Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:58

Хайрулла Ҳамидов яқинлари амнистияга умид қилишмоқда


Хайрулла Ҳамидовнинг қамалиши унинг минглаб мухлисларини қайғу ва ғазабга солди.
Хайрулла Ҳамидовнинг қамалиши унинг минглаб мухлисларини қайғу ва ғазабга солди.

27 май куни Тошкент вилоят Жиноят ишлари бўйича суди томонидан 6 йил озодликдан маҳрум қилинган журналист Хайрулла Ҳамидов мазкур ҳукм устидан апелляция судига мурожаат қилмаган. Ҳозиргача Тоштурмада сақланаëтган Хайрулланинг шу кунларда этап қилиниши кутилмоқда.


10 июн тунда Ўш¸ кўп ўтмай Жалолободда бошланиб кетган қонли воқеалар¸ минглаб ўзбекларнинг қирғин қилиниши кейинги икки ҳафта давомида Озодликнинг диққат-марказида қолди ва Ўзбекистондаги аксар жараëнлар¸ хусусан журналист Хайрулла Ҳамидов тақдирини кузатишдан бироз чалғитди.

Қирғизистон жанубидаги вазият сал барқарорлаша бошлагани ортидан биз яна кузатиб келаëтганимиз бу жараëнларга қайта бошладик ва 29 июн куни Хайрулла Ҳамидовнинг оиласи билан боғландик. Телефон гўшагини кўтарган Хайрулланинг онаси Муқаддас опа билан суҳбат давомида¸ кейинги ҳафталар давомида кузатилган сўнгги тафсилотларни ўрганишга ҳаракат қилдик.

Озодлик:
Муқаддас опа¸ ўғлингизни қачон бориб кўрдингиз?

- Ойнинг бошида бордим. Бешинчи числоларда бордим. Олтинчими¸ еттинчими хуллас ойнинг боши эди. Бордим¸ кўрдим. Икки соатликка кириб гаплашдим.

Озодлик: Аҳволи қандай Хайрулланинг?

- Иккита ўғли билан бордим. Аëли қизи билан борди. Ҳаммамиз бир-бир кўрдик. Тўрт ой деганда энди кўрдикда. Бир ой бўлаяпти уже кўрганимизга. Эрта-индин агар шу ерда бўлса¸ борамиз. Агар олиб кетиб қолишса¸ билмадим. Аҳволи яхши.

Озодлик: Ҳозир Хайруллани қаерда сақлашаяпти? Тоштурмадами?

- Тоштурмадан энди этап бўлар экан. Ë жума ëки сешанба куни. Кеча бориб билсак ҳали шу ерда экан. Агар шу ерда бўлиб турса¸ кейинги ойнинг бешинчи числосида яна учрашамиз. Ҳар ойда передача бериб турибмиз.

Озодлик: Хайрулланинг аҳволи қанақа? Нималар деди?

- Нима дейди¸ “ҳаммаси яхши бўлиб қолар” дейди. Нима дерди бошқа. Энди кесилиб бўлдию бўлишга.

Озодлик: Апелляцияга берди¸ шекилли.

- Апелляцияга бермади. Берганларникини ҳам ўз кучида қолдиришди. Ярми берган¸ ярми бермаган. Апелляцияга берганларникини ҳам ўз кучида қолдирибди.

Озодлик: Адвокат нега бунақа қилди? Хайрулла апелляцияга бераман¸ деган эканку.

- Билмадим уни. Апелляцияга Хайрулла бермабди. Қолганлар берибди. Уларники ўз кучида қолдирилибди барибир. Ўтган сафар бордик¸ фақат кира олмадик. Апелляциянинг фойдаси йўқ¸ деди шекилли. Билиб турибдию ҳеч нарсанинг фойдаси бўлмаяпти.

Озодлик: Соғлиги қанақа¸ руҳияти қандай аҳволда?

- Жуда яхши¸Худога шукур. Ўзини тутиб олган. Унақа тушкунликларга тушмаган. “Худо хоҳласа¸ ҳаммаси яхши бўлиб кетади она. Мен ҳеч бир иш қилган бўлмасам. Ҳеч нарсани бўйнимга олмадим. Ҳали яхши бўлиб кетади” деб ўтирибди.

Озодлик: Қийнаб¸ ëмон муносабатда бўлишмаëтган эканми?

- Йўқ¸ ҳеч ким қийнагани йўқ¸ деди. Ўзи яхши¸ тетик. Кўриб анча яхши бўлди. Энди нима қиламиз. Пешонада шу ҳам бор экан¸ чидаб ўтирибмиз. Худо хоҳласа¸ кечириб юборишар энди. Қанча-қанча қилган ишларни кечиришган¸ бу нима иш қилибдики бунақа. Вақти-соати билан бўлиб қолар.

Озодлик: Шунақа умид берадиган бирор гаплар борми? Кечириши мумкинми¸ бу ëғи мустақиллик муносабати билан амнистия бор?

- Худо хоҳласа. Умид қилиб ўтирибмиз.

Озодлик:
Хайрулланинг болаларининг аҳволи қандай?

- Болaлари яхши. Каникулда юришибди. Болалар ҳам барибир ичикади. Барибир отаси. Мазаси бўлмай ҳаммаси бир-бир касал бўлиб ҳозир ҳаммаси яхши. Ўтирибмиз¸ Худога топшириб. Нима қиламиз? Қўлимиздан ҳеч нарса келмаса.

Озодлик: Энди биров хабар олиб турибдими? Хайрулланинг ўртоқлари¸ мухлислари кўп эди.

- Ҳозир у ерга ҳеч кимни киргизмайди бизлардан бошқа.

Озодлик: Сизлардан хабар олиб турганлар борми?

- Энди ўзимиз¸ Худога шукур ўтирибмиз. Дадаси ишлайдилар¸ пенсия оламиз. Қариндош-уруғлар келиб туришибди. Ошна-оғайнилар ҳам кела олмайди. Қўрқади. Ҳеч ким келаëтгани йўқ. Борига шукур қилиб ўтирибмиз қизим.

Озодлик: Маҳалла-кўйнинг муносабати ўзгармадими?

- Йўқ. Ҳаммаси дуо қилиб ўтиришибди. Ҳамма халқ яхши кўрадию уни. Маҳалла ҳам хабар олиб туришибди. Яхши.

Озодлик: Билмадим у ëқда Хайрулла радио эшитадими ëки йўқми бизга унинг мухлислари хавотир олиб ëзишади¸ дуодамиз дейишади¸ телефон қилишади.

- Эшитаëтган экан. Жуда эшитмаëтган пайти бошқалар “шунақа дейишди” деб айтишар экан.

Озодлик: Хайрулла эшитаяпти¸ деб тасаввур қилиб гапингиз бўлса гапиринг. Борганингизга бир ой бўлиб қолибди. Соғингансиз.

- Албатта соғинамиз. Мана кеча дадаси бориб келди. Свидание мумкин бўлса¸ дарров олмоқчи эдик. “Агар 5 июлгача кетмаса¸ свидание берамиз. Агар бўлмаса¸ этап қилинган жойига бориб свидание оласизлар” дейишди.

Озодлик: Қаëққа жўнатишмоқчи экан?

- Билмайман. Ҳали номаълум. Ҳеч нарса айтишмади. “Биз ҳам билмаймиз” дейишди.

Озодлик: Сизларга муносабат яхшими? Қўполлик қилишмаяптими?

- Йўқ¸ ҳеч ким унақа қилаëтгани йўқ.

Озодлик: Муқаддас опа¸ ўғлингизга айтадиган бирор гапингиз бўлса марҳамат¸ айтинг.

- Mен ўғлимга ҳар доим айтаман: ўзингни эҳтиëт қилгин ўғлим. Тушкунликка тушмагин. Бу йигитчилик¸ўтиб кетади¸ деб ўша куни ҳам айтдим¸ яна айтаман. Худо хоҳласа¸ ҳамма яхшиликлар олдинда. Болам ëшлигидан шу пайтгача Ўзбекистон халқига ишлаган. Наҳотки кечирмайди? Кечиришади¸ деб умид қилиб ўтирибман¸ Худо хоҳласа.

Озодлик: Мана футбол бўйича жаҳон чемпионати бўлаяпти. Хайрулла роса сиқилаëтган бўлса керак. У футболнинг ашаддий мухлиси эдию.

- Футболларни кўраëтгандир. Кўраяпман деяëтган эди. Кўрмайсизми¸ йўғида чемпионатми нимадир бўлиб ëтибдию. Жонини жабборга бериб ишларди болам. Ўтирибмиз энди. Бошида йиғлаб сиқтадик. Бу ҳаëтга ҳам ўрганаяпмиз қизим. Нима қиламиз энди. Яхшилик бўлиб қолар¸ Худо хоҳласа¸ мустақилликларда¸ дейди Хайрулла Ҳамидовнинг онаси Муқаддас опа.

Бу суҳбатда эшитганларимиз ортидан Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов билан боғланиб¸ Хайрулланинг яқинлари умид қилиб турган амнистия масаласини очиқлашга уриндик.

Ўзбекистон Жиноят кодексининг Хайрулла Ҳамидов айбланган 244-моддасининг икки банди - Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайëрлаш ëки тарқатиш¸ Диний-экстремистик¸ сепаратистик¸ фундаменталистик ëки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш¸ уларга раҳбарлик қилиш¸ уларда иштирок этиш жинояти бўйича амнистияга тушганлар борми¸ дея мурожаат қилдик ҳуқуқ фаолига:

Суръат Икромов: Энди бу давлатнинг ҳукмида. Биласизми буларга 159-модда қўймаган. Асосан 159 жуда ëмон модда деб ҳисобланади. Кейин 244 ҳам. Хайруллада 244 бор. Охирги йилларда 244-моддалар амнистияга тушмаяпти лекин. Энди булар моддалари¸ амнистияга ўтиш-ўтмаслиги ëзиб чиқилади. Бунга ҳал қиладиган бир нечта ташкилотлар қарайди. Олий суд вакиллари¸ Адлия вазирлиги¸ Ички ишлар вазирлиги¸ Бош прокуратура билан ҳал қилинади амнистияга чиқадиганлар. Агар уларнинг ҳаммаси рози бўлса¸ амнистия билан чиқариб юбориши мумкин.

Озодлик: Демак¸ бу модда билан бутунлай амнистияга тушмайди, деб бўлмайди. Кичик бўлса ҳам, тушиш эҳтимоли бор.

- Ҳа¸ бор. Мен унинг яқинларига¸ уйидагиларга “барибир апелляция бериш керак” деб тушунтирган эдим. Апелляция энди кеч бўлди. Ҳеч бўлмаса, кассацияни тезлаштириш керак. Унинг зиëни бўлмайди.

Озодлик: Ҳозир кассацияga бериш ҳуқуқи борми?

- Албатта бор. Кассация қилиб қараб чиқиш керак бу бир. Агар кассацияда ҳам ҳал бўлмаса¸ биринчидан кассацияда бошқа нарсалар бўлиши мумкин. Демак¸ ўша моддалардан биттасини олиб ташлаши мумкин. Ана унда амнистияга чиқиш осонроқ бўлади. Иккинчидан¸ йилини камайтириши мумкин. Нимагаки исбот қилинган нарсалар йўқ.

Озодлик: Муқаддас опадан “Нимага апелляцияга бермадинглар?” деб сўрасам¸ “Фойдаси йўқ экан. Ëнидаги шериклари берган экан¸ ҳеч нарса ўзгармабди” деяпти.

- Йўқ¸ нотўғри. Буларнинг фикри¸ биласизми у ерда улар билан тергов органлари¸ суд органлари ишлайди. Улар бермаслигини хоҳлайди. Чунки у биринчи чиққан ҳукмга норозилик қилиб бериладида. Булар уни хоҳламайди. Хоҳламаганлик ўша рози бўлганлик билан баробар.

Озодлик: Демак¸ ҳозир уларда кассацияга бериш имкони ҳали ҳам бор.

- Ҳа. Апелляция муддати ўтиб бўлди. Апелляцияга 10 кун муддат берилган.

Озодлик: Шуларни сиз Хайрулланинг уйидагиларга тушунтирдингизми?

- Менинг унақа ваколатим йўқ. “Ундай қилинглар¸ бундай қилинглар” деган маслаҳат бизларда мумкин эмас. Агар булар мурожаат қилса¸ биз ўз фикримизни¸ маслаҳатимизни билдиришимиз мумкин. Буларнинг адвокати бор¸ бошқаси бор. Ҳаммаси ўзи улар билан гаплашиш керакда. Бизлар ҳуқуқ ҳимоячиларимиз. Биз нодавлат ташкилотимиз. Бу масалада бизнинг тўғридан тўғри манфаатимиз йўқку. Лекин улар бизларга мурожаат қилмаяптида.

Агар маслаҳат қилса¸ айтамиз. Буларнинг адвокатига¸ буларнинг ўзига қандайдир таъсир қилинаëтган бўлиши мумкин. “Шошмай туринглар. Мустақилликда амнистия келади” дейишаëтган бўлиши мумкин. Ким 100 фоиз кафолат бера олади? Бермайди¸ мана яна ўтиришаверади. Шунинг учун буни буларнинг ўзлари ҳал қилиши керакда. Бизларгами¸ бошқасигами мурожаат қилиб маслаҳат олиши мумкин. Мен уларга сабабларини тушунтириб беришим мумкин¸ дейди Хайрулла Ҳамидовнинг мустақиллик байрами муносабати билан эълон қилинадиган президент амнистиясига тушиш эҳтимолини чамалаган Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов.
XS
SM
MD
LG