Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:36

Каримовнинг президентга айланганига 20 йил тўлди


Ўзбекистон президентига дўнса-да¸ Каримов Кремл нишонини кўксидан туширмади.
Ўзбекистон президентига дўнса-да¸ Каримов Кремл нишонини кўксидан туширмади.

1990 йилнинг 24 мартида Ўзбекистон Коммунистик партиясининг 1-котиби Ислом Каримов мамлакат президентига дўнди ва ўшандан бери Ўзбекистон конституцияси ва қонунларига мунтазам ўзгартишлар киритиш йўли билан бу лавозимни ҳеч кимга бермай келаëтир.

Бундан 20 йил муқаддам 1990 йилнинг 24 мартида Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси Олий Совети президентлик бошқарувини жорий қилиш ҳақида қарор қабул қилди.

Совет Иттифоқининг 449 минг квадрат километрини ташкил қилган Ўзбекистон республикаси айни иттифоқ жумҳуриятлари ичида биринчи бўлиб президент бошқарувини жорий қилди.

Бунгача мамлакат раҳбарлиги Комфирқа биринчи котиби зиммасида эди. Ўзбекистон Олий кенгаши сессияси Комфирқа котиби Ислом Каримов мақомини президент мартабасига кўтарди.

Олий кенгаш депутатларининг аксарияти Каримовни президент қилиб сайлаш учун овоз берди.

Ана шундан бери 20 йил ўтди. 20 йилдирки Каримов Ўзбекистон президенти. Гарчи Ўзбекистон конституциясида бир шахс кетма- кет икки марта президентлик лавозимини эгаллай олмайди¸ деган тақиқ бўлса-да¸ кейинги 20 йил реаллиги бунинг тескарисини айтади.


Биринчи котибнинг президентга эврилиши

Совет номенклатураси учун уйғун ва қадрдон биринчи котиб калимаси капитализм луғатидан олинган президент калимаси билан алмашар экан¸ бу янги давр келаëтганидан ишоратдай кўринди.

Горбачëв муомалага киритган плюрализм¸ошкоралик¸ қайта қуриш жумлалари шамолида учиб келган ажнабий калима эди бу.

Бундан 20 йил муқаддам Ўзбекистон Олий совети кенгашида президентлик бошқаруви жорий қилиш талаби ўша вақтда СССР халқ депутати бўлган журналист Аҳмаджон Мухторов тарафидан саслантирилди.

Аҳмаджон Мухторов “Демократик жараёнларни янада ривожлантириш, сиёсий ўзгаришларни чуқурлаштириш, конституциявий тузумни, фуқароларнинг ҳуқуқларини, эркинликлари ва хавфсизликларини мустаҳкамлаш, бошқарув олий органларининг ўзаро алоқасини такомиллаштириш мақсадида президентлик бошқаруви жорий этишни”таклиф қилди.

Ўшанда залда иштирок этаëтган 498 депутатнинг бириси¸ ҳозир хорижда истиқомат қиладиган Абдувоҳид Паттаев хотираларига қулоқ берамиз.

- Шу куни президент сайлови бўлишини биз эрталабдан сессияга келганимизда билардик. Умуман руҳимиз жуда кўтаринки бўлган. Чунки Совет иттифоқида биринчи бўлиб биз президент сайлаëтган эдик. Қолаверса¸ президент парламент томонидан сайланаëтган эди. Шунинг учун биз бу сайловга хурсандчилик билан қараганмиз. “Бизнинг ўзимизнинг президентимиз бўлса¸ республикамизнинг шароити яна ҳам яхшиланади” деган орзуимиз бор эди. Актив қатнашганмиз. Каримов номзоди кўрсатилган. Бошқа алтернатив бўлган эмас. Ўшанда алтернатив тўғрисида гап ҳам бўлган эмас. Эсимда бўлса¸ ëпиқ сайлов бўлган эди. Кўпчилик овоз берган. Ҳаммамиз хурсандчилик билан Каримовни Ўзбекистоннинг биринчи президенти¸ Совет иттифоқида биринчи президент пайдо бўлгани билан табриклаганмиз. Каримов қасамëдга келтирилган. Конституцияга қўл қўйиб¸ Ўзбекистон халқига ҳалол ва чин дилдан хизмат қилиш тўғрисида қасам ичган.

Умуман олганда бугунми¸ эртами президент пайдо бўлиши аниқ эди. Чунки бошқа республикаларда ҳам шу гап бошланган эди. Айниқса, Болтиқбўйи республикаларида. Биз фақат илгарироқ ҳаракат қилдик. Илгарироқ президентни эълон қилдик. Президент бўлиши табиий эди. Ҳозиргача афсус қиламанки¸ шу президент парламент сайловидан ўтиб президент бўлгани яхши эди. Ҳозир ҳам президент парламентда сайланса¸ яхши бўларди. Анча осонлашарди. Президентга қўйиладиган талаблар¸ парламент томонидан назорат кучаярди. Афсуски¸ кейинчалик 1991 йилда парламент сайлови халқ сайловига айлантирилди¸ дейди Абдувоҳид Паттаев.

Абдувоҳид Паттевга кўра¸ ўшанда 498 депутатдан 491 нафари “Каримов президент бўлиб сайлансин” деб бахмал билан ўралган кабинага кириб яширин овоз беришган.

Овоз беришдан олдин Каримов номзодига очиқ қарши гапирганлар ҳам бўлди¸ дейди суҳбатдош.

Абдувоҳид Паттаев: Биринчи президент сайловида биринчи бўлиб сўзга чиққан Тойиба Тўлаганова деган депутатимиз бор эди. Ëш аëл. Шу сўзга чиқиб президент сайловига қаттиқ қаршилик билдирган. “Бутун ҳукуматнинг бир одамнинг қўлида тўпланиши диктатурага олиб келади. Бунга йўл қўйиб бўлмайди. Шунинг учун Ўзбекистонда президент сайлаб бўлмайди” деган қатъий фикрни айтган. Лекин бу фикр қўллаб-қувватланмади. Қолаверса президентнинг ўзи ҳам “Бу синглимиз ўзининг гапини гапираëтгани йўқ. Кўчада турган акалари бор бунга гап ўргатадиган. Ўшалар ўргатган гапни чиқиб айтаяпти” деган гапни айтган. Битта депутатнинг қаршилик билан чиққани эсимда бор.

Озодлик: Тойиба Тўлаганованинг кейинги тақдири қандай бўлди?

- Кейинги тақдиридан хабарим йўқ. Вафот этиб кетди, деб эшитдим. Нима сабаб билан вафот этганидан хабарим йўқ. У ҳам сессия тарқалиб репрессияга учраб кетган депутатлардан бири ҳисобланади¸ дейди 1990 йил 24 март кунги сессия хотиралари билан ўртоқлашаëтган Абдувоҳид Паттаев.

Сессия ишида журналист сифатида қатнашган Исмат Хушевга кўра¸ депутатлардан яна бири Қашқадарëдан сайланган Шовруқ Рўзимуродов Каримов номзодини танқид остига олган.

Ислом Каримов илк бор президент этиб сайланган кун журналист Исмат Хушев уни табрикламоқда.(Исмат Хушев архивидан олинди).
- Шовруқ Рўзимуродов гапиргани эсимда турибди. Биринчи қаторга яқинроқ жойда. Шовруқ чиқиб нимадир деган. Унинг кўп товушлари босилиб кетди. Микрофондан гапирмаган. Ўрнидан туриб гапиргани эсимда. Қашқадарëлик бизнинг землягимиз қора костюм-шим кийиб борган эди. Ўзи ҳам келишган йигит эди.

Туриб нималардир деди. Унга сўз беришмади. Ўрнидан туриб нималардир деди. Унинг гапини биров эшитди¸ биров эшитмади. Кейинчалик одамлар айтиб беришди. “Ислом Каримов Қашқадарëда кўп ëмон ишлар қилган. Буни ҳали сайламаслик керак” деган маънода гапирган экан. Мен уни кейин эшитдим. Лекин ўша пайт залда бирдан ғала-ғовур бўлиб кетди. Мирзаолим ака унга сўз бермади. У ўрнидан туриб гапирди икки оғиз¸ дея эслайди Исмат Хушев.

Каримовни танқид қилган Тойиба Тўлаганова сал ўтмай оламдан ўтди. Яна бир танқидчи Шовруқ Рўзимуродов қамоқда ўлди. Уни уриб ўлдиришди, деган гап-сўзлар ҳам юради.

Яна бундан 20 йил муқаддам рўй берган воқеаларга қайтамиз. Бир-иккита қарши овоз билан бўлса ҳам Каримов Kомпартия котиблигидаги мақомини президентлик лавозимига ўзгартира олди. Тўғририғи, Каримов айни пайтда ЎзКомпартия биринчи котиби ва Ўзбекистон президенти бўлди¸ деб эслайди Исмат Хушев.

- 1990 йилнинг 24 мартида Ўзбекистон сиëсий ҳаëтида жуда катта воқеа бўлганини биз яхши биламиз. Тантанали руҳдан худди катта бир байрамона тўй бўлаëтгандай ҳамма хурсанд. Шунда Ўзбекистон Kомпартияси Марказий комитетининг биринчи секретари лавозимидан Ислом ака Ўзбекистон президенти лавозимига тайинланади. Буни ўша пайтда Конституцияга мувофиқ Олий Кенгаш қилиши керак эди. У киши тайинланди¸ эълон қилинди¸ қарсаклар янгради¸ дейди Исмат Хушев.

Ана шундан кейин Каримов¸ҳозирги тил билан айтганда қасамëдга келтирилди. Унинг ўзининг тили билан айтадиган бўлсак¸ "қасамëд ичди".

“Ўзбекистон республикаси Конституциясига қатъий риоя этишга қасамëд қиламан”.

Кейин чапаклар¸ гулдурос қарсаклар. Бу қарсаклардан мутaассир бўлган Каримов яна бир марта қасам ичишни ихтиëр қилди.

Қасамëд яна бир марта ичмоқчиман. Ҳамманинг¸ ҳаммангизнинг олдида яна бир бор қасам ичмоқчиман. Сиз учун барча ишларни қиламан. Ўзимни аямайман¸ керак бўлса жонимни фидо қилишга тайëрман”.


Президентликка элтувчи Кремл пойандози

Ўша куни одатда очиқ турадиган йўлакка кремлча қизил поëндоз солинган эди¸ деб эслайди Исмат Хушев.

- Ўшанда биринчи маротаба сессияда қизил қалин гиламлар тўшалган эди. Шу ëдимда қолган. Конституция қўйилган¸ микрофон қўйилган минбарга олдин қизил гиламлар ëтқизилмас эди. Қалинмас¸ кремлëвский дорожка дейди. Ана ўшандан юриб борган Ислом ака. Янгиланганини ўшанда сезганман. Ўшандан ўтиб бориб ўқиганлар¸ дейди Исмат Хушев.

Каримовнинг Kомфирқа котибидан президентга дўнгани мухолифат учун ғайриоддий кўринмади¸ дейди ўша пайтда Бутуниттифоқ “Учительская газета”сининг Ўзбекистондаги мухбири бўлган Анвар Усмонов.

- Ўша пайтда ўзи Каримов биринчи секретар бўлиб¸ ЦК Компартиянинг секретари бўлиб¸ ўзини анча яхши кўрсатган. Биринчидан¸ у оппозиция билан очиқ мулоқотни бошлаган. Оппозиция ЦК секретари билан учрашиб¸ маслаҳатлашиб¸ келишмовчилик бор эди¸ лекин бунақа мулоқот ҳам бор эди. Мана мен сизга айтаман. Павлов деган битта Премьер министр бор эди. Павловга бориб “Кечирасизлар¸ тиллога¸ билмадим ўшанда ҳозир Ўзбекистонда 65 тонна тилла ишлатаяпти¸ олдин ҳам 40-45 тонна бор эди¸ республика дотация беринглар” деб айтди. Горбачëв билан анча-мунча келишмовчилиги ҳам бор эди.

Ундан кейин¸ ҳеч қачон унутмайман¸ ишонч шунақа бор эди¸ Ўзбекистон телевидениесида сўзга чиқиб “Ҳурматли ватандошлар¸(қўлининг катта бармоғини кўтариб) мана бунақа яшаймиз. Россиядан¸ Украинадан¸ Грузиядан яхшироқ яшаймиз” деди. Ҳеч қачон унутмайман буни. Яхши яшаëтган республикани ҳозир ўзингиз кўраяпсиз. Гапнинг очиғи Каримов бизни алдаган. Чиройли алдаган¸ дейди Анвар Усмонов.

Ўзбекистон Совет Иттифоқида биринчи бўлиб президентлик бошқарувини жорий қилган эди. 24 мартда бўлган Ўзбекистон Олий Советидан ўн кун олдин СССР Олий Кенгаши Совет Иттифоқида президент бошқарувини жорий қилиб Михаил Горбачëв мартабасини ўзгартиришган эди.

Совет Ўзбекистонида шаклланган анъанага кўра¸ Совмин раиси ҳам¸ Олий Кенгаш раиси ҳам республика бош раҳбари ҳисобланмас эди. Фақат Комфирқа биринчи котиби республика раҳбари сифатида кўрилар эди. Шу ўринда Ўзбекистон президенти қилиб парламент депутатлари томонидан сайланган Каримов аслида Кремл берган лавозим шаклини ўзгартирган эди¸ холос.

Ўша пайтдаги "Президент бошқаруви тўғрисидаги" қонун тўлалигича Каримов бўйи бастига мўлжалланган эди. Масалан, Ўзбекистон президенти 35 ëшдан ошган ва 65 га кирмаган шахс бўлиши лозим, деган банди бор эди бу қонуннинг. Аммо Каримов 65 дан ошгани заҳот бу қонун бандлари ислоҳ қилинди.

Ўзбекистон президенти ўша пайтда парламент тарафидан сайлангани боис Каримов парламент назоратида эди. Бу назоратдан холи бўлиш истагини у Наманган обком биносини ишғол қилган Тоҳир Йўлдош гуруҳи билан хос мулоқот чоғида айтади.

Каримов Тоҳир Йўлдош билан музокара қилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:40 0:00


Ана шундан сал ўтиб Ислом Каримов ўзи ўтирган президентлик курсисини янада маҳкамлади.


Президентликнинг 20 йили сабоқлари

Бундан 20 йил олдин бўлган воқеа¸ яъни Ўзбекистонда президентлик бошқарув жорий қилинганлигини эсламоқдамиз. Хўш¸ президент бошқаруви жорий қилинган 20 йилнинг хулосаси нима?

Президентлик бошқаруви учун овоз берган собиқ депутат Абдувоҳид Паттаев:

- Бошимизга тушган ишларнинг ўзидан ҳам кўриниб турибди. Бизга энг алам қиладигани¸ демократик сайланган парламент бўлиб¸ биринчи президент сайлаган парламент бўлиб¸ биринчи бўлиб Ўзбекистон конституциясини тасдиқлаган¸ Ўзбекистон гимни¸ гербини тасдиқлаган¸ умуман Ўзбекистон ҳукуматини дунëга эълон қилган депутатлар СССР пайтида Сталин съезди вақтидаги депутатлар сингари ҳужумга учради. Ўша 1936 йилдагими¸ 1937 йилдагими съезд депутатларининг ҳаммаси йўқ қилиб юборилган. Парламент депутатлари ҳам шу сингари бўлди. Улгургани республикадан қочиб чиқиб кетди¸ улгурмагани қамалди. Кўплари ўлиб ҳам кетди. Ўша вақтда Ўзбекистон учун шунчалик хизмат қилган депутатларнинг аҳволи шундай бўлди. Шунга ачинаман.

20 йил сабоқлари¸ мен ўйлайманки¸ шу бугунги кундаги ҳолатимизга тушамиз¸ деб ўйламаган эдик. Миллионлаб одамларимизнинг чет элларда иш ахтариб юриши ўша вақтда бизнинг тушимизга ҳам кирган эмас. Шунчалик ишсизликнинг кўпайиши¸ одамларимизнинг сарсон-саргардон бўлиши¸ бегона юртларда дуч келган иш билан шуғулланиб юришини биз ўша вақтда хаëлимизга келтириш тугул¸ тушимизда кўрсак қўрқардик.

Журналист Анвар Усмонов:

- 20 йил ўтди. Нима бўлди энди? 20 йил Каримовнинг ҳамма камчилигини¸ пасткашлигини кўрсатди. Биринчидан Каримов сиëсатчи ҳам эмас¸ экономист ҳам эмас. Мен олдинига “у жуда яхши специалист” деб ўйладим. 20 йил унинг ноллигини кўрсатди. Мана ҳозир Ўзбекистонда нима бўлаëтганини ўзингиз кўраяпсиз. Ҳалиям бу киши тушунмас экан. Ўзбекистоннни қанақа ëмон даражага олиб борди.

КГБ архивларини ўрганган тарихчи Набижон Боқий назарида бу хулоса учун ҳали эрта.

- Энди ҳамма жараëнга тугагандан кейин баҳо бериладида. Бу жараëн тўхтаганидан кейин баҳо берилади. Унгача аниқ бир нарса айтиб бўлмайди¸ дейди Набижон Боқий.

Набижон Боқий назарида 20 йил тарих учун катта муддат эмас.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли Искандар Худойберганов назарида бир кишининг яккаҳукмдорлиги учун бу жуда катта бир муддат.

Искандар Худойберганов: Ўзи аслида ¸20 йил деган нарса бу жуда кўп вақт деган нарса. Ҳеч оз эмас. Кўп давлатларда узоғи билан саккиз йил бир одам президент бўлади. Саккиз йил ўзининг қиладиган нарсасини¸ қўлидан келадиган нарсасини қилишига етарли вақт деб ҳисобланади. Бу бир.

Иккинчидан¸ агарда Ўзбекистон ҳақиқатан демократик йўналишга қараб қадам қўйганда¸ бу бошқа гап эди. Бизларга “Сиëсий партиялар бор¸ Омбудсман бор. Ўлим жазоси йўқ қилинди” деган гаплар айтилиши мумкин. Тўғри бу нарсалар бор. Масалан¸ шаҳарнинг йўллари анча тузук бўлди¸ кўриниши яхши бўлди. Аммо сиëсий иқлим ўзгаргани йўқ. Сиëсий иқлим ўзгармагандан кейин йўналиш олдинга бўлиши мумкин эмас. Бу ҳам экономика соҳасида¸ ҳам социал соҳасида.

Колхоз¸ совхоз деган нарсалар йўқ бўлди. Фермерлар пайдо бўлди. Аммо ўша фермерларни бошқарув усули совет давридаги усул бўлиб қолди. Яна қайтариб айтаман¸ Ўзбекистонда кардинал ўзгаришлар йўқ ва кузатилмайди. Аслида Ўзбекистонда ҳеч нарса ўзгармаган. Чунки президент лавозими Ўзбекистонда Ўзбекистон Компартия секретарининг қўлига ўтган. Демак ўша-ўша бошқарув қўлда қолган. Фақат номи ўзгарган. Биздаги парламент Россиядаги политбюрога ўхшаган нарса. Айтдимку аслида ҳеч нарса ўзгармади. 20 йил мобайнида ҳеч нарса ўзгаргани йўқ. Ўша-ўша бино¸ бинонинг ичидаги ўша-ўша мебел. Фақат ранги ўзгарган. Давлатнинг бошқариш усуллари ўзгаргани йўқ.

Озодлик: Тарих ғилдираги орқага қайтса ва Ўзбекистонда парламент бошқаруви бўлса¸ хосияти бўлармиди?

- Парламент ҳақиқий парламент бўлгандан кейин унда аҳоли фикрларини ҳимоя қиладиган депутатлар бўлиши керак. Ҳар хил оқимдаги депутатлар бўлиши керак. Агарда шунақа парламент бўлса¸ анча ўзгаришлар бўлар эди. Демократия сари юриш анча авж олар эди¸ дейди Искандар Худойберганов.

Ўзбекистонда президентлик бошқарувининг жорий қилингани¸ бу лавозимнинг илк соҳиби ўтирган кабинет эшигидаги ëзувнинг 20 йил мобайнида ўзгаришсиз қолаëтганини муҳокама қилдик.
XS
SM
MD
LG