Сўнгги кунларда Ўзбекистондаги энг шов-шувли воқеалардан бири Тошкентда бир гуруҳ олигархлар - давлат амалдорлари паноҳкорлигида катта бойлик орттирганларнинг ҳибсга олиниши ва уларга нисбатан жиноий иш қўзғатилганидир. Бир неча ҳафтадан бери бу қама-қамалар овозаси ҳамма ерда юрган бўлсада¸ ҳозиргача олигархларнинг қамалиши борасида расмий хабар эълон қилинмади.Шундай бир шароитда оддий халқ бу воқеалардан қанчалик хабардорлигини ўрганиш борасида бир гуруҳ ўзбекистонликлар фикрини ўргандик.
Биринчи суҳбатдош:
Озодлик: Кейинги кунларда Ўзбекистонда жуда кўплаб бойлар ëки бошқача айтганда олигархлар ҳибсга олинаяпти. Уларга нибстан жиноий иш очилаяпти. Шу тўғрида эшитдингизми?
- Йўқ¸ мен эшитмадим.
Озодлик: Бу ҳақда ҳеч қаерда гапирилмаяптими?
- Йўқ. Матбуотда мен шунақа гаплар бўлганини эшитганим йўқ.
Озодлик: Одамлар орасидачи?
- Одамлар орасида шов-шув бўлиб юрибди¸ лекин матбуотга айтмайди уни.
Озодлик: Одамлар нима дейишаяпти?
- Одамлар “Фалонча қўлга тушибди¸ пистонча қўлга тушган эмиш¸ еб кетибди” деб юрибдию¸ лекин аниғини матбуотда айтмаса¸ одам ишона олмайдиямда.
Иккинчи суҳбатдош:
- Ҳа¸ шунақа бўлаяпти. Бу фактку. Шундай кўриниб турибдику. Кўпчилик қамалиб кетди ҳозир.
Озодлик: Масалан кимлар?
- Нима десам бўлади¸ мана ҳозир Қўқондан жуда кўп бойлар қамалиб кетди. Тошкентдан ҳам кўпчилик қамалаяпти. Бойлар ҳам қамалаяпти¸ коррупция ҳам қамалаяпти. Ҳозир битта бойлар десак нотўғри бўлади. Текшир-текширлар ҳозир кучли кетаяпти. Порахўрлар борми¸ бошқа борми. Ҳозир Ўзбекистон ҳам коррупцияга қарши курашни озгина жадаллаштирди. Судяси борми¸ прокурори борми¸ бошқаси борми. Кимки ноқонуний йўл билан пул топаëтган бўлса¸ ҳаммаси¸ “емоқа қараб қусмоқ бўлади” дейдию¸ шу сингари еганини қусишаяптида. Бунақаларга қарши курашиш керак. Сал бўлса ҳам қолганларининг кўзи очилади деб ўйлайман. Чунки ҳозир Ўзбекистонда порахўрлик ниҳоятда кучайиб кетган. Буларга қарши курашмаса¸ Ўзбекистоннинг келажагига салбий таъсир қилади деган фикрим бор. Чунки булар ниҳоятда ҳаромхўр бўлиб кетган эди.
Учинчи суҳбатдош:
Озодлик: Кейинги кунларда Ўзбекистонда жуда кўплаб бойлар ëки бошқача айтганда олигархлар ҳибсга олинаяпти. Шу ҳақда эшитдингизми?
- Йўқ.
Озодлик: Бу ҳақда матбуотда¸ одамлар орасида гапирилмаяптими?
- Бунақани эшитмадик. Кўп вазирларни алмаштирганини биламиз. Матбуотда ўқияпмизда. Бир кунда учта-тўртта вазирни алмаштириб ташлаяпти.
Озодлик: Бу ҳақда матбуотда ëзилаяпти?
- Ҳа¸ матбуотда берилаяпти.
Тўртинчи суҳбатдош:
- Кўчада одамлар гапирадию.
Озодлик: Нима дейишаяпти?
- Одамлар булар бир бирини топшираяпти деб ўйлайди. Конкуренция кучлию. Шунақа деб эшитдим.
Озодлик: Катта бойларнинг ҳибсга олиниб¸ уларга жиноий иш очилишига сизнинг ўзингизнинг муносабатингиз қанақа?
- Мен буни ëмон деб ўйлайман. Дунë бўйича бойларга тегмайди. Яхши гапириб¸ бошқа қилиб фойдаланади. Бунисини қамасангиз¸ иккинчиси келиб чиқаверади. Бизларда олигархларни кўчадан эшитмасангиз¸ телевидениеда¸ бошқада информация йўқку. Бизлар ҳаммамиз слух билан биламиз. Уларнинг қанча пули бор¸ бошқа нарсаларидан хабаримиз йўқ. ҳаммаси миш-мишЎзбекистонда. Лекин олигархлар бор. Жуда кўп.
Бешинчи суҳбатдош:
Озодлик: Бойларнинг қамалиши яхшими ëмонми?
- Бойларнинг қамалишининг биринчидан яхши томони бор. Иккинчидан шунақалар қамалгандан кейин унақаларнинг таги қуриб¸ булардан мусодара қилинганларни халққа тарқатса яхши. Тарқатмаса¸ бефойда. Катта ўтни олиб ташлаган жойдан тагидан майдаси чиқаверади. Фарқи нима унга.
Озодлик: Сиз бойларнинг мулкини оддий халққа тарқатсин демоқчисиз?
- Ҳа. Улар энди бари миллиардер. Жуда катта¸ миллион-миллион доллари бор. Керак бўлса миллиард доллардир у. Чегараси йўқ. Олигарх деган жойи ҳалиги айтгандай рақобатга эга нарсада. Улар ҳам илгариги хон дегандай гап. У кимга керак бўлаяпти билмаймиз. У ҳам кимгадир керак бўлган. Давно билади уни. Бошлаганини ҳам билади¸ бир сўм топганини ҳам билади. Давлат уларни хоҳласа ушлайди¸ хоҳласа қўйиб юборади. Давлатга нимасидир керакдир¸ нимасидир керакмасдир уни ўзлари билади.
Олтинчи суҳбатдош:
- Давлат арқонни узун ташлаб қўядида¸ кейин йиғиштириб олади¸ деган гаплар бўлади одамларнинг орасида.
Озодлик: Ким йиғиштириб олади?
- Давлатда. Кимдир ҳалоллик билан бой бўлган¸ кимдир қалбаки йўллар билан бой бўлган. Ҳалол меҳнат билан бой бўлганларнинг қамалишини оқламасдим.
Еттинчи суҳбатдош:
Озодлик: Кейинги кунларда Ўзбекистонда жуда кўплаб бойлар ëки бошқача айтганда олигархлар ҳибсга олинаяпти. Шу ҳақда эшитдингизми?
- Ҳа¸ эшитдим. Эшитаяпман.
Озодлик: Қаердан эшитдингиз?
- К+ дан эшитдим. Сизлардан олдин К+ дан эшитган эдим.
Озодлик: Бойларнинг қамалишига¸ ҳибсга олинишига сизнинг муносабатингиз қанақа?
Халқнинг пулини еганда булар. Халқнинг пулини егандан кейин¸ албатта¸ тешиб чиқадида. Тўғри қилади давлат. Ҳалол ишласа тегмасин. Мана биттаси Мирзиëевнинг катта опасининг эри экан. Шунақа бойлар ҳам бор эканку. Нимага уларга тегмайди? Тўрабой ака ўзининг қўлидагиларга ëрдам бериб¸ тўйларини қилиб бераëтган экан. Шунақа одамлар кўпайсин. Қандини ҳам урсин. Энди тозалаш ишлари ҳам кетаяпти. Лекин ноҳақ кетаëтганлари ҳам бор. Ҳалол топаëтгани ҳам бор.
Саккизинчи суҳбатдош:
- Корхоналар йўқ¸ ишсизлик. Халқимиз ўзи қийнала бошлади. Менинг фикрим¸ давлатимиз ҳам уже ўтириб қолди. Энди мана шунақа бойларни талаш бошланадими дейманда.
Тўққизинчи суҳбатдош:
Озодлик: Олигархларнинг ҳибсга олиниб¸ жиноий иш очилаëтганига муносабатингиз қандай?
- Ҳам яхши¸ ҳам ëмон. Яхшилиги шуки¸ ҳаммаси қинғир йўллар билан топилган пуллар. Шу режимнинг яратган фарзанди. Режим шуни ўстирди. Ўзи йўқ қилаяпти. Ëмон томони шуки¸ халқнинг ичида режим шу йўл билан ўзини сақлаб қолади. Вақти-вақти билан қилинаверади бу. 10 йил ўтгандан кейин яна бир қилиши мумкин. Тортиб олиб яна битта пайдо бўлганига топширади. Халққа бориб етмайди. Биринчисидан иккинчисига ўтади холос. Ҳозир олигархларни йўқ қилса¸ яна маълум давр ўтгандан кейин яна шу иш қилинади. Поляк олими Фрейд деганнинг қонуни бор. Аввал мухолифатни йўқ қилади¸ ўз ўзининг нималарини йўқ қилади¸ ўзининг яккаҳокимлигини сақлайди.
Ўзбекистон ичкарисидагилар орасида ўтказилган бу кичик сўровимизда Сиз азиз муштарий ҳам иштирок этишингиз мумкин.
Ўзбекистонда олигархларнинг қамалиши ҳақида Сиз қандай фикрдасиз?