Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:35

Ўзбекистондан бошпана топган қочқинлар сони 80 мингдан ошди


Андижонда тикланган бешта қочқинлар лагерида 30 мингдан ошиқ қирғизистонлик ўзбек қайддан ўтказилган.
Андижонда тикланган бешта қочқинлар лагерида 30 мингдан ошиқ қирғизистонлик ўзбек қайддан ўтказилган.

Қочқинлар ўзбек-қирғиз чегарасидаги тўртта жойдан: Қорасув, Суратош, Олимтепа ва Ёрқишлоқдаги чегара пунктлари орқали Ўзбекистонга ўтказилмоқда. Сўнгги маълумотларга кўра¸ қочқинлар оқимини уддалай олмаслигини айтган Тошкент расмийси чегара ëпилишини билдирган.


РИА Новостига кўра¸ Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Абдулла Орипов 45 минг қочқин Ўзбекистонда расман рўйхатга олинганини билдирган. Шунингдек Бош вазир ўринбосари фақат ёши катта қочқинлар рўйхатга олингани ва ҳозирча қочқин болалар сонининг қанча эканлигини айтиш қийинлигини таъкидлаган.

- Бугун Қирғизистон томонидан қочқинларни қабул қилишни тўхтатамиз. Чунки бизда уларни жойлаштириш учун жой йўқ. Биз улар билан ўзимиз якка уддалай олмаяпмиз¸ дея баëнот берган Тошкент расмийси.


(YouTube.com сайтидан олинган бу видеолавҳа ўзбек-қирғиз чегарасидан қочқинларнинг ўтишига ўзи гувоҳ бўлган ҳаваскор видеотасвирчи томонидан тасвирга олинган ва Озодлик радиоси тасвирларнинг айнан қаерда¸ қачон¸ ким томонидан олинганини тасдиқлай олмайди.)

Ўшлик Абдуфаттоҳ Расулов икки кундан буён ўз яқинларини Ўзбекистонга олиб ўта олмаяпти. Ёрқишлоқ чегара пости ёнида турган Абдуфаттоҳ аканинг Озодликка айтишича, 14 июн куни тушгача ушбу чегара пости ёпиқ бўлиб, у ердан қочқинлар ўтказилмаган.

- Ҳозир чегарада турибмиз.

Озодлик: Ўзбекистон чегарасидами?

- Ҳа. Полигон томондаги ВЛКСМ деган жой борку ўша ерда.

Ўзбек-қирғиз чегарасидаги ўтув.
Озодлик: Абдуфаттоҳ ака¸ айни ўша жойда вазият қанақа? Қанча одам турибди чегарада?

- Бу ерда турган одамнинг сон- саноғи йўқ. Уч-тўрт кундан бери одамларни ўтказишяпти. Ўтаëтиб бир-бирини эзиб ҳам кетишяпти. Ўтадиган ер битта кичкина коридор экан. Билмайман энди¸ уни сизга тушунтиришга ҳам ожизлик қиламан. Бир-бирини туртиб¸ чол-кампир¸ ëш болаларни эзиб даже оëқ тагида қолиб кетаëтганлар ҳам бўляпти. Лекин ҳозирги моментда ўтказмаяпти.

Озодлик: Нимага ҳозир ўтказмаяпти?

- Обеддан кейин ўтказади деяëтган эди. Билмайман ҳозир хабарим йўқ. Яна бир соатлардан кейин очармиш.

Озодлик:
Бугун эрталабдан бери ҳали очилмаган-а?

- Йўқ. Одамлар кутиб ётибди. Қириялар, болалар бетонларда¸ тупроқларда ўтиришибди. Бари бола-чақалари билан келиб олган. Кечаси мана шу атрофдаги уйларда ëтишди. Палаткаларда ëтишди. Ухламасдан бетонларнинг устида ўтириб чиққанлар бўляпти.

Озодлик: Кечадан бери ўтирлган бўлса¸ ëш болаларнинг еб-ичиши қанақа бўляпти?

- Ëш болаларга ҳозир ëн-атрофдаги одамлар нон беришяпти. Мана шу ердаги одамлар ëрдам бераяпти, дейди Абдуфаттоҳ Расулов.

Абдуфаттоҳ Расуловнинг айтишича, чегара пости олдида жуда кўп одам тўпланиб қолган бўлиб, чегарадан ўтиш пайти тиқилинчда одамлар орасида қурбонлар ҳам бўлган.

Озодликка маълум бўлишича, чегарадаги бу каби издиҳомлар натижасида камида беш нафар одам нобуд бўлган.



Ўзбекистон Чегара хизматига қўнғироқ қилиб, чегара постларининг ёпиқлиги сабабларини ўрганиш борасидаги уринишларимиз бесамар бўлди.

Озодликка Бишкек вақти билан соат тушки 4 ларда чегара постлари очилгани ва Қорасув, Суратош, Олимтепа ва Ёрқишлоқдаги чегара пунктлари жами тўртта жойдан қочқинлар ўтказилаётгани ҳақидаги хабар келди.

- Одамлар ўтяпти экан ҳозир.

Озодлик: Қачон очилди? Тахминан соат нечаларда?

- Чамамда соат тўртларда очилди.

Озодлик: Ҳозир битта жойдан ўтказяптими?

- Йўқ¸ ҳозир тўртта жойдан ўтказяпти. ВЛКСМдан ўтказяпти экан¸ Суратошдан ўтказяпти экан¸ Алимтепа деган ер¸ тўртинчиси Қорасув шаҳрида.

Озодлик:
Дўстликчи? Дўстлик ëпиқми?

- Дўстликни билмадим. Дўстликдан ўтказмаяпти чамамда. Шу тўрттала ердан ўтказяпти экан ҳозир, деди чегарада турган ошликлардан бири.

Абдуфаттоҳ Расуловнинг айтишича, чегарадан фақат аёллар, болалар ва қариялар ўтишига рухсат берилган.

- 14 ëшгача ўтказаяпти экан. 14 ëшдан тепасини ўтказмаяпти экан¸ ўғил болаларни.

Ўзбек чегарасидан ўтиш.
Озодлик: Аëллар ҳаммаси ўтяпти?

- Аëллар¸ ëш болалар¸ кампирлар¸ чоллар ҳаммаси ўтаяпти. Кечаги маълумот бўйича ВЛКСМдаги постдан 75 минг одам ўтибди. Бугунгисини билмайман қанча. Кечаги кунга 75 мингта одам ўтибди, дейди Абдуфаттоҳ Расулов.

Ўш вилояти Корасув шаҳарчасида яшаган Соҳиба Турсунбоева 11 июн куни Ўзбекистонга ўтишга муваффақ бўлган қочқинлардан бири. Ёрқишлоқдаги қочқинлар лагеридан паноҳ топган Соҳиба опа Ўшда қолган яқинлари тақдиридан хавотирда.

- Ўзбекистонга яқин жойда эди уйимиз. Шунинг учун биз ўтиб олдик. Йўллар сал очиқлигида ўтиб олганлар ўтиб олди. Қолганлар ҳозир узилиб қолди. Центрдан нариëқда бўлганлар¸ Бирадир¸ Ўнадир умуман шаҳарга ҳам туша олмай қолди. Нариги томондан ҳам узилиш бўлиб қолди. Ўртада саросимада қолиб қолишди. Биз фақат бу ерда турибмиз, шукур, лекин юртимизга ëрдам бериш керак. Бизнинг эрларимиз¸ ўғилларимиз қолиб кетишди. Ҳаммамиз ўтмадик. Қолганлар кўп. Опа-сингилларимиздан ҳам қолганлар бор. Келинларимиз қолиб кетишди¸ акаларимиз қолиб кетди. Биз билан бирга келган холамнинг қизининг уйи куйиб кетибди. Тоғамнинг келини бор эди. Ўшанинг онасининг оëғига отишибди. Ўлдими¸ қолдими уни билмадик. Акасини ҳам отиб қўйишибди. Биз Каримовдан ёрдам сўраймиз. Ички иши деб ўтирмасдан аралашиши керак. Қирғинни тўхтатишга ёрдам бериши керак, дейди Соҳиба Турсунбоева.

Ёрқишлоқдаги қочоқлар лагерида Соҳиба опа сингари жами 3000 минг қирғизистонлик қочқин паноҳ топган. Бу ерда қочоқлар учун чодирлардан иборат учта кичик шаҳарча бунёд қилинган. Соҳиба Турсунбоева қочоқлар лагерида қочқинлар учун барча шароитлар яратилганини айтади.

- Биз Ўзбекистонга 11 июндан 12 июнга ўтар кечаси Ўшдан ўтгандан кейин роса яхши жойга олиб келишди. Палаткаларга жойлашдик. Ҳамма шароит бор. Эрталаб тургунимизча янги туалетлар¸ душлар қуриб қўйишибди. Ҳамма нарса беришди. Совундан тортиб¸ сочиққача беришди. Ëтиб туриш¸ кўрпа-тўшак ҳам бор. Янги постеллар беришди. Дала жойда эди лагеримиз. Эрталаб турсак уже асфалт ëтқизиб юборишди. Палаткалар ўрнатиб¸ асфалт ëтқизиб беришди. Сочиқдан тортиб кичкина боласи борларга памперсгача беришди. Докторлар ҳаммаси бизга парвона бўлиб туршаяпти. Роса кўп докторлар хизматимизда туришаяпти. Ким оғрияпти¸ қаери оғрияпти деб дорилар бериб, ҳамма ëғимиздан хабардор бўлиб туришибди, дейди Соҳиба Турсунбоева.

Озодликка маълум бўлишича, ўзбекистонликлар қочоқлар лагеридан ўз қариндошларини уйларига олиб кетишларига рухсат берилган.

Тошкентлик Саида Олимова Ёрқишлоқдаги қочоқлар лагеридан қирғизистонлик 11 нафар қариндошини уйига олиб кетган.

- Мен Хўжаободдан кеча бориб қариндошларимизни олиб келдим. Кеча бориб 11 та одамни олиб келдим. Ўшда қариндош-уруғларим кўп. Энг яқинларини айтай: отам қолди¸ онам қолди¸ акам қолди¸ келинимиз қолди¸ жияним қолди. Бу энди тоға-холалардан ташқари. Синглим боласи билан қочиб ўтди холос. Ўшда қолган қариндошларимиз алоқада бўлсак¸ ҳаммаси йиғлашади. “Биз ҳеч кимга керак эмасмизми? Нимага дунë миқëсида биров аралаша олмайди? Нимага бизга ëрдам беришмаяпти?” дейишаяпти. Улар вазият яхши эмаслигидан бекинган жойидан чиқиша олмаяпти, дейди Саида Олимова.

Халқаро Қизил Хоч қўмитасининг Женевадаги вакили Озодликка билдиришича, Ўзбекистондан бошпана топган қирғизистонлик қочқинлар сони 80 мингдан ошди.

Ўзбек чегарачилари қочқинларга ëрдам бермоқда.
- Аниқ билганимиз шуки, ҳозирда Ўзбекистонда ташкил қилинган қочоқлар лагерида 80 мингдан ошиқ қирғизистонлик бор. Кеча биз Ўзбекистон ҳукуматининг рухсати билан 5 та лагерни бориб кўрдик. Ҳозирда қочқинлар Ўзбекистон ҳукуматидан ёрдам олаяпти. Биз Андижондаги 5 та лагерда бўлганимизда қочқинлар билан суҳбатлашишга муваффақ бўлдик. Зўровонликлардан қочиб ўтган қочқинлар Қирғизистондаги қирғинлар даҳшатини гапириб беришди. Уларга кўра, ёнаётган уйлар олдида кўп одамлар қолиб кетган. Ҳозирча биз ким кимни қираётгани ҳақида аниқ маълумотга эга эмасмиз, Халқаро Қизил Хоч қўмитасининг Женевадаги вакили.

Ўзбекистон телевидениеси журналисти¸ ëзувчи ва шоир Ëқубжон Хўжамбердиев айни дақиқаларда ўзбек-қирғиз чегарасидаги қочқинлар жамлоғида туриб ўз миллатдошлари дардига шерик бўлди.

- Ҳозир Хонободда Жалолобод ва Сузоқдан ўтган қочоқлар тахминан ҳозир Ўзбекистонга 70 мингдан ортиқ қочоқлар ўтди. Мен ўша қочоқлар билан биргаман ҳозир. Ўшалар жойлаштирилган лагерларига боряпман¸ кузатаяпман. Уларга яхши шароитлар яратиб берилди. Бу қочиб келганлар хотин-халаж¸ ëш болалар¸ қариялар. Қолган барча ўзбеки халқи Сузоқ ва Жалолободни ҳимоя қилиб турибди. Аммо қачонгача ҳимоя қилиш мумкин? Ҳозир чегарада яна бир неча минг қочқин турибди.

Бизга келган хабарларга кўра Сузоқ ва Жалолободда қирғизлар томонидан қаттиқ тазйиқлар¸ урушлар¸ одам ўлдиришлар бўляпти. Ўт қўйишларни биз узоқдан адирга чиқиб кузатдик. Ҳозир Сузоқ тинч. Лекин бу довул олдидан сукунатга ўхшайди. Бир ўзбек сифатида¸ ўзбек ëзувчиси сифатида айтаманки¸ Жалолобод ва Сузоқда яшаëтган ўзбек миллатига қарши қаратилган. Менга келган хабарларга кўра бундан икки ой олдин қирғизлар ўзбекларни ҳайдаб чиқариш ҳақида варақа тарқатишган. Битта ўзбекни ҳайдаб чиқарсак¸ бизга шунча иш жойи пайдо бўлади¸ деган маънода. Вазият шундайки¸ ҳозир Жалолободда уйларга ўт қўйилган¸ одамлар ўлдирилган. Шахсан менга келаëтган хабарларга кўра бу қилинаëтган ишлар ëлланма жангчилар томонидан қилинаëтган бўлса керак. Ҳар ҳолда қирғиз халқи ҳам инсонку. Ахир Чингиз Айтматов¸ бошқа катта-катта ëзувчилар мана шу халқдан чиққанку. Айни пайтда¸ мана шу соатда бизга келаëтган хабарларга кўра Жалолободда¸ Жалолобод атрофида қаттиқ жанглар бораяпти¸ дейди ўзбек ëзувчиси Ëқубжон Хўжамбердиев.
XS
SM
MD
LG