Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:44

Эркин микрофон - Кофирга чиқарсалар ҳам¸ демократия тарафдориман


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

...дейди "Қурултой" дастурининг сўнгги сонидаги фикрларга жавобан ўзбекистонлик қочқинлардан бири.

"Мен мусулмонман¸ лекин демократия тарафдориман"

Озодликнинг "Қурултой" эшиттиришида кўтарилган “Жадидчилик ва қадимчилик” мавзуси уни тинглаганлар орасида ҳам баҳс-мунозарага сабаб бўлаяпти.

Норвегияда яшовчи асли ўзбекистонлик 30 ёшли Улуғбек Бакиров ҳам ушбу эшиттиришда тилга олинган фикрлар борасида ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

- Демократия куфр низоми. Умуман ҳозирги кунда ислом ва демократия ҳақида жуда кўп баҳс ва мунозаралар бўлаяпти. Мен буни анчадан бери ичимда тугиб¸ кузатиб юрибман. Турли сайтларни¸ бошқа тилда ëзадиган сайтларни ҳам кузатиб бораман. Умуман бу эшиттириш менинг ичимдаги туғëнларни портлатиб ташлади. Мен ҳам алҳамдулиллоҳ мусулмонман. Исломдан хабарим бор. Жуда чуқур бўлиб кетмаса ҳам биламан. Демоқчи бўлганим шуки¸ ҳозир бутун дунëда ислом давлати қурамиз дейилаяпти. Бу гапиришга осон.

“Ҳозир мана учта давлатда ислом давлати бор. Улар ҳам талабга жавоб бермайди” деяпти. Яна коммунизмни қурамиз дейишган эди¸ ҳеч қаерда бўлмади деганга ўхшаган гап бўлди. Мен бунга қарши эмасман. Бир нарсани мен айтмоқчиманки¸ энг кулминацион фикрим шуки¸ ислом давлати қурамиз деб ҳай баракалла қилаëтган чала муллалар бор. Менинг гапим ҳақиқий мутафаккир¸ чин маънода исломни биладиганларга тааллуқли эмас. Агар ислом давлатини қилсак¸ мухолифат бўлмаса¸ биттасини идеал деб ўтказиб қўядиган бўлсак¸ унинг юзига ҳеч ким бирор нарсани айта олмаса¸ жаллод¸ бошини кес дейдими. Ана қўлини кес деяпти. Нима дейди¸ “Қуръонда қўлини кес” деган дейди. Шу даражага олиб келиш учун одамлар ҳамма ерда исломни чуқур фикрлаб¸ ҳадис¸ фиқҳ илмларини чуқур билиши керакми. Буни мактабларда ўргатиш керак.

Ўғрининг қўлини кесиб юбор деяпти. 18-20 яшар бола билмасдан ўғирлик қилиб қўйган бўлсачи? Бўлиб ҳам одамларнинг кўзининг олдида кес деяпти. Билмайман¸ мени ҳам эртага кофир дейдими¸ нима дейди¸ мени кечирасизлару бу варварлик. Агар адашиб қолган бола бўлса¸ бирортасига қўшилиб бундай қилган бўлса нима қилади? Мен билмайман мени ҳам кофир дейдими¸ бошқа дейдими¸ ким кофир ким мусулмонлигини Оллоҳ билади¸ менинг эътиқодим мен мусулмонман¸ лекин демократия тарафдориман.

Бизнинг Ўзбекистон мисолида олиб қарайдиган бўлсак¸ биз демократик принципларга асосан давлат қурганимиздан кейин¸ Ўзбекистонда демократия шабадаси эсгандан кейин халқ шундан баҳра олиб¸ илмни¸ мана жадид илмими¸ дунëвий илмми¸ ислом илмими ҳаммасини қориштириб¸ ўқитилиб¸ практика қилингандан кейин орадан йиллар ўтгач¸ референдум қилайлик. Халқ ҳам исломий илмларни¸ ҳам модерн илмни¸ ҳамма фанларни билиб¸ очиқ¸ эркин матбуотни кўриб¸ йиллар ўтгандан кейин тафаккур¸ онг билан қандай давлат бўлишидан қатъий назар қуриладиган бўлса¸ ана шунда идеал давлат бўлади¸ дейди Улуғбек Бакиров.


Роғун учун қатағон бошланди...


Шу кунларда Роғун ГЭСи мавзуининг аксар тожикистонлик ўзбеклар диққат марказига кўтарилганини сезиш мумкин. Бугунги кунда Тожикистондан Озодликка бўлаётган қўнғироқларнинг кўпчилиги ҳам айнан Роғун мавзусида бўлаяпти.

2 март куни Озодлик билан телефон орқали боғланган икки суҳбатдошимиз ҳам Роғун ГЭСи атрофида бўлаётган гап-сўзларни тилга олишди.

Уларнинг иккаласи ҳам тожикистонлик ўзбеклар. Иккаласи ҳам Сўғд вилоятидан. Иккаласи ҳам ўқитувчи бўлиб ишлар экан. Лекин уларнинг фикрлари бир-бирига қарама –қарши бўлди.

Сўғдлик ўқитувчилардан бири Жамшидбек Каримов Роғун акцияларини сотиб олишга ўқитувчиларни мажбурлашаётгани, ойликларидан акция учун пул ушлаб қолинаётганини гапирди. Жамшидбекка кўра, улар икки йил давомида доимий равишда ойликларидан акция учун ушлаб қолиниши ҳақида огоҳлантирилганлар.

Жамшид Каримов: Роғун ГЭСи кетаяптику. Биз қишлоқда яшаймиз. Ўзим ўқитувчиман. Бир йигит чиқиб “Кўйлагингизгача йиртиб топширасизлар” деб айтди дедику. Норозилигим шундаки¸..

Озодлик: Жамшидбек¸ норозилигингиз нимада? Роғуннинг қурилишигами ëки Роғун билан бўлаëтган...

Жамшид Каримов: Роғун қурилишга ҳаммани қатағон қилаëтгандайда.

Озодлик: Масалан¸ қай кўринишда?

Жамшид Каримов: Акцияларни олсанг ҳам оласан¸ олмасанг ҳам оласан деяптида. Январдан бери ҳали мен ойлик ололганим йўқ. Ойлигим 150 сомоний. Ҳар ой шуни Роғун акцияси деб мажбур қилаяпти. Ахир Тожикистонда катта-катта бойлар¸ бизнесменлар бор.

Озодлик: Ойликлардан ушлаб қолаяптими ëки мажбурий ўтказасизлар дейишаяптими?

Жамшид Каримов: Мажбурий ўтказасизлар деб ҳам айтаяпти¸ ушлаб ҳам қолаяпти.

Озодлик: Қанча ушлаяптию қанча ўтказасан дейишаяпти?

Жамшид Каримов: Иш ҳақимиз ҳам камайиб келаяпти¸ ҳам акцияга ўтказасан деяпти.

Озодлик: Акциядан қанча оласан деяпти?

- 1000 сомонийгача оласан деяпти. Ўзи ойлигим 150 сомоний. Икки йил давомида 5000 сомонийлик акция олишларингиз шарт ва мажбур дейди¸ дейди Жамшид Каримов.

Сўғдлик бошқа бир ўқитувчи Абдусаттор Неъматов эса Роғун акциялари билан боғлиқ бу каби гап-сўзларни инкор қилади. Унга кўра, Роғун акцияларини фуқароларнинг ўзи ихтиёрий равишда сотиб олишмоқда.

Абдусаттор Неъматов: Тожикистоннинг Истарафшониданман. Мен ҳозир ўқитувчиман. Бугун Озодликда гўëки ўзбекларни милициялар Роғун акцияларини сотиб олишга мажбур қилаяпти¸ деб бердинглар. Бизлар ҳам ўзбекзабон қишлоқмиз. Истарафшонда энг катта қишлоқмиз. Шу фикрларга қўшилмаган ҳолда мен бир телефон қилай дедим. Бизларнинг қишлоқда 10 минг аҳоли яшайди. Ҳаммамиз ўзбекмиз. 99 фоиз ўзбеклар яшайди. Ҳали ҳукумат томонидан¸ ички ишлар томонидан Роғун акцияларини олишга бизни мажбур қилиш бўлгани йўқ. Баҳоли қудрат ким қанча топса¸ Роғунни қуриш учун ҳиссасини қўшаяпти. Бу берилган маълумотлар сал нодурустроқми дейман.

Озодлик: Демак¸ акцияларни ҳар ким ўз хоҳиши бўйича олаяпти?

- Ҳа. Мен ўқитувчи сифатида айтаяпманки¸ бизларни ҳеч ким мажбур қилгани йўқ. Ҳар ким ўзининг хоҳиши бўйича имкониятига қараб олаяпти. Ҳаммамиз Тожикистондаги иқтисодий аҳволни ҳисобга олиб¸ қўлимиздан келганча Роғуннинг қурилишига ўзимизнинг ҳиссамизни қўшаяпмиз. Чунки бу Тожикистоннинг келажаги учун катта аҳамиятли нарса¸ дейди Абдусаттор Неъматов.


Миллий либос азадорлик аломатига айланди..ми?


Навбатдаги суҳбатдошимиз Алижон исмли бир ўзбекистонлик ўзбекнинг миллий либослари борасида хавотирли фикрлар билдиради.

Алижон: Биласизми¸ ўзбек дўпписи¸ ўзбек тўни¸ ўзбек миллий кийими кейинги пайтларда азадорлик белгисига айланиб кетаяпти. Шу тўғрисида бирор масала кўтаришингизни сўрардим. Фақат аза маросимларида кийилиб қолаяпти¸ холос. Мисол учун бугунги кунда шаҳар жойда ëки бошқа бир жойда ўзбек миллий либосида кимдир кетаëтганини ëки бошда дўппи¸ эгнида тўн¸ белида белбоғ билан кетаëтганини кўрадиган бўлса¸ тушунамизки¸ ўша кишининг яқин бир кишиси қазо қилган. Яъни азадорлик белгисидай муносабатда бўламиз. Демоқчиманки¸ миллий кийимимизни кўчага кийиб чиқсак¸ ҳамма бизга азадор кишига қарагандай қарайди. Шуни барчадан илтимос қилмоқчи эдим. Бир нарсани энди бировга мажбурлаб кийдира олмаймиз. Лекин миллий кийимимиз азадорлик белгиси бўлиб кетмаса эди деб ўйлайман.

Озодлик: Бунинг учун нима қилиш керак деб ўйлайсиз?

- Ўзим ҳам билмайман тўғрисини айтсам¸ дейди Алижон.

**************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 ва +420 776 368 434 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.!
XS
SM
MD
LG