштириш, балки, уни қайта ишлашга ҳам изчиллик билан ихтисослашаётганидан даъво қилмоқда.

"Заводларнинг расмий ва норасмий раҳбарлари бор"

Шу ўринда пахта тозалаш заводларининг бугунги аҳволи хусусида ҳам қисқача тўхталсак.

Техникаси ва иш услуби эскириб кетган, ишчиси эса оз ва шу оз сонли ишчига ҳам маошни вақтида бера олмаётган пахтани тозалаш ва қайта ишлаш заводларининг яна бир жиддий муаммоси ўзининг юқори бўғиндаги раҳбарияти қолиб, бу каби заводларга эгалик қилаётган “саҳна ортидаги раҳбарлар”га бўйсунишидир.

Шундай хулосани Қашқадарё вилоятидаги қатор заводларнинг бугунги аҳволини қиёслаётган Нодир Аҳатов тилга олди.

Аммо расмий ва норасмий раҳбарларнинг қайғуси ўзи билан, шу заводлардаги оз маошли ишга куни қолган ишчилар қайғуси ўзи билан.

Нодир Аҳатов: Қишлоқни қўйиб туринг¸ шаҳарда ҳам одамларнинг тирикчилиги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига боғланиб қолди. Сабаби ҳамма завод ва фабрикалар қасддан йиқитилди. 1991 йилда солиқларни ниҳоятда катта қилиб қўйди. Қўшимча қиймат солиғининг ўзини 30 фоиз қилиб қўйди. Аҳвол ниҳоятда оғир. Ҳамма гап шундаки¸ ҳукумат давлатчиликдан четга кетиб¸ мафия тусини олган. Мана шу мафия даромад келтирадиган барча заводларни ўзига бўлиб олган. Чигит, модомики пул келтирар экан, уни ҳам бўлиб олган. Бир сиқим чигит билан ушлаб олса¸ ишчини ҳайдаб юборишади.

Озодлик: Мафияга қизиқ бўлган жойи ëғ-да?

- Турган битгани пул. Ëғ¸ мол учун шрот¸ кунжара дегандай. Чет элдан ГДР пахта мойини ниҳоятда арзонга сотиб оларди ва машиналарнинг бўëғини ишлаб чиқариш учун ишлатарди. Бизларда шу нарсани ҳозиргача аҳолига сотиб келишаяпти. Пахта мойини аҳолига сотишнинг ўзи бир жиноят. Чигит СССР замонида ҳам отход ҳисобланар эди. ўша вақтда ҳам тадбиркорлар бўлган. Чигитни тозалаб¸ мой ишлаб чиқаришган. Чигит мойида 20 фоиз концраген бўлади. Гербицид¸ пестицидларни ишлатишгандан кейин чигитнинг ич-ичига кириб кетади. Уни минг тозаласа ҳам тозаланмайди. Турган битгани зарар. Жигарни эритиб юборади. лекин Ўзбекистон ҳукумати ҳозиргача бунинг мойини сотиб келаяпти¸ - дейди Нодир Аҳатов.

Қашқадарёлик кузатувчи Нодир Аҳатовнинг сўзларига кўра, ҳукумат ҳозир нафақат пахта ёғининг зарари, балки, пахта заводининг даққиюнусдан қолган ускуналари ичида қурбон бўлаётган ишчилари ва уларни ўғирликка тортаётган бир чўнтаккина чигитга эҳтиёжи, бундан ташқари, шу чигитни ҳам бўлиб олиб, ноқонуний бизнес юргизаётган гуруҳлар ҳақида ўйлаяпти.

**************************

Азиз мухлис! Имкон қадар мурожаатларингизни ёритиш, муаммоларни ўрганиш ва фикрларингизни Озодлик орқали тингловчиларга тақдим қилиш истаги билан яна бир бор телефон рақамларимиз ҳамда манзилимизни ёдингизга соламиз.

Бизнинг электрон манзил: uzbek@rferl.org¸ марҳамат, мактуб ëзинг.
Бизнинг интернет саҳифамиз: www.ozodlik.org, марҳамат, ташриф буюринг.
Бизнинг почта манзилимиз, эътибор қилинг у ўзгарган: Vinohradska 159-а, Praha 10, 100 00, Czech Republic.
Телефон рақамларимиз: +42 02 21 12 34 37

Марҳамат қўнғироқ қилинг. Қўнғироқларингизни кутамиз.

ЭСЛАТМА: Ушбу саҳифага қўйилган материаллар тингловчилар мурожаатининг соф баёнига асосланган. Таҳририят ушбу мурожаатлар мазмуни учун жавобгар эмас.
XS
SM
MD
LG