ЎзА миллий ахборот агентлиги хабарига кўра, 16 март куни кечқурун Тошкент аэропортида Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевни Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев кутиб олди.
Ташриф асосий воқеаларининг 17 март куни бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати вакили Элёс Умаровнинг Озодликка билдиришича, Нурсултон Назарбоевнинг ушбу ташрифи президент Ислом Каримовнинг таклифига биноан амалга оширилаяпти.
- Бизнинг президентимиз Тошкентга ўзаро ҳамкорликдаги конструктив ва конкрет масалаларни муҳокама қилиш мақсадида йўл олаяпти. Қозоғистон томони ўзаро мулоқотга тайёр эканлигини намойиш қилиш билан бирга минтақада хавфсизликни таъминлаш борасида ва сув ресурсларидан ҳамкорликда ва рационал фойдаланишда иқтисодий лойиҳаларни амалга оширишда истиқболли натижалар кутаяпти. Ушбу ташриф давомида Марказий Осиё учун муҳим масалалар хусусида муштарак қарор қабул қилиш ҳамда ўзаро ҳамкорлик борасида конструктив мулоқот олиб бориш масалалари муҳокама қилинади, деди Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати вакили Элёс Умаров.
ЎзА хабарига кўра, Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарлари икки томонлама муносабатларга доир масалалар ҳамда минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик муаммолар юзасидан фикр алмашадилар.
Музокара якунида Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган қатор хужжатларни имзолаш режалаштирилаётгани ҳақида ёзади ЎзА.
Назарбоевнинг Тошкент сафари давомида асосан, иккита асосий масала - минтақа хавфсизлиги ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш муаммоларининг муҳокама қилиниши кутилаяпти.
Таҳлилчилар фикрича, минтақада Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарлари ўртасида ўзаро рақобат мавжуд бўлиб, сўнгги икки йил мобайнида икки давлат раҳбарининг минтақада лидерлик мавқеи борасида кураши натижасида ўзаро муносабатлар совуқлашгани кузатилди.
Ўтган йил давомида минтақадаги икки йирик давлат - Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги савдо обороти учдан бирга қисқарди.
Қозоқ расмийлари буни молиявий бўҳрон билан боғлаган бўлса, таҳлилчилар қўшнилар ўртасидаги сиёсий зиддиятнинг натижаси ўлароқ баҳоладилар.
Ўзбекистонлик сиёсатшунос Камоллиддин Раббимов фикрича, бугунги кунда минтақадаги мавжуд вазият бу икки раҳбарнинг муносабатларини яхшилаш талабини қўяпти.
- Айни пайтда икки давлат бир-бири билан ҳамкорлик қилишга маҳкум. Буни иккаласи ҳам яхши тушунишади. Чунки умуман Марказий Осиë давлатларининг ресурслари бир-бирига боғлиқ. Уларнинг ресурслари ҳеч қачон ҳеч бир давлатда тенг тақсимланмайди. Шу нуқтаи назардан менимча¸ ҳозир Марказий Осиëда хавфсизлик муаммолари актуаллашаяпти. Мен тахмин қилишим мумкин: Назарбоев ва Каримов ëпиқ эшиклар ортида Тожикистон билан Ўзбекистон муносабатларини ҳам муҳокама қилса керак. Бу Қозоғистоннинг манфаатларига киради. Сабаби агар Марказий Осиëда мана шу инқироз кучаядиган бўлса¸ бу Қозоғистоннинг ҳам хавфсизлигига¸ умуман Марказий Осиë геосиëсатига салбий таъсир қилиши мумкин. Мен тахмин қиламан Имомали Раҳмонов Назарбоевдан воситачилик ролини ўйнашни илтимос қилган бўлиши мумкин. Чунки Қозоғистоннинг Тожикистон билан муносабатлари яхши. Айни пайтда Назарбоев ва Каримовлар бир бири билан тенгма тенг гаплаша оладиган шахслар, дейди Камоллиддин Раббимов.
Қозоғистонлик таҳлилчи Дўсим Сатпаев Назарбовнинг Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги воситачилик вазифасини уддалаши қийинлигини айтади.
- Бахтга қарши икки давлат моделлари мутлақо ўзгача. Қозоғистон интеграцияни қўлласа, Ўзбекистон изолация тарафдори. Айнан мана шу ҳолат икки давлат ўртасидаги муносабатларнинг ривожланиб кетишига тўсқинлик қилади. Муаммолар жуда кўп бўлиб, уларнинг энг асосийси, сув ресурслари билан боғлиқ. Сув борасидаги муаммолар аллақачон кескинлашиб кетганини Ўзбекистоннинг Тожикистон билан муносабатларида кўриш мумкин. Ўзбекистоннинг Тожикистонга нисбатан кескин танқидлари ҳеч бир натижа бермаслиги аниқ. Қозоғистон бу борада воситачилик вазифасини бажариши мумкин. Лекин Ислом Каримовнинг Қозоғистон бу ролни бажаришини исташига жуда катта шубҳа бор. Айни ташриф давомида минтақа хавфсизлиги муҳокама қилиниши ҳам кутилаяпти. Ўзбекистон ўзининг ички сиёсатига четдан аралашишларини хоҳламаслиги маълум. Ўзбекистон хавфсизлик борасида ўз позициясига эга бўлган бир шароитда Қозоғистон бир ишни уддалашига ишонмайман. Шунинг учун бу ташрифдан мувафаққиятли бирор бир натижа кутиш қийин, дейди Дўсим Сатпаев.
Камоллидин Раббимов икки давлат раҳбарининг минтақада сув ресурслари борасида кутилаётган муҳокамалари айни давр талаби эканини айтади.
- Қозоғистон билан Ўзбекистонни бирлаштириб турган манфаат бу сув ресурсларининг тақсимланиши. Қозоғистон ҳам¸ Ўзбекистон ҳам сув қабул қилувчи давлат. Ресурсларни тақсимловчи эмас қабул қилувчи давлатлар. Сувни газ ва нефтга ўхшаб сотиладиган ресурс сифатида эмас табиий ресурс сифатида баҳолаш тарафдори. Шунинг учун улар Тожикистон ва Қирғизистон томонидан таклиф қилинаëтган сувни сотиш масаласига иккаласининг позициясини яқинлаштиришга ҳаракат қилиши мумкин. Бу катта муаммолар. Ташриф натижасида имзоланган ҳужжатлар орқали бу муаммоларни тезда ҳал қилиш қийин. Чунки Ўзбекистон ҳам¸ Тожикистон ҳам ўзининг позициясини ҳимоя қилишда анча чуқурлашди. Уларнинг тезда ўз позициясидан воз кечишини кутиш қийин. Айни пайтда йўл қидирилаяпти. Икки томон ҳам имкон қадар ўзининг имконмиятларини қидириб кўраяпти. Шунинг учун бу муамоларнинг тез ҳал бўлишини кутуиш қийин. Лекин менимча минтақанинг яхлит манфаатларидан келиб чиқиб биринчидан конфликтга йўл қўймаслик¸ иккинчидан муаммоларни музокалар орқали ҳал қилишга ҳаракатлар бўлиши мумкин, дейди Камоллиддин Раббимов.
Тошкентдаги Қозоқ маданий маркази раҳбари Марат Уқубаев эса бу учрашувдан икки қардош халқ ўртасидаги муносабатлар янада яхшиланиши ва ривожланишига асос бўладиган шартномалар қабул қилинишига умид қилаётганини айтади.
- Нурсултон Абишевичнинг ташрифини жуда катта қувонч билан кутаяпмиз. Ўзбекистонда яшаëтган ўзбек халқи билан бирга жуда катта қувонч билан кутиб олаяпмиз. Бу расмий ташриф иқтисодимизга¸ иккита давлат ўртасидаги бирликка¸ бошқа соҳалардаги ҳамкорликка пойдевор бўладиган учрашув бўлади. Шунга ишончимиз комил. Бизнинг ниятимиз ўзбек-қозоқ халқининг абадий дўстлиги мустаҳкам бўлиши. Олдиндан келаëтган яхши муносабатлар бундан кейин ҳам қолиши керак¸ дейди Марат Уқубаев.
Нурсултон Назарбоевнинг 16 март куни Ўзбекистонга бошланган сафари унинг мустақиллик йилларидаги учинчи ташрифидир.
Назарбоев дастлаб 1998 йил, кейинчалик 2006 йил Ўзбекистонга расмий сафар қилган.
Ислом Каримов эса икки йил аввал Қозоғистонга расмий ташриф буюрган эди.